
Oyina.uz қардош халқ – қиримтатарларнинг миллат сифатида шаклланиши, турмуш тарзи, дини, тили ва адабиёти ҳақида махсус мақолани ҳукмингизга ҳавола қилади. Мақоланинг биринчи қисмида сиз бу халқнинг тарихи, шўролар давридаги аянчли кечмиши, дини, либослари ва таомлари ҳақида ўқишингиз мумкин.
2-қисм
Қиримтатар тили ва адабиёти
Қиримга дастлаб қипчоқ тили, сўнг Усмонли турк тили кириб келган. Қиримтатар тили шу икки тил базасида Қирим хонлиги даврида шаклланган ва давлатнинг расмий тилига айланган. Қиримтатар тилида ёзилган илк манбалар асосан хонликнинг ҳужжатлари бўлиб, улар ҳақида маълумотлар оз. Тўлиқ шаклланган тил сифатида уни илк қўллаган одам сифатида Рус давлатининг элчилик хизматида ишлаган ва дипломатик ҳужжатларни таржима қилган таржимон Аблаз Бахши тилга олинади. Гирайлар даврида хонликнинг одамлари қипчоқча мулоқот қилишган, мадрасаларда айнан шу тилда дарс ўтилган.
Қиримтатар тилининг шаклланишида адабиётнинг ўрни катта бўлган. Маҳмуд Қиримлининг 1223 йилда ёзилган “Юсуф ва Зулайҳо” достони қиримтатар тилидаги биринчи асар ҳисобланади. Бу асар сақланмаган, аммо унинг эски онадўли туркчасига таржимаси сақланган. Хонликлар даврида сўфизм адабиёти кириб келган ва қирим адабиётида янги давр бошланиб, бир нечта йўналишлари юзага келган[1].
Дастлаб девон жанри шаклланган ва уни ХV асрда Саййид Аҳмад ибн Абдуллоҳ Қиримий бошлаб берган. XVI асрда Хусейна Кефевий, Февзи Кефевий, Жон Муҳаммад, Али Қиримли, Ҳафиз Маҳмед Қиримий, Хуррамий Челабий каби ўнлаб шоирлар бу жанрни давом эттирган. Хонлик даврида ҳатто гирайларнинг ўзлари ҳам ижод қилишган. Менгли Гирай, Ғози Гирай(таххаллуси Ғазоий), Баҳодир Гирай(таххаллуси Размий)лар яхшигина ғазаллар битишган[2].
Тасаввуф жанри XVI асрда шаклланган Мустафо Муюд, Бақайи Абдулбоқи Кефевий, Татаршайх Иброҳим, Афифиддин Абдулла Афифий, Абдулазиз Иззий ва гирайлардан Меҳмед Гирай IV Софий, Саид Гирайлар томонидан ривожлантирилган[3].
Учинчи жанр ашуғ шеърияти бўлиб, у Усмонлилар империяси ва Сафавийлар давлатида ҳам машҳур бўлган. Бу жанрнинг кўзга кўринган вакиллари – Ошиқ Умар, Мустафо Жавкарийларнинг шеърларида кўпроқ аруздан фойдаланишган[4].
Қиримда адабиёт то XIХ асрга қадар сўфизм таъсирида юксалиб борган. Унда исроилиёт ва ислом манбалари, ҳаётий қиссалар ўз аксини топган ва бу ўз ўрнида адабий тил шаклланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатган.
Адабий тилнинг шаклланишида эса шубҳасиз, XIХ аср қиримтатар маърифатпарварлари, хусусан, Исмоил Гаспралининг ўрни катта бўлган. Қиримтатар тили ва адабиётининг янги давр талабларига мос келадиган даражада ривожланишида Исмоил Гаспирали муҳаррир бўлган “Таржуман”, “Миллат”, “Аннахда”(Уйғониш)газеталари, “Алами нисван”, “Тарбия” журналларининг ўрни катта бўлган. Инчунун, бу нашрларда қиримтатар маърифатчиларининг асарлари эълон қилинган ва Исмоил Гаспирали ялибўйли диалекти асосида адабий тилни ярата олган. Аммо, Совет даврдида, аниқроғи 1928 йилда Қиримда биринчи Тилшунослик конференцияси ўтказилади ва унда дағларнинг ўрта йўлақ шеваси асосида адабий тил стандартини яратиш ҳақида қарор қабул қилинади.
Қиримтатар тили асосан уч шевадан таркиб топган: жанубий ялибўйли шеваси; шимолий чўл шеваси; ўрта йўлақ шева.
Ялибўйли шеваси кўпроқ ўғуз тилига тортади ва унга юнонча ва италянча элементлар кўп сақланиб қолган.
Чўл шевасида асосан ж-ловчи қипчоқ аҳолиси гаплашган ва унда сўзлашувчилар ареали Қипчоқ даштларидан то Марказий европагача чўзилган. Чунки, бу шева қипчоқ-нўғай тилларига жуда яқин бўлган.
Ўрта йўлақ шеваси асосан тоғ ва тоғ олди ҳудудларида тарқалган бўлиб, негизи қипчоқ тили саналади. Аммо, бу шевага ҳам ўғуз сўзлари кўп ўзлашган.
Бу шева марказда тарқалгани учун уни ялибўйлилар ҳам, чўл нўғайлари ҳам бемалол тушуна олган. Қолаверса, половец тилининг вориси саналган ва Қирим хонликлари даврида айнан шу тилдан фойдаланилган[5]. Қиримтатар тили қиримда шаклланган бошқа тиллар, хусусан қиримчақ, қарайим ва урум тилларининг шаклланишига ҳам ўзининг кучли таъсирини ўтказган.
1928 йилда ўрта йўлақ шеваси асосида адабий тил яратилади ва 1929 йилга қадар араб ёзувидан фойдаланилади. 1929-1938 йилларда эса лотин графикасига ўтилади. 1938 йилдан эса, бошқа барча туркий халқлар қатори қиримтатар тили учун ҳам кирил алифбоси жорий этилади. Аммо, немис оккупацияси даврида кириллаштириш бироз тўхтаб қолади ва маҳаллий аҳоли лотин ёзувида ёзишда давом этади. 1997 йилда, аниқроғи, Қирим Республикаси Олий Кенгашининг 1997 йила 9 апрелдаги 1139-1-сонли қарори билан янги лотин алфибосига ўтилган. Ҳозирги кунда қиримтатар тили Қирим Республикасининг давлат тили саналади.
Қиримтатар тилида 33 та ҳарф бўлиб, улардан 8 таси унли, 25 таси ундош товушлардир. Унлилар талаффузи онадўли туркчасига яқин. Унлиларнинг тўрттаси – y, u, ø(ö), о лаблаштирилган, тўрттаси – i, ı, е, а лаблаштирилмаган товушлар. Ундош товушлардан 19 таси – p, t, k, q, b, d, g, f, s, ş, х, v, z, ʐ(жа), j, ğ, ts, ç, c шовқинли, 6 таси – m, n, ŋ, l(л), r, w сонор товушлар. Ўзбек тилидан фарқли ўлароқ қиримтатар тилида а товуши ўзбекча e товушига яқин талаффуз қилинади ва бу ҳам онадўли туркчаси таъсирида юзага келган.
Қиримтатар тили ҳам барча олтой тиллари қатори агглютинатив тил саналади. Шунинг учун, сўз ясалишида суффикслар муҳим ўрин тутади. Аффикслар умумтуркий қолипда қўлланилади ва уни тушуниб олиш жуда осон.
Қиримтатар тили лексик жиҳатдан баъзан қипчоқ ва ўғиз тиллари ўртасида боғловчи вазифасини бажарадигандай туюлади. Буни қиримтатар адабий тилида иккиталик синоним(қипчоқ ва оғуз) масалан, яшин ва йилдирим, тўлқин ва далға), қўл ва эл, қумурсқа ва қаринжа, қўнгуз ва божак сўзларнинг мавжудлигида кўриш мумкин[6]. Айни ҳолат, й товушининг ж ўрнида: жер – йер, жол – йол, джаман – йаман ёки в товушининг ғ ўрнида: авуз – ағиз , тав – дағ шаклида қўлланилишида ҳам кўзга ташланади.
Қиримтатар тилида сингармонизм сақланган ва грамматика учун турк модели қабул қилинган. Унлилар сингармонизмида қаттиқ ёки юмшоқ унлиларнинг ёзилиш тартибига муҳим ўрин тутади. Сингармонизм бенгзашма деб аталади ва унга кўра унлилар иккига бўлинади: танглай бенгзашмаси, дудақ(лаб) бенгзашмаси. Мисол учун, сўз бошида қаттиқ унлилар а, ı, е, о, u келса қолган унлилар унга бўсунади. Ёки юмшоқ е, i, ö, y унлиларда ҳам шу қоидага амал қилинади. Ундошлар сингармонизми эса қайси унли билан боғланса, ўша унли билан ҳосил қилган товушга кўра ўзгаради. Мисол учун, balıq сўзида сўнги унли қаттиқ бўлгани учун baliqchi сўзи ясалганда унга çı аффикси қўшилади. Бўстон(бостан) сўзида эса сўнги товуш н бўлгани учун, бўстончи эмас бостанджы ёзилади. K, q, p товушлари унлилар орасида келганда эса ьошқа товушга ўзгариши мумкин: қулақ – қулағи, аяқ – аяғи ва ҳк.
Қиримтатар тилига бошқа тилдан ўзлашган сўзларнинг талаффузида кўпинча синармонизм қўлланилмайди. Мисол учун, мусафир(арабча), телевизор сўзларида барча товушлар аслича сақланади. Аммо, айрим ҳолатларда мусафир сўзининг қипчоқ қолипида мусапир шаклида қўлланилиши ҳам кузатилади.
Қиримтатар тилининг ўзига ҳос хусусиятларидан бири, талаффузда юмшоқ ҳ товушининг тушиб қолишидир. Бу сўзларнинг аксарияти араб ёки форс тилларидан ўзлашган бўлиб, кўпинча айнан юмшоқ ҳ товуши иштирок этган сўзларни тушуниш қийинчилик туғдиради: ава(ҳаво), авас(ҳавас), айван(ҳайван), айдавчи(ҳайдовчи), айрет(ҳайрат), асрет(ҳасрат), акем(ҳакам), аким(ҳоким), ақарет(ҳақорат), ақиқат(ҳақиқат), алакет(ҳалокат), қаве(қаҳва), баар(баҳор), даий(доҳий), истираат(истироҳат), муабет(муҳаббат), мабус(маҳбус), маалле(маҳалла), марамет(марҳамат), муур(муҳр), раат(раҳат), сиир(сеҳр), сеяат(саёҳат), субет(суҳбат), таарет(таҳорат), таалил(таҳлил), Алла(Аллоҳ), сали(солиҳ).
Бошқа половец-қипчоқ тиллари қатори қиримтатар тилида ҳам у товушини ю шаклида талаффуз қилиш кузатилади: юзюм(узум), узук(юзюк), юқу(уйқу), сюрет(сурат), сюляле(слуола), тютюн(тутун), тюс(тус, ранг), тюш(туш) ва ҳк...
Қиримтатар лексикасида қипчоқ тилига хос бўлган элементлар, хусусан, ғ ўрни у(w) келиши (тау(тағ), бау(бағ), сау(сағ)) ёки б ўрнида п товушининг келиши (пут(бут), питақ(бутоқ) кўп учрайди. Умуман олганда, грамматик фарқларга қарамай, ўзбеклар қиримтатар тилини тушуниши унчалик қийин эмас. Тилнинг асоси қипчоқ, адабий тил ўғуз тили қолипда бўлгани учун барча туркий халқлар уни тез ўргана олади. Шу ўринда қиримтатарча сўзларга эътибор қаратамиз:
Ассалому алайкум! Ва алакум ассалом! Хайри тонг! Хайрли оқшом! Сизни кўрганимдан хурсандман! Хуш келдингиз! Хонимлар ва жаноблар! Ҳурматли дўстим! Илтимос Ҳурматли меҳмонлар Омонмисиз? Кайфиятингиз яхшими? Оилангиз яхшими? Ҳаммаси жойида, соғ бўлинг ўзингиз қалайсиз? Байрамингиз хайрли бўлсин! Келинг, ўтиринг Отингиз нима? Фамилиянгиз қандай? Келинг, танишамиз Жон дилдан Ичкарига киринг, илтимос! Сизни ҳам меҳмонга чақирамиз! Дастурхонга марҳамат! Тортинманг Бизнинг даврамизга қўшилинг Сизни бир тўйга таклиф этсам Хайр, соғ қолинг! Кечангиз хайрли бўлсин! Сизга ҳам хайрли бўлсин! Кўришгунча |
Селям алейкум! Алейкум селям! Саба шерфингиз хайирли олсун! Ақшам шерфингиз хайирли олсун! Сизни коргенимден қувандим! Хош келдингиз! Ханимлар ве эфендилер! Қыйметли достум! Бағишлангиз Урметли мусафирлер! Аманлықмы? Кейфингиз насыл? Қўрантангыз насыл? Эр шей еринде, сағ олунгыз, озюнгиз насылсынгыз? Байрамынгыз хайырлы олсун! Буюрынгыз, отурынгыз Адынгыз не? Сой адынгыз насыл? Келингиз, таныш олайық Жан гонгюлден Буюрынгыз, кирингиз! Сизни мусафирликке давет этемиз Софраға буюрынгыз Чекинменгиз Буюрынгыз, бизге қошулынгыз Сизни тойға давет этем. Сағлықнен қалынгыз! Геженгиз хайыр! Хайырға қаршы! Корюшкенжек!
|
Фольклор
Қиримтатар фольклори ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, ялибўйилар, тоғликлар ва чўл нўғайларининг фольклор мероси базасида шаклланган. Фольклорнинг асосини умумтурк ва ислом эпослар, жанрлар, сюжетлар ташкил қилади. Шу билан бирга ялибўйли фольклорида исроилиёт манбалари, хусусан насронийлик сюжетлари ҳам учрайди.
Қиримтатар фольклорида дестан(достон) жанри муҳим ўрин тутади ва улар бошқа туркий достонларнинг тўғридан-тўғри эпик параллелларидир. Хусусан, Чорабатыр[7], Кёр оглу(Гўрўғли), Таир ве Зоре(Тоҳир ва Зуҳра) каби қаҳрамонлик ва лирик-романтик достонлар ўнлаб туркий халқларда сақланган.
Қиримтатар фольклоридаги масаллар(эртак), эфсане(афсона), лятифе(латифа) жанрлари ҳам умумтуркий қолипда бўлиб, айрим қаҳрамонлари ўзбек фольклоридаги қаҳрамонлар билан айнан ўхшашдир. Мисол учун, латифаларда энг кўп қўлланиладиган персонаж – Насриддин Афанди қиримтатар латифаларининг энг асосий қаҳрамонлардан бири. Қиримтатар латифаларидаги ўз қаҳрамони эса Аҳмад ахай(ака) Ўзенбаши бўлиб, у бошқа халқлар фольклорида учрамайди.
Қиримтатар фольклоридаги ўлмас жанрлардан яна бири бу – мақол жанри. Улар мақолларни Отасўз деб аташади. Отасўзлар қиримтатарларнинг турмуш тарзида, хусусан, одоб-ахлоқ тарбиясида муҳим ўрин тутади. Зеро, отасўзларнинг мазмунидан амру маъруф(насиҳат) ва наҳий мункар(қайтариқ)лар ўрин олган бўлиб, бу жанр бутун туркийлар этнопедагогикасининг негизини ташкил қилади.
Қиримтатар отасўзларини ўзбек мақолларидан ажратиб олиш қийин, чунки улар фақат талаффуздагина фарқ қилади холос:
Азға қанаат этмеген копны тапмаз.
Озга қаноат қилмаган кўпни топмас.
***
Ақшам ишини сабаға қалдырма.
Оқшомги ишни эртага қолтирма
***
Ақыл қазанына бир чёмюч бақт керек.
Ақл қозонига бир чўмич бахт керак
***
Ақыл яшта дегиль де, – баштадыр.
Ақл ёшда эмас бошда.
***
Алим олмақ қолай, адам олмақ қыйын.
Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин.
***
Ана киби яр олмаз, ватан киби ер олмаз
Она каби дўст бўлмас, ватан каби ер бўлмас.
***
Анасына бақып қызыны ал, кенарына бақып безини ал.
Онасига қараб қизини ол, қонорига қараб бўзини ол.
***
Ата баласы ач қалмаз. –
Отаси бор оч қолмас.
***
Баласыз эв – мезар, балалы эв – базар.
Боласиз уй – мозор, болали уй бозор
***
Бир қарға қыш кетирмез.
Бир қарға қиш келтирмас.
****
Кузьгю киби эр корьдигини сёйлеме.
Кўзгу каби бўл: ҳар кўрганингни сўзлаб юрма.
****
Қара бет масхаралық дегиль, бетсизлик – масхаралық.
Юзинг қора бўлса шармандалик эмас, юзсизлик – шармандалик.
***
Қоранта – бахтнынг анахтары.
Оила – бахт калити.
***
Қыянет олма, недамет олурсынг.
Хиёнат қилма, надоматга қолурсан.
***
Олма чот киби: эп кендине;
олмалы пычқы киби: кях санга, кях манга.
Чўт каби бўлма: барин тортма ўзинга;
Арра каби бўл: бир сенга, бир менга...
***
Таяқ эттен отер, сез сюектен отер.
Таёқ этдан ўтар, сўз эса суякдан.
***
Халқ уфюрьсе – боран қопар.
Халқ пуфласа – бўрон қўпар.
***
Эйиликке эйилик – эр кеснинг иши, кемликке эйилик – эр адамнынг иши.
Яхшиликка яхшилик – ҳар кишининг иши, ёмонликка яхшилик – эр одамнинг иши.
Ўзбекистон қиримтатарлари
Давлат Мудофаа қўмитасининг 1944 йил 11 майдаги № 5859-сс рақамли қарори билан, фашистлар билан ҳамкорликда айбланган қиримтатарлар ўз юртидан сургун қилинади. Бу қарор қиримтатарлар тарихидаги қора кунларни бошлаб беради. Қиримтатарлари ортга қайтмаслиги учун уларнинг 128 та овули ёқиб юборилади.
Расмий манбаларда, жами 193 865 нафар сургун қилинганларнинг 151 136 нафари Ўзбекистонга, 38 443 киши Россиянинг турли ҳудудларига, 4 286 нафари эса Қозоғистонга жўнатилган. Демак, сургун қилинганларнинг 80 фоизи Ўзбекистонга келган ва уларнинг аксариятини қариялар, аёллар ва болалар ташкил қилган. Қиримтатарлар Ташкент, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларига жойлаштирилган. Уруш тугагандан сўнг эса фронтдан қайтган қиримтатарлар ҳам Ўзбекистонга юборилган, чунки уларнинг Қиримга кириши тақиқланган эди. Уруш қатнашчилари орасида ногиронлар ҳам бўлса-да, ишга яроқлилар сони кўпроқ эди.
Қиримтатарларга Шўролар ҳукумати томонидан “махсус кўчирилган” “тамғаси ёпиштирилган” ва уларнинг ҳаммаси комендатура ҳисобида турган. Ўзи яшаб турган манзил шаҳар ёки қишлоқдан сабабсиз чиқиши тақиқланган. Бошқа шаҳарга бориш учун рухсат фақат яқин қариндошларининг “чақирув хати” бўлсагина берилган. Тартибни бузганларга дастлаб беш кунлик қамоқ, қайта содир этганлар эса йигирма йиллик каторга(жуда оғир меҳнат шароитидаги қамоқхона)га ҳукм қилинган. 1954 йилдан ушбу жазо камайтирилган ва бир йил қилиб белгиланган. 1956 йилдан бекор қилинган. Сургуннинг дастлабки йилларидан қиримтатар болалари мажбуран рус мактабларига берилган. Натижда улар она тилларини унута бошлайдилар. Бундан норози бўлган фаоллар Совет ҳукуматига мурожаатларни кўпайтиради. 1965 йилдан қиримтатарлар яшайдиган ҳудудларнинг мактабларида қиримтатар синфлари, 1969 йилдан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида қиримтатар тили ва адабиёти йўналиши очилади.
Ўзбекистонда қиримтатар тилида “Ленин байроғи” газетаси ва “Йилдиз” адабий-бадиий журнали чоп этилган. Ёзувчилар уюшмасида қиримтатар шўъбаси иш олиб борган. Ўзбек давлат филармонияси қошида “Хайтарма” ашула ва рақс ансамбли ташкил этилган.
Ватан соғинчида бўлган қиримтатарлар 1950 йиллардан то 1990 йилга қадар собитлик билан Қиримга қайтишга уринишади. Совет ҳукуматига расмий мурожаатлар билан чиқишади. Аммо, бу ҳаракатлар фойда бермайди, аксинча улар томонидан уюштирилган ўнлаб митинглар кўплаб фаолларнинг қамоққа олиниши билан якунланади.
1970-йилларда уларни Ўзбекистонда сақлаб қолиш учун Қашқадарёнинг Муборак ва Бағористон туманлари ҳудудида Қиримтатар мухтор туманини ташкил этиш ва барча қиримтатарларни шу ерга тўплаш лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ўша пайтда Жиззах вилоят обкоми лавозимида ишлаган Таиров Саид Маметовичга Мухториятга раҳбарлик қилиш таклифи берилган. Аммо, Саид Таиров бу таклифга ва Мухторият ғоясига ҳам қаршилик билдирган.
Ва ниҳоят, 1989 йилда ССРИ Олий Совети қиримтатарлар сургунини ноқонуний, деб топади. Шундан сўнг, улар оммавий тарзда ватанга томон кўча бошлайдилар. 1990 йилда қайтиб келаётган қиримтатарларга ер ажаратиш тўғрисида ССРИ министрлар кабинетининг қарори қабул қилинади.
1991 йилдан улар Қирим автоном республикасининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошлайдилар. Тез орада қиримтатар тилига рус ва украин тиллари қаторида давлат тили мақоми берилади. Қиримтатарларнинг талаби ва ташаббуси билан 1992 йилдан Мусулмонлар муфтияти ташкил этилади. Муфтият томонидан мадраса ва 50 дан ортиқ масжидлар очилиб, ислом арконларини бажариш учун имкониятлар яратилади.
Ўзбеклар билан муносабат
Ёши улуғ кишиларнинг айтишича, дастлабки даврларда ўзбеклар қиримтатарларни ёвқараш билан қабул қилишган. Чунки, ҳукумат вакиллари томонидан маҳаллий аҳолига қиримтатарлар ҳақида “чўпчаклар” етказилган. “Чўпчакларда” улар фашистларнинг малайи, хоин, жиноятчи сифатида тасвирлаб берилган эди. Ёвқарашларнинг иккинчи сабаби, ялибўйи қиримтатарлар кўпроқ европаликларга ўхшагани учун, уларни “ўрис” деб ўйлашган. Ваҳоланки, Рус истибдодини бошдан кечирган, уларни деб дини, қадриятларини бой берган ўзбеклар учун ҳар қандай европалик душман бўлиб кўриниши табиий бир ҳолат эди.
Аммо, қадарга битилган қўшничилик, фронт ортидаги ва кейинги халқ хўжалигини тиклаш йиллардаги машаққатли меҳнат жабҳалари икки халқнинг бир-бирини яқиндан таниб олиши учун имкон яратади. Ўзбеклар қиримтатарларни қардош, диндош, мазҳабдош халқ сифатида қайтадан кашф этади.
Туманларда яшаган қиримтатарлар ўзбек тилини яхши ўзлаштириб, маҳллий аҳоли билан тез чиқишиб кетади. Шаҳар аҳолисида ўртасида эса бунга эҳтиёж бўлмаган, чунки йирик шаҳарларда ўзбеклар ҳам ўзини бегонадай тутган. Қиримтатарларнинг айтишича, улар ўзбеклардан фақат яхшилик кўрган. Дастлабки ёвқарашлар эса Сосет пропагандасининг таъсирида шаклланганган бўлиб, уни қиримтатарлар тўғри тушунишади.
***
Ушбу мақолани ёзиш жараёнида шуни англадимки, туркийлар орасида қиримтатарлардек машъум қисматга дучор бўлган, ёппасига ватанидан жудо қилинган, ватаннинг бир сиқим тупроғига зор бўлган халқ йўқ. Шу сабаб бўлса керак, уларда ватан қадри бошқалардан кўра баландроқ. ХХ аср қиримтатар адабиётининг энг долзарб мавзуси ҳам Ватан мавзусидир. Шоирлари орасида Ватан ҳақида ёзмаган шоири йўқ. Сеитумер Эминнинг қўйидаги шеърини ўқинг:
Йылдызлар омузуна басып мен Коклерде юрьсем де, Эп санъа бакъарым, Топрагъым. Денъизлер севсем де, Къанатлы далгъаны опьсем де, Асыл мен, Кене де Ялынъа ялдарым, Ватан. |
Юлдузлар бағрига оёқ босиб мен Кўкларда юрсам-да, Доим сенга боқаман, Тупроғим. Мен денгизларни севсам ҳам, Қанотли долғаларн ўпсам ҳам, Мен ўшаман, Ҳали кун келса Денгизнинг бўйига етаман, Ватан. |
Бир қиримтатар кишига савол бердим:
– Сизларни қардош, диндош элга сургун қилишган. Лекин, шундай бўлса-да бу юртни ватан тутмадингиз.
У айтди:
– Менинг денгизнинг тўлқинларига термулиб ўлгим келади!!!
Анвар БЎРОНОВ,
Филология фанлари бўйича
фалсафа доктори
Ўхшаш мақолалар:
Қирим хонлигини қурган, юртида қочқинга учраган қардош халқ – қиримтатарлар тарихи (1-мақола)
Бегоналар босимида 500 йилдан буён миллийлигини сақлаб келаётган халқ – Нўғайлар асли ким?
[1] Абдульвапов Н. Суфизм в Крыму и крымскотатарская религиозно-суфийская литература: основные направления исследований // Труды НИЦ крымскотатарского языка и литературы КИПУ. Сборник. Т. 1 / [сост. Киримов Т. Н]. Симферополь: КРИ «Издательство Крымучпедгиз», 2011. С. 135–158.
[2] Абдульвапов Н. Р. Суфизм и крымскотатарская поэзия дивана // Ученые записки Таврического национального университета имени В. И. Вернадского Серия «Филология. Социальные коммуникации». Том 26 (65). № 1. Ч. 1. Симферополь, Таврический национальный университет имени В. И. Вернадского, 2013. С. 231–240.
[3] Кадырова У. Р. Ашыкъ Умернинъ шиирлеринде севгили ве ашыкъ образларнынъ айдынлатылувы (бир шиир мисалинде) // Вопросы крымскотатарской филологии, истории и культуры. Вып. 11. Симферополь, Крымский инженерно-педагогический университет, 2021. С. 46-50.
[4] Пилипчук Я. В. Крымскотатарская поэзия ханского периода. Опыт исторической биографистики // The XXIII International Scientific Symposium “Integration of cultures and multiculturalism”, dedicated to the 305 anniversary of Molla Panah Vagif. Kars, 2022. P. 140-144. | Yaroslav Pylypchuk - Academia.edu
[5] Гаркавец А. Н. Кыпчакские языки. — Алма-Ата: Наука, 1987. — С. 18.
[6] Меметов А.М. Фонетико-морфологические и лексические особенности диалектов крымскотатарского языка. Журнал “Ученые записки Крымского федерального университета имени В. И. Вернадского”. Филологические науки. Том 1 (67). № 2. 2015 г. С. 35-42..
[7] Чўриботир
Санъат
Тарих
Тарих
Тарих
Жараён
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ