Oyina.uzда махсус экспедиция: Ислом кириб бормаган, қоятошлари сув тагида қолган ўлка – Хакас Республикасига саёҳат (1-мақола)


Сақлаш
11:52 / 09.08.2024 179 0

«Боболар изидан…» илмий-ижодий экспедицияси йўл харитасига кўра биз Хакасия Тил, адабиёт ва тарих илмий текшириш институтининг олимлари билан учрашишиб, тажриба алмашишимиз, шунингдек, Энасой битикларини зиёрат қилиш, сўнг хакаслар тарихи, этнологияси, тили, адабиёти ва фольклорини ўрганишимиз назарда тутилган эди. Шу мақсадда 2024 йилнинг 14 июль куни Олтойда ўтган «Эл ўйинлари» этнофестивалидан чиқиб, уч киши – мен, Фаррух Жабборов ва Бекзод Абдримов аэропортдан тўғри Хакасияга йўл олдик. Бизга олтойлик фольклоршунос Алевтина Наева ҳамкорлик қилди. 

 

Абаған шаҳрига етиб келганимизда бизни ҳақиқий хакас ўғлони Айжариқ Сайин Кучен кутиб олди. Шу куни ва эртаси ҳам биз Айжариқнинг меҳмони бўлдик ва табиийки, хакасларнинг тарихи ва маданияти ҳақида энг кўп маълумотларни ҳам ундан олдик. Энг қизиғи, Айжариқ ўзини ва нафақат ўзини, балки бутун хакасларни туркий халқлар вакили санамас экан…

 

Афтидан, Сибирнинг чекка қисмига жойлашиб қолган ва ўрмонлар орасида умр ўтказишга мослашган бу эл ўзлигидан анча айрилган. Қолаверса, қадим замонлардан буён Сибирнинг бошқа эллари билан қоришув, сомодийлар, христианлар таъсири уларни туркийликдан анча узоқлаштирган бўлиши мумкин.

 

Суҳбатларимизда Айжариқни ўзлигига қайтаришга уриндик. Аввал икки тилдаги сўзларни солиштирдик. Сўнг мақолларни қиёсан таҳлил қилдик. Тобора мезбонимиз туркий эканига ишона бошлади…

 

 

 

 

Аслида ҳам хакаслар – туркий эл. Улар асосан Россиянинг Хакасия Республикасида, шунингдек, Жанубий Сибир ерларининг бошқа ҳудудларида истиқомат қилишади. Нуфуси 100 000 атрофида, аммо расмий маълумотларда 75 000 кўрсатилган[1].

 

Хакасларнинг келиб чиқиши кўпроқ Энасой қирғизлари билан боғлиқ[2]. Ҳар қалай бу борада жуда кўплаб турколог олимлар иттифоқ қилишган. Аммо, бугунги қирғизлардан улар анчагина фарқ қилади. Тўғри, хакаслар орасида қирғизларга айнан ўхшаш чеҳралар кўп учрайди, аммо сибир татарларига ўхшаш тиниқ кўзли, европеоидлари ҳам бор. Айжариқнинг айтишича, хакасларнинг она томондан Хоразм билан боғлиқлиги бор экан. Бу қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмаймиз, аммо Хоразмликлар билан татарларнинг кўз тузилишида ўхшашликлар борлиги сир эмас.

 

Хакаслар этник жиҳатдан уч гуруҳга бўлинади:

Қизил (хызыл)лар. Қизиллар таркибида тўрт уруғ бор: буқа(пуға), иғи, улуғ арғин ва кичик арғин.

Сағайлар. Сағайлар таркибида олти уруғ бор: Аба(айиқ), Белтир, бўрут(бўри), иркит, ичеге ва қобий.

Қачинлар. Қачинлар жуда кўплаб уруғларга бўлинади. Улар орасида қашқа(хасха), қирғиз(хыргыс), шоққи(соххы), ийир(ызыр), тиин, аара, жарин уруғлари кўпроқ.

Қойбаллар. Қойбаллар тубалар ва модарлардан таркиб топган.

 

 

Ислом дини етиб бормаган ўлка

 

Хакаслар қадимда барча турк эллари қатори тангричилик динига эътиқод қилишган. Одамлар дунёни уч қават: осмон, ер усти ва ер ости дунёсидан иборат деб билишган. Маълумки, Тангричилик дини кўп жиҳатларига кўра генотеистик дин саналади ва унга эътиқод қилувчилар осмонда ягона худо Тангри, пастда Умай ёки Улкан, ер остида эса Ерлик ҳукмрон эканига ишонишган. Шу билан бирга хакасларда Ақ Худойга ҳам эътиқод шаклланган бўлиб, бу пантеизм элементларини ўзида акс эттирган. Одамлар сув эгаси, уй эгаси, тоғ эгаси, ўрмон эгаси каби руҳларга сиғинишган. XVI асрга келиб тибет буддизми Мўғулистон ва Тува орқали Жанубий Сибирга кириб келади ва тангричилик дини билан симбиоз ҳосил қилади[3]. Кейинчалик бу эътиқод таъсирида хакасларнинг миллий дини – бурханизм шакланган. Хакасларга насронийлик дини мажбуран сингдирилаётган бир даврда бурханизм миллий бирлик рамзига айланган. Айжариқ Кучиннинг айтишича, ўзларини кучли деб билганлар русларга ва православ эътиқодини қабул қилишга қатъий қарши туришган ва шу сабаб кучин номини олишган.

 

XIV асрда бу ҳудуд Хубилайхон тузган Юань империясига ўтган. Бироқ, Хубилайхон ҳам бу ерда тўлиқ ҳукмронлигини ўрната олмаган. Бу қайсидир жиҳатдан, ҳудуднинг стратегик аҳамиятга эга бўлмагани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Бошқа бир вариантга кўра, Энасой атрофида тангричилик дини билан сакрал жойларнинг кўплиги сабаб мўғуллар бу ерларни четлаб ўтган. XIV асрнинг охирларига келиб мўғулларнинг ҳокимияти кучсизлана бошлагач, аниқроғи, 1399 йилда Энасой қирғизлари бу ерда Хонгарой давлатини тузишган ва у тўрт улусга бўлинган: Альтир, Олтинсар, Иччар (Ички) ва Тўба. Бу улуслар беклар томонидан бошқарилган[4].

 

XVII асрда руслар бутун Сибир ерларини эгаллаб келар экан ана шу тўрт бекликдан таркиб топган хакасларга дуч келади, аммо 100 йил давомида уларни бўйсундира олмайди[5]. Ўз ўрнида хакаслар ҳам русларни юртидан қувиб чиқара олмайди. Ва ниҳоят 1727 йилга келиб Хитой ва Россия чегараларни аниқлаштириши жараёнида бу ерлар Россия таркибига киради. Аммо, хакаслар барибир русларга бўйсунмайди ва ўрмонлар орасида яшаб, ҳар замонда руслар устига ҳужум уюштириб туради. Хакаслар русларни «хазах»(қаяқ) яъни ёмон одам, деб аташган ва бу ҳозиргача сақланар экан.

 

 

Хакасларнинг насронийликни қабул қилиши ҳам бошқа ҳудудлардагидек осон кечмаган. XVII асрда руслар Мингсу(Мунисинск) товоқсойида илк черковларни очишади ва уларнинг ёнида мактаблар ҳам ташкил этилади. Бу мактабларга аста-секин маҳаллий хакас болалар ҳам таклиф қилиниб ўқитилади ва шу тариқа улар насронийликка ўта бошлайди. Бу орада хакаслар орасидан руҳонийлар ҳам етишиб чиқади ва Библиянинг асосий қисми хакас тилига ўгирилади. Хакасларнинг оммавий тарзда насронийликка ўтказилиши XIХ асрнинг иккинчи ярмида кучаяди ва бу жараёнда хакас руҳонийлари – Николай Катанов, Семён Чисмачаковларнинг хизмати катта бўлади[6]. Насронийликни қабул қилишгандан сўнг хакасларга насронийча исмлар қўйилган, аммо фамилиялар туркийча қолган. Дастлабки даврларда хакаслар русча исмларни бузиб талаффуз қилишган: Адырин – Андрей, Аличе – Алёша, Апанис – Афанасий, Ибден (Ибдес) – Евгений, Кабыр – Гавриил, Коргай – Георгий, Макрат – Макар, Матпаи – Матвей, Миике – Дмитрий, Мукул – Николай, Орамай – Роман, Пабут – Павел, Пайса – Василий, Поот – Петр, Сандыр – Александр, Толин – Анатолий, Мухонис – Михаил ва ҳ.к[7].

 

1991 йилдан кейин хакаслар ўз исмларини хакасчага ўзгартиришни бошлашган. Айжариқ Сайиннинг айтишича, хакаслар насронийликни номига қабул қилишган ва ҳеч қачон анъанавий эътиқоди – тангричилик динидан воз кечишмаган.

 

Бу ҳудуд Соён-Олтой тоғларининг шимолий қисмида жойлашгани учун ислом кириб бормаган. Қоятошлар, битиктошлар, балбалтошлар ва бошқа қадимий ёдгорликларнинг бузилмасдан сақланиб қолиши ҳам бу ерга ислом динининг кирмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

 

 

Қадим даврлардан туркий халқлар яшаб келгани учун Энасой ва Хакасиядаги ўзанларнинг водийлари туркий ёдгорликлар билан тўла. Ёдгорликлар асосан руник ёзувлар, тамғалар, астрал, анропоморф ва зооморф тасвирлари сақланган ғорлар, қоятошлар, оддий тош ёки қайроқтош, шунингдек, махсус ишлов берилган тошлардан иборат. Улар орасида энг аҳамиятлиси, албатта боболар тарихи ҳақида кенг маълумот бера оладигани руник ёзувлари – қадимий туркий битиклардир.

 

Хакасия Республикаси ҳудудларидан шу кунгача 80 дан ортиқ тошбитиклар ва юзлаб антропоморф ва зооморф тасвирли тошлар топилган. Аммо ҳали археологларнинг назари тушмаган ёдгорликлар жуда кўп. Бугунги кунда бу битиктошлар Хакасиянинг ўзига хос тимсолига айланган. Кўчалар, дам олиш масканлари, хиёбонларга борсангиз, ҳамма томон бир-биридан гўзал тошустунлар билан безатилган.

 

 

Жуда кўплаб раритетлар, ҳатто йирик қоятошлар ва ғорлар ҳам ХХ асрда барпо этилган сув омборларининг остида қолиб кетган. Орхун-Энасой битикларининг тили хакас тилига жуда яқин. Шунинг учун, бугунги кунда ҳам хакаслар битиктошларни ўқий олади ва бу билан фахрланадилар.

 

 

Хакас тили туркий тилларнинг хакас-олтой гуруҳига мансуб. Хакас тилининг қипчоқ гуруҳига кириш-кирмаслиги эса анча баҳсли, чунки тилнинг негизида қипчоқ тилига хос бўлган элементлар жуда кам. Бугунги кунда хакас тили рус тили билан бирга Хакасия Республикасининг давлат тили саналади. Расмий маълумотларда бу тилда сўзлашувчилар сони 40 000 дан зиёд экани қайд этилган, аммо хакасларнинг ўзлари 100 000 дан зиёд киши сўзлашишини айтишди. Чунки, Хакасия мактабларида Хакас тили ва адабиёти мажбурий фан сифатида ўқитилади.

 

Хакас тили тўрт лаҳжага бўлинади: сағай, қачин, қизил ва шўр. Хакас адабий тили сағай ва қачин лаҳжалари негизида шакллантирилган. Тўрт лаҳжадан иккитаси, сағай ва қачин лаҳжалари бир нечта шеваларга бўлинади. Бу ердаги шўр лаҳжаси шор тилидан фарқланади[8].

 

Ўзбеклар учун хакас тилини ўрганиш анча қийин. Чунки юқорида айтганимиздек, бу тил бошқа тил гуруҳига мансуб. Тўғри, қайсидир жиҳатлари қипчоққа, айрим сўзлари ўғуз лаҳжасига тортади, аммо фонетик фарқлар жуда катта бўлгани учун тушуниб олиш қийин.

 

Товушлардаги фарқлар қўйидаги жадвалда аниқ кўринади:

 

Ўзбекча

б

й/ж

ш

й

з

ш

э

в

ч

қ

т

Хакасча

п

ч

с

з

с

з

и

б

з

х

д

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Товуш ўзгаришлари ўз ўрнида сўзларни тушунишни қийинлаштиради: бала – пала; яриқ – чариқ; тош – тас; аяқ – азах; бўри – пуур; жанг – чаа; бош – бас; қайиқ – хазах; баҳо – паа; ёлғиз – чалғис; бой – пай; ем(жем) – чем; кўз – кӧс; киши – кизи; эв(уй) – иб; сўз – сӧс; қирғиз – хирхис; ич(ичмоқ) – из(изер); этак – идек;

 

Сўзларни тушунишни қийинлаштирувчи ушбу товушлар бутун гапларни англашни янада чигаллаштиради:

 

Хакасча

Чалғис пуур палази айчариқта позик сегирче.

Ўзбекча

Ёлғиз бўри боласи ой ёруғида буйик сакрайди.

 

 

Хакас тилида ўғуз лаҳжасига хос элементлар ҳам учрайди. Айниқса, жак(жек)ка монанд че аффиксининг мавжудлиги ўғуз лаҳжасини эслатади: Итче(этажак), корче(кўражак) ва ҳк.

 

Туркча: uzun ağaçlar taygada yetişajаk

Хакасча: Позик ағас тайғада осаче(Йирик дарахтлар тақғада ўсажак)

 

Хакас тилида қарлуқ лаҳжасига хос бўлган элементлар ҳам мавжуд. Мисол учун, улуғ, тағ, пичағ сўзлари худди ўзбек тилидаги каби талаффуз қилинади.

Хакас тилида қипчоқ лаҳжасининг улуши кўпроқ. Агар ж товушининг ч шаклида талаффуз қилиниши инобатга олинмаса, юзлаб сўзлар бир хил ҳолатда ёзилади ва ўқилади: жўл – чўл, жети – чети, жилан – чилан, жабиқ – чабих, жалтирақ – чалтирақ, жариқ – чарих ва ҳк…

Хакас тилида р, в ҳамда я/й товушлари билан бошланадиган ўз қатлам сўзлар йўқ.

 

 

Анвар БЎРОНОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

 

 

[1] https://travelask.ru/articles/hakasy-istoriya-uklad-zhizni-drevnie-obychai

[2] Евтюхова Л. А. Южная Сибир в древности // По следам древних култур. От Волги до Тихого океана. М.: 1954. С. 195—224.

[3] Донес А. М. Буддийское учение и тибетоязычная буддийская литература // Буддийские тексты Китая, Тибета, Монголии и Бурятии (социално-философский аспект) / Отв. ред. Л. Е. Янгутов. — Улан-Уде: Издателство Бурятского государственного университета, 2012. — С. 82. — 176 с.

[4] Л.Р. Кызласов. История Хакасии с древнейших времен до 1917 года. — Москва, 1993.

[5] Очерки истории Хакасии (с древнейших времён до современности) / гл. редактор В. Я. Бутанаев. — Абакан: Издателство ХГУ им. Н. Ф. Катанова, 2008. — С. 247—255.

[6] Карпова Г. Н. Самохвалова К. С. История распространения православия в Хакасии до 1917 года.

Текст научной стати по специалности «История и археология». Международный научный журнал «Символ науки» №11-4/2016.

[7] Мужские имена — Ирлернің аттары. AskizON.ru. — Источник: Бутанаев В. Я. Хоорай аттары — Хакасские личные имена.

[8] Патачакова Д. Ф. Шорский диалект // Диалекты хакасского языка. Абакан, 1973.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 57
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//