63 ёшдан сўнг “Чиқинди одамлар” ҳаётини ўзгартирган роҳиба


Сақлаш
14:05 / 18.05.2026 0 20

Роҳиба Эммануэль олтмиш уч ёшигача дипломатлар ва бой-бадавлат хонадонларнинг қизларига адабиёт фанидан қирқ йил дарс беради. Унинг ҳаёти бадастир, тинч ва ҳар томонлама яхши таъминотда эди. Олдинда уни тинч-осуда ҳамда саёҳатларга бой кексалик гашти кутиб турарди. Ана шундай осуда кунларнинг бирида “Мисрнинг энг қашшоқ одамлари қаерда яшайди?” деган савол  уни ўйлантириб қўяди... Унинг бу саволига атрофидагилар бир овоздан “Мокаттам ахлаттепаси”да деб жавоб беради...

 

Қоҳира, 1971 йил. Мокаттамнинг бадбўй ҳиди узоқдан сезилади. Миср пойтахтидан йиғиладиган барча чиқиндилар шу ахлаттепага олиб келинади. Ана шу ахлатлар орасида 40 минг одам ҳам яшарди. Уларни заббалин – “чиқинди одамлар” деб атaшарди. Бу “заббалин”лар ҳар куни 10 миллион одамнинг чиқиндисини қўллари билан саралар (сортировка)ди. Пластик, шиша,  металл, суяклар, овқат қолдиқлари ва бошқаларига ажратилганидан сўнг: овқат қолдиқлари чўчқаларга, металл парчалари сотувга,  қолган барча нарсалар кун кечиришга йўналтириларди. Бу одамлар мактаб, касалхона, уй-жой, водопровод, канализация, электр энергиясидан маҳрум эди.

 

Роҳиба аёл Мокаттамга келади ва шу ерда яшаб қолишга изн сўрайди. Забаллин одамлари ҳайрон бўлади: шу пайтгача ҳеч бир одам  бундай даҳшатли ҳаёт тарзини ўз ихтиёри билан танламаган эди. Эммануэль бу манзилда ҳаёт кечиришни бошларкан, чидаб бўлмас воқелик билан юзма-юз келади: қизалоқлар 12 ёшидан бошлаб бола кўрар, шундан сўнг қарийб ҳар йили туғарди. Чақалоқларнинг катта қисми инфекциядан нобуд бўларди. Ваҳоланки, бу инфекцияни нормал шароитда арзимас пулга даволаш имкони бор эди.

 

 

 

Сортировка”да ҳар куни эркакларнинг қўлларини шиша кесар, дори-дармон нари турсин, ҳатто жароҳатни ювишга тоза сув ҳам йўқ эди. Мокаттам аҳолисининг қарийб барчаси саводсиз бўлиб, ҳеч ким ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмасди. Эммануэль бу ерга диндан ваъз айтиш, нарги дунёдаги жаннат ҳақида ривоятлар сўзлаш учун келмаганди. Уни бу ерга шу одамлар билан бирга яшаш, уларнинг дардига шерик бўлиш ва қўлидан келганича ёрдам бериш мақсади етаклаб келганди...

 

У пул сўраб Франция ва Европа бойларига мактублар ёзади. Ҳомий ташкилотлар топади. Ва 1980 йил биринчи мактабни қуриш учун етарли пул тўплайди. Кейин эса роҳиба аёл биринчи касалхона қурилишига эришади. Бу касалхонага малакали врачлар, ҳамшираларни ишга жалб қилади. “Чиқинди одамлар”нинг барчаси умрида биринчи марта юқумли касалликларга қарши эмланади. Аёллар марказини барпо этишга ҳам пул топади. Хотин-қизлар бу ерда ўқиш, ёзишни ўрганар ва замонавий касб-ҳунар эгалларди. Тиниб-тинчимас роҳиба Европа бойларидан яна пул ундириб чиқиндиларни қайта ишлайдиган завод қуради. Энди одамлар ростакамига доимий иш ва даромад билан таъминланади. Мусулмон, христиан дин пешволарининг қаршилигига қарамасдан эрта ҳомиладорликдан қизларни ҳимоялаш чораларини топади.

 

У ана шундай оғир шароитда 20 йилдан зиёд “ахлаттепа”да барча замонавий шароитлардан маҳрум ҳолда яшади. Заббалин одамлари ун “Эммануэль Она” деб аташадиган бўлди. У “Чиқинди одамлар” ҳаёти ҳақида китоб ёзади. Франция, бутун Европада машҳур шахсга айланади. Уни президентлар, журналистлар, сиёсатчилар учрашувларга таклиф эта бошлайди. У ўз машҳурлигидан чиқиндилар орасида яшаётган одамларнинг оғирини енгил қилишга маблағ тўплаш учун фойдаланди. Ҳамон чиқиндилар орасида бетон парчасидан тикланган кулбада яшаса-да, миллионлаб пулларнинг бир тийинини ҳам ўзи учун сарфламайди.  

 

Роҳиба аёл 2008 йил, уйқусида вафот этади. 

 

Унинг ўлими Францияга нисбатан Мисрда чуқур қайғу билан мотам қилинди.  Заббалинлар “Эммануэль Она” хотирасига бағишлаб маросим ўтказди, унга юзлаб одамлар келди. Маросим қатнашчилари орасида илгари чиқинди тўпловчи бўлган, кейинчалик эса Эммануэль она туфайли шифокор, ўқитувчи, ҳамшира ва муҳандисга айланган инсонлар бор эди. Энди уларнинг фарзандлари аллақачон бутунлай бошқача дунёда – ўқишни, таълим олишни ва келажак ҳақида орзу қилишни биладиган муҳитда улғайишарди. Бунинг барчаси олтмиш уч ёшида ҳаётини қайтадан бошлашга қарор қилган бир аёл туфайли содир  бўлганди.

Унинг ҳикоясидаги энг ҳайратланарли жиҳат у минглаб одамларга ёрдам берганида эмас, балки буни айнан қачон бошлаганидадир. Кўпчилик одамлар олтмиш уч ёшида нафақага чиқиб, хотиржам ҳаёт ҳақида ўйлай бошлайди. Эммануэль эса ҳаётининг иккинчи ярми биринчи ярмидан ҳам муҳимроқ бўлишига қарор қилди. У Қоҳиранинг энг кўзга ташланмайдиган, унутиб қўйилган, қашшоқлик гирдобига тушиб қолган, умиди сўнган инсонлари орасида бўлишга қарор қилди. Роҳиба улар билан бирга овқатланди, улар орасида яшади, уларнинг жароҳатларини ювиб-тозалади, номма-ном танишди ва ҳеч қачон улардан ўз шуҳрати йўлида  фойдаланмади. Унинг иқрорига кўра, одамларга насиҳат, турли чўпчакларни сўзлаб бериш, даъватлар эмас, самимий меҳр керак, холос. Эммануэль онанинг мероси – мактаблар, клиникалар, заводлар, аёллар марказлари ва минглаб болаларга бошқача ҳаёт учун берилган имкониятлардир. Бунинг барчаси бир аёл бир куни чиқиндихонага келиб, уни тарк этишдан бош тортгани сабабли амалга ошди.

 

Интернет материаллари асосида Жалолиддин САФОЕВ тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

12:05 / 04.05.2026 0 86
Йигит ва ўгит



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 16514
Жадидчилик

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 6843
Миллий урф-одатлар

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6679
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5961
Бир қоп ун

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5426
Радикализм

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5387
Тинчлик

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 4876
Ўзбекистон тарихи

//