![](/storage/articles/February2025/CFyNBBZm1TFJwxnUenh2.png)
Нўғайлар – туркий халқ. Тили – туркий тилнинг қипчоқ лаҳжаси. Дини – ислом, сунний оқимнинг ҳанафия мазҳабида. Нўғайлар туркий эллар тарқалган ҳамма жойда бор. Улар асосан Кавказ, Волгабўйи ҳудудлари ва Марказий Осиёнинг шимоли-ғарбида яшайди. Туркияда юз минг нафардан ортиқ нўғай бор. Уларнинг кўпчилиги 1917 йилги инқилобдан сўнг ва Иккинчи жаҳон уруши даврида қочиб борганлар авлоди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Руминия, Болгария давлатларида ҳам нўғай диаспораси бор. Хусусан, Ўзбекистонда 200 та нўғай яшаши қайд этилган. Ҳозирги кунда дунёда нўғайлар сони 300 000 нафардан кўп. Қизиғи, бу ҳисобларда фақат паспортига нўғай ёзилган одамлар қайд этилган. Қозоқ, қирғиз, қорақалпоқлар орасида ҳам нўғай уруғлари мавжуд, уларнинг келиб чиқиши Нўғай ўрдаси ва нўғай миллати билан боғлиқ.
Нўғай ўрдаси тарихидан айрим лавҳалар
Нўғайларнинг этник шаклланиши тўғридан тўғри Нўғай ўрдаси билан боғлиқ. Ўрда тарихини ўрганмасдан нўғайлар ҳақида ёзиш нотўғри. Нўғай миллати Чингизхон авлодидан Татарнинг ўғли – Ису Нўғайхондан тарқалган. У ХIII асрда Олтин Ўрдада бекларбеги бўлган. Беркехон даврида Кавказ, Эрон, Византия, Болқон ва Русни бўйсундиришда фаол қатнашган. Византия ҳукмдори Михаил VIII Палеологнинг қизига уйлангач, унга Днестр ва Дунай дарёлари оралиғидаги ерлар суюрғол қилиб берилади. Шундан сўнг бу ерларнинг халқи нўғай улуси деб атала бошлайди[1]. Аммо нўғайлар ери алоҳида давлат эмас, Олтин Ўрданинг энг ғарбий мулки эди.
Нўғайхон ХIII асрнинг иккинчи ярмида Олтин Ўрдада юзага келган ижтимоий-сиёсий тортишувлар, ички урушларда фаол қатнашади. 1299 йилда эса Тўхтахон томонидан ўлдирилади. Шундан сўнг унинг улуси таназзулга юз тутади. Бироқ нўғай номи сақланиб қолади.
Орадан юз йил ўтгач, яъни XIV аср охири ва XV асрнинг бошларида Олтин Ўрда ҳам таназзулга юз тутади. Мамлакат бир нечта хонликларга бўлиниб кетади. Ўрдада туманбоши бўлган Эдигей бундан унумли фойдаланиб, Эдил (Волга) ва Ёйиқ (Урал) дарёлари оралиғида Манғит юрт, яъни Нўғай хонлигини тузади.
Эдигей билан Амир Темурнинг ўхшаш томони кўп эди. Иккиси ҳам ботир, ақлли ва омадли бўлса-да, хон унвонига эга бўлмагани учун тахтга ўтириш ҳуқуқи бўлмаган. Чингизхон авлодларига уйлангани боис иккиси ҳам кейинчалик хон унвонини олса бўларди. Аммо улардан бири Кўрагон унвони билан тахтга ўтиради ва рутбасини амир деб белгилайди. Эдигей ҳам энг хавфли рақиби Тўхамишхоннинг ўғиллари Каримбердини 1413 йилда, Кепакхонни 1414 йилда мағлуб этгач, ўзини амир деб элон қилади. Аммо тахтга ўтиришга иложи етмайди.
Шу тариқа Олтин Ўрдада Эдигей ва манғит уруғининг нуфузи ошиб, кўплаб туркий уруғлар Нўғай ўрдаси таркибига кира бошлайди. Кавказ, Қирим, Эдил ва Ёйиқнинг ораси, Каспий денгизининг шимолий қисми тўлиқ Эдигейга эргашади ва улар ўзларини нўғай деб атай бошлайди. Кейинчалик нўғайларнинг мулки кенгайиб, Ғарбий Сибир пасттекисликлари сари кенгаяди. 1419 йилда Эдигей вафот этгач, Олтин Ўрда парчаланиб кетади. 1420 йилда Сибир хонлиги ажралиб чиқади. 1428 йилда ҳозирги шимолий Ўзбекистон, Қозоғистон ҳудудларида Ўзбек хонлиги, 1938 йилда Булғор улуси ҳудудида Қозон хонлиги, 1441 йилда Қирим хонлиги мустақил бўлади. Шулар қаторида 1940 йилда Нўғай хонлиги ҳам мустақил бўлиб, дунё харитасида “нўғай эл” номи пайдо бўлади.
Нўғай этносининг шаклланиши
тр |
Нўғай уруғлари |
Ўзбек уруғлари |
т/р |
Нўғай уруғлари |
Ўзбек уруғлари |
1. |
Ас |
- |
2. |
Қият |
Қиёт |
3. |
Аксюрют |
- |
4. |
Кула-Аян |
Гулеген |
5. |
Алчин |
Олчин |
6. |
Қунғрат |
Қўнғирот |
7. |
Ашамайли |
Ачамайли |
8. |
Мажар |
Мажор |
9. |
Алтаяқ |
- |
10. |
Манғит |
Манғит |
11. |
Бадай |
Бадай[2] |
12. |
Машқир |
|
13. |
Байис |
- |
14. |
Меркит |
Меркит |
15. |
Байули |
- |
16. |
Месит |
Мечет |
17. |
Батар |
- |
18. |
Минг |
Минг |
19. |
Баяут |
Боёвут |
20. |
Найман |
Найман |
21. |
Бодрак |
Бўйрак |
22. |
Нукус |
Нукус |
23. |
Борлак |
Бўрлоқ |
24. |
Онгут |
Ўнггут |
25. |
Булачи |
Бўзажи |
26. |
Сарай |
Сарой |
27. |
Буркут |
Бурқут |
28. |
Сиджиут |
Салжовут |
29. |
Бутас |
Баташ |
30. |
Солут |
- |
31. |
Жалаир |
Жалойир |
32. |
Тама |
Томо |
33. |
Жуют |
Жуют |
34. |
Темир-Ходжа |
- |
35. |
Дуван |
- |
36. |
Тоғай |
- |
37. |
Дурмен |
Дўрмон |
38. |
Тоғунчи |
- |
39. |
Қазақ |
Қозоқ |
40. |
Тойтюбе |
- |
41. |
Қангли |
Қанғли |
42. |
Турксен, Турчак |
Туркман |
43. |
Қара-Қитай |
Қорахитой |
44. |
Ўзбек |
- |
45. |
Кат |
- |
46. |
Ўймаут |
Ўймавут |
47. |
Қатаған |
Қатағон |
48. |
Уйсун |
Уйсун |
49. |
Келечи |
Килечи |
50. |
Чалджиут |
- |
51. |
Кенегес |
Кенагас |
52. |
Чат |
- |
53. |
Кенегей |
- |
54. |
Чубалачи |
Чувалачи |
55. |
Кенетерк |
- |
56. |
Чумишли |
Чўмичли |
57. |
Кереит |
Керайит |
58. |
Шакманчи |
- |
59. |
Кигит |
- |
60. |
Шемерден |
- |
61. |
Қипчақ |
Қипчоқ |
62. |
Юз |
Юз |
63. |
Қирғиз |
Қирғиз |
64. |
Қулачи |
- |
65. |
Қирғин |
- |
66. |
Телеу |
Тилов |
67. |
Қирқ |
Қирқ |
68. |
Уйгур |
- |
69. |
Қитай |
Қатай (Хитой) |
70. |
Чимбай[3] |
Чимбой |
71. |
Қишлиқ |
Қишлиқ |
72. |
|
Нўғай[4] |
Ҳозирги нўғай халқи Эдигейхон давридаги Нўғай ўрдаси даврида шаклланади. 1440 йилда Саройчиқ шаҳри бошкенти бўлган ўрда таркибига етмиш битта уруғ кирган. Бундан кўрнадики, нўғайлар ҳам худди ўзбеклар каби конгломерат сифатида шаклланган. Бу уруғларнинг аксарияти ўзбек уруғлари билан мос келади.
XIV асрдан бошлаб ўрдадаги маданий муҳит доирасида нўғайлар миллат сифатида кўзга ташлана бошлайди. Бошқа туркий тиллардан бироз фарқланувчи тили, адабиёти, санъати ва маданияти шаклланади.
Худди ўзбеклар каби «нўғай эл»нинг шаклланишида ҳам жуда кўп этнослар иштирок этган. Аниқроқ айтсак, нўғайлар – қурама эл. Шу боис уларни юз қиёфасига қараб ажратиб олиш қийин. Европоид ирқининг кавказ типига оидлари шимоли ғарбда, осиёликларга ўхшаши шарқий ҳудудларда, Ставропол ўлкаси ва Кавказнинг чўл ва тоғларида истиқомат қилади.
XIV асрдан тўлиқ шаклланган нўғайлар кейинчалик рус, венгер, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва Кавказдаги туркийларнинг қайта шаклланишида иштирок этган. Жумладан, Рус князлари орасида катта нуфузга эга бўлган Юсуповлар, Урусовлар, Байтерековлар, Кутумовлар сулолаларининг келиб чиқиши нўғай бекларига бориб тақалади. Улар кейинчалик княз унвонига эга чиққан. Қозоқ миллатига мансуб нўғайлар ўрта жуз таркибига киради. Ўзбек уруғлари таркибидаги нўғайлар ва манғитларнинг келиб чиқиши ҳам айнан Нўғай ўрдасидан бошланади.
XVI асрда ўрданинг амалдаги ҳукмрони Исмоилбей тобора кучайиб бораётган Рус подшолигидан чўчиб, Иван Грознийнинг талабига кўра вассалликни қабул қилади. Натижада нўғайлар икки – Катта ўрда ва Кичик ўрдага бўлиниб кетади. Кичик ўрда Азов денгизи ва Қубан дарёси водийларида шаклланади[5]. Катта ўрда эса ҳозирги Астрахан, Волгоград, Саратов ва Самара вилоятлари ҳамда ғарбий Қозоғистондаги Оқтўба ва Атирау вилоятлари ҳудудида шаклланади[6]. Кичик ўрда аҳолиси кейинчалик қиримлар ва бошқа Европа халқларининг, Катта ўрда аҳолиси эса Сибир ва Марказий Осиё халқларининг шаклланишида ва таркиб топишида қатнашади.
Турмуш тарзи
Нўғайлар азалдан чорвадор бўлган. Турмуш тарзида номадик[7] унсурлар кўпроқ кўзга ташланади. Чорвадор нўғайлар асосан ўтовларда яшаган. Нўғайларнинг Евроосиё бўйлаб тарқалиш ареали кенг бўлгани учун ўтовлари ҳам хилма-хил. Улар уч хил ўтовдан фойдаланган:
1. Терма. Бу ўтовлар кўчиш пайтида йиғиб олиш ёки қайтадан териб ҳозирлаш учун қулай бўлган. Шунинг учун терма уй дейилган. Терма ҳамма туркийлар фойдаланадиган йиғма ўтовдир.
2. Ўтов. Ўтовларнинг асосий хусусияти бошқа ўтовларга нисбатан енгиллиги ва ихчамлигида. Уларни кўчиш пайтида ҳеч қийинчиликсиз аравага солиб, кўчиб кетиш мумкин. Бу ном шуни англатадики, илмий тилда «юрта» номи билан аталадиган уйларни туркий халқлар ичида фақат ўзбеклар ва нўғайларгина ўтов деб аташади.
3. Уй. Уйлар янги уйланган келин-куёвлар учун қурилган ва чиройли қилиб безатилган. Бундай уйлардан фойдаланиш одамлар замонавий уйларга ўта бошлагандан кейин урф бўлган.
Европа ҳудудидаги нўғай ўтовлари керагасининг баландлиги билан ажралиб туради. Улар шарқ ўтовларига нисбатан чиройлироқ бўлган ва ичкариси ҳам европача нақшлар билан безатилган. Ўтовлар қаерда бўлишидан қатъи назар тепасига уруғининг тамғаси қўйилган.
Нўғайлар туркий эллар орасида “кўчма ўтов масжид”дан фойдаланган ягона халқ бўлиши мумкин. Улар махсус меҳробли ўтов-масжидлар ясаб, яйловларда жамоат намозини ўқиган. Ўтов-масжидлар ҳажми каттароқ, ёзда усти очиб қўйилган. Имомлар доим улар билан бирга кўчиб юрган. Бундай ўтовларнинг имомларини жамоат нафақа билан таъминлаган.
Ҳунармандчилик кенг ривожланган. Гилам тўқиш, кигиз босиш, турли кийимлар тикиш, айниқса от анжомлари ясашда нўғайлар уста бўлишган. Нўғайлар ясаган эгарлар, қамчилар нафақат Марказий Осиёда, балки Европада ҳам машҳур бўлган. Русларнинг қамчини “нагайка” деб аташи шундан. “Нагайка” аслида нўғойи дегани.
Нўғай гиламлари ўзининг нақшлари билан ажралиб туради. Нўғайлар нақшни ўйма деб атайди. Ўймалар орасида “қошқар муйиз” – қўчқор шох мотиви жуда кўп ишлатилган. Шунингдек, “туе мойин” – туя бўйин, “туе ўркеш” – туя ўркач, “қоян қулақ” – қуён қулоқ, “бузав тис” – бузоқ тиши, “қулын қулақ”, “қаз аяқ” – ғоз оёғи, “бақа кўз”, “тавиқ тирнақ”, “ат туяқ”, “бўри кўз”, “қийсиқ аяқ” – қийшиқ оёқ, “итқуйриқ” – ит думи, “қораз” – хўроз, “шибин қанат” – чивин қаноти, “мисиқ из” – мушук изи каби зооморф, “байтерек” – “ҳаёт дарахти”, “япирақ”, “ширмавиқ” – чирмовуқ, “шешекей” – чечак, “кавин тилм” – қовун тилими каби ўсимлик дунёси мотивларидан ҳам кенг фойдаланилган.
Орнаментлар орасида астрологик тасвирлар “куннинг кўзи” – қуёш кўзи, “кун эм ай” – қуёш ва ой , “ай эм юлдыз” – ой ва юлдуз, “айкел оюв” – ҳайкал нақши мотивларидан кўп фойдаланилган ва улар кўпинча тангричилик дини билан боғлиқ.
Нўғай гиламлари ва бошқа маҳсулотларида уруғларнинг тамғалари ҳам акс этган. Масалан, қозоёқ уруғи усталари ўзи ясаган маҳсулотга “қаз аяқ” – ғоз оёғи тамғасини, кўзтамғали уруғи вакили кўз тасвирини, шўмишли (чўмичли) уруғи вакили чўмич тасвирини албатта қўйган ва бу ҳар бир уруғнинг ўзига хос логотипи саналган.
Нўғай таомлари
Нўғайлар асосан сутли, гўштли, хамирли таомларни хуш кўради. Сутли овқатлар орасида ширчай, ювирт (йогурт), айрон, қимиз, бўза кўп истеъмол қилинади. Нўғайларда янги туққан ҳайвоннинг увиз (оғиз) сутини соғиб олиб, уни пишириб қўшниларга тарқатиш одати сақланган. Гўштли таомлари бошқа туркий элларнинг таомидан фарқ қилмайди. Нўғайлар от гўштидан қази, тўлдурма (дудланган қази) ва қовирмиш (қовурилган қази) тайёрлашади. Эътиборли меҳмонлар учун алоҳида таом – “тузланган қўй боши” (ўзбекча каллапойча) тортилган. “Тузланган қўй боши”нинг ўзбекча каллапойчадан фарқи шундаки, қўйнинг боши, тўрт сийроғи сувда қайнатиб пиширилгандан сўнг тузлуққа солиб димдирилган. Унли таомлар ичида буламиқ, баурсақ кўпроқ истеъмол қилинади. Кавказ нўғайлари хинкални ҳам хуш кўришади.
Нўғай тили
Нўғай тили туркий тиллар қипчоқ лаҳжасининг қипчоқ-нўғай гуруҳига мансуб. Бу тилда ҳозирги кунда 90 минг киши сўзлашади. Бунда фақат Россиядаги нўғайлар назарда тутилган. Туркия ва бошқа мамлакатларда яшовчи нўғайлар ҳақида маълумот йўқ. Нўғай тили Доғистон ва Қорачой-Черкас Республикаларида давлат тили сифатида қайд этилган[8].
Нўғай тили уч лаҳжага бўлинади:
асл нўғай лаҳжаси;
қоранўғай лаҳжаси;
оқнўғай лаҳжаси.
Ставропол ўлкаси ва Астрахан нўғайлари асл нўғай лаҳжасида, Доғистон нўғайлари қоранўғай лаҳжасида, Қорачой-Черкас нўғайлари эса оқнўғай лаҳжасида гаплашади[9]. Астрахан нўғайлари ва Каспий денгизининг шарқий қирғоғида яшовчи нўғайларнинг шеваси қозоқ ва қорақалпоқ тилларига жуда яқин. Уларнинг шевасини тўлиқ “ж”ловчи шева сифатида қайд этиш мумкин. Шунинг учун қарағаш нўғайлари нўғай адабий тилини тушунмасликлари мумкин[10].
Нўғай адабий тили Доғистонда кенг тарқалган қоранўғай ва қубан лаҳжаси базасида шакллантирилган[11]. Шу сабабли адабий тилда кўплаб ҳолатларда ж ўрнига й товуши ишлатилиши кузатилади. Инчунин, қоранўғай ва қубан лаҳжасига қумиқ, балқар, қорачой тиллари билан бир қаторда ўғуз лаҳжасининг таъсири катта бўлган. Қолаверса, сўфийлик оқимлари Кавказга кириб келиши билан улар чиғатой тилига ҳам таъсир кўрсатган.
Нўғай тили айрим фонетик хусусиятларига кўра қорақалпоқ, қозоқ ва алабуғат татарлари тилларига яқин. Бунда ч товушининг ш товушига ўзгариши алоҳида кўзга ташланади:
Ўзбек тилида |
[çай] |
[Барçıн] |
[Çимкент] |
[Аçамайли] |
Қипчоқ-нўғай кичик гуруҳи |
[şай] |
[Барşıн] |
[Şимкент] |
[Аşамайли] |
Шипилдоқ ш товуши ўрнида эса сирғалувчи с ундоши ишлатилади:
Ўзбек тилида |
[қış] |
[таş] |
[беş] |
[Таşкент] |
Қипчоқ-нўғай кичик гуруҳи |
[қıс] |
[тас] |
[бес] |
[Таскент] |
Россиялик туркологларнинг энг сўнгги диалектологик таснифларида ҳам нўғай тили қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжаси билан бирга қипчоқ-нўғай гуруҳига киритилган. Аммо бу қанчалик тўғри? Юқорида келтирилган жадвалга эътибор қаратилса, ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасини бу қаторга қўшиш тўғри бўлмайди.
Маълумки, қипчоқ тилларининг яна бир хусусияти ж товушининг й товушига ўзгаришида кўзга ташланади. Бу хусусият қозоқ ва қорақалпоқ тилларида тўлиқ сақланган. Аммо нўғайларда Олтин Ўрда давридан бошлаб жуда кўп анлаутли ж иштирокидаги сўзларни й товуши орқали талаффуз қилиш кўзга ташланади: жети – ети, жирме – йирма, журак – юрек, жувину – ювину, жур – юр. Бу жараён ҳатто араб тилидан ўзлашган айрим сўзларнинг ҳам ўзгаришига олиб келган: жума – юма, жон – йан.
Шу жиҳат ўзбеклар учун нўғай тилини ўрганишни осонлаштиради. Чунки ўзбек тили қипчоқ лаҳжасида ҳам адабий тилни ўзлаштириш жараёнида ж товушини й шаклида талаффуз қилиш кенг тус олган. Демак, нўғай тилини ўрганиш учун талаффузда иккита фарқ қолади: ш товушининг с шаклида, ч товушининг ш шаклида талаффуз қилиниши:
Тамшы тасты тесер,
Сўз басты тесер.
Таржимаси:
Томчи тошни тешар,
Сўз бошни тешар.
Ўзбекларга нўғайлар билан гаплашиш қийинчилик туғдирмайди. Шу ўринда нўғай тилидаги сўзлашувга эътибор қаратамиз:
Ассаляму алейкум! Ва алейкум ассалам! Яхшымысыз? Исан-амансызба? Аьелингиз аман-эсенме? Хош келдингиз! Эртенг яхшы болсын! Кун яхшы болсын! Кеш яхшы болсын! |
Ассалому алайкум! Ва алайкум ассалом! Яхшимисиз? Эсон-омонмисиз? Аёлингиз омон-эсонми? Хуш келибсиз! Хайрли тонг! Хайрли кун! Хайрли кеч! |
Нўғайлар тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, нўғай тилининг шакланишида аввало араб, форс тиллари катта таъсир ўтказган. XV асрдан бошлаб эса рус тилидан сўзлар ўзлаша бошлаган. Натижада олтой ва туркий тилга оид сўзларнинг катта қисми унутилган. XVI асрдан кейин эса нўғайлар орасида рус тилини тўлиқ ўзлаштириб, она тилини унутиш ҳолатлари ҳам кучайган. Шунинг учун нўғай тилини тадқиқ қилишда фольклорга мурожаат қилиш яхшироқ натижа беради.
Фольклор
Нўғай халқ оғзаки ижодининг асосини қаҳрамонлик достонлари ташкил қилади. Улар орасида “Эдигей”, “Мамай”, “Қарасай ва Қази”, “Шора батир”, “Эр Тарғил”, “Айсилувдинг ули батир Аҳмет”, “Қопланли батир” каби достонлар алоҳида ўрин тутади. Айниқса, “Эдигей” достони ҳам тарихий, ҳам мифологик мерос ўлароқ кўпроқ қадрланади.
Достонларнинг жанрлари, айтилиши, сюжетлари, дўмбира куйлари, оҳанглари ҳам қозоқ ва қорақалпоқларникига ўхшаш. Нўғай достонларининг географияси анча кенг. Унда Ўрта Осиёнинг чўлларидан тортиб Сибирнинг поёнсиз ўрмонларигача, Олтойдан то Бессарабиягача бўлган ҳудудларда кечган воқеалар, қаҳрамонларнинг саргузаштлари тилга олинади. Бугунги кунда ҳам нўғайлар дўмбирасини ташлаган эмас.
Нўғай бахшиси Арсланбек Султанбековнинг “Дўмбирам” қўшиғи туркий элларнинг севимли қўшиғига айлангани ҳам бежиз эмас:
Қара қыс ауылыма кельгенде, Улпыльдеген қар йерге тускенде, Домбырамды аларман, Юрек сазын шаларман, Қайгырганды хеш айтпа! |
Қора қиз овулимга келганда, Ҳурпираган қор ерга тушганда, Дўмбирамни оларман, Юрак созим чаларман, Қайғудан ҳеч сўз айтма! |
Нўғайлар дўмбираси “овулига қора қиз келганда юрак созини чалиш” учун ҳам, эл бошига қайғули урушлар келиб, ботирлар ухламаган тунларда ҳам уларга йўлдош бўлган:
Ногайдын қайгы сансыз кунынде, Батырлер уйықламаган тунынде, Юреклерын котерген, Соғысларда куш берген Копты корген домбыра! |
Нўғайнинг қайғу босган кунида, Батирлари ухламаган тунида, Юракларни кўтарган, Жангларда куч берган Кўпни кўрган домбира! |
Эски сўз
Нўғай фолклорининг фарзанд тарбиясида жуда катта аҳамиятга эга бўлган жанри мақоллар, маталлар ва топишмоқлар саналади. “Эл қазнаси – эски сўз” дейди нўғай оқинлари. Эски сўз – нўғайча мақол дегани. Унда ёшларни миллий бирлик, ватанга садоқат руҳи билан тўйинтириш, уларда халқи олдидаги бурчи ва мажбуриятларини ҳис қилиши учун зарурий ахлоқ принципларини шакллантиришга қаратилган этнопедагогиканинг ва афористик поэзиянинг юксак намуналарини кўриш мумкин.
Яхшыга йолдас болсанг, етерсинг мырадқа, яманга йолдас болсанг, қаларсынг уятқа (Яхшига йўлдош бўлсанг етарсан муродга, ёмонга йўлдош бўлсанг қоларсан уятга).
* * *
Яхшы ман сойлесенг балга секер қатқандай, яман ман сойлесенг ийтке суек атқандай (Яхши билан гаплашсанг болга шакар қўшгандай, ёмон билан сўзлашсанг итга суяк отгандай).
* * *
Яхшыдынг эки досы бир келер, яманнынг эки борышы бир келер (Яхшининг уйига икки дўсти бирга келар, ёмоннинг уйига икки қарз берган бирга келар).
* * *
Яхшы коргенин айтар, яман бергенин айтар (Яхши кўрганини, ёмон берганини айтар).
* * *
Яхшыға кун йоқ, яманга оьлим йоқ (Яхшига кун йўқ, ёмонга ўлим йўқ).
Нўғай мақолларида ёмонликдан қайтариш, ёмонлар билан дўст бўлмаслик, уларнинг фитнасидан сақланишга даъват кўп учрайди:
Яманнынг таяғы сегиз, бири тиймесе, бири тиер (Ёмоннинг таёғи саккизта, бири тегмаса, бири тегар).
* * *
Яманнынг яны аявлы (Ёмоннинг жони ширин).
* * *
Яман киси кекшил (Ёмон киши кек сақлайди).
Хулоса ўрнида
Нўғайларнинг миллат сифатида шаклланиши сал мураккаброқ кечган. Шунинг учун нўғайлар тавсифини уларнинг тарихидан бошладик. Чунки бу жараёнда нафақат нўғайларнинг, балки бошқа қардош халқларнинг ҳам кечмиши ётибди.
Аммо ўша замонларда Кичик ўрда тўлалагича Москва таъсирига тушиб қолгач, кўплаб нўғай беклари, мурза[12]лар ислом динидан воз кечиб, насронийликни қабул қилишган ва Рус подшолигининг князларига айланган. Масалан, Кутумовлар асли мурза Кутумнинг – Кутум шайх Муҳаммаднинг ўғли шайх Муҳаммаднинг авлоди бўлган[13]. Юсуповлар, Байтерековлар, Урусовлар... Уларнинг ҳаммаси Эдигейнинг авлодлари. Аммо тақдир уларни насронийликни қабул қилишга мажбур қилади.
Хулоса ўрнида яна шуни айтиш мумкинки, нўғайлар тарихнинг энг мураккаб эврилиш жараёнларидан ўта олган, деярли 500 йил давомида бошқа маданиятлар босимида яшаб келган бўлсалар-да, миллий ментал хусусиятларини сақлаб қола олган халқлардан биридир.
Анвар БЎРОНОВ,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
“Нўғайлар кимлар?” мақоласи
[1] Селезнёв Ю. В. Элита Золотой Орды. – Казань: Издательство “Фэн” АН РТ, 2009.
[2]XVI асрда Фарғона водийсида Мулла Сайфиддин Ахсикентий ва унинг ўғли Нур (ёки Наврўз) томонидан битилган «Мажмуъат-таворих» асарида берилган.
[3]Трепавлов В. В. История Ногайской Орды. – М.: Восточная литература, 2002. стр. 499–504.
[4] “Насабнома” (“шажара”) 92 ўзбек уруғининг рўйхати.
[5] Трепавлов В. В. Малая Ногайская Орда. Очерк истории // Тюркологический сборник. 2003−2004: Тюркские народы в древности и средневековье. – М.: Восточная литература, 2005. – С. 273−311.
[6] https://cyberleninka.ru/article/n/kalmyki-karanogaytsy-kubanskie-nogaytsy-i-krymskie-tatary-genogeograficheskiy-i-genogenealogicheskiy-aspekty
[7] Номадология (юнон: nomad – кўчманчи) француз философи Делез ва психолог Гваттари қайд этган концепция. Бугунги кунда айнан кўчманчилар тарихини бошқа маданиятлардан фарқлаб ўрганувчи йўналиш сифатида талқин қилинади.
[8] Нога́йский язы́к: М. А. Булгарова // Николай Кузанский – Океан. – М.: Большая российская энциклопедия, 2013. – С. 256–257.
[9]Баскаков Н. Ногайский язык. Языки мира: тюркские языки. – Бишкек: «Кыргызистан», 1997. стр. 328–335.
[10] Арсланов Л. Ш. Язык карагашей-ногайцев Астраханской области. – Набережные Челны: ЕГПИ, 1991.– 161 с.
[11] Колесник Н. Г. Ногайский язык // Язык и общество. Энциклопедия. – М.: «Азбуковник», 2016. – С. 329–334. – 872 с.
[12] Нўғайларнинг оқсуяклари – эшонлар. Улар ҳар бир уруғнинг бошида туришган ва уларнинг диний-дунёвий фаолияти учун масъул бўлишган.
[13] Почекаев Р. Ю. Цари ордынские. Цари ордынские. Биографии ханов и правителей Золотой Орды". Издательство: Евразия, 2019 г. 456 стр.
Подробнее: https://www.labirint.ru/books/614589/
Тарих
Мафкура
Санъат
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ