Нега аёл тарихда қолиши учун фақат сиёсий фаол бўлиши керак?! АҚШда ўзбек шоиралари ижодини танитаётган олима билан суҳбат


Сақлаш
22:11 / 26.11.2021 2489 4

Oyina.uz'нинг бугунги меҳмони – Америкада яшаб, илмий изланиш олиб бораётган Донохон Абдуғафурова. Ўзбек адабиётининг жаҳонга танилишига ҳисса қўшиб келаётган қаҳрамонимиз билан бошқа давлатда ўқишини давом эттириши сабаби, илмий тадқиқотларида кўтарилган мавзулар ва ўзбек адибаю шоиралари ижодининг ўзига хосликлари ҳақида суҳбатлашамиз.

 

– Наманганлик қизнинг Америкага кетиши қандай бўлган? Ўзбекистонда бошланган таълим ғарбда қандай давом этмоқда? Оилангиз, чет элдаги ҳаёт тарзингиз, ватандошлар учун қизиқ жиҳатлар ҳақида гапириб берсангиз.

 

– Наманган давлат университети ўзбек филологияси факультетини имтиёзли тугаллаб, Президент стипендияси совриндори сифатида магистратурага қабул қилинганимдан сўнг, турмуш ўртоғим Америка Қўшма Штатларига магистратурада ўқиш учун грант ютиб олди ва кейинги ҳаётимиз океанорти билан боғланди. Инглиз тилини мактаб ва университет даражасида йиллаб ўқиган бўлсамда, унча-мунча қийинчиликка дуч келдим. Университетни давом эттиришим учун қайтадан мукаммал тарзда ўрганишим кераклигини тушуниб етдим.

 

Магистратурани Ваёминг университетида давом эттирдим. Яқинда Эморий университетида ислом цивилизацияларини ўрганиш йўналиши бўйича PhD илмий даражасини олдим. Ҳозир Шимолий Каролина штатидаги университетнинг масофавий таълим бўлимида фаолият юритяпман.

 

Катта қизим Ноила юқори мактаб ўқувчиси, иккиламчи қабул дастури орқали Жоржия давлат университети талабаси. Ўғлим Илёсбек ўрта мактабда ўқийди, келажакда профессионал баскетболчиси бўлмоқчи. Кенжам Лолахон эндигина 3-синфда таълим олади.

 

Турмуш ўртоғи исломшунос олим Раҳимжон Aбдуғафуров ва фарзандлари билан. Эморий университети битирув маросимидан, 2021 йил. Фото: Myron McGhee

 

– Нима учун айнан совет давридаги аёл ижодкорлар мавзусини танладингиз? Мавзу Америкада тадқиқот қилиш учун қанчалик аҳамиятли?

 

– Биласизми, бу ерда илмий иш қилиш жараёни жуда узоқ давом этади. Дастлабки икки-уч йил талаба сифатида дарслар олинади. Кейин соҳангизга алоқадор фанлар бўйича ёзма ва оғзаки имтиҳонлардан ўтиб, номзод сифатида қабул қилинасиз.

 

Имтиҳон саволларидан бири Совет даврига алоқадор эди. Шахсий қизиқишим аёллар адабиёти бўлгани боис шу нуқтаи назардан ёритиб бердим. Жавобим илмий раҳбарим ва диссертация кенгаши аъзоларига жуда маъқул келди, шу мавзуни олишимни тавсия қилишди. Адабиётга қизиқишим бир давр билан чекланиб қолмайди, албатта. Мумтоз шеъриятга муҳаббатим сабабли диссертация баҳона кейинчалик соҳамни кенгайтириш имконияти туғилгани жуда хурсанд қилди.

 

Айнан ўзбек шоира ва ёзувчиларининг Америкада ўрганилишига келадиган бўлсак, бу ерда шу пайтгача бизнинг адабиёт жуда кам ёритилган. Шунинг учун қизиқиш ниҳоятда юқори.

 

– Ўзбек аёл ижодкорлари ва хориждаги ҳамкасблари ўртасида қандай уйғунлик ва фарқларни кузатгансиз?

 

– Ҳар бир инсон ўз жамиятининг маҳсули сифатида намоён бўлади. Шу боис ижтимоий-сиёсий муҳит ижод жараёнида ҳам яққол кўринади. Мен ўзига хосликни таржимайи ҳол жанри мисолида ўргандим. Ўзбек аёл ижодкорлари ўз «мен»ини яшириб, турмуш ўртоғи шахсига бағишлаб асарлар яратган. Тўғри, бошқа халқлар адабиётида ҳам оиласи тарихи, отаси ёки эрининг муваффақиятлари орқали ўзи ҳақидаги маълумотни пардалаб ёзиш учрайди. Фарқли томони, биздаги шарқона ва исломий тарбия аёлларни «мен»ини асос қилмасликка ундайди.

 

Турмуш ўртоғи Раҳимжон Aбдуғафуров билан. Фото шахсий архивдан.

 

– Мустақил изланишларингизга келсак. Нима учун айнан Анбар Отин? Унинг ижоди, чиндан ҳам, ХIХ асрнинг қиёфасини тасвирлай олганми?

 

– Эсимда, Анбар Отин образи билан мактабда ўқиб юрган пайтларим танишганман. Жуда ҳам кучли, тили ўткир образ сифатида таассурот қолдирган. Аслида биргина шахс ёки асар бутун бир асрни намоён қила олиш мушкул. «Қоралар фалсафаси» ўша даврдаги иллат ва камчиликлар ҳақида, аёлларнинг аҳволи ва турмуш тарзи тўғрисида етарлича маълумот беради. Аминманки, замонамизда ҳам кўплаб Анбар отинлар бор. Уларнинг овози ҳар бир даврда бўлган.

 

– «Мен у сиёсий фаол бўлган деёлмайман. Шунчаки ҳиссиётлари ва умидларини бўлишган» – Анбар Отин ҳақида шундай дегансиз. Балки кўпроқ кўнгил кечинмалари билан кифоялангани учун ҳам тарихда аёл ижодкорларни кам учратармиз… Илмий ишингиздаги хулосалар бу қарашга қанчалик мос, совет давридаги шоиралар миссияси нисбатан ўзгарганми?

 

– Аёлларнинг адабиётдаги овози ҳақида гапирганимизда дарҳол сиёсат билан боғламаслигимиз керак. Сиёсий майдонда эмас, ҳатто адабиёт оламида ҳам ўзини намоён этиш кўп даврларда аёллар учун катта жасорат эди. Нега аёл тарихда қолиши учун фақат сиёсий фаол бўлиши керак?! Аёлларнинг мозий саҳнасида кам кўриниш бериши ҳиссиётга берилгани билан боғлиқ эмас, балки тарих яратувчиларнинг аксариятини эркаклар ташкил қилгани бунга сабаб бўлади, назаримда.

 

Зарифа Саидносирова, Саида Зуннунова, Зулфия ва Кибриё Қаҳҳорова ҳам сиёсий фаол бўлмаган. Жамиятнинг интеллектуал ҳаётида муҳим роль ўйнаган профессионал касб эгаси, шоира, ёзувчи сифатида танилган. Масалан, Саидносирова ва Қаҳҳорова ўзлари катта натижага эришган бўлсаларда, ҳаёт йўлларини турмуш ўртоқларининг биографияси орқали тасвирлайдилар. Йирик шахснинг ортида турган аёл сифатида гавдаланадилар. Бу уларнинг хоҳиши, Шарқ аёлига хос xарактери эди. Ваҳоланки, шахсий ютуқлари ҳам уларнинг оддий аёл бўлмаганини билдиради.

 

Фото Донохон Aбдуғафурованинг шахсий архивидан олинди.

 

– Америкада ва Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланиш ўртасида қандай фарқларни сездингиз?

 

– Илмий иш қилиш ҳеч қаерда осон бўлмаса керак. Игна билан қудуқ қазишга ўхшатилиши бежиз эмас. Фақат Америкада изланиш натижаларини чоп этиш стандартлари бошқача. Масалан, оддий журнал мақоласи ҳажмини оладиган бўлсак, одатда 18–20 варақ ҳажмда бўлади. Ўзбекистонда эса 3–5 бетдан иборат маълумот ҳам мақола ўрнига ўтаверади. Ҳозир Ўзбекистонда илмий ишлар сифатини оширишга катта эътибор қаратиляпти ва бундай ташаббуслардан жуда хурсандман. Жаҳон талаблари даражасига чиқа олсак, ўзбек олимларининг ҳам номлари халқаро миқёсда кўпроқ жаранглашига ишонаман.

 

– Келажакдаги режаларингизни Ўзбекистон билан боғлайсизми?

 

– Келажакдаги режаларим албатта Ватаним билан боғланган. Мен шу жамиятнинг мевасиман. Шу юртда ўсиб улғайдим, имкониятлар туфайли Американинг нуфузли университетларида таҳсил олдим. Режаларим ўзбек адабиёти, маданияти ва тарихини илмий ишларим билан дунёга танитиш, Америка тажрибаси бўйича Ўзбекистон таълим муассасаларига ва ёшларига йўлланма беришда давом этишдан иборат.

 

«Оyina.uz» мухбири

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

суҳбатлашди.

 

4 Изоҳлар

Rayxon

06:01 / 01.01.1970

Assalomu aleykum.Oilangizga to'g'risi havasum keldi.Inshaalooh bizga nasib qilsin. Kelgusi ishlaringizga omad hech to'xtamang.

Muhammadjon

06:01 / 01.01.1970

Ijodiy faoliyatizga omad tilayman

Xulkaroy

06:01 / 01.01.1970

Жуда тугри айтгансиз.Аёллар машхур булиш учун сиёсий фаол булиш шартмас.Канчадан-канча урганишимиз изланишимиз керак булган мавзулар бор.Хар кандай машхур эркак оркасида сиёсий фаол булмаган илмли аёллар бор.

Юлдазхон

06:01 / 01.01.1970

Интервьюни жуда Катта кизикиш Билан укиб чикдим. Донохоннинг айнан узбек адабиётида аёлларнинг урни хакидаги илмий изланишлари Америкада куллаб кувватланганлиги мени хайрон колдирди. Америкада диссертация ёклаш ьизникилан фарк килади.Ташкаридан куллаб кувватлаш,таниш билиш деган нарсалар йук. Дархакикат, игна Билан кудук казиб, кейин бу даражаларга эришилади. Хакикий олим булишади. Мен Донохонни чин дилдан табриклайман ва Донохон каби юртдошларимдан фахрлпнаман. Ана шундай интервьюлар купрок булишини, айнан у Ердан Олий та'лим, мактаб та',лими диссертация ёклаш ёки иш жараёнтда кандай "махсулот" талаб килиниши ходимларнинг самарали ёки бесамар ишини назорат килувчи мехпнизмоар хакида ма'лумотлар бериб борсангизлар яхши булар эди

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

17:03 / 28.03.2024 0 29
Идеали ҳуррият бўлган Шахс

Ватандош

11:03 / 27.03.2024 0 151
Азизанинг қора ва оқ туфлилари





Кўп ўқилган

Барчаси