“Oyina.uz”нинг навбатдаги меҳмони – бугунги кунда Канадада яшаб фаолият юритаётган, олти тилда бемалол мулоқот қила оладиган таржимон Темур Давронов. Қаҳрамонимиз билан ўзи изланиш олиб бораётган тадқиқот мавзуси, Канадада ижтимоий ҳаёт, таълим олиш ва иш топиш масалаларида суҳбатлашдик.
– Ассалому алайкум, суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат! Аввало, Канадага кетиш тарихингиз, нега айнан ушбу давлатни танлаганингиз ва бугунги фаолиятингиз ҳақида айтиб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом, таклифингиз учун ташаккур! Канадага таржимон сифатида иммиграцион дастур орқали оилавий кўчиб келганмиз. Бу мамлакатни фарзандларим келажаги ҳамда давлат томонидан бериладиган иқтисодий ва ижтимоий имкониятлар учун танладим. Ҳозирда асосан МДҲ, Ўрта ва Шарқий Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотлар билан шуғулланаман.
– Бошқа давлатга мослашиб кетиш қандай бўлди? Шахсий тажрибада ўрганганларингиз, қийинчиликлар...
– Жуда ҳам ўринли савол. Рости, мослашиш осон кечгани йўқ. Айниқса, дастлабки икки йил. Аввало, қишнинг деярли олти ой давом этиши, баҳорнинг жуда ҳам қисқа бўлиши, ёзнинг иссиқлиги эса ҳатто Ўзбекистондан ҳам ўтиб кетиши... Иккинчи масала, она юртингизни, яқин қариндош ва дўстларингизни, сизга таниш муҳитни ташлаб кетмоқдасиз ва янги жойда ҳаётингизни қайтадан бошлаяпсиз. Худога шукр, мен аёлим ва фарзандларим билан кўчиб келгандим, бир-биримизга мадад бўлдик ва ҳамма қийинчиликлардан биргаликда ўтиб олдик.
– Таржима ҳам ижод, бу соҳани танлашингизда, бугунги ютуқларга эришишингизда оилавий муҳитнинг ўрни бўлган, албатта.
– Албатта, таржимон сифатида шаклланишимда ота-онамнинг ҳиссалари бор. Болалигимдан кўп китоб ўқир эдим, ўқий олмаган пайтларимда ойим ўқиб берардилар, дадам эса мен учун фойдали ва қизиқарли китоблар топиб келардилар. Ўқувчилик пайтларимда дадам ўзбек тилига таржима қилишим учун бир нечта инглизча китоб олиб берган.
Мактабдан кейин нафис санъат лицейида ҳам инглиз тили йўналишида ўқиганман, ўша пайт турли тилларни ўрганишга қизиқишим зўр эди. Лицейни битириб, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг таржимонлик факультетига кирганман.
Инглиз тилидан ташқари испан тилини ҳам ўргана бошладим. Тўртинчи курсга келиб амалиётни «Ёшлар» телеканалида кино, мультфилм ва сериаллар таржимони сифатида ўтказганман. Ўшанда «Эсмералда» сериалининг бир нечта сериясини испан тилидан ўзбек тилига ўгиргандим.
– Канадада инглизчадан ташқари бошқа тилларни ҳам билишингиз қанчалик қўл келди, таржимонларга талаб қай даражада? Ишга жойлашиш масаласи ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Канадада давлат тили иккита: инглизча ва французча. Кўчиб келган пайтим немис ва испан тилларини мукаммал билар эдим, шу боис Тошкентдан туриб интернет орқали шу тиллар асқатадиган иш қидирганман. Канадага келганимдан бир ой ўтиб «Кивуто» компаниясида халқаро мижозларга техник хизмат кўрсатишни бошладим.
Аёлим Тошкентда кўз шифокори бўлиб ишларди, у ҳам бир ой ўтиб тиббиёт соҳасидаги хусусий кўз клиникасига ишга кирди. Кўп тилларни билганим сабабли менга иш топиш унчалик қийин кечмади. Аёлимга келсак, ўз соҳасида ишлаши учун бир неча мураккаб тиббий имтиҳон топшириши керак, ҳозирда шунга тайёрланмоқда.
Канаданинг иммиграция учун яна бир афзаллик жиҳати шундаки, агар узоқ муддат давомида иш топа олмасангиз, давлатга ёрдам учун мурожаат қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, инглиз ёки француз тилини ўрганиш учун имкониятлар мавжуд.
– Канададаги ижтимоий ҳаёт, яшаш тарзидаги ижобий жиҳатлар, таълим тизимининг биздан фарқлари ҳақида фикрларингиз...
– Ижтимоий ҳаётга келсак, кўзга биринчи ташланадиган томони, бировнинг биров билан иши йўқ. Яъни, кийган кийимингиз ёки миниб юрган машинангиз, кимни танишингиз ҳеч кимни қизиқтирмайди.
Канадаликлар асосан бағрикенг, иммигрантларга ёрдам беришга хайрихоҳ. Ҳалигача эсимда, кўчиб келганимизга энди бир-икки ҳафта бўлган эди. Оилам билан ижарага олган уйимизни топа олмай бир соатга яқин кўчама-кўча юрганимизда, бир канадалик аёл машинасида бизни уйимизга элтиб қўйган эди.
Таълим тизимига келсак, фарқи жуда ҳам катта. Биз пойтахтда яшаётганимиз боис болаларимиз инглиз, инглиз ва бироз француз ёки тўлиқ француз тилида таълим олишлари мумкин. Биринчи икки йил болаларим инглиз ва бироз француз тилида, ундан кейин тўлиқ француз тилида ўқиган. Бундан ташқари, ҳар шанба куни бошқа чет тилларини ўрганишлари мумкин.
Менга ёқадиган жиҳати шундаки, болаларни мустақил фикрлашга ҳамда китобга меҳр қўйишга ўргатишади. Шу томонларини ўргансак, яхши бўларди, чунки биз мактабда ўқиб юрган пайтларимиз фикримизни эркин ифода этишдан олдин минг бор ўйлар эдик. Бу ерда эса ҳамма ўз фикрини айтишга имконият бор.
– Канада таълимининг дунё ва ўзбек талабаларини ўзига қаратаётган жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?
– Масалан, АҚШ билан солиштирсак, авваламбор арзонроқ. Коллеж ёки университетни битирган чет эллик талаба иш визасини олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, кўплаб университетларда ко-оп деган дастур бор, ҳар хил соҳаларда иш тажрибасини эгаллаш мумкин. Чет эллик талабалар ўқишдан бўш вақтда ишласа бўлади. Иш визаси орқали қонуний фаолият юритиш ҳамда бир йилдан кейин доимий яшаш ҳуқуқи, яъни “permanent residency” олиш осон.
– Сиз таҳсил олган университетда, иш жойингизда ўзбеклар борми? Юртдошларимиз қайси соҳаларда кўпроқ ишлайди?
– Худо хоҳласа, март ойида Cарлетон университетининг Оврупо, Россия ва Овросиё йўналиши бўйича магистратурасини битираман. Университетда мен каби кўчиб келган бир неча ўзбек бор. Ҳозирги иш жойимда ҳам ҳамюртлар бор, улар билан танаффус пайтлари учрашиб, гаплашиб турамиз. Канадада ватандошларимиз ҳар хил йўналишда фаолият юритади, кимдир молияда ишласа, кимдир дастурчи, яна кимдир ўқитувчи, ўзбеклар деярли ҳамма соҳада бор десам адашмаган бўламан.
– Тадқиқот объекти сифатида Ўзбекистонда амалга оширилган “Меҳр” операцияси, умуман, гуманитар амалиётларни танлашингизга нима сабаб бўлди? Канадада бу мавзуга, Марказий Осиёдаги бугунги сиёсий жараёнларга қандай қаралади?
– Ҳозирги ишимдаги лойиҳалардан бирида айнан Ўрта Осиёда интернет соҳасидаги таҳдидларни ўрганганман. “Меҳр” операцияси мавзусида эса магистрлик диссертациясини ёздим. Фақат Ўзбекистондаги эмас, балки Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги гуманитар амалиётларни бир-бирига таққосладим. Менимча, минтақамиз давлатларининг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари кўпгина ривожланган мамлакатлар учун, хусусан, Канада, Буюк Британия, Австралия ва АҚШ учун ўрнак бўла олади.
– Келажакдаги режаларингизни Ўзбекистон билан боғлайсизми?
– Албатта, эътибор берган бўлсангиз, ишлаётган йўналишим, ўқиган факультетим, диплом ишим – ҳаммаси Ўрта Осиё билан боғлиқ. Фарзандларим ҳам Ўзбекистонни жуда яхши кўришади, ҳар байрамда мактабга миллий кийимда боришга интилишади, дарсда юртимиз ҳақида тақдимотлар қилишади. Канадада яшаётган бўлсак ҳам, Ўзбекистон билан ришталаримиз узилмаган, ҳеч қачон узилмайди ҳам!
Зулхумор ОРИФЖОНОВА
oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ