Адабиёт
XIV-XV асрларда ва ҳатто кейинги даврларда ҳам келиб чиқиши Чингизхон авлодидан бўлса-да, давлатни номинал ҳукмдор сифатида бошқарган хонзодаларга нисбатан “ҳуқуқсиз хонлар” ёки “қўғирчоқ хонлар” ибораси қўлланилган. Мазкур мақолада Мовароуннаҳр ва унга туташ минтақаларда ҳукмронлик қилган сулолалар – Чиғатой хонлари, Темурийлар, Шайбонийлар ва Аштархонийлар сулолалари давридаги “ҳуқуқсиз хонлар” тарихи таҳлил қилинади. Бунда “ҳуқуқсиз хонлар”нинг асосий гуруҳлари, уларнинг ҳокимиятга келиш йўллари, тарихий оқибатлари кўриб чиқилади. Бу масала доирасидаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, “ҳуқуқсиз хон”лар феномени мўғул сиёсий маданиятининг аста-секин ўзгариши ва пост-мўғул давлатларнинг шаклланишидаги муҳим босқич бўлган.
Чингизхон давлати ташкил топгач, 1206 йилда тасдиқланган Яса қонунларида бутун империяда ёки кейинчалик улусларга бўлиб юборилган давлатларда фақатгина Чингизхонга бориб тақалувчи “Олтин уруғ” вакилларигина хон унвонига сазовор бўлиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган. ХIV аср ўрталаридан бошлаб Ясада қатъий белгиланган мазкур қоида бузила бошланди ва ҳокимиятга минтақа сиёсий ҳаётида фаол ўрин тутган амирлар чиқа бошлади. Бунга қуйидагилар сабаб бўлади:
1. Чингизий шаҳзодалар ўртасидаги доимий ички курашлар ва уларнинг ёшлиги;
2. Турли шаҳзодаларни қўллаб-қувватлаб келаётган қабила етакчиларининг ҳарбий-иқтисодий устунлиги;
3. Минтақадаги асосий савдо йўллари ва шаҳарларнинг амирлар қўлига ўтиши;
4. Ислом динининг кенг тарқалиши ва маҳаллий туркий элитанинг кучайиши ҳамда бошқалар.
Чиғатой улуси хони Кебекдан сўнг улус тахтига икки укаси Элчигидай ва Дурар Темурнинг қисқа ҳукмронлигидан сўнг, бошқа бир укаси Тармаширин кўтарилади. Аммо Тармашириннинг ҳукмронлиги ҳам узоққа бормайди. Деярли ўн йилга яқин ҳукмронликдан сўнг Тармаширин ислом динини қабул қилиб, ўтроқ ҳаёт тарзида яшагани, бошқарувининг сўнгги тўрт йилида улуснинг ҳар йилги қурултойида иштирок этмагани каби сабаблар туфайли улус ҳокимиятидан четлатилади. Қисқа фурсатда улусга ўнга яқин хонлар келиб, бирин-кетин алмашаверади. Шу жумладан, қачонлардир улусни ўз таъсирига олиб, бир муддат Чиғатой хонлари устидан назорат ўрнатган Ўқтой хонадони вакиллари ҳам улус бошқарувини қайта қўлга олиш мақсадида бу курашга қўшиладилар. Бузон, Ченкши, Есун Темур, Али Султон (Ўқтой наслидан), Муҳаммад, Халил Аллоҳ (Халилуллоҳ) каби хонлар бошқарувидан кейин улус бошқарувига Ясавур Ўғлоннинг ўғилларидан бири Қозон Темур келади. У акаси Халил Аллоҳ билан бир вақтда бир муддат аввал икки қисмга бўлиниб кетган давлатни бошқариб келаётган эди.
ХIV асрнинг 40-йилларида Или минтақасида тожу тахт курашлари авж олиб кетади. Натижада Қозон Темур давлат марказини Мовароуннаҳр ичкарисига кўчириб, давлатни қайта марказлаштириш масаласида шу ердан туриб кўчманчиларга қарши курашган. Шу билан бирга Қозон Темур марказлашган давлат қуриш ғоясига қарши чиққан турк-мўғул амирларига қарши кураш ҳам бошлайди. Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб ут-таворих” асарида келтирилишича, Қозон Темур ҳокимиятни кучсизланишга олиб келаётган йирик амирларни қатл эта бошлайди. Манбада келтирилишича, бир кунда юзлаб қатллар амалга оширилади. Бунинг оқибатида йирик амирлар очиқчасига Чиғатой хонига қарши бирлашиб, амир Қазағон атрофида бирлашадилар ва икки ўртадаги бир нечта жанглардан сўнг амир Қазағон ғалаба қозонади. Ҳокимиятга амир Қазағоннинг келиши Чиғатой хонадони вакилларининг улуснинг ғарбий қисмидаги мустақил ҳукмронлигига амалда якун ясайди. Амир Қазағон ҳокимиятни қўлга олган бўлса-да, ўзини хон деб эълон қилолмайди. Айни вақтда шарқий улусда Туғлуқ Темур ҳукмронликни қўлга олган эди. Амир Қазағон ён атрофдаги бошқа Чингизийларнинг эътиборини тортмаслик мақсадида улус тахтига “ҳуқуқсиз хонлар”ни кўтара бошлайди. У бу масалада Чиғатой хонадони вакилларига ишонмагани учун Ўқтой хонадони вакили Донишмандчахонни тахтга чиқаради. Амир Қазағон бу билан улуснинг Мовароуннаҳрдаги ҳокимиятидан Чиғатойларни бутунлай суриб чиқаришни ҳам мақсад қилган эди.
Улуснинг дастлабки “ҳуқуқсиз хон”и – Донишмандчахоннинг шажараси манбаларда турлича берилган. Фасиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида ёзилишича, Донишмандча Оъқтой қооннинг наслидан экани таъкидланса-да, манбада хоннинг аниқ шажараси келтирилмайди. Яна бир Темурийлар даври манбаси – муаллифи номаълум асар “Муизз ал-ансоб”да хоннинг нисбаси Донишмандча ибн Ҳундун ибн Туржон ибн Малик ибн Ўқтой, сифатида келтирилган. ХVII аср тарихчиси Абулғозий Баҳодурхоннинг “Шажарайи турк” асарида Донишмандчахон Ўқтойнинг набираси Қайдухоннинг ўғли бўлгани ёзилади. Донишмандчахоннинг аждодлари масаласида “Муизз ал-ансоб”даги маълумотлар ҳақиқатга яқинроқ. Негаки, “Шажарайи турк” муаллифи айтганидек, Донишмандчахон Қайдухоннинг ўғли бўлганида эди у 1270–1300-йиллар тарихий воқеаларида иштирок этган ва манбаларда эслатилган бўлар эди. Шунингдек, ХIV аср бошларидаги тарихий воқеалар шуни кўрсатадики, Кебек Қайдунинг барча ўғилларини минтақадан қувиб юборади ёки ўлдириб юборади.
Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий, Мирзо Улуғбек, Муиниддин Натанзий каби муаррихларнинг асарларида Қозон Темурдан кейинги хон икки йил “ҳуқуқсиз хон” сифатида ҳокимиятда бўлиб, кейин амир Қазағон фармони билан қатл этилгани таъкидланади. Ундан кейинги “ҳуқуқсиз хон”нинг исмини Низомиддин Шомий Баёнқули Сурғату ўғли, Шарафиддин Али Яздий Баёнқулихон ибн Сўғдо-ўғлон ибн Дувахон, Мирзо Улуғбек эса Баёнқулихон ибн Сарғад ўғул шаклида келтиради. Баёнқулихоннинг шажараси, айрим ҳарфлар ўзгариши эътиборга олинмаса, барча манбаларда бир хил акс этган. Баёнқулихон нисбатан кўпроқ муддат “ҳуқуқсиз хон” сифатида бошқарувда қолган хон бўлиб, унинг ҳукмронлиги даврида минтақада бир қанча хоннинг номи билан боғлиқ Бухорода масжид ва мадрасалар қурилади. Баёнқулихон табиатан юмшоқ феълли, амир Қазағоннинг барча буйруқларига сўзсиз итоат қилувчи шахс эди. Аммо амир Қазағон вафотидан кейин амирлик ҳокимиятини қўлга олган унинг ўғли Абдуллоҳ қисқа фурсатдан кейин Баёнқулихонни қатл этади. Мирзо Улуғбек унинг қатл этилишига амир Абдуллоҳ Баёнқулихоннинг хотинига ошиқ бўлиб қолганини сабаб сифатида кўрсатади. Шунинг учун амир Абдуллоҳ Баёнқулихонни ўлдириб, унинг хотинига уйланади.
Баёнқулихондан кейинги “ҳуқуқсиз хон” Темурийлар даври барча форсий манбаларида якдиллик билан Темуршоҳ ибн Есун Темурхон ибн Абукан ибн Дувахон бўлгани таъкидланади. Аммо тарихий манбаларда номи қайд этилган “ҳуқуқсиз хон”ларнинг аксариятининг ҳукмронлик даври тўғрисида ҳеч қандай аниқ маълумотлар акс этмаган. “Ҳуқуқсиз хон”ларнинг ҳукмронлик йиллари тўғрисидаги қайдларни нумизматик маълумотлардан олиш мумкин. Шунга кўра, Донишмандчахон 1346–1348-йилларда, Баёнқулихон 1348–1358-йилларда Чиғатой улусининг “ҳуқуқсиз хон”лари сифатида фаолият юритишган.
Баёнқулихондан кейинги “ҳуқуқсиз хон” Темуршоҳ ҳукмронлиги даври акс этган аниқ нумизматик маълумотлар ҳозиргача топилмаган. Бу ҳолат Мовароуннаҳр ҳудудига шарқий Чиғатой улусидан Туғлуқ Темурхоннинг кириб келиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Негаки, Баёнқулихон қатл этилгандан сўнг, мамлакатда қабила бошлиқлари ва ноиблар орасида амир Абдуллоҳ ҳукмронлигига қарши очиқ ҳаракатлар амалга оширила бошланади.
Амир Абдуллоҳ ён-атрофдаги бек ва амирларни тинчлантириш мақсадида Чиғатой наслидан бўлган “ҳуқуқсиз хон” Темуршоҳни улусга хон қилиб кўтаради. Аммо Мовароуннаҳрда амирлар орасида сиёсий бошбошдоқликлар авж олгани сабабли Темуршоҳнинг номидан танга пуллар зарб қилинмайди. Темуршоҳни хон қилиб кўтариш ҳам мавжуд вазиятни юмшатмагач, амир Абдуллоҳ ҳокимиятни ташлаб қочишга мажбур бўлади. Натижада, Мовароуннаҳр ҳудудида сиёсий тарқоқлик авж олиб, ўнларча бек ва амирлар ўзларини ҳокими мутлоқ санай бошлашади. Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазиятни Шарқий Чиғатой улусидан – Мўғулистондан кузатиб турган Туғлуқ Темурхон фурсатдан фойдаланиб, ғарбий Чиғатой улусига – Мовароуннаҳрга қўшин тортади.
Туғлуқ Темур ва унинг ўғли Илёсхўжанинг қисқа ҳукмронлигидан кейин ҳам Мовароуннаҳр ҳокимиятига яна “ҳуқуқсиз хон”лар “ҳукмронлиги” қайтади. Хусусан, амир Абдуллоҳдан кейин Мовароуннаҳрда ҳокимиятни қўлга олган амир Қазағоннинг набираси амир Ҳусайн Мовароуннаҳрда унга мухолифатда бўлган сиёсий кучларга қарши ғоявий асос сифатида кейинги “ҳуқуқсиз хонлар”ни тахтга кўтаради. Шунга кўра, аввал улуснинг йигирма саккизинчи хони – Кобулшоҳ ибн Ружи ибн Ийкжилдой ибн Дувахон, кейинроқ йигирма тўққизинчи хон – Одил султон ибн Муҳаммад ибн Пўлод ўғли ибн Кўнжакхон ибн Дувахон бирин-кетин ҳокимиятга келишади.
Амир Темур ҳам “ҳуқуқсиз хон”ларни сиёсий ҳокимиятга кўтариб, уларнинг номидан давлатни идора қилиш анъанасини давом эттиради. У 1370 йил апрелда амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, улуғ амир сифатида ҳокимиятга келишидан бир ой аввал бўлажак ҳокимиятини қонуний асослаш мақсадида Чингизхон наслидан яна бир “ҳуқуқсиз хон” – Суюрғатмишхонни хонликка кўтаради. У Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си муқаддимасида ўттизинчи Чиғатой хони сифатида зикр этилиб, шажараси Ўқтой хонадонига бориб тақалиши айтилади. Амир Темур ҳукмронлиги даврида икки Чингизий хонзодани тахтга кўтарган бўлса-да, у доимо Чингизхон авлодларига алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлган. “Ҳуқуқсиз хон” бошқаруви даврида чиқарилган фармон ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар номидан босилган танга-пулларда хонларнинг номи ҳурмат билан ёзилган.
Суюрғатмишхон “ҳукмронлиги” даврида Амир Темурнинг деярли барча ҳарбий юришларида иштирок этгани ва соҳибқиронга сидқидилдан хизмат қилгани тарихий манбаларда кўп марта таъкидланади. Улуғ амир ва хоннинг муносабатлари ҳақидаги маълумотларга кўра, Амир Темур ҳарбий ёки сарой қурултойларида Суюрғатмишхонга доимо ҳурмат билан муносабатда бўлган. Суюрғатмишхон ўн саккиз йиллик “ҳукмронлиги”дан сўнг, 1388 йилда касалликдан вафот этади. Амир Темур Суюрғатмишхоннинг вафотидан кейин ўрнига унинг ўғли Султон Маҳмудни хонликка кўтаради. Шунингдек, марҳум хонга бўлган ҳурматидан уч йил мобайнида Суюрғатмишхон номини хутбада қўшиб ўқитишни, номини танга-пулларда ёзиб зарб этишни давом эттиради.
Султон Маҳмуд навбатдаги “ҳуқуқсиз хон” эди. Амир Темур бу икки хон номидан ҳам танга-пуллар зарб қилдирган. Шунингдек, Амир Темур Султон Маҳмудни ўз набира қизларидан бирига уйлантириб, хонни ўзига куёв қилиб ҳам олади. Ўз навбатида Суюрғатмишхоннинг қизини ўғли Мироншоҳга никоҳлаб “ҳуқуқсиз хон”лар билан муносабатларни қариндошлик алоқалари билан мустаҳкамлайди.
Султон Маҳмуд ҳам “ҳукмронлиги” даврида Амир Темурнинг ўнлаб ҳарбий юришларида фаол иштирок этади. Жумладан, хоннинг 1402 йилги Анқара жанггидаги муваффақиятли иштироки ва Усмонийлар султони Боязид Йилдиримни асир олиши Амир Темур томонидан юксак эътирофига сазовор бўлади. Аммо мазкур жангдан кўп ўтмай Султон Маҳмуд Самарқандга қайтмасдан касаллик туфайли вафот этади. Амир Темур Султон Маҳмудга ҳам юксак эҳтиром кўрсатиб, вафотидан кейин бир йил мобайнида номини хутбаларда қўшиб ўқитишни давом эттиради.
Амир Темур ҳаётлиги даврида бошқа Чингизий хонзодаларни “ҳуқуқсиз хон”ликка кўтармайди. Аммо унинг вафотидан кейин узоқ йиллар мобайнида Темурий ҳукмдорлар ҳам бу анъанани давом эттиришмайди. Амир Темур бошлаб берган анъанани набираси Мирзо Улуғбек давом эттириб, қисқа бир муддатга Чингизийлар наслидан Содиқхон исмли хонни “ҳуқуқсиз хон”ликка кўтаради. Шунингдек, “ҳуқуқсиз хон”лар анъанаси Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф Мирзо томонидан ҳам давом эттирилган. Абдуллатиф Мирзо отаси Мирзо Улуғбек устидан ғалаба қозонгач, уни қатл этиш ҳақидаги фармонга қисқа муддатда бошқарувга кўтарилган “ҳуқуқсиз хон” орқали ечим топади. Темурий ҳукмдорлар орасида яна бир қанча шаҳзодалар турли мақсадларини қонунлаштириш учун қисқа муддатларда “ҳуқуқсиз хон”ларни тахтга чиқаришади. Амир Темур ва Темурийлар бошқа амирлардан фарқли равишда Чиғатой хонзодаларини эмас, Ўқтой хонадони вакилларини хонликка кўтарганлар. Мовароуннаҳр билан алоқаси бўлмаган ва аждодлари ҳеч қачон тахтга эгалик қилмаган бундай типдаги шаҳзодалар ўз хўжайинига хиёнат қилмайдиган ва бошқа амирларга суяна олмайдиган хон сифатида энг яхши номзод бўлгани учун Чиғатой шаҳзодаларидан бошқа Чингизий шаҳзодаларни номинал бошқарувга кўтариш сиёсий тўлғама эди, деб ҳисоблаш мумкин. Шу тариқа “ҳуқуқсиз хон”ларни тахтга кўтариш анъанаси Темурий Абу Саид Мирзо (1250–1269 й.й.) ҳокимияти якунлангунга қадар давом этган.
“Ҳуқуқсиз хон”ларни тахтга кўтариш анъанаси Темурийлар давлати инқирозга учрагач, ташкил топган кейинги сулолалар даврида ҳам давом эттирилади. Жумладан, Аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили Абулфайзхон (1711–1747 й.й.) ўлдирилгандан кейин манғит амири Муҳаммад Раҳимбий бир нечта “ҳуқуқсиз хон”ларни тахтга кўтариб, амалда ўзи давлатни идора қилади. Бу анъана Хоразм давлатида (Хива хонлиги) ҳам давом эттирилиб, қўнғирот қабиласидан бўлган Муҳаммад Амин иноқ Арабшоҳийлардан бўлган сулола вакилларини “ҳуқуқсиз хон”ликка кўтаради ва улар номидан давлатни бошқаради. Муҳаммад Амин иноқнинг набираси Элтузар иноқ 1804 йилда Абулғозий V исмли сўнгги “ҳуқуқсиз хон”ни ҳайдаб юбориб, ўзини хон деб эълон қилади ва шу тариқа Хоразм давлатида Чингизийларнинг номинал бошқарувига ҳам якун ясалади.
Хулоса қилиб айтганда, Чиғатой улусининг парчаланиши билан юзага келган “ҳуқуқсиз хон”лар тизими дастлаб амир Қазағон ва авлодлари томонидан бошлаб берилган бўлса, кейинчалик Амир Темур ва Темурийлар давлати томонидан давом эттирилган. Темурийлар давлати ўрнига ташкил топган Бухоро ва Хоразм хонликлари бошқарувида ҳам маълум йилларда “ҳуқуқсиз хон”лар тизимидан фойдаланилган. “Ҳуқуқсиз хонлар” ХIV-ХV асрларда Марказий Осиё ва Дашти Қипчоқда мўғул сиёсий тизимининг мутлақо янги босқичига ўтишини таъминлайди. Марказий Осиё бошқарувида Чингизийлар монополиясининг йўқолиши миллий туркий давлатларнинг пайдо бўлишига замин яратди. Шу маънода, амир Қазағон, Амир Темур, Муҳаммад Амин иноқ, Муҳаммад Раҳимбий оталиқ каби шахслар нафақат “ҳуқуқсиз хонлар”ни ҳокимиятга кўтаришди, шунингдек, аксарияти кейинчалик Марказий Осиё халқлари давлатчилигида муҳим ўрин тутувчи давлатларнинг асосчиларига ҳам айланишди.
Севинч УЛАШОВА,
Алфраганус университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тарих
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ