“Oyina.uz”нинг навбатдаги меҳмони – Америкада Ўзбекистон тарихини тадқиқ қилиб келаётган Алишер Холиёров. Малайзия ва Германиядаги университетларда таҳсил олган, ҳозирда эса Огаё давлат университетида Ўрта Осиё тарихи ва глобал тарих йўналиши бўйича дарс беради.
– Нега докторантурада ўқиш учун айнан Огаё давлат университетини танладингиз?
– Докторантурада илмий иш қилиш жиддий меҳнат ва сабр талаб қилади, бу йўлда сиз танлаган университет ва илмий раҳбарнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади. Менинг мавзуйим Ўрта Осиё иқтисодий тарихи бўйича бўлгани боис шу соҳада чуқур изланиш олиб борган илмий раҳбар топиш осон бўлмаган. Профессор Скотт Леви Ўрта Осиё иқтисодий тарихи бўйича, айнан Бухоро ва Қўқон хонлиги иқтисодий тарихини ўрганишда ўз ўрнига эга кам сонли олимлардан саналади.
Чет эллик талаба учун Америка университетларидан илмий раҳбар топиш осон эмас, айниқса, тарих ва социал йўналишни танлаган бўлсангиз. Чунки бу соҳада чет эллик тадқиқотчиларга ажратилган грантлар жуда кам, рақобат эса жуда кучли. Лекин Америка университетларида илмий иш қилиш учун имконият бошқа давлатларга қараганда кенгроқ; академик эркинлик, молиявий қўллаб-қувватлов Европа университетларидан кўра ҳам фарқ қилади.
Докторантурага ўқишга киришимда шу омиллар асосий рол ўйнаган ва бир йиллик имтиҳонлар, суҳбатлардан сўнг 2015 йил Огаё давлат университетига (Оҳио Стате Университй) қабул қилинганман. Докторантурада ўқиш олти йил давом этди, 2021 йил август ойида эса тарих йўналишида докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Ҳозирда Ўрта Осиё тарихи ва Глобал тарих йўналишида дарс беряпман. Оилалиман, икки фарзандим бор.
– 2006–2011 йиллар Малайзияда ислом иқтисоди бўйича таҳсил олиб, ундан сўнг Германиянинг Бонн университети ва ЎзР ФА Тарих институтида тадқиқотни давом эттирганингизни биламиз. Турли давлатлардаги фаолият мобайнида ўрганганларингиз, қиёсий фикрлар билан ўртоқлашсангиз.
– Малайзияда халқаро бизнес бошқаруви бўйича бакалавриатда, ислом молияси бўйича магистратурада таҳсил олганман ва бу мен учун асосий фундамент бўлиб хизмат қилган. Айнан ислом молияси ва иқтисоди янги йўналиш бўлган ва жуда қизиқиш билан ўрганганман.
Исломий банкларнинг иқтисоддаги ўрни ва бу соҳада таълим бериш бўйича Малайзия дунёда олдинги ўринлардан жой олади. Мен мазкур мамлакатдаги Халқаро ислом молияси таълим маркази магистратурасида ўқиганман ва ҳозирги илмий фаолиятимнинг бошланиши айнан ўша университет билан боғлиқ. У ерда ўқиш давомида ислом иқтисоди тарихи бўйича ўтиладиган фанлар менда жуда катта қизиқиш уйғотган, чунки биз охирги минг йилликдаги глобал иқтисодий ва молиявий ривожланишни қиёсий таҳлил қилиб ўрганганмиз. Дарслар жараёнида мени қизиқтирган саволлар пайдо бўлган, масалан, кўпчилик илмий адабиётларда Ўрта Осиёнинг дунё иқтисодий тарихидаги роли ва ҳатто ислом мамлакатлари орасидаги ўрни жуда кам тилга олинади. Бизда пул қарз бериш ва пул муомаласи тарихи, ташқи дунё билан иқтисодий алоқаларнинг маҳаллий иқтисодиётга таъсири масалалари жуда кам ўрганилгани сабабли иқтисодий тарихга оид кўплаб саволлар очиқ қолади.
Афсуски, тарихни ўрганиш деганда асосан сиёсий, маданий ва диний масалалар тушунилади ва иқтисодий-молиявий томонларга деярли урғу берилмайди. Шунинг учун ҳам магистратурадан кейин илмий ишимни пул вақфлари ва қарз олиш масалалари ўтмишини ўрганишдан бошлаганман. Кейинчалик Германиянинг Бонн университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институтида ушбу йўналишда илмий изланиш олиб борганман.
– Сиз таҳсил олган давлатларда ижтимоий ҳаёт, турмуш тарзидаги қайси жиҳатларга ҳавас қилса арзийди ёки бизнинг миллатдошларимизнинг устун томонлари ҳақида кўнглингиздан ўтган ўйлар...
– Йиллар давомида Ўзбекистондан ташқари Осиё, Европа ва Америка университетларида таҳсил олдим ва илмий изланиш қилдим. Ҳар бир давлатнинг географик жойлашуви, демографияси ва иқтисодий бойлигига боғлиқ ҳолда ўзига яраша устунликлари бор. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин, айнан таълим соҳасида эркинлик, давлат ва донор ташкилотларнинг молиявий қўллови жуда муҳим ҳисобланади. Масалан, Малайзияда ҳар бир киши олий таълим олиши керак деган давлат сиёсати бор эди, шунинг учун иқтисодий ва илмий салоҳиятидан қатъи назар, барча олий таълим олишни хоҳловчи ёшларга давлат имконият яратган. Германияда ҳам олий таълим давлат университетларида бепул ва бу иқтисодий ривожланишда ҳамда жамиятда нотенглик камайишида жуда катта ҳисса қўшадиган омил. Америка университетларида таълим қиммат туради, аммо ўзи туғилиб ўсган штатда бакалавр таҳсилини олмоқчи бўлган ёшлар учун чегирмалар мавжуд.
Таълим соҳасида каминага ёққан яна бир жиҳат шуки, мен фаолият олиб борган давлатларнинг ҳаммасида нафақат давлат грантлари, балки бадавлат фуқаролар ва номдор ташкилотларнинг ҳам ўз таълим грантлари мавжуд. Қайси университетда ўқиб, ишламай, ҳамма жойда ўзбекистонлик талабалар бор ва жуда яхши кўрсаткичларга эга. Бизнинг ёшларимизда илм олишга қизиқиш кучли ва ўзларига нотаниш фанларни ўзлаштиришда ҳам ҳеч ортда қолишмайди. Биргина мисол, ҳозирда Америка ва Европа университетларида нафақат таълим олаётган талаба ёшларни, балки уларга дарс бераётган ёш ватандош олимларни ҳам учратиш жуда қувонарли ҳол.
– Фаолиятингизга энг катта таъсир кўрсатган университет деб қайси бирини айта оласиз? Чет элдаги таълим муассасаларини кузатиб, биздаги таълим ўртасида қандай фарқларни кўргансиз?
– Фаолиятимга энг катта таъсир кўрсатган университет – Огаё давлат университети. Шу ерда 6 йил давомида докторантурада ўқидим ва таҳсил билан бир вақтда ўқитувчилик фаолиятимни ҳам бошладим. Таълим сифати, ўқитувчиларнинг илмий даражаси, тадқиқотчиларга яратилган шароит ва имкониятлар бўйича Америкада олдинги ўринларда туради. Катталиги жиҳатидан ҳам мамлакатда пешқадам учталикка киради. Университетимизда 65 мингдан ортиқ талаба ва 3 мингга яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритади. Кириш имтиҳонларида рақобат жуда кучли, масалан, докторантурада бир ўринга 20 киши тўғри келади. Ўқиш ҳам шунга яраша қаттиқ, чет элдан келиб докторантурада таҳсилни бошлаш ва ўқув дастурига мослашиб кетиш анча қийин кечади. Лекин университет тадқиқотчиларига яратилган шароит ва имкониятлар бу қийинчиликни енгиб ўтишимга ёрдам берди.
Чет эллик талабаларни университет таълим тизимига интеграция қилишини осонлаштириш учун махсус дастурлар ва марказлар бор. Америка университетларининг яна бир яхши тарафи – талабалар ва тадқиқотчиларни керакли илмий адабиёт билан таъминлаш учун кутубхоналар тармоғи мавжудлиги. Университет кутубхонаси сизга керакли адабиётни бошқа кутубхоналардан электрон ёки китоб шаклида келтириб бериши мумкин.
Америкада жамият капитализм қонун-қоидасига асосланган, таълим соҳасида ҳам буни сезасиз. Университетларда таҳсил пуллик, лекин иқтидорли ва ўз устида ишлайдиган талаба учун имкониятлар кўп, профессор ўқитувчиларни ишга олиш очиқ танлов асосида, рақобат юқори – бир ўринга 150–200 киши. Ҳар бир университет талабаларнинг шартнома тўлови ва профессор ўқитувчиларнинг ойлик маошини мустақил белгилайди ва бу таълим сифатини оширишда жуда муҳим омил. Ўзбекистонда ҳам яқинда айрим университетларга мана шундай эркинлик берилди. Ўйлайманки, бу таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
– Сиз таҳсил олган давлатларда ўзбеклар ҳамжамиятининг шаклланиш жараёни қандай кечмоқда? Ватандошлар ўзаро муносабатларни қандай йўлга қўйган?
– Малайзияда ўқиган пайтимда ҳар бир кўзга кўринган университетда ўзбекистонлик талабани учратар эдим, чунки ўқиш пули қиммат эмас ва таълим тизими анча илғор. Лекин Америка университетларида ўзбекистонлик талабалар унчалик кўп эмас. Малайзияда ватандош талабалар ҳамиша байрамларни бирга ўтказар эдик ва тез-тез йиғилишиб турардик. Элчихонамиз ҳам кўплаб тадбирлар ва байрамлар ташкил қиларди.
Германия ва Америкада ҳам юртдошлар йиғилиб туришади. Америкада каттагина ўзбек диаспораси мавжуд, асосан йирик шаҳарлар ва бизнесларга қулай штатларда яшайди. Масалан, Нью-Ёрк ва Чикагода анча ватандошларимиз бор. Ҳозир нафақат байрамлар даврида, балки доимий равишда ватандошларга хизмат кўрсатадиган ва уларни бир-бирига боғлайдиган ташкилотлар, жамоавий гуруҳлар ташкил қилиняпти. Ўзбекистонликлар диаспоралашиш жараёнида фаол ва бу кейинги авлодни ўзимизнинг маданият билан таништиришда, янги келганларнинг Америка маданиятига мослашишига ёрдам бериш учун жуда фойдали.
– Тадқиқот мавзуси учун Марказий Осиё тарихини танлашингизга нима сабаб бўлди? Америкада бу мавзу қандай қизиқиш билан кутиб олинди?
– Марказий Осиё ўтмишини ўрганишга менинг иқтисодий тарихга қизиқишим сабаб бўлган. Малайзияда ислом молиясини яқиндан ўрганар эканман, бу соҳа бевосита тарих билан боғлиқлигини ва бугунги замонавий ислом банкларида кўрсатилаётган хизматларнинг қонуний асослари бир неча асрлар олдин пайдо бўлганини кузатганман. Мусулмон мамлакатлар ўтмишида пул зарб қилиш, қарз олди-берди масалалари, солиқ ва суд тизими ислом қоидалари асосига қурилган. Шу боис Ўрта Осиё иқтисодий тарихини ўрганиш учун тадқиқотчилар аввало ислом иқтисоди тарихидан хабардор бўлиши керак, чунки ХIХ асрдан олдинги барча иқтисодий муносабатларимиз шу қонун-қоидалар асосида юритилган.
Ислом молиясини тадқиқ қилиш Марказий Осиё иқтисодий тарихининг шу пайтгача ўрганилмаган қирраларини яқиндан таҳлил қилиш имконини берди. Америка университетларида дунёнинг деярли ҳар бир давлати ва минтақасини тадқиқ этадиган марказлар ва олимларни топасиз. Марказий Осиё ўтмишини ўрганиш, айниқса, иқтисодий ва атроф-муҳит тарихи (environmental history) билан шуғулланишга қизиқиш ортиб боряпти. Масалан, бизнинг университетда Ўрта Осиё ва айнан Ўзбекистон тарихини ўрганадиган бир неча тадқиқотчи талаба ва профессорларни биламан.
Илмий ишим Хива хонлигининг ХIХ аср тарихи ва қўнғиротлар даври иқтисодий ўтмишини глобал ёндашув асосида ўрганишга бағишланган. Тадқиқот давомида дунё глобал иқтисодиётида бўлаётган ўзгаришларнинг хонлик иқтисодиётига бўлган таъсирини савдо ва молиявий омиллар асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим. Бу бутун Марказий Осиёнинг дунё глобал иқтисодий тарихида ўз ўрнини кўрсатиб беришига ҳисса қўшади, шунинг учун бўлса керак, Америкада катта қизиқиш билан қабул қилинди.
– Марказий Осиёдаги бугунги сиёсий жараёнларни асрий давлатчилик ракурсидан баҳолаш мумкинми? Ўтмишда бундай вазиятларда қандай қонуниятлар ишлаган?
– Марказий Осиё дунё сиёсий тарихида муҳим ўринга эга минтақа саналади. Ислом сивилизацияси тарихида энг қудратли ва узоқ вақт ҳукмронлигини сақлаб келган Усмонийлар империяси ҳам Марказий Осиёдан етишиб чиққан. Ёки ХIХ асргача дунёнинг энг қудратли иқтисодиётларидан бири ҳисобланган Ҳиндистон минтақасининг катта қисмини Бобурий ҳукмдорлар бошқарган. Амир Темур салтанатининг Буюк ипак йўли савдосига қўшган ҳиссасини кўпчилик билса керак.
Марказий Осиё хонликлар пайтида сиёсий изоляция ва иқтисодий таназзулга юз тутди деган фикрлар бор. Лекин менинг тадқиқотларим минтақа ташқи дунё ва ХIХ асрдаги иқтисодий глобализация жараёнига бевосита боғлиқ бўлганини кўрсатади. Ўтмишда туркий давлатлар ҳукмдорлари ўртасида ҳамиша сиёсий низолар бўлган, лекин бу савдо алоқалари ёки халқлар орасидаги муносабатларга камдан-кам таъсир қилган. Афсуски, собиқ совет тизими қулаганидан кейин Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий-иқтисодий интеграция жуда секин кечди, баъзан дисинтеграция ҳолати ҳам ҳукм сурди. Ҳозирги мамлакатлар ўзаро ҳамкорликни кучайтириб, иқтисодий ривожланишни биринчи ўринга қўйиши керак. Марказий Осиёда дунёнинг етакчи интеграцион блокига айланиш учун барча имконият ва ресурслар мавжуд, интеллектуал бойлик ва маданиятлар яқинлиги, ерости ва усти бойликлари, стратегик жойлашув ва ҳарбий куч-қудрат шулар жумласидандир. Яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро алоқаларининг стратегик ҳамкорликдан иттифоқдош мамлакат даражасига кўтарилиши минтақадаги интеграцион жараённи тезлаштиради, деган умиддаман.
– Келажакдаги режаларингизни Ўзбекистон билан боғлайсизми?
– Фаолиятим туғилиб-ўсган масканимдан ташқарида бўлса-да, илмий изланишларим, келажакдаги режаларим, албатта, Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан бевосита боғлиқ. Ҳозир юртимиздаги ҳамкасблар ва илмий марказлар билан доимий алоқадаман ва яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодий тарихининг янги қирраларини ўрганишга муносиб ҳисса қўшиш режаларим бор.
Зулхумор ОРИФЖОНОВА
oyina.uz
Мафкура
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Мафкура
Маънавият
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ