Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қаҳр”и “Шарқ юлдузи” да босилибди, деган гапни эшитганимга бир неча ой бўлди. Бу гапни менга етказган танишим анча бепарво оҳангда “Қаҳҳорнинг сўнгги кунлари ҳақида экан”, деди. Сўнг, бироз ўйланиб, қўшиб қўйди: “Сотқин бўлганини очиқ ёзибди”. Тилимга биринчи келган саволни сўрадим: “Ботир гапчилар”ни ҳам ёзибдими?” “Ҳеч нарсани яширмаган, — деди танишим. – Ҳатто, “анави” идоранинг ходими бўлгани, лақаби “Зрелий” (Етук) эканини ҳам. Хотини ўша идора ходими бўлганига шама қилган”.
Ичимдан, ниҳоят бомба портлабди-да, деган ўй ўтди. Узоқ кутдим. Лекин атроф-жавонибдан портлаш овози тугул, неварам ўйнайдиган елим пуфакнинг пақиллашича шовқин эшитилмади. Ҳайрон қолдим. Ниҳоят, журнални топиб, қиссани ўқиб чиқдим. Рост, бу ердаги гаплар елим пуфакнинг пақиллашича ҳам эмас экан.Мутолаа сўнгида тилимга келган илк жумла “Хуршид ака мавзуни арзон сотибди”, бўлди. Сал кейинроқ, ўйлаб туриб, “Қисса қаҳрамонини Абдулла Қаҳҳор деб атамаслиги керак эди. Сотқин бир ёзувчининг ўлим олди талвасаларини ёзмоқчи экан, унинг исмини Эшматми, Пирматми, деб қўйса, адабиётимиз ютарди”, деган хаёллар ҳам ўтди.
Чунки асар менда бадиий матн сифатида маромига етмагандай таассурот қолдирди. Муаллиф қаҳрамонига Абдулла Қаҳҳор деб аниқ исм бермаса эди, сюжетни, воқеа тафсилотларини, фикрлар, ғоялар... онг оқимини пухтароқ ишлашига йўл очиларди. Энг муҳими, эркин фикрлашига, санъат асари яратишига кенгроқ имкон қоларди. Натижада сарҳисоб онига етиб келган бир адибнинг ҳаёт йўли мукаммалроқ чизиларди. Ҳозир эса... ғариб ва нотавон кимсанинг ажал олди ўйлаётган ўйлари, чекаётган изтиробларининг мағзи анчайин тушунарсиз чиқиб қолган.
Умуман олганда, асар сюжети Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг сўнгги кунлари хронологияси сифатида шакллантирилгани, менингча, ўзини мутлақо оқламаган. Ҳаёти тугаётганини билиб, ногаҳон келаётган ажал сабабини англашга уринаётган киши образи... Бу образни яратиш учун психологик таҳлил ва тавсифга, онг оқими манзараларини кўрсатишга уриниш табиий эди. Бироқ қиссада акс этган ўша онг ости манзараларига назар ташласак, уларда бир бутунликни кўрмаслигимиз ҳам бор гап. Қаҳҳор бу касаллик менга қаердан ёпишди, дея ўйлар экан, умумий фикр-мулоҳазадан нари ўтмайди. У ўзининг айбини қидирмайди. Ўлим олди ҳам айбни жамиятдан ахтаради, мен ҳақ эдим, дея ўжарлик қилади. Муаллиф эса бу ўжарлик сабабини кўрсатишга эринади, ё қўрқади, ё билмайди, ё шу ҳақда ўйламайди...
Эҳтимол, бу Хуршид Дўстмуҳаммад реализмидир ва ҳаётда айнан шундай бўлиши ҳам мумкиндир. Курраи арзда умргузаронлик қилиб келаётган саккиз миллиарддан зиёд тақдир саккиз миллиарддан кўпроқ ечимга келиши тушунарли, ахир. Бироқ биз анча кенг ва батафсил ёзилган газета очерки, ё бир ўлим тафсилоти битилган тиббий ҳисобот эмас, бадиий асар ўқиётирмиз-ку! У, ахир, ҳаётдагидан кўра бошқачароқ қонуниятларга амал қилади.
Бизга устозларимиз ёзувчи каттароқ асар бошлар экан, ўз олдига муайян саволлар қўяди ва уларга жавоб ахтаради, деб ўргатишган. Бадиий адабиёт, бу – санъат ҳодисаси эканини, санъат сўзи сунъий сўзи билан бир ўзакдан яралганини унутмайлик, ахир.
Қиссада Абдулла Қаҳҳор характери мутлақо очилмаган, аксинча, ўзбек адабиётининг таниқли намояндаси Абдулла Қаҳҳор, деб бошланадиган мақолаю китобларни ўқимаган, бу адиб ҳақида олдиндан шакллантирилган муайян тасаввурга эга бўлмаган одамлар асар марказига қўйилган ёзувчи характерини, уни қийнаётган масалаю муаммоларни тушунмаслиги ҳам мумкин.
Кибриё Қаҳҳорова характерининг эса асарда мутлақо ўрни йўқ. Унинг хатти-ҳаракатлари тасвир топган ўринларга қараса, бу оила билан олдиндан таниш бўлмаган одам ёзувчининг хотини қандай одам бўлганини тасаввур қила олмайди. Ёзувчи Кибриё Қаҳҳорова образини чизаётганда аниқ тасвирлардан кўра сермаъно имо-ишораларга берилиб кетадики, бу ҳол ўқувчини довдиратиб қўйиши табиий. Масалан, қуйидаги парчага эътибор қилинг:
“Опа палатадан чиқаётган жойида таққа тўхтади, изига қайтди, “Нима дедингиз?!” деган маънода адибнинг тепасига келиб, унинг чеҳрасига тикилиб туриб қолди. Унинг бу тарз туришидан гўё, “Гуноҳим йўқ, дедингми, Зрелый? Сен-а?!” деган маънони уқиш мумкин эди”.
Бу парча, Абдулла Қаҳҳор каби Кибриё опа ҳам ўша машъум идоранинг ходими бўлган, деган маънода айтилган. Лекин бу тушунтиришнинг характерни очиқламаслиги, аксинча, унинг ўқувчи онгида пайдо бўлаётган шамойилига туман пуркашини англаб етиш қийин эмас.
Ёзувчи яна бир ўринда Қаҳҳор тилидан Кибриё опага қарата “тегишли жой” деган жумлани ишлаттиради. Буям ўша имо-ишорадан бошқа нарса эмас. Асарда Қаҳҳор шахси билан таниш бўлмаган ўқувчи учун савол туғдирадиган бундай ўринлар талайгина.
Ва умуман, асардаги бошқа қаҳрамонларнинг ҳам сюжет воқелигида ўрни бўлгани ҳолда, уларнинг биронтасини алоҳида юк кўтарган бадиий персонаж сифатида таърифлаб бўлмайди. Шабот Хўжаев образи дўхтирлар ҳамма чорани кўргани, бироқ натижа йўқлигини айтиш учун, Шуҳрат образи Қаҳҳорнинг жанозасиз кўмилиб кетишдан қўрққанини тушунтириш учун керак бўлган, холос. Улар мустақил бадиий юк ташимайди.
Тақдир насиб қилган экан, Матёқуб Қўшжоновдай зукко олим, адабиётнинг билимдони, академик инсон билан кўп бора суҳбат қуриш насиб этди. Адабиёт ҳақида гаплашиб ўтирганимизда, ҳар уч гапининг бирисида, домла, характер, характер, деб такрорларди. Асарнинг сюжетини характер бошқариши лозим, бу – бадииятнинг қонуни, деб қайтаришни севарди. Яна айтардики, асар воқеаларини характер юзага чиқариши лозим, воқеа характернинг ҳосиласи бўлиб майдонга чиқса, ўша асар зўр, матн мукаммал бўлади. Ҳеч бўлмаганда, воқеа характернинг ўзига хос жиҳатларини кўрсатиши керак, акс ҳолда, бу воқеанинг шу асарга киритилиши ўзини оқламайди, деб таъкидлар эди...
Хуршид Дўстмуҳаммаддай атоқли адибни танқид қилишга журъат этдингизми, деган иддаонинг олдини олиш учунгина номдор устознинг фикрлари, қарашлари, ўгитлари ортига яширинаётганимни, уларга суяниб турганимни ўзим билиб турибман. Лекин баъзида бировни танқид қилиш учун ҳаётда бошқа бировга орқа қилишимиз бор гап-ку. Яъни, узримни маъзур тутиш мумкин.
Устознинг адабий тутумларига суяниб фикрлайдиган бўлсак, қиссада Абдулла Қаҳҳорнинг даволаниш учун Москвага кетиши, гўёки, бошқа бировларнинг ҳаракати натижаси бўлиб чиқади. Уёқдаги даволаниш жараёни тафсилотлари эса Абдулла Қаҳҳор характерининг ўзигагина хос бўлган қирраларини очишга хизмат қилмаган. Ёлғон бўлмасин, хаста Қаҳҳорнинг профессор Шабот Хўжаевни ва ёзувчи Шуҳратни чақириши қаҳрамон характерининг ҳосиласи бўлган. Ўша ўринлардагина ўқувчи Абдулла Қаҳҳор деган тирик бир шахсни кўради. “Келгинди, мусофир” деб пул сўраб турган лўли хотин эпизоди эса, назаримда, Абдулла Қаҳҳор сийратини яққол очиб кўрсатадиган, теранроқ фикрлар сари бошлайдиган топилдиқ образ. Бироқ ушбу эпизод тўқиб чиқарилгани учун ҳам асарга кўрк бўлиб турибди, десам ҳеч ким эътироз қилмаса керак.
***
Ўша, “Қаҳр” қиссаси чиққани ҳақида менга хабар берган танишим, “Хуршид Дўстмуҳаммад Қаҳҳорни тушунишга уринган”, деган маънода гап бошлаганда, мен туйқус унинг гапини бўлиб қўйдим. Дедимки, тушунишга уриниш, бу оқлашга уриниш ҳам эканини биласизми? Танишим фикрини бўлиб қўйганимдан норози бўлди ва “Ўтмиш қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишимиз керак, миллатнинг бир бутунлигини сақлаш учун бу жуда муҳим”, деб таъкидлади. “Қаҳҳор буюк ёзувчи сифатида адабиётимиз тарихида қолди, унинг инсоний қусурларини дунёга достон қилиб, фош қилишнинг сира кераги йўқ”, деб айтди.
Яна айтдики, Қаҳҳор ҳақида гапирганда ўрталиқ йўл тутиш керак эди, ахир у адабиётимизнинг дарғаларидан бири бўлган; ўзбек ҳикоячилигининг асосчиси, десаям бўлаверади; ўша замонда сотқинлик қилмаслик қийин иш бўлган; дейлик, сизу биз ҳам ўшандай вазиятда Қаҳҳор бажарган ишни қилишимиз мумкин эди; подвалга тушганда сизу биз Қаҳҳордан ошириб сайрашимиз мумкин эди... ва ҳоказо гапларни айтди. Мен, аввалига, умуман тўғрига ўхшаб туюладиган бу гапларни бош ирғаб, маъқуллаб ўтирдим. Лекин охирги фикрига чидай олмадим.
Секин, жуда паст овозда, бироқ ҳар бир сўзни дона-дона қилиб айтдим: “Лекин подвалга Қаҳҳор эмас, Фарғона жамиятининг гуллари – ботир гапчилар тушган. Ҳолбуки, улар тушмаслигиям мумкин эди, мабодо, ичида битта Қаҳҳор каби шўропарасти бўлса эди, Қаҳҳорнинг провокацион гапларини илк эшитган кунидаёқ бориб, ГПУ га сотиб берганида қамоқда ким ўтиришини тасаввур қилиш қийин эмас. Бироқ улар сотқин эмас эди. Сотқин – Қаҳҳор эди!”...
***
Яна бир гап.
Менинг Хуршид Дўстмуҳаммад, аниқроғи, ўзим жуда яхши кўрадиган, инсон сифатида самимий ҳурмат билан қадрлайдиган севимли ёзувчим Хуршид аканинг “Қаҳр” қиссасини бадиий жиҳатдан заифроқ чиқибди, деган фикрим бу зотнинг адабиётимиз зиммасида ҳамон қарз бўлиб қолаётган масалани кўтариб, ўзига тириклигида ҳайкал қўйибди, дея баралла айтишимга монелик қилмайди, деб ўйлайман.
Абдулла Қаҳҳор ҳаётда бир умр шўро сиёсати ва мафкурасига лаббай, деб хизмат қилди. Мабодо, у ўзининг олтмиш йиллик юбилейида “Мен партиянинг аскариман”, деганида эди, аскар бечора нима қилсин, буйруқни бажаради-да, қўлидан бошқа нимаям келарди, деб уни ўзимизча оқласак бўларди. Бироқ ўшанда у “Мен партиянинг онгли аъзосиман!”, деб қилган барча жиноятини онгли равишда қилганини омма олдида тасдиқлаб кетди. Унинг ва у қатори минглаб қаҳҳорларнинг сотқинлиги сабабини англаш адабиётимизнинг зиммасидаги узилмас қарз бўлиб келаётган эди. Хуршид ака шу қарзни узиш йўлида илк қадамни ташлабдими, қадами муборак бўлсин, дейман.
Бироқ шу асар баҳонасида, мутахассис адабиётчи, миллатнинг бир содиқ фарзанди ўлароқ, ўз фикрларимни айтиб ўтмасам ҳам бўлмас.
Назаримда, “Қаҳр”нинг матни бир-бирини инкор қиладиган бир нечта миф-афсоналар устига қурилган. Уларнинг бир қисми умумэътироф этилган, тўғрилигига зарра шубҳа бўлиши мумкин эмас, деб ҳисобланадиган мифлар бўлса, иккинчи қисми Қаҳҳорни сал-пал биладиган кишилар орасида ўн йиллаб айланиб юрган, бироқ мудҳиш маъно ташигани учун ҳам давраларда фақат шивирлаб гапирилган миф-афсоналардир.
Биринчи афсона Абдулла Қаҳҳорнинг буюк ёзувчи бўлгани ҳақида.
Ёшлар ҳақида, аниқроғи, қирқ ёшгача бўлганлар тўғрисида бир нима дея олмайман. Лекин биз, ёши катталар Абдулла Қаҳҳор буюк ёзувчи, ҳақиқатталаб, адолатпарвар инсон, деган қарашлар остида вояга етганмиз. Мактаб дарсликларидан монографияларгача, дорилфунун қўлланмаларигача, дорилфунундаги устозларимизгача, муболаға билан айтсак, ҳар бир дазмолдан Абдулла Қаҳҳор буюк ёзувчи, деган таъкидни эшитиб улғайдик. Шунга ишондик. Ҳеч қачон ўзимизга Абдулла Қаҳҳор ҳақиқатан буюк ёзувчими, деган саволни бериб кўрмаганмиз. Чунки биз, ўзбекларнинг қадимдан келаётган касалликларимиздан бири шуки, устозларимиз айтган гапларни текшириб кўришга ўрганмаганмиз.
Ҳолбуки, унинг “Ўғри”, “Бемор” каби тўрт-бешта яхши ҳикояси бор, холос. Бироқ шулар ҳам фақат оқ-қора рангларда ёзилгани билан бугунги ўқувчини ажаблантиради. Қаҳҳорнинг ижодий устахонасида қора рангдан бошқа бўёқ бўлмаганми, деб ҳайрон қолади киши.
Унинг “Сароб” романи ва “Ўтмишдан эртаклар” қиссасинигина бироз қизиқиб ўқиса бўлади. Роман Абдулла Қаҳҳор ҳали ҳокимиятга хизмат қилишнинг ҳадисини олмаган пайтларда, ёшликда қилган мудҳиш жиноятидан ўзини оқлаб олиш учун ёзилган эди ва шу бетизгин истак романга жон бағишлаб туради. Қиссада эса аллақандай ёвуз бир куч бор. Унда ёзувчи минглаб, ўн минглаб одамни қатағон қилган чекистлар идорасининг содиқ ходими, яъни ўз отасини оқлашга урингандай бўлиб, аслида, шарманда қилади.
Юқоридаги ҳар икки асар, қуруқ ғоядан эмас, кўнгилдан (қорайиб кетган кўнгилдан) ўсиб чиққан истак туфайли юзага келгани учун ҳам ўқишли чиққан эди. “Қўшчинор”, “Синчалак” каби фақат ғояга хизмат қиладиган асарлардан фарқли ўлароқ, уларда тирик нафас бор эди. Шу тирик нафас, адибнинг тан олинган маҳоратига қўшилиб, узоқ йиллар адабиётшуносларимизнинг нигоҳини чалғитди. Буюк Абдулла Қаҳҳор деган афсонани яратди.
Биз эса ҳамон ўша афсона таъсиридан қутилганимиз йўқ.
Қаҳҳорни ўқиган кишилар, қўлингизни кўксингизга қўйиб, ўзингиздан сўраб кўринг. Унинг биронта асарини, хоҳ ҳикоя, хоҳ қисса ё роман бўлсин, чин дилдан севиниб, севиб, қаҳрамонларига қўшилиб кулиб, азобланиб ўқиган жойингизни эслай оласизми? Ҳатто, “Ўғри”даги ўша Қобил бобога ҳам ачина олмагансиз, аксинча, унинг шунчалик содда, гўл, лақма эканидан жаҳлингиз чиқмаганми? Бизнинг боболаримиз содда бўлган бўлиши мумкин, лекин аҳмоқ бўлмагандир, ахир. Ҳолбуки, Абдулла Қаҳҳор бутун миллатга қарата, сенинг боболаринг Қобил, Бабар бўлган, деб ҳақоратлаб келмадими?
Мен Хуршид Дўстмуҳаммад “Қаҳр” қиссаси қаҳрамонини Абдулла Қаҳҳор деб атамаслиги керак эди, деганда шуни ҳам назарда тутган эдим. Абдулла Қаҳҳор буюк ёзувчи бўлмаса ҳам, ақлли одам эди. Буни тан олишимиз керак. У, ақлли одам сифатида, ўзи ёзганларининг нархи неча пул бўлганини ҳам, албатта, тушунган бўлса керак, деб ўйлайман. Умри охирида, у, агар ўзини ҳақиқатан истеъдодли ёзувчи, деб ҳисоблаган бўлса, шулар ҳақида ўйлаган бўлиши керак эди. Москвада, чекка бир касалхонанинг умумий палатасида, оддий одамлар орасида ётганида, у бир умр ёлғонга хизмат қилиб, ёлғон асарлар ёздим, бу касалим шунинг кафорати бўлса ажаб эмас, деган хаёлларга борган бўлса, ё “Қаҳр”нинг муаллифи қаҳрамони дилига шундай ўйларни жойласа эди, назаримда, асар жозибалироқ чиқарди.
Валлоҳки, Хуршид ака масалага бу даражада чуқурлашмайди. Масаланинг моҳиятига етиш, адиб изтиробларининг тубига тушиш ўрнига, юзада чайқалиб турган кўпиклар орасида қолаверади.
Яна бир афсона.
Қаҳҳор ҳақида, у жуда адолатталаб эди, деган гаплар юради. Хуршид ака ҳам “Қаҳр”да шу гапларга мутлақо ва узил-кесил ишонгани билиниб турибди. У Қаҳҳорнинг ўй-хаёлларини тасвир этаётганда шу позицияда туради. Ростмикин шу гаплар?
Мен ўтган асрнинг етмишинчи йиллари адоғида Тошкентга, дорилфунунга келдим. Деярли барча устозларимиз Абдулла Қаҳҳорни салкам адолат мезони сифатида таърифлар эди. Мисол тариқасида унинг ёшларни доимо қўллаб-қувватлаб келгани, ёш Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг шеърларидан ўзи ёзганларига эпиграф олгани келтириларди.
Унинг диди бўлгани шубҳасиз. Яхши асарни ёмонидан ажрата олиш қобилияти бўлгани ҳам тушунарли. Акс ҳолда, у ўша оқ-қора ҳикояларини ҳам ёза олмасди.
Бироқ бу масалага чуқурроқ ёндашиш керак.
Ҳеч бир замонда ижодкор аҳли мавжуд ҳокимият билан келиша олмаган. Ижод аҳли орасида доимо замонадан нолиш кайфияти бўлган ва бўлади ҳам. Бу – аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Устозларимиз бизга Абдулла Қаҳҳорни шундай ижодкорнинг етук бир вакили сифатида кўрсатар ва биз ёшлар ҳам тамомила шунга ишониб катта бўлганмиз.
Орадан йиллар ўтгач, яна бир устозим, ўттизинчи йиллар адабиётининг билимдони, академик Наим Каримов билан Абдулла Қаҳҳор ҳақида гаплашиб ўтирганимизда, домла соддадиллик билан, “Сиз билмайсиз, эскининг одами пухта бўлган, улар қичийдиган жойини олдиндан қашлаб қўйган”, деган гапни айтувди. Шу гап мени ўйлантириб қўйди ва Қаҳҳорнинг адолатталаблиги масаласини ўргана бошладим. Катта бир ниятим йўқ эди, шунчаки, қизиқишдан. Хайриятки, ўша пайтлар атрофимда Қаҳҳорни кўрган, у билан ҳамсуҳбат бўлган, таъбир жоиз бўлса, қўлидан бир пиёла чойини ичган одамлар талайгина эди.
Афсуски, билганларим Абдулла Қаҳҳор деган “буюк сиймо”ни ерга тушириб қўйди. Назаримда, унинг қаҳрамонлигидан асар ҳам қолмади...
Абдулла Қаҳҳорнинг “Ёшлар билан суҳбат” китоби йиғиштириб олиб, йўқ қилингани маълум. Шу туфайли унинг ўша пайтда республика раҳбари бўлган Шароф Рашидов билан муносабатлари ҳақида турлича гап-сўзлар тарқалган.
Аслида ҳам бу алоқалар унчалик яхши бўлмаган.
Масаланинг асл моҳияти катта раҳбар, бироқ ўртамиёна ёзувчи бўлган Шароф Рашидовнинг Абдулла Қаҳҳорни хушламагани билан боғлиқ. Оғзи полвон Абдулла Қаҳҳор Шароф Рашидовнинг ўртамиёна адиблик қобилияти ҳақида давраларда айтиб юрган. Мақолаларида ҳам ишоралар қилган. Табиийки, бу гаплар “қўшиб-чатиб” Рашидовга етказилган ва унда ҳам Абдулла Қаҳҳорга нисбатан антипатия пайдо бўлган. Раҳбарнинг қош-қовоғига қарайдиган ҳукумат доиралари ҳам Абдулла Қаҳҳорга рўйхушлик бермаган. Шунгами, шогирдлари Абдулла Қаҳҳор тазйиқ остида, деган фикрда бўлишган.
Менингча, масаланинг асл моҳияти бироз жўнроқ. Абдулла Қаҳҳор Шароф Рашидов эришган ҳокимият имкониятларини яхши биларди. У Шароф Рашидов КГБ архивидан Абдулла Қаҳҳор “Дело”сини чақиртириб олиб, унинг бутун қилмиш-қидирмишидан бохабар бўлиб қолишидан чўчиб яшаган бўлиши эҳтимоли ҳақиқатга яқинроқ. Рашидовни танқид қилишининг бир маъноси ҳам шу бўлган – у мени ёмон кўргани учун қасддан туҳмат қиляпти, дея ўзини оқлаш учун замин ҳозирлаб қўйган. Яъни, қичийдиган жойини олдиндан қашлаб қўйган.
Рашидов ўлиб, унинг қилган ишлари очиқ-ёпиқ қоралана бошлаган даврда Қаҳҳор ва Рашидов деган мавзу яна кўтарилди. Сал вақт ўтиб, Қаҳҳорнинг саксон йиллик юбилейи арафасида бу масала анча қўзғалиб қолди. Чунки ўлимидан сўнг фаолияти қоралана бошлаган Рашидовнинг шахси ҳақида айтилган салбий гапларнинг кўпига одамлар ишонмасди. Қаҳҳор Рашидовнинг кимлигини олдиндан билган, деган афсона янги ҳокимиятга хизмат қилиши керак эди. Бироқ акси бўлди-ёв, назаримда. Камина ўша пайтда адабий давраларда айланиб юрган миш-мишларнинг айримларини эслатсам, вазият қандай бўлгани янаям ойдинлашади.
Эмишки, Рашидов тириклигида Абдулла Қаҳҳорнинг шогирдларидан бирини ёнига чақириб, “Устозингнинг қўли тирсагигача қонга ботган-ку, шуни биласанми,” деган ва айрим ҳужжатларни кўрсатган. (Бу ерда асосан “Ботир гапчилар”га ишора қилинмоқда.) Бошқа миш-мишда эса Рашидовнинг машҳур бир адабиётшунос билан суҳбатда ёзғириб “Менинг давримда қайси адибнинг бурни қонади, масалан, Қаҳҳор ҳамма мукофотни олди, дарсликларга кирди, китоблари чиқиб турди, асарлари саҳнадан тушгани йўқ, касал пайти давлатнинг ҳисобидан Москвага юбордик, ўлгач, музейини ташкил қилдик, ўша пайтда унинг кўнглини олиш учун яна нималар қилишим керак эди,” деган экан. Афсуски, бу миш-мишларнинг ҳақиқат ё ёлғонлигини исботлайдиган ҳужжат йўқ.
Абдулла Қаҳҳорнинг шогирдиман, дея кўксига урадиган устозимиз Озод Шарафиддиновнинг “олти томликнинг сўнгги томларини эътибордан соқит қилсак — 1967-1982 йиллар мобайнида ўзбек тилида адибнинг биронта ҳам асари нашр қилинмади”, деган гапи давраларда Қаҳҳор ва Рашидов муносабатларининг, Қаҳҳор ўлимидан сўнг ҳам “кун кўрмагани”нинг тасдиғи каби жарангларди. Бир куни эринмай шу гапни текшириб чиқдим. Ва тонг қолдим, тонг қотдим. Чунки бу мутлақо нотўғри ва ҳақиқатга хилоф кўргазма экан.
1967 йилнинг ўзида адибнинг учта – “Нурли чўққилар” ва “Нурли ҳаёт” номларидаги ҳикоялар тўпламлари, “Ёшлар билан суҳбат” китоби; 1969-йили “Муҳаббат” қиссаси; 1972-йили “Ўтмишдан эртаклар”; 1975-йили “Синчалак”; 1976-йили “Ўтмишдан эртаклар: қисса ва ҳикоялар; 1979-йили “Ўтмишдан эртаклар”нинг қайта нашри ўзбек тилида эълон қилинган. Шунингдек, адибнинг таржима асарлари: Н.Гоголнинг “Ревизор” (1974 ва 1980 да қайта нашр); А.Пушкиннинг “Капитан қизи” (1972); араб адабиётидан “Бир соатлик халифа” (1974) кўп нусхаларда босилган (Жами ўн иккита китоби). Адабиётшуносликда эса айтилган йиллар давомида Абдулла Қаҳҳор ҳақида ўнлаб китоб, юзлаб мақола ёзилиб, саноғини олиш мушкул даражада диплом ишлари, ўнлаб диссертация ҳимоя қилинган. (Бу ҳақда янада тўлиқроқ маълумотни Зуҳра Бердиева тузган “Абдулла Қаҳҳор (Биобиблиография)” тўпламидан олиш мумкин. Қаранг: Бердиева З., Абдулла Қаҳҳор (Биобиблиография). Т., 1989 й., Матн тепасида: Ўзбекистон ССР маданият вазирлиги, Тошкент давлат маданият институти.
Хуллас, Ш.Рашидов вафотидан кейин унинг даврида расмий доираларда деярли эсланмаган А.Қаҳҳорнинг ҳаётда қийналгани масаласи сабаб-бесабаб матбуотда кўрина бошлади. Чунки юқори сиёсий доираларга Рашидов номини қоралаш учун янги ва янги баҳоналар керак эди. Ўшанда шогирдлари Абдулла Қаҳҳорни оқлаш кампаниясини бошлайди. Ва биз, бугунги авлод учун адолатпеша Абдулла Қаҳҳор образи яратилади.
Ўйлашимча, Хуршид ака ҳам шундай афсоналар ичида улғайган одам ва буни текшириб кўриш ҳақида ҳеч ўйламаган бўлса керак. Ҳарҳолда, “Қаҳр” мени шундай хулосага келишга ундамоқда. Хуршид ака қиссанинг бирон ўрнида қаҳрамонининг буюк ёзувчи бўлганига, адолатпеша инсон, ёшларнинг ғамхўри бўлганига зарра шубҳа билдирмайди. Мен эса Қаҳҳорнинг аслида ким бўлганини тенгдошлари яхши биларди, шунинг учун ҳам бу ҳақиқатни билмайдиган ёшлар даврасида у ўзини эркинроқ сезган, деган фикр тарафдориман. (1939 йили очиқ ўтказилган муҳокамада ўтирганлардан бири “Сароб”да Қаҳҳор ўзини ёзган, энди тавба қилсин”, деб бекорга қичқирмаган бўлса керак.) Қолаверса, Мурод Муҳаммад Дўст айтмоқчи, у ўзидан чиройли латифа қолдиришни чин дилдан истаган бўлса ҳам ажаб эмас.
Учинчи афсона. Қаҳҳорнинг “анави” идораларда ишлаган-ишламагани масаласи.
Саксонинчи йилларнинг адоғи – тўқсонинчи йилларнинг бошида бир гуруҳ ёш адабиётшунослар “гап” ўйнар эдик. Ўтмишдаги “Чиғатой гурунги”га қиёсан, ўзимизча, Чимбой маҳалла чойхонасида ўтадиган гаштагимизни “Чимбой гурунги” дея атардик. Табиийки, улфатчилик, гап ейишнинг тарихий илдизлари ҳақида ҳам суҳбат бўлиб турарди.
Бир куни самарқандлик гапдош жўрамиз енгимдан тортди. “Биласизми, Абдулла Қаҳҳор “анави” идоранинг полковниги бўлган экан”, деди. Мен гапни жўнига қараб тепиб юбордим: “Астароқ айтасизми, полковник эмас, генерал денг!”
Ўша пайтларда Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи устида диссертация ёзаётган Раҳмон Қўчқорнинг қулоғи динг бўлди. “Қўйсанглар-чи, деди у қўлидаги ош ёғини артиб. Архивларда бу ҳақда биттаям ҳужжат йўқ”. “Албатта, ҳужжат бўлмайди-да, дедим. У ё яширин ишлайдиган ходим, ё “қулоқ” бўлган! КГБ эса ҳеч қачон ўз агентларини сотмайди”.
Шу билан икковора бошланган гурунгга ҳамма қўшилиб кетди. Биров у деди, биров бу деди, хуллас, бир ечимга келолмадик. Раҳмон Қўчқор Абдулла Қаҳҳорнинг уй-музейида, ёзувчининг шахсий архивида бунга далолат қиладиган биттаям ҳужжат йўқлигини рўкач қилиб туриб олди. Бунга Сталин ўлгач, Қаҳҳор ўз архивини тозалаб ташлаган бўлса керак, дея эътироз билдирдик. Охири, мабодо, бир кун келиб, КГБ архивлари очилса, масаланинг жавобини топамиз, деган хулоса билан бошқа мавзуга ўтиб кетдик.
Абдулла Қаҳҳорнинг ўз вақтида ЧеКа, ГПУ, ОГПУ, НКВД, МГБ, кейин КГБ дея номланган хавфсизлик идоралари билан ҳамкорлик қилгани масаласи ҳалигача очиқ турибди. Бироқ бу идоралар Қаҳҳор ҳаётида маълум ўрин тутгани бор гап. Шунисини инкор қилиб бўлмайди...
Абдулла Қаҳҳор ҳаётида унинг шахсий фожиаси, дея қаралиши лозим бўлган, аммо “Қаҳр”да жуда оз, йўл-йўлакай ҳикоя қилиб ўтилган “Ботир гапчилар” воқеаси, аслида, қиссанинг марказида туриши лозим эди, деб ўйлайман. Ҳозирги ҳолида у Қаҳҳор ҳаётидаги кўп воқеаларнинг бири сифатида йўл-йўлакай ҳикоя қилинган ва “Қаҳҳор “анави” идоранинг ходими бўлган”, деган ишонч билан ёзилган. Бундан шундай хулоса чиқадики, Қаҳҳор ходим бўлган бўлса, демак, айбнинг бир қисми ўша идоранинг зиммасига боради, яъники, Қаҳҳорнинг айбини “мажбурлиги орқасидан, хизмат тақозоси юзасидан қилган”, деган важлар билан оқлаш мумкин.
Шу афсонага ишонсак бўладими?..
Тўртинчи афсона Қаҳҳорнинг “ғоявий коммунист” бўлгани, унинг шўро ғояларига сидқидилдан ишонгани ҳақида.
“Қаҳр”ни ўқисангиз, Қаҳҳор ўзининг бир умр ишониб келган ғояларига афсусланаётгандай, кўзим кўр бўлган экан, дея ўзини тафтиш қилаётгандай туйилади. Гўёки, бир умр худога ишонмай яшадим, ҳеч бўлмаса, охирида тавба қилай, деганга ўхшайди. Жумладан, ўзининг жанoзасиз кўмилиб кетишидан чўчиб, ёзувчи Шуҳратни чақиргани ҳам шунга ишора қилади. Мен, мусулмон бир инсон сифатида, шундай бўлганига ишонишни хоҳлайман. Қаҳҳор Яратганнинг олдига борганида “Тавба қилиб келдим!”, дея юкунишини истайман. Бироқ...
Ҳаёт ҳақиқати биз ўйлаганимиздан кўра мураккаброқ.
Мен, ҳеч бир одам ўзини у ёки бу ғояга ишониб яшагани учун бир умр азоблаб ўтади, деб ўйламайман. Чунки ҳаётда инсоннинг фикрлари ўзгариб туриши – бор гап. Бир ғояда муқим қотиб қолган одамни учратиш амри маҳол. Аммо нимагадир ишонгани учун қилган жиноятини ҳеч бир одам ҳеч бир замонда оқламайди. Мен ўшанда мажбур бўлиб қолган эдим, дейиши мумкин, лекин барибир жиноятининг жиноят эканини билиб туради ва ўзини охирги дақиқада шу учун ҳисоб-китоб қилади. Лекин жиноятни тан олиш, унинг учун тавба қилиш жиноий жазони бекор қилмайди. Дунёнинг қонунида ҳам, илоҳий қонунларда ҳам жиноятга жазо муқаррарлиги белгиланган.
Ва умуман, ҳатто жиноят кодексида ҳам, кишига жиноят қилишни ният қилгани учун жазо белгиланмаган. Аксинча, жиноятини билиб туриб, ғараз ният билан қилган бўлса, бу оғирлаштирувчи ҳол, деб қаралади. Яъни, ният амал билан қўшилгандагина жиноятнинг бир қисмига айланади.
Масаланинг шу ўрнини сал кенгроқ тушунтирсам.
Кўпчилик негадир мудҳиш қатағон даври деганда Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби буюк ёзарманларимиз қатл этилган машъум 37-38-йилларни эслайди. Ҳолбуки, бундай қатағон тўлқини илк бор 20-йилларнинг сўнгги, 30-йилларнинг бошида содир бўлган ва у ХХ аср бошида тарих саҳнасига чиққан буюк жадид боболаримизнинг сардори Мунавварқори бошлиқ бир гуруҳ зиёлиларнинг бошига етган эди. Ўшанда инқилоб йиллари мустабид шўро тузумини қўллаб, шунинг воситасида халқимизни ҳурриятга олиб чиқишни ният қилган, бироқ ҳар доим миллий истиқлолнинг очиқ тарафдори бўлган зиёлиларни сиёсий органлар турли хил куракда турмайдиган айбловлар билан қатл қилган эди.
Заҳматкаш олим Шерали Турдиев Ўзбекистон КГБси архивида аниқлаган маълумотларга кўра, шўролар ҳукумати томонидан миллий уйғониш – жадидчилик ҳаракати намояндаларига қарши илк айбловлар 20-йилларнинг бошидаёқ амалга оширила бошлайди. Хусусан, Мунаввар Қори Абдурашидов ва Убайдулла Хўжаевлар “Миллий иттиҳод” номи остида махфий ташкилот тузганликда айбланади, бироқ 20-йилларнинг ўрталарида Туркистон МИҚ томонидан улар оқланади. Шунга қарамай, матбуотда бу шахсларни қоралаш кампанияси давом эттирилади. 20-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб эски жадидлар ҳисобланмиш Мунаввар Қори, Убайдулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийларни пролетар ғоясига ва шўро тузумига душманликда очиқ айблаб қоралаш кампанияси яна кучаяди.
Ниҳоят, 1929 йилнинг 6 ноябр куни Тошкентда Мунаввар Қори Абдурашидов, Убайдулла Хўжаев, Эшонхўжа Хоний, Салимхон Тиллахонов, Абдуваҳоб Муродий ва бошқалар, жами 83 киши; “Миллий иттиҳод” қўмитасининг таъсирида Фарғонада ташкил этилган “Ботир гапчилар” махфий ташкилотининг аъзолари сифатида 1930 йилнинг 31 январ куни Қўқон шаҳрида Ашурали Зоҳирий, Лутфулло Олимий, Ёқуб Омон, Абдулла Раҳматзода, Носир Эркин, Нуриддин Эрматов, Абдулла Қаҳҳор ва бошқалар, жами 15 киши қамоққа олинади (Булар ичида фақат Абдулла Қаҳҳор гуноҳсиз топилиб, тезда ҳибсдан озод этилади). Алоҳида қайд этиш лозимки, ушбу илк қатағондан Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби ойдинларимиз омон қолишган. Уларга навбат машъум 37-38 йилларда етиб келди. (Бу ҳақда қаранг: Шерали Турдиев. Маърифат ва истиқлол фидойиси. Чоп этилган 26.03.2014 Муаллиф Ziyouz.uz)
Тарихчи олим Баҳром Ирзаевнинг қатағон қурбонлари ҳақидаги тадқиқотида келтирилишича, “А.Зоҳирий узоқ давом этган сўроқлардан аниқ хулосага келдики, бу фитнанинг ортида айнан шўро давлатининг ўзи турибди. 1930-йил 28 май куни сўроқда: “Ботир гапчилар” деган ташкилот бўлса, бу Абдулла Қаҳҳорнинг уйида бўлган йиғилишда туғилган бўлса керак. Ўшанда у худди ёддан айтаётгандек қандайдир ташкилот ва унинг программаси ҳақида сўзлай бошлаган эди. Демак, “Ботир гапчилар” бу А.Қаҳҳорнинг миясида тузилган ва унинг ғояларидир“, дейди. А.Зоҳирий раҳбарлигидаги “Ботир гапчилар” ташкилоти аъзоси деб фарғоналик 15 нафар тараққийпарвар ёшлар бир йилдан ортиқ вақт давомида Фарғона турмасида оғир шароитда сақланди.
1931-йил 25-апрель ОГПУ қарори билан А.Зоҳирий, Л.Олимийларга нисбатан отув ҳукми 10 йиллик концлагер билан алмаштирилди.
А.Зоҳирий 1936-йил жазони муддатидан олдин ўтаб қайтади. Орадан ҳеч қанча ўтмай 1937-йил 5-сентябрь куни “Миллий иттиҳод” аъзоси, 1930-йилдан “Ботир гапчилар” ташкилоти аъзоси деб яна қамоққа олинади. 1937-йил 4-декабрь куни ИИХК қошидаги “Учлик” суди Ашурали Зоҳирийни отувга ҳукм қилди ва нохолис ҳукм 1937-йил 28-декабрь куни ижро қилинди. 1958-йил 15-сентябрь куни Ашурали Зоҳирий ЎзССР Олий суди томонидан оқланган”. (Бу ҳақда қаранг: Баҳром Ирзаев. Қатағонга учраган матбуотимизнинг забардаст вакили. April 23, 2021 Ziyouz.uz)
Абдулла Қаҳҳорнинг мазкур сотқинлигини Хуршид ака “Қаҳр”да бироз юмшатиб тасвирлайди, оқламоқчи бўлади:
“Ёш эди, ахир у. Ғўр эди. Ким уни йўлдан урди, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, алдади, шу чоққа қадар билмайди.
“Янги Фарғона” газетаси таҳририятига янгигина ишга қабул қилинган бир пайтда, қандай бўлмасин, таҳририят аъзолари орасида советларга қарши бўлган “ёт унсур”ларни аниқлаш вазифасини юклашди унинг зиммасига. Бунинг энг осон йўлини ўргатишди ҳам: “Дуч келган жойда шўрони, комфирқани баралла танқид остига олаверасан, қўрқма, сенинг айтганларингга жўр бўлиб сайрайдиганлар – ўшандайларнинг бари унсур, элемент! – ўшаларни аниқлаштириб берсанг бас!”
У лаққа тушди. Топшириқни адо этмоқликка астойдил киришди. Жамиятда ҳамманинг кўзига ташланиб турган, аммо гапириш, тилга олиш хавфли бўлган нуқсону иллатларни қўрқмай фош эта бошлади. Газета аҳли, зиёли аҳли тилини тиёлмайдиган тоифа эмасми, муштдек болакайнинг найрангларига учадиган, лаққа тушадиганлар топила қолди. Айниқса, “жумҳуриятимизнинг мустақил, озод ватан сифатида ажралиб чиқишига эришмоғимиз лозим” деган гаплари кап-катта кишиларнинг эсини оғдирди, гангитди-қўйди. Унга қўшилиб “жасорат”га жўр бўладиган ҳамнафаслар кўпайди.
Ўзбекчиликда гап олишнинг синалган усули улфатчилик эмасми, неки вазифа юкланса, барчасини бахяма-бахя муфассал амалга ошираётган бўлажак адиб қўярда-қўймай газетачиларни улфатчилик – гап-гаштак ташкил этишга кўндирди. Даврага бир қатор мактаб муаллимлари қўшилди. “Шўро ҳукумати халқни ҳалокат ёқасига олиб бормоқда” деганлар борми, бошқа оғзи ботир улфатларининг деган демаганлари борми, у қўқонлик зиёлилардан ташкил топган янги гаштакнинг бамисоли мирзасига айланди, яъни, улфатчилик чоғида дўстларининг оғзидан чиққан олди-қочди гап-сўзларни “оқизмай-томизмай” қоғозга тушириб борди. Улфатга “Ботир гапчилар” номи берилди.
Оқибат нима бўлди, оқибат?
1930 йил 30 январь куни эди, ўн саккиз нафар “Ботир гап”чи улфатчилик қилиб ўтирган хонадонни ГПУ босди! Ашурали Зоҳирий, Лутфулла Олимий, Ёқуб Омон, Эркин Носир, Умархўжа Ҳамидов... гаштак қамоқхонада давом этди. Бир ҳамлада шу-унча “унсур”ни фош қилиш мана ман деган ГПУчига насиб этмаганди, ҳали гўдак ёшидаги Абдулла эса, туғма қобилияти бор шекилли, алоҳида ғайрат-шижоат кўрсатди – шўро ҳокимиятининг ўн етти нафар душмани нақ тумшуғидан илинди. Дастлабки ҳуфиячилик хизмати эвазига Абдуллажон “Зрелый”, яъни “Етук” деган лақаб-кличка билан сийланди.
Ёш эди, ғўр эди, шайтон комига илинган эди... “
Абдулла Қаҳҳорнинг бу жинояти учун ҳаётда тавба қилмаганини Хуршид ака яна бир ўринда шундай тасвир этади:
“Ботир гапчиларгами?.. Битта-яримтаси ҳаётми йўқми, Худо билади. Бирортаси рўпара келса, ҳар биттасининг гуноҳини бетига айтарди. Ҳа-да, ўзинг бир қишлоқ муаллими бўлсанг, чумчуқнинг патидек газетада мухбир бўлсанг, советга, шўрога қарши бош кўтаришни ким қўйибди сенларга?! Ким ёмон – шўро ёмон, нима номаъқул – шўро мафкураси номаъқул! Ўшандай чаламулла шўртумшуқларни фош қилганимми, гуноҳим?! Эҳ, замон нағмасини уқмаган лодонлар!.. Аҳ, гумроҳлар!..”
Ва ниҳоят, Қаҳҳорнинг буюклиги ҳақидаги афсона.
Мен Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаёти ва ижодини махсус ўрганган эмасман. Унинг ҳаёти ва ижодига қизиқиб юрган бўлсам, бунинг сабаби бир зиёли ўлароқ, миллатимиз ойдинларининг тарихини, ҳеч бўлмаса ўзим учун, бироз ойдинлаштириб олиш истагидир. Менинг шу озгина билганларим ҳам “Қаҳр”да акс эттирилган воқелик анча юзаки чиқиб қолибди, дейишга ҳуқуқ бераётир. Шу боисдан Хуршид акага, Хуршид Дўстмуҳаммадга асарининг шу жойларини кўрсатиб, эътироз билдиришга маънавий ҳаққим бор, деб ўйлайман.
Менинг назаримда, Қаҳҳорнинг фарғоналик зиёлиларни сотиб, уларни қамоққа, муқаррар ўлимга юбориши ёшлик эмас эди. Ғўрлик эмас эди. Унинг ўшангача бўлган ҳаёти, эҳтимолки, кейинги ҳаёти ҳам фақат сотқинликдан иборат бўлган.
Шахсий суҳбатларимиздан бирида шу масалани кўтарганимда, ҳам ҳаётда, ҳам илмда устозим бўлган Наим Каримов “Абдулла Қаҳҳор бир умр Қўқонга эмин-эркин боролмай ўтган. Мажбур бўлиб борса ҳам, расмий доиралар билан учрашибоқ қайтган. Чунки у “Ботир гапчилар” ташкилоти аъзоси бўлган деган гапдан ҳам ва шунинг акси – “Ботир гапчилар”ни шу одам қаматган, деган гапдан ҳам қўрқиб яшаган”, деб айтган эди. Бу гапга ишонмасликка асосимиз йўқ.
“Ўтмишдан эртаклар”ни ҳамма бўлмасаям, кўпчилик ўқиган чиқар. Унинг охирги саҳифаларини ким эслайди? Эслатишим мумкин. Қўқондаги ўқитувчилар тайёрлаш билим юрти, Дорилмуаллиминда ўқиб юрган Абдулла Қаҳҳорнинг устозлари орасида жадидлар кўп эди. Шунингдек, биринчи жаҳон уруши пайти асирга тушиб, Туркистонга келиб қолган турк зобитлари ҳам бор эди. Талабалар уларнинг миллий озодлик курашчилари билан алоқалари бўлганини билиб қолишади. Ўша устозлар Туркистон озодлиги учун жиҳод қиламан деб келган Анвар пошшонинг шаҳид кетганига мотам тутадилар. Ёш Абдулла уйга келиб, шу гапларни оқизмай-томизмай онасига айтади, онаси отасига етказади. Ота эса ГПУ ходими эди. Асарда ёзилмаган бўлса ҳам, тахмин қилиш мумкинки, бу гапларни эшитган ота Абдулланинг ўзини савол-сўроқ қилган, бор гапни аслидагидай билиб олган чиқар. Шунинг учун ҳам “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси “Энди нима бўлади?” деган савол билан тугайди.
Буёғи нима бўлганини тасаввур қилиб олгандирсизлар?!
Дорилмуаллимин тит-пит қилиб ташланади...
Ёш Абдулла эса ўзи сотган устозлари, ҳамсабоқлари орасида яккамоховга айланади. Шу боис у дорилмуаллиминнинг охирги курси, охирги ҳафталарида ўқишдан кетишга мажбур бўлади. Кетиб, Қўқон шаҳар комсомолига ишга жойлашади. Ўрта мактабни битирди, деган аттестати бўлмагани учун Тошкентга келганида ҳам дорилфунунга киролмайди, тайёрлов факултетида (Рабфакда) ўқийди. Бу ерда ҳам бирон ҳунар кўрсатгандирки, уни, рабфакни тугатгач, асосий курсларга ўқишга қабул қилмайдилар, туғилган жойига – Қўқонга қайтариб юборишади.
Назаримда, бу бўлган ишларда ҳеч қачон Абдулла Қаҳҳор ўзини айбламаган. Аксинча, у табиатидаги сотқинликни душманлар билан курашиб яшаётирман, дея оқлаган бўлса, ажаб эмас.
Академик Наим Каримов билан умрининг охирларида қилган шахсий суҳбатларимизда, у киши ўзи эшитган ва ишончли деб ўйлаган гапларга таяниб, “Абдулла Қаҳҳор ёшлигида жуда ахлоқсиз одам бўлган. Биринчи оиласининг бузилиб кетишига ҳам сабаб шу. Бегона аёлларни хотинининг устига ҳам бошлаб келаверар экан. Ёшлигида худога ишонмаган, ароқни ҳам жуда кўп ичган, фақат кейин бу ишларни ташлаган”, деган мазмундаги гапни айтган эди. Ўйлайманки, илмда холислик нуқтаи назаридан, ёши тўқсонга борган, илмий ижоди ҳавас ва яхши маънодаги ҳасадга арзигулик олимнинг бу гапини эътиборга олмасликнинг сира иложи йўқ.
Шу суҳбатдан сўнг Абдулла Қаҳҳор ҳаётини чуқурроқ ўргана бошладим. Албатта, қўлимда эндиги ёзадиганларимни тасдиқлайдиган бирон хат-ҳужжат йўқ, лекин узуқ-юлуқ тафсилотлардан тиклаганим ҳақиқат қуйидагича.
Абдулла Қаҳҳор Рабфак талабаси эканида турган ижарахонасини бир татар кампир келиб тозалаб, кирларини ювиб, ош-овқатини пишириб юрган. Кампир бирон сабаб билан келолмай қолса, унинг бўйи етган қизи келган. Абдулла шу қиз билан ўйнашиб қўяди, қиз юкли бўлиб қолади. Муаммодан қўрқиб кетган ёш Абдулла Қўқонга қараб қочади. Татар кампир Қўқонга боради. Кампир ва ота орасида бўлиб ўтган гап-сўздан кейин Абдулла шу қизга уйланишга мажбур бўлади. Ҳаётидан норози юрган Абдулла бутун дунёга ўт қўймоқчи бўлгандай, ичкиликка баттар ружу қўяди, наҳсга ботади (Бу воқеалар “Сароб” романида гўё Саидий ҳаётида бўлгани каби ипидан-игнасигача тасвир этилган). Жумладан, у, гап-гаштакларда бетўхтов арақхўрлик қилади, шишадошлари ва зиёлиларни провокацион суҳбатларга тортади...
Уни шу ўринда қўлга туширишади.
Ва ёки, бунинг акси, бетизгин арақхўрлик, бузуқлик ва наҳс гирдобига тобора чўкиб бораётган Абдулла Қаҳҳор ўта мудҳиш қарорга келади. Ўз ўтмиши билан алоқасини шафқатсизларча узмоқчи бўлади. Лекин у барибир қўрқоқлик қилади, бу йўлда ўзини эмас, ўзгаларни қурбон қилади...
Қай бир эҳтимол тўғрилигини, афсуски, энди ҳеч қачон билолмаймиз...
Шу ўринда бир масалани алоҳида таъкидламоқчи эдим. Ана, ўзингиз ҳам Абдулла Қаҳҳор ғўрлик қилиб қўлга тушган эди, деяпсиз-ку, деган эътироз бўлиб қолиши мумкинлиги учун. Абдулла Қаҳҳор ўшанда ғўрлик қилиб, қўлга тушган бўлса эди, кейин у жадидларни сиёсий айблаш учун қурол бўлиб хизмат қиладиган “Сароб” романини ёзмасди. Менингча, у, кейин ҳам, ўжарлик билан, ўшанда мен ҳақ эдим, тўғри қилган эдим, деган фикрда яшаб ўтган. Хуршид Дўстмуҳаммад “Қаҳр”да ҳам шу хулосани берган. Ўттиз йилча олдин Раҳмон Қўчқор қатъий таъкидлагани каби, “Сароб” мутлақо сиёсий романдир. Ва у Абдулла Қаҳҳорнинг ғўр ёшлиги ўтиб, фикрлари бир ўзанда қуйилгандан кейин ёзилганини эътиборга олсак, бу роман йиллар ўтгани сайин Абдулла Қаҳҳорнинг фикр-қарашлари ўзгармагани, аксинча, тобора қатъийлашиб борганига яна бир исботдир, дея ҳукм чиқаришга асос беради.
“Қаҳр”да Абдулла Қаҳҳорнинг отасига муносабати масаласи ҳам бот-бот кўтарилган. Бироқ Хуршид ака Абдулла Қаҳҳорнинг сотқинлиги айнан отанинг қутқуси билан содир бўлганини билмаса керак. Ўғлининг бир аҳмоқлик кетидан иккинчиси – арақхўрлик ва наҳсга муккасидан кетиб, келажагини хавф остига қўяётганини кўрган ота уни ҳамшишаларидан айириб олмоқчи бўлади. Бунинг учун у энг ифлос, энг тубан йўлни танлайди. Абдулладан гаштак йиғинларида бўлаётган гап-сўзларни эринмай сўраб олади. Сиёсий мавзуларда ҳам гурунг бўлишини англаб, ўғлига баъзи гапларни тушунтиради. Булар ичида шўро давлатига сиёсий душман бўлган одамлар ҳам бўлиши мумкин-ку, шуларни аниқлаштириб берсанг, хотинингдан ҳам ажратиб оламан, Тошкентга ўқишга ҳам юбораман, деб юрагига ғулув солади.
Бу ишни нега органлар қилмаган, нега Абдулланинг отаси қилган деяпман?
Чунки шу воқеадан кейин Абдулланинг отаси билан ораси кескин бузилиб кетади. Биринчидан, дастлаб, “ботир гапчилар”га қўшиб, Абдулланинг ўзи ҳам қамоққа ташланади. Бирон ойча ертўлада ўтириб, сўроқ бергандан кейингина у қилган ишининг бутун даҳшатини – ўн бешми, ўн саккизми одамни муқаррар қийноққа, сўнгида ўлимга етаклаб келганини англаб етади.
Иккинчидан, бу иш органларнинг провокацияси бўлганда эди, у ё умуман қамоқда ўтирмаслиги, ё “қулоқ” сифатида, ҳеч бўлмаганда, судгача қамоқда бўлиб, терговчиларга қўшимча далил топиб бериши керак эди. Бироқ Абдулланинг иши судгача етиб бормайди, ими-жимида қамоқдан чиқариб юборилади. Афтидан, “Ботир гапчилар” қамоққа олингандан кейингина ота, яъни уста Абдуқаҳҳор органларга бу иш ўзининг шахсий ташаббуси билан бўлганини тушунтириб, исботлаб берган. Шунга вақт кетиб қолган. Шундан кейингина Абдулла қамоқдан қўйиб юборилган. “Сароб” романига таяниб айтадиган бўлсак, органлар ўшанда ҳам Абдуллага жуда унчалик ишонишмаган. У Тошкентга келиб, дорилфунунга ўқишга кирганида комсомолдан характеристика келтириб бера олмагани шунга далолат қилади.
Ота кексайиб, нафақага чиққандан кейин Қўқонда туролмай, Тошкентга, Абдулланинг уйига келади. Бу пайтда Абдулланинг онаси вафот этган, қари ота ёрдамга муҳтож ҳолатда эди. Бироқ Абдулла отасини ҳеч қачон кечирмади. Кейин ҳам ҳеч қачон отасини биронта яхши сўз билан эсламади. Ҳатто, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси, аслида, отанинг қанчалик ёвуз одам бўлганини исботлаш учун ёзилган эди, десак ҳам муболаға бўлмайди. Албатта, сатрлар ортидаги маънони уқий оладиган одамлар учун.
Хуршид ака Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаётида отаси ўйнаган мудҳиш вазифадан хабардор бўлмаганига ишонмайман. Акс ҳолда қуйидаги мисралар ёзилмаган бўларди:
“Муҳокамага Мирза келди, “Фарғона тонг отгунча”ни ёзган, менга танбеҳ берди. “Жон Абдулла ака, дадангизнинг гуноҳлари менинг бўйнимга, уларни ёзманг, ўчириб ташланг”, деди! Ўтиниб, юкуниб айтди... Бир ҳафта, Тошкентга борай, Мирзага айтай, дадамнинг гуноҳлари сенга оғирлик қилади, улар ўзимга буюрсин, дейман, кейин “Эртаклар”ни қайта ёзаман...”
Мақоланинг бошида бадиий матн мукаммал эмас, деб танқид қилганим эсингиздадир. Юқоридаги парча ўша даъвомнинг бир исботи. Бу парчадаги гапни мен тушунаман. Яна беш-ўн одам тушунар. Бироқ бадиий асар хослар учунгина ёзилмайди-ку! Уни Абдулла Қаҳҳор ҳаётидан бехабар бўлган одамлар тушунмайди. Чунки шундай фикрга олиб келадиган тасвир йўқ, имо-ишора бор, холос. Матндаги ҳар қандай тушунарсиз парча эса ўқувчини чалғитади, асарни оғирлаштиради.
Абдулла Қаҳҳор буюк инсон, буюк ёзувчи бўлганида юқорида мен қисмангина ёзиб ўтган ишларнинг биронтасини қилмаган бўларди. Чунки буюк инсон оғирликни зиммасига олади, Қаҳҳор каби вазиятдан ўртоқларини сотиб қутилмайди.
Буюк ёзувчи миллатини олдинга бошлайди, Қаҳҳор каби миллатини мустамлакачиларга, золимларга қул каби бош эгишга даъват қилмайди. Буюклар замонга мослашишни эмас, замонни ўзгартиришни мақсад қилиб яшайди. Энг аввал ўзини ўзгартиради.
Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда “Қаҳр” муносабати билан “Қаҳҳор мажбур бўлган”, подвалга тушсангиз сиз бундан баттарроқ сайрашингиз мумкин эди, қабилидаги гап-сўзлар билдирилмоқда. Уларга нима дейиш мумкин?
Қаҳҳор подвалга тушганидан кейин уларни сотмагани маълум, аввал сотган, кейин подвалга тушган, десак, улар кўнишармикин?!
Бошқа, гўёки мавзуга алоқасиз бир мисол келтирай. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари сўнгида, дўкон пештахталари бўм-бўш, бироқ одамларнинг фикри ва кўнгли қайнаб турган, ўтмишни тафтиш қилиш авж олган бир маҳалда, ўртоқларимдан бири “Коммунизмда яшаб, ўтиб кетибмиз-ку, лекин буни ўзимиз билмай қолибмиз-да!”, дея ҳазил қилди. Мен ҳайрон қарадим. Бирон гап тополмай қолдим. Чунки у раиснинг ўғли эди. Унинг коммунизмда яшаб ўтгани аниқ эди. Бироқ мен қозони ойда бир марта гўшт кўрадиган колхозчининг боласи эдим. Коммунизмни кўрмаган эдим.
Абдулла Қаҳҳор ҳақиқатда шўродан наф кўрган одам эди. Инқилоб йилларидаги очарчилик пайтлари органда ишлайдиган отаси ёғлиқ-ёғлиқ овқат кўтариб келарди. Шу боис, у шўрони ёмон кўрганларни ёмон кўрса, ҳақли эди. Бироқ отаси ёғлиқ-ёғлиқ овқат келтирмаганларнинг боласида нима айб? Ватанини озод кўришни истаганларнинг айби нима? Қаҳҳорнинг қаҳрига йўлиққаними?..
Мусулмон НАМОЗ,
адабиётшунос
Тарих
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ