Қирим хонлигини қурган, юртида қочқинга учраган қардош халқ – қиримтатарлар тарихи (1-мақола)


Сақлаш
12:06 / 07.03.2025 109 0

Қиримдаги Оқмасжид(ҳозирги Симферопол) шаҳридаги бир ёдгорликка «Бу ёдгорлик ўзбек ва украин, шу билан бирга қиримтатар халқининг қисматига бефарқ бўлмаган ҳамда инсонпарварлик кўмагини аямаган барча халқларга ҳурмат белгиси сифатида ўрнатилган» деб ёзилган.

 

 


 

Нега бундай ёзилган? Нега унда ўзбек халқига ҳам алоҳида ҳурмат кўрсатилган? Бунинг тарихи узун... Оyina.uz ушбу ёдгорликни ўрнатган қиримтатарларнинг миллат сифатида шаклланиши, турмуш тарзи, дини, тили ва адабиёти ҳақида тайёрланган махсус мақолани ҳукмингизга ҳавола қилади. Сиз қуйида бу халқнинг шўролар давридаги аянчли кечмиши, миллат номини сақлаб қолиш йўлидаги бетиним уринишлари ҳақида билиб оласиз.

 

***

Қиримтатарлар – туркий халқ. Тили – қиримтатар тили, туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига киради. Дини – ислом, суннийлик оқимининг ҳанафия мазҳабига мансуб. Расмий манбаларда қиримтатарларнинг нуфуси 600 мингдан ортиқ экани қайд этилган. Аммо, миллат вакилларининг айтишича, 6 миллиондан ортиқ. Улар Қирим яримороли ва Шимолий қора денгиз минтақасининг бошқа ҳудудларида яшаб келишган, шу ерда халқ сифатида шаклланган. Ҳозир ҳам 300 мингдан ортиқ қиримтатарлар шу ҳудудда яшайди. Бундан ташқари расмий манбаларга кўра, Туркияда 130 000, Ўзбекистонда 100 000 атрофида, шунингдек, Қозоғистон, Украина, Руминия ва Россиянинг турли ҳудудларида қиримтатарларнинг вакиллари истиқомат қилади.

 

Қиримтатарларнинг негизи татар эмас. Улар асли Қиримлик ерлик халқлардан, хусусан, қипчоқлардан шаклланган бўлиб, татар номини уларга руслар қўшишган[1]. Чор Россияси даврида ҳамма туркийларга татар деган умумий ном берилгани эса тарихдан маълум. Бундай нисбани Лев Толстой, Лермонтовлар ҳам ўз асарларида қўллаган.

 

Қиримтатарларнинг миллат сифатида шаклланиши XIII – XVII асрлар оралиғига тўғри келади. Миллатнинг шаклланишида Қиримга келиб ўтроқлашиб қолган кўчманчи қипчоқлар, хунлар, хазар ва Онадўли туркийлари иштирок этган, азалдан Қиримда яшаб келган таврлар, скифлар, юнонлар ҳам қиримтатарларнинг этногенезига таъсир ўтказган. Шунинг учун, улар орасида бўйлари узун европоидлар, кўзи қисиқ, кенг елкали турку келбатлилар кўп учрайди[2].

 

 

XIII асрда бу ерлар Олтин Ўрданинг Қирим улуси номи билан аталган. XV асрда Олтин Ўрда қулагач, мустақил Қирим хонлиги шаклланади. 1441 йилда Ҳожи Гирай I номи билан танилган Малик Гирай “Улуғ Ўрда” номи остида янги хонликка асос солади. Шу тариқа, Қиримда ўзига хос автохтон маданият шакллана бошлайди.

 

Ҳожи Гирай I йигирма беш йил тахтда ўтиради ва бу давр бошқа туркийлардан ўзгача ментал хусусиятли янги миллатнинг шаклланиши учун етарли бўлади. Янги шаклланган бу миллатнинг негизи қипчоқ, тили ҳам қипчоқ тили эди. 1475 йили ҳудудларини кенгайтиришга киришган Усмонли Турк салтанати Қора денгиз атрофида ўтроқ яшаётган генуяликларни ва бошқа кичик элатларни босиб олади. Генуяликлар асли италиялик бўлиб, бу ерда уларнинг йирик колонияси яшарди. Тез орада жанубий Қиримдаги юнонлар ва готларнинг колониялари ҳам Усмонлиларга бўйсунади. Бу элатлар исломни қабул қилади ва кейинчалик уларнинг барчаси ягона ном остида “ялибўйлу” бўлиб қиримтатарларга қўшилиб кетади.

 

ХV асрнинг 70-йиллари Қирим тарихида Ҳожи Гирай I нинг ўғиллари ўртасидаги тахт талаш йиллари сифатида ёдга олинади. Бу даврда Қирим ички урушлар сабаб бошқариб бўлмайдиган мамлакатга айланади ва натижада 1478 йилдан Фотиҳ Султон бошқаруви даврида Усмонлиларнинг вассалига айланади. Аммо, бу борада бошқа қарашлар ҳам бор, хусусан, француз географи Пьер Дювалнинг фикрича, “Қирим Усмонлиларнинг вассали бўлмаган, аксинча иттифоқчиси бўлган”[3].

 

Фотиҳ Султон бошқаруви даврида қиримтатарларнинг миллий шаклланишида ўғузлар таъсири кучая борди. Айниқса, тилга ўғуз сўзлари ўзлашиши натижасида, қипчоқ элементлари камая боради. Бу ўзгаришлар аста-секин қорачой, болқор ва нўғай тилларига ҳам таъсир ўтказади. Аммо, қорачой ва бoлқoрлар тоғли ҳудудда, нўғайлар чўлда яшагани учун қипчоқча лексемаларни кўпроқ сақлаб қолади.

 

Қирим хонлиги жаҳон тарихида гирайлар ҳукмронлик қилган ёхуд гирайлар мамлакати ўлароқ ёдда қолган. Қирим хонлиги мустақил ёки вассал ўлароқ ҳукм сурган 1440-1783 йиллар орасида 46 та гирай унвонли шахслар давлатни бошқарган[4] ва уларнинг номлари хонликнинг 300 йилдан ортиқ давом этган ҳукмронлик даврида бутун дунёга танилган. Улардан фақат икки ҳукмдор – Нурдавлат ва Айдар гирай унвонини олмаган. Бундан ташқари ҳукмдорлар оиласига мансуб бўлган юзлаб хон авлодларининг номига ҳам гирай номи қўшилган[5].

 

 

 

Қизиқарли маълумот

Шу ўринда гирай сўзининг этимологиясига тўхталсак, чунки “гирай” фақат қирим хонлигидагина “давлат раҳбари” маъносида қирол, шоҳ ёки хон ўрнида қўлланилган бўлиб, сўзнинг ушбу маънода қўлланилиши нафақат туркий балки жаҳон ономастикасида феноменал ҳодиса саналади.

 

“Гирай” сўзи қипчоқ тилларида ҳозирга қадар сақланган ва у гирай ёки р товуши орттирилган гиррай шаклида ҳам ишлатилган. Кишининг ўз куч-қудрати ёки қувватини ошкора ёки намойишкорона кўрсатиши гиррайиш дейилган. Қипчоқлар ўзларининг энг кучлиси, энг танаси бақувватини гирай аташган. Жангларда жуссаси ва ҳаракатлари билан яққол ажралиб турадиганлар гирай деб аталган. Менинг фикримча, гирай рус тилидаги “герой” билан шаклан ўхшаш холос ва гирайнинг герой билан алоқаси йўқ. Чунки, “герой” сўзи рус тилига француз тилидан ўзлашган ва у деярли ҳамма ҳинд-европа тилларида сақланган[6].

 

Бугунги кунда қиримтатарлар учта субэтносга бўлинади: ялибўйлилар яъни денгиз бўйида яшовчилар; дағлар яъни тоғ ва ясси тоғликларда яшовчи татлар; чўл нўғайлари – асосан чорва билан шуғулланувчи қипчоқ уруғларининг вакиллари.

 

Ялибўйлиларнинг маълум бир қисми аввал насроний бўлган европаликлардир. Уларнинг катта қисмини юнонлар ва римликлар ташкил қилган. Шунинг учун маданиятида насронийликнинг ҳам католик, ҳам проваслав маданиятига хос элементлари учрайди. Ялибўйлилар шаклланишида готлар[7] ҳам иштирок этган. Шунинг учун уларда герман маданияти ва тилининг элементлари ҳам бор[8]. Ялибўйлилар орасида адигэ ёхуд черкаслар ҳам бўлган. Улар асли Шимолий Кавказ черкаслари бўлиб, Қирим хонлиги шакллангунча насронийлик динида бўлишган.

 

Дағлар ёки тоғликларни татлар деб ҳам аташган. Қирим татлари Озарбайжонда яшайдиган форсий татлар ва арман татларидан бошқа халқдир. Уларни умумий номда “Кавказ татлари”, деб аташади. Қирим татлари эса шу ернинг ерли халқи – туркийлардир. Дағларга ҳам бошқа турли халқлар, жумладан, Ўртаер денгизи атрофидан келган европаликлар таъсири катта бўлган. Уларнинг аралашуви эса кўпроқ дағлар яшайдиган ҳудуднинг қулайлиги билан боғлиқ бўлиб, бу ерда яшаш чўл ва денгиз қирғоғида яшашдан кўра яхшироқ бўлган.

 

Чўл нўғайлари эса асосан Қирим чўлида яшашган ва кўпроқ кўчманчи қипчоқ уруғларидан таркиб топган[9]. Шу билан бирга, бу таркибга Шарқий Европада яшаб келган қипчоқлар[10], хусусан XIII асрда Дунай ва Днестр бўйида яшаган қуманлар ва қимақлар ҳам кирган. Шунинг учун, уларнинг орасида деярли барча туркий уруғлар учрайди. Уларнинг умумий номда нўғай аталиши эса дағлар билан боғлиқ бўлиб, улар чўлда яшовчи барчани шу ном билан аташган[11]. Зотан бу ерлар Эдигей даврида “Нўғай юрт” деб аталган.

 

XV асрда юқорида келтирилган учта этнос иштирокида қиримтатар миллати шаклланди. Усмонлилар империяси таъсирида бўлган Қирим хонлигида қиримтатар маданияти юзага келди. Ўғуз тилидан сўзлар ҳисобига бойитилган половец-қипчоқ тили давлат тилига, шу билан бирга қиримга ёндош ҳудудларда койнега айланди[12]. Ўзбекхон даврида бошланган исломлашиш Қирим хонлиги даврда давом эттирилди ва ниҳоят Усмонлилар таъсирида тўлиқ якунланди. 1475 йили барча насроний халқлар ва элатлар тўлиқ ислом динини қабул қилади.

 

XV – XVIII асрлар давомида Қирим хонлари Усмонли турклар билан иттифоқликда Россия, Литва ва Польша билан муттасил урушлар олиб боради. XVI асрдан бошлаб бутун куч Москвани эгаллашга қаратилади, аммо бу урушлар алал оқибатда Россиянинг мутлақ ғалабаси билан якунланади ва XVIII асрнинг охирида Қирим тўлиқ босиб олинади[13]. Бу ҳодисанинг бошқа дипломатик сабаблари ҳам бўлган. 1774 йилда Абдулҳамид I ва Екатерина II ўртасида Кичик Қайнаржа битими тузилади ва унга кўра Қирим хонлиги икки мамлакат ҳам унинг ички ва ташқи ишларига аралашмаслиги шарти билан мустақил, деб эълон қилинади. Бироқ, турли баҳоналар билан Россия Усмонлиларни шартларни бузганликда айблайди ва 1783 йили Қиримни тўлиқ босиб олади. Айнан шу даврда 200 мингдан ортиқ қиримтатарлар Онадўлига кўчиб ўтади ва улар ҳозир Туркияда яшаётган қиримтатарларнинг аждодлари саналади[14]. Шу тариқа Қирим Русларнинг мустамлакасига айланади ва буни Усмонлилар давлати ҳам тан олади. Россия мустамлакаси даврида Қиримда янги маданият шаклланади. Тил таркибига русча ва бошқа интернационал сўзлар ўзлаша бошлайди.

 

 

Россияда 1917-1921 йиллари кечган фуқаролар уруши ҳам Қиримтатарлар тарихида муҳим ўрин тутади. Чунки, Чор Россиясининг қарийб 150 йил давом этган мустамлакасига айнан шу даврда барҳам берилади. 1917 йилдаги инқилобдан фойдаланган қиримтатарлар Нўмон Чалабийжихон бошчилигида Қирим Халқ Республикасини тузишади. Аммо, бу республика атига бир ярим йил туради. 1918 йилнинг июнь ойида Қиримни немислар эгаллайди ва ҳокимият вақтинчалик “Қирим ўлкаси ҳукумати” қўлига ўтади. Тез орада Қирим советлар томонидан озод қилинади ва бу ҳукумат ўрнига Қирим Совет Социалистик Республикаси ташкил этилади. Шу ном билан Қирим Шўролар давлатининг таркибига кирди.

 

Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, 1941 йилнинг ноябрь ойидан Қирим яна немислар қўлига ўтади. Бу даврда қиримтатарларнинг ярми Туркия тараф, ярми шўролар тараф бўлиб иккига бўлиниб қолган эди. Туркия тараф бўлганлар орасидан айримлари яширин тарзда немисларга ёрдам бериб келади. Гарчи, қиримтатарлар орасида Советлар томонида жанг қилганлар ҳам кўп бўлса-да, 1944 йилда бутун қиримтатарлар коллаборационизм яъни ватанга хиёнатда айбланади ва Давлат Мудофаа қўмитасининг № 5859-сс рақамли қарори билан сургун қилинади. Уларнинг энг катта қисми, аниқроғи 151 136 нафари Ўзбекистонга, 40 000 дан ортиқроғи Россия ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларига жўнатилади. Шу тариқа Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қиримтатарларнинг йирик колониялари шаклланади[15].

 

 

Қиримтатарлар сургунининг энг ачинарли томони шундаки, 200 мингга яқин аҳоли сургун қилинаётган пайтда 120 мингдан ортиқ киши советлар томонида жанг қилган. Улар орасидан генераллар, Совет Иттифоқи қаҳрамонлари чиққан. Немислар сафида хизмат қилганлар эса фақат 10 фоизни ташкил қилган, холос.

 

Дин ва диний эътиқод шакллари

 

Олтин Ўрда хони Ўзбекхон даврида қиримда яшовчи кўплаб миллатлар ислом динини қабул қилади. Қирим хонлиги даврида эса аввал насронийлик ва тангричилик динига эътиқод қилиб келган қиримликларнинг қолган қисми ҳам исломга киради. Бунда фақат қарайимлар ва қиримчақлар яҳудийликка эътиқодини сақлаб қолади ва янги шаклланган қиримтатар миллати таркибига кирмайди. Аввал насроний бўлган ялибўйли халқи – генуяликлар, венецияликлар, юнонлар, готлар ва бошқа халқлар эса ислом динини маҳкам тутиб, ҳатто Совет даврида исломдан воз кечишмаган. Аммо уларнинг турмуш тарзида насронийлик элементлари кўп учрайди. Хусусан, “хедерлез” байрамининг нишонланиши бунга мисол бўла олади.

 

Қиримтатарларда тангричилик элементлари, марҳумни хотирлаш маросимлари ҳам сақланган бўлиб, улар инсон вафотининг 3, 7, 37, 40, 52-кунлари, ярим йиллик, бир йиллик хотирлаш маросимларини ҳам ўтказишади. Эски Қирим шаҳрида Ўзбекхон қурдирган масжид сақланган ва у ҳозир ҳам ишлаб турибди.

 

 

Маиший ҳаёт

Қиримтатарлар тоғолди ва денгизга яқин ҳудудларда деҳқончилик, чўл ҳудудларида чорвачилик билан шуғулланишган. Тоғолди ҳудудида кўпроқ мева, тамаки ва зиғир, адир ва текисликларда эса донли ўсимликлар, сабзавот ва полиз экинлари етиштирилган. Денгизга яқин жойларда балиқчилик, кемасозлик ривожланган. Қиримликлар азалдан зиғир толаси, тери ва жунга ишлов беришда уста бўлишган. Чўлда яшайдиган аҳоли сут ва гўшт маҳсулотлари етиштирган. Кигиздан турли маиший маҳсулотлар тайёрланган.

 

Чўл аҳолиси ўтовларда, шаҳар аҳолиси хом ғиштдан, бойлари эса пишиқ ғиштдан қурилган уйларда яшаган. Тоғликлар уйларини тошдан қуришган. Қиримтатарларнинг либослари бошқа туркийлар либосларидан фарқланади. Чунки уларнинг кийимларида Европа ва Осиё маданиятлари синкретизми кўзга ташланади. Шу билан бирга, кейинги даврда қиримтатар дизайнерларининг анъанавий миллий услубларни замонавий услублар билан синтезлаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.[16] ХХ асрга қадар эркаклар бошларига қалпоқ кийишган ва кўпинча уларнинг ички қисмига ислом рамзи – яримой тасвири туширилган. Ёзда тақия(дўппи) ёки усмонлиларнинг қизил фескасини кийилган. Устига кўлмэк(кўйлак), сўқма(иштон) кийиб белига қушақ(белбоғ) боғлашган. Унинг устида илик(енгсиз нимча) ёки камзул ҳамда чакмон бўлган. Қишда тўн ёки қўй терисидан тикилган пўстин, ёки япинжа(ёпинчиқ) кийишган. Оёқда чориқ ёки енгил шиппак бўлган, одатда. Ҳожилар ва суфийлар орасида сариқ(салла) кийиш урф бўлган. Қиримтатар оқсуяклари – мурзалар энг қиммат матолардан Туркия ёки Европада тикилган кийимларни афзал билишган.

 

 

Аёллар либоси ўзининг нафислиги ва безакларининг кўплиги билан ажралиб турган. Аввало, аёллар соч турмагига катта эътибор қаратишган. Қизлар сочларини қирқ кокил қилиб ўриб орқага ташлаб қўйган. Турмуш қурган аёллар эса қатъиян сочини иккита қилиб ўрган ва бу уларнинг эрли эканини билдирган. Қиримтатар аёллари сочларининг охирига ёмон кўздан асраши учун сач дуаси(тумор) тақиб юришган. Сочнинг устида фес қалпағи қийишган. Фес қалпағи устидан бутун кўкракларини ҳам қўшиб ёпиб турадиган баш марама[17](рўмол) ёпинишган. Рўмолларнинг яна шал(катта жун рўмол), чембер(енгил, юпқа рўмол) ва баш явлуқ каби турлари ҳам бўлган.

 

 

Аёллар устига узун кетен кўлмек(аёллар кўйлаги), этаги ва енги узун антер кўйлакни шалвар, думан деб аталадиган лозим билан кийишган. Аёлларнинг ҳам устки кийими тўн(қафтан), қисқа тўн, камзул бўлган ва улар эркакларникидан олд кесимига кўра фарқланган ҳамда аврат жойларни ёпиб туришига ҳам эътибор қаратилган. Устки кийим устидан кокюслик(кўкракпеш) тақилган. Кўкракпешлар жуда серҳашам қилиб безатилган. Белига қалин йипши қушақ(энли белбоғ) тақишган. Аёлларнинг қисқа пўстини жубба деб номланган. Улар кўчага чиққанда албатта фереже(паранжи) ёпинишган. Аёлларнинг оёқ кийимлари турлича бўлиб, улар сахтиён тери, оддий тери ёки уйда кийиш учун кигиздан ҳам тайёрланган. Уй ичида кўпроқ учли папуч[18]да юрилган. Кўчага кўпроқ қатири(усти теридан тайёрланган калишсимон оёқ кийими), қатилдириқ(ёғоч туфли), байрам ва тўйларда аяққап(туфли) кийилган.

 

Қиримтатар таомлари

 

Барча туркийлар қатори қиримтатарлар ошхонасининг ҳам сарасини гўштли ва сутли таомлар ташкил қилади[19]. Таомлари кўпроқ қипчоқ халқлари истеъмол қиладиган емаклар бўлиб, бунинг исботи сифатида уларнинг от гўштини хуш кўришини келтириш мумкин. XV асрда Қиримга саёҳат қилган венециялик Амвросий Контарини ҳам қиримтатарлар от гўшти ва сутини, гуручли бўтқаларни кўп истеъмол қилишини айтиб ўтган[20]. Ялибўйилар қўй, балиқ гўштларини, тоғликлар кўпроқ қўй, мол, гўштлари, чўл аҳолиси эса туя гўштини ҳам кўп истеъмол қилган[21]. Гўшт маҳсулотлари орасида кўбетэ, дўлма, қувурдақ, сарбурма жуда машҳур. Сутли таомларнинг асосини қатиқ, йоғурт, бўза, қимиз, ширгуруч ва бошқа сутли таомлар ташкил қилади. Қиримтатарларда палов[22]нинг ҳам қирим варианти бор. Қирим палови дастлаб сабзи солинмасдан тайёрланган. Аммо, ҳозирги кунда сабзи, ясмиқ, булғор қалампири ва бошқа қўшимчалар билан тайёрланган паловлар ҳам учрайди.

 

Орнаментлар

 

Қирим ўзига хос географик ҳудуд бўлиб, унинг санъатида жуда кўплаб маданиятларнинг элементлари учрайди. Шунинг учун қиримтатарларнинг орнаментлари жуда мураккаб тузилган нақшлардан ташкил топган. Унда этник, диний ёки географик хусусиятлар, оилавий қадриятлар, миллий урф-одатлар, мозий, маданият яратган турли элатларнинг унсурлари қоришиб кетган. Қиримтатар кашталарида ўғуз юлдузи яъни саккиз бурчак кўп учрайди. Уларни алоҳида, гуллар, геометрик шакллар ичида ёки композицияларнинг марказий қисмида кўриш мумкин. Шу билан бирга айрим кашталарда довуд юлдузи яъни олтибурчакни ҳам кўриш мумкин.

 

 

Қиримтатар безакларида бодом(бўйи етган қиз), атиргул(аёлллик), анор(кўпболалик), лола(ёшлик) каби ўсимлик мотивли, қўчқор муюз, зулук, қўянқулақ, қисқичбақа, балиқ каби зооморф, ичига нуқта жойланган ромб(киндик), саккиз қирра, олтиқирра, учбурчак каби геометрик мотивлар, эгри тол(агридал), узум япроқ(юзюм япрак) каби композициялар устунлик қилади.

 

Мақоланинг 2-қисмида қиримтатар тили ва адабиёти, фолклори, ўзбек қиримтатарлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

 

Анвар БЎРОНОВ,

Филология фанлари бўйича

фалсафа доктори


[1] http://www.tataroved.ru/publication/npop/7/#_ednref1

[2] Хайруддинов М. А. К вопросу об этногенезе крымских татар/М. А. Хайруддинов // Ученые записки Крымского государственного индустриально-педагогического института. Выпуск 2. – Симферополь, 2001.

[3] Duval, P. (Pierre). Le monde ou La géographie universelle : contenant les descriptions, les cartes, et le blason, des principaux païs du monde. 1676 г.

[4] Гайворонский A. Созвездие Гераев. — Симферополь: ДОЛЯ, 2003.

[5] Зайцев И. В. Происхождение династийного имени Гераев // История крымских татар. — Казань: Институт истории им. Ш. Марджани АН РТ, 2021. — Т. III: Крымское ханство (XV—XVIII вв.). — С. 151—156.

[6] Фасмер Макс. Этимологический словарь русского языка. Т. 1 (А-Д). Москва: Изд.: Прогресс. 1986. – 403 стр.

[7] Готлар (гот. 𐌲𐌿𐍄𐌸𐌹𐌿𐌳𐌰,, Gutþiuda, лот. Gothi, Gonthi,.-юнон. Γότθοι (Gotthoi), Γόθοι)[1] — қадимги герман қабилалари иттифоқи. Гот тилида сўзалшадиган шарқий герман қабилалари вакиллари.

[8] Виноградов А. Ю., Коробов М. И. Готские граффити из Мангупской базилики.Архивная копия от 9 июля 2021 на Wayback Machine // Средние века. 2015. Т. 76. № 3—4. С. 57—75

[9] Степанова Н. Г. Крым многонациональный. — Таврия, 1988. — С. 20. — 143 с.

[10] Теребинская-Шенгер Н. В. Крымские татары: антропологический очерк. // Русский антропологический журнал. — Т. 17. — 1928. — Вып. 1—2.

[11] Вильямс Б. Г., Шейхумеров А. А. Этногенез крымских татар в эпоху Крымского ханства. Субэтносы крымскотатарского народа // История крымских татар в пяти томах (Том III) — Казань: Институт истории им. Ш. Марджани АН РТ, 2021. — Т. 3. — 1024 с.

[12] Севортян Э. В. Крымскотатарский язык. // Языки народов СССР. — Т. 2 (Тюркские языки). — М., 1966. — С. 234—259.

[13] Лашков Федор Федорович. Шагин-Гирей, последний Крымский хан. — Киев : тип. А. Давиденко, аренд. Л. Штамом, 1886. стр. 67-69

[14] Водарский Я. Е., Елисеева О. И., Кабузан В. М. Население Крыма в конце XVIII — конце XX веков (Численность, размещение, этнический состав). М., 2003.

[15]https://web.archive.org/web/20200622020756/http://kirimtatar.com/index.php?option=com_content&task=view&id=77

[16] Кадырова А.Я. Синтез традиций и современности в крымскотатарском костюме. Журнал Таврический научный обозреватель. №11(16). 2016

[17] Марама – туркий “ўрама” сўзининг бошқача шакли бўлиши мумкин.

[18] Ўзбек қипчоқларида “папиш” варианти бор.

[19] Ибадлаев Р. Крымскотатарская кухня. Оригинальные рецепты Ибадлаева Рустема.. — Симферополь: ГАУ РК «Медиацентр им. И. Гаспринского», 2019. — 220 с.

[20] Гульнара Абдулаева. Этикет питания крымских татар в ханский период // «Авдет». — 2012. — 24 сентябрь.

[21] Martinus Bronovius de Biezdzfedea. Tartariae descrpitio... cum tabula geographica eiusdem Chersonesus Tauricae, dedykowane Stefanowi Batoremu, dat. 1 stycznia 1579, wydane z broszurami innych autorów. — Köln: drukarnia Officina Birckmannica, 1595.

[22] Қиримтатарлар ўзлари паловни пилав шаклида талаффуз қилишади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16543
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//