“АҚШ таълим тизими бизникидан анча фарқ қилади”. Океанортида яшаётган Собиржон Мўминовнинг Америкага кетиш тарихи ва давом этаётган ижоди ҳақида


Сақлаш
12:12 / 27.12.2021 4264 1

Oyina.uz’нинг бугунги меҳмони – ҳозирда Америкада яшаб, ижод қилаётган  ўзбек халқининг севимли хонандаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминов. Ўзбек санъатининг океанортида танилишига ҳисса қўшиб келаётган санъаткоримиз билан Америкага кетиш тарихи, у ерда таълим олаётган фарзандлари, бошқа давлатда ҳам тўхтамаган ижоди ва юрт соғинчи ҳақида суҳбатлашамиз.

 

– Америкага кетиш ҳикоянгиз, оилангиз, океанортидаги бугунги фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

 

– Бошқа юртга нон-туз насибамиз қўшилишига сабаб, ўғлим Америка ва Германиядаги олий таълим муассасаларига ўқишга топшириб, бир неча университетга қабул қилинди. Кейин Американи танлади. Ўқишга кетиш чоғида бир ўзи кетгиси келмади.  “Green Card” ютганимиз ва ўғлим ўқишга киргани бизни турмуш ўртоғим билан бирга болаларни ёлғиз қолдирмасдан, ота-оналик вазифамизни янада масъулият билан бажариш учун кўп ҳаловатлардан кечиб, шу ерга келишимизни тақозо қилди. Бу ҳам Аллоҳнинг бизга берган неъмати. Ундан тўғри ва унумли фойдаланишга қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз, сабр билан бориб келиб юрибмиз.

 

 

– Биламизки, Америкада бўлишингизга қарамасдан фаолиятингиз тўхтаб қолгани йўқ. Ўзбекистондан ташқарида ўзбек тилида ижод қилишнинг ўзига хосликлари қандай?

 

– АҚШда ҳозирда компаниямиз бор, унда ўз юртдошларимизга яхши кунларида хизмат қилиш, элчихона, ўзбек жамиятларида турли байрам-тадбирларида ижодимиз билан иштирок этиш асосий вазифа қилиб белгиланган. Америкада ҳам ўзбекона тўйлар бўлади, бундан ташқари, Ўзбекистондаги барча миллий байрамлар ватандошлар иштирокида ўтказилади. Ана ўша компанияда фаолиятимни, ижодимни давом эттириб келяпман. Бир нафар фарзандим Тошкентда. Уч фарзандим Америкада, ҳозирда ўқиб, ишлаб, илм олишда давом этишмоқда.

 

 

Доимо халқ хизматида, ардоғида бўлган санъаткор учун Ватандан узоқда яшаш, ижодни давом эттириш қандай кечди? Қийинчиликлар, Ўзбекистондаги саҳна соғинчи ва бошқа давлатга мослашиш ҳақида тўхталсангиз.

 

– Албатта, аввалига сал фарқлари сезилармикин деб ўйлагандик,  аммо бу ерда ҳам ватандошлар билан концерт ва тадбирларда, тўйларда кўп бирга бўлганимизгами, худди Ўзбекистонда юргандек бўлдим. Лекин туғилиб ўсган жойимда фаолият юритганим мен учун афзалроқ. Билмадим, бунга ёш улғайгани сари ўз юртимизни соғинишимиз, янада кўпроқ севганимиз сабаб бўлса керак. Болалар ўқишларини тугатгач, албатта, Тошкентга қайтамиз, унгача биз ота-оналар олдида вояга етмаган фарзандлар назоратини кучайтириб, билим олишига эътибор бериш мажбурияти турибди.

Кўриб турганингиздек, Америкада ҳам ижодимнинг бошқа қирраларини очишда давом этмоқдаман. Ватан соғинчи, яқинлар, дўстлар дийдори, душманлар озори ва севги-муҳаббат мавзулари олис юртдан туриб ижод қилишимга ундамоқда.

 

 

– Америка таълим тизимида ўқиётган фарзандларингизни кузатиб биздаги таълим ўртасида қандай фарқларни кўряпсиз?

 

АҚШ таълим тизими ҳар томонлама биздан анча фарқ қилади. Ўрганишимиз керак бўлган омиллар кўп. Дарсликларнинг тузилишида бу яққол кўзга ташланади. Асосийси, боланинг билим даражасига қараб қўшимча дарслар қўйилиши ва уларга алоҳида эътибор билан ўргатилиши жуда ҳам ёқди. Лекин ўқувчиларга берилган ўзига хос эркинликларнинг баъзи жиҳатлари инсонни қувонтирса, баъзилари бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди.

Ҳар ернинг ўз тошу тарозуси, яхши ва ёмон томонлари бўлиши табиий, аммо  тўғри йўлини танлаб юриш инсондаги тарбия ва эътиборни ёшликдан кучайтиришга боғлиқдир.

 

 

– Қўшиқлар учун шеърни қандай танлайсиз? Ўзбек ижодкорлари орасида кимлар билан алоқа қилиб турасиз? Америкада ҳам ижоддаги рақобатни сезасизми?

– Қўшиқлар учун шеърларни асосан китоблардан оламан ва ҳозирги замондош шоирларимиз ўзлари шеърларини тавсия қилишади, баъзида эса керакли мавзуда шоирларга буюртма бериб ёздираман.

Ижодда рақобат доим бўлади, аммо унинг соф бўлгани барибир яхши. Мен ҳамиша тўхтовсиз ижод қилиб келаман, рақобат деб бошқалар каби бировларни ишга солиб, қабиҳ юмушларни қилиб, ноҳақликлар эвазига нимагадир эришишни умуман танамга сиғдира олмайман. Бир маромда Аллоҳга тавваккал этиб, янги ихтиролар – ижодларга қўл уравераман. Қолгани Аллоҳ нимани раво кўрса, шукур қилиб, ажрини олиб ўз йўлимда давом этавераман.

Анча айтилмаган қўшиқлар тайёрлаганман, яқин кунларда Тошкентга бориб, мухлисларга тақдим этиш ниятидаман.

 

 

 Ватанга қайтиш ҳақида сиз ва фарзандларингиз режалари қандай?

 

– Болалар ўқишларини тугатгач, албатта, Ўзбекистонга қайтиб, ҳар биримиз ўз соҳамиз бўйича Ватанимиз ривожига ҳиссамизни қўшишда давом этиш ниятида, ҳаракатидамиз.

Юртдошларимизни кириб келаётган 2022 йил билан чин дилдан табриклайман. Янги йил ҳар биримиз учун Аллоҳнинг марҳаматларига, файзу баракаларига тўлаверсин. Тўйу тантаналарда ва тадбирларда, хурсандчиликларда кўришиб юриш бахти давомий бўлсин.

 

“Оyina.uz” мухбири

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

суҳбатлашди.

1 Изоҳ

Anvarjon Shermuratov

06:01 / 01.01.1970

Assalomu alaykum, Sobirjon aka Mo‘minov bir necha yil oldin Turkiston san'at saroyini yozgi pavilyonida kunduz kuni ko'pgina xonandalar qatori navbatlari kelib qo'shiq kuylayotganda bir maxal eletr toki ochib qoldi, tomoshabinlar ko'p edi, shu vaqt o'zaro har xil gap so'zlar, endi xolini ko'ramiz bu xonandalarning, qani bir qo‘shik aytib ko‘rsinchi fonogrammasis xoli ne kecharkin deya piching gaplar bo'lib turdi, men ham tomoshabin sifatida mahallamiz faollari bilan ishtirok etayotgan edim, bir muddat vaqt o‘ttiyamki tok kelmadi, shu payt Sobirjon aka jonli kuylay boshladi, nazarimda yanada jarangdor chiqdi ovozlari, eng qizig'i hamma davraga raqsga tushib ketishdi, bir vaqt tok ham keldi, lekin Sobir aka fonogrammasis davrani avji pallasiga ko'tarib bir qancha qo'shiq aytib shu zaylda barchani xursand etgan edilar, anchadan buyon ijodlarini qo'shiqlarini sog'inib izlayman, mana bilsak uzoq yurtda ekanlar! Doimo sog va salomat bo'lsinlar, barcha yaxshi orzularini ro'yobga chiqishini tilab qolamiz!

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси