Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асари туркий тилнинг луғавий бойлигинигина эмас, балки халқ ҳаётининг барча қирраларини – кундалик турмуш тарзи, маънавий дунёси, урф-одатлари ҳамда ўша даврга хос тиббий билим ва тасаввурларни ҳам ўзида жам этган бетакрор энциклопедик манбадир.
“Девон”да қайд этилган доривор ўсимликлар, шифобахш воситалар ҳамда улардан фойдаланиш усуллари ҳақидаги маълумотлар ўша давр табобат илми даражасини англаш, халқнинг кўп асрлик тажрибасини илмий жиҳатдан ўрганишда муҳим манба вазифасини ўтайди.
Хабарингиз бор, Тошкент шаҳри ва тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)да “Электрон рецепт” тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган рўйхат асосида тегишли дори воситалари рецепт билан берилмоқда.
Бундан ўн аср муқаддам туркий халқлар ҳаётида муомалада бўлган доривор воситалар, турли хасталикларни бартараф этишдаги тиббий усуллар бугунги ўқувчида ҳам қизиқиш уйғотиши табиий. Айниқса, замонавий дорихоналаримиз ажнабий номдаги дори-дармонларга тўлиб-тошган бир пайтда, асрлар қаъридаги туркийча “ўт” ва “им”лар, уларнинг шифобахш хусусиятлари нафақат тарихий, балки маънавий билимларимизни ҳам мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Ўша давр табобати маҳаллий доривор ўсимликлар билан чекланиб қолмасдан, турли хорижий ўлкалардан келтирилган дори воситалари, уларни қўллашга оид амалий тажриба ва тиббий билимларни ҳам ўз ичига олган. Бу ҳолат ўрта асрлар туркий тиббиётининг бой, тизимли ва очиқ илмий анъаналарга эга бўлганини яққол кўрсатади. Шу билан бирга, “Девон”да учрайдиган тиббий атамалар ва уларга берилган изоҳлар нафақат даволаш амалиётини, балки ўша давр халқларининг табиат, инсон танаси ва касалликка оид ўзига хос дунёқарашини ҳам ифода этади. Қуйида эса айрим сўзларнинг маъно қатламлари ҳамда уларнинг ўша давр табобати билан боғлиқ жиҳатларига назар ташланади.
“Девон”да от (ўт) сўзи дори, даво маъносида келади. “От ичтим” дори истеъмол қилишни билдирса, шу негизда ясалган “отачи” сўзи табибга нисбатан қўлланилиб, тиббий билимнинг амалий тажрибага суянганини тасдиқлайди.
“Эм” сўзи ҳам қадим туркий тилимизда даво ва шифо тушунчасининг марказида туради. Бу сўз нафақат дорини, балки даволаш жараёнининг ўзига хос моҳиятини ифодалаган. “Эмчи” атамаси орқали ўша замон табобатида маълум тиббий билимга эга бўлган мутахассис тушунилган. Ҳозирги тилимиздаги “эмлаш” ҳам шу асосдан ҳосил бўлган.
Кўринадики, тил қурилишидаги ҳаракатни юзага келтирадиган -ла, -чи феъл ясовчи қўшимчаси ҳам анча қадимийдир.
Атамалардан яна бири “библи”дир. Бу сўз қадим туркий тиббиётда мурчнинг узун навини, яъни доривор ўсимлик, таъм қўшувчи воситани англатган. Бу дори нафақат таъми, балки шифобахш хусусияти туфайли халқ орасида кенг истеъмолда бўлган.
“Анг” сўзи қадим туркий тиббий манбаларда даво воситаси сифатида кўрсатилувчи қуш ёғидир. У шифобахш хусусиятга эга бўлиб, мушак оғриқларини енгиллаштиришда қўлланилган. У кафтга суртилиб, терига сингдирилган.
“Девон”да учрайдиган айрим дори номлари халқнинг ирим-сирим ва эътиқодий қарашлари билан ҳам уйғун ҳолда қўлланилгани кузатилади. Жумладан, “эгит” яраларни даволаш билан бир қаторда, кўз тегиши ва турли салбий таъсирлардан сақланиш воситаси сифатида ҳам ишлатилган. Унинг таркибига заъфарон ва бошқа табиий моддалар киритилиб, уларнинг ўзаро бирикмаси орқали дори шифобахш хусусият касб этган. Мазкур восита болалар ва катталар юзига суртиб қўйилган.
Яна бир ўсимлик тури “эгир” (ийир) деб номланиб, қорин оғриғини даволаш учун қўлланган. “Эгир бўлса, эр олмас” иборасининг маъноси: қорин оғриғига дучор бўлган одам уни истеъмол қилса, ҳаётий зарардан сақланади.
Ипрук бугунги кунимизда ҳам фаол табиий восита сифатида қўлланилиб, қатиқ билан сутнинг аралашмасидан қуртоба шаклида тайёрланади. “Ипрук” қадим туркий табобатда ич қотиши ва ҳазм бузилишларида қўлланилган табиий дори сифатида маълум.
Сурги дорилардан яна бири “Ўтрум” ва “Чурни”дир. Улар заҳр, яра ва шишларнинг олдини олиш ва оғриқни енгиллаштиришда ишлатилган. Чурнининг турк табиблари томонидан тайёрланиши бу даврда маҳаллий мутахассислик ва рецептура амалиёти ривожланганлигини кўрсатади.
“Кекуш” атамаси шишга суртиладиган малҳам сифатида қайд этилган. “Ирви” ва “Урағун” эса касалликларни даволашда қўлланилган ҳиндча дорилар номи сифатида тилга олинади. “Хасни” болаларни семиртириш мақсадида яратилган дори бўлиб, Ҳиндистондан келтирилгани манбаларда кўрсатилади. Бу каби воситаларнинг қўлланилиши қадим табобатда болаларнинг озуқавий ҳолатини яхшилаш ва соғлом ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганидан далолат беради. Шунингдек, ҳинд дориларининг кириб келиши савдо йўллари орқали шаклланган халқаро тиббий тажрибанинг мавжудлигидан далолатдир.
“Удитған” кўп ухлатиб қўядиган доридир. Унинг ухлатувчи таъсири асабни тинчлантириш билан боғлиқ тиббий амалиётларда қўлланганлигини кўрсатади.
“Тавғач юдаси” – барги савсан гулининг баргларига ўхшаш бир дарахт. Уни дори сифатида ишлатадилар. Ундан яра ва шишларни енгиллаштиришда фойдаланилган. “Тўпулғақ” эса табобатда қорин ва ичак касалликларида ишлатилиб, бу ўсимликнинг табиий таркиби ва таъсири орқали даволаш амалиётида фаол қўлланилганини кўрсатади.
“Яқиғ” қадим табиблар томонидан маҳаллий таъсир кўрсатувчи восита сифатида қўлланган. Ушбу дори яра ва шишларнинг тез шифо топиши, оғриқнинг юмшатилиши ва инфекциянинг олдини олишда ишлатилган.
Ҳиндистондан келтирилган дорилардан яна бири “Буга” деб номланган. Турли ранг ва турдаги воситалар унинг самарадорлиги ва қўлланиш мақсадларига кўра ажратилиб ишлатилган. Сариқ ва қўнғир ранги билан фарқланиши, эҳтимол, дорининг моддий таркиби ва таъсир кучига боғлиқ бўлган. Бу даволаш усулида модданинг хусусияти ва натижаси муҳим ҳисобланганини кўрсатади.
“Безинч” қадим туркий тиббиётда маҳаллий ўсимликлардан тайёрланган малҳам сифатида қўлланилган. Бу воситадан яра ва терини юмшатишда, шиш ва оғриқларни енгиллаштиришда фойдаланилган.
Ўзбекнинг асрий ҳамроҳи бўлган исириқ “Девон”да “исриқ” шаклида келиб, болаларнинг бошига тошадиган яраларни даволашда фойдаланилган. Бу восита нафақат моддий, балки руҳий таъсир орқали ҳам шифо беришга қаратилган. Масалан, кўз тегишидан ҳимоя қилиш учун боланинг юзига тутунини исриқ-исриқ (“Эй жин, эс-ҳушини йўқот”) деб тутилган.
Андуз (ёки ангдуз) – ердан қазиб олинадиган ўсимлик илдизи бўлиб, маҳаллий аҳоли уни “росан” деб атаган. У отларнинг қорин оғриғи касалида даво воситаси сифатида қўлланган. “Андуз болса, ат олмас” ибораси росан ўти от билан бирга йўлда бўлса, от қорин оғриғидан азоб чекмаслигини англатади.
Кўп асрлар аввал ҳам юрак оғриғига малҳам бўлувчи ўсимликлар бўлган. “Эгирсади” ана шундай малҳамлардан бири. У қадим туркий тиббиётда юрак ва қон айланиши билан боғлиқ касалликларни даволашда қўлланилган.
“Девон”даги яна бир маълумот кишини ҳайратда қолдиради. “Сиғун оти” илдизи одам шаклида ўсадиган ўсимлик. У эркак ва аёлларда жинсий саломатликни таъминлашда муҳим ўрин тутган.
Яна бир шифобахш дори номи “Чахшу” деб аталиб, у кўз оғриғи ва кўз билан боғлиқ муаммоларни даволашда самарали восита ҳисобланган.
“Авилқу” қадим туркий тиббиётда ҳамда кундалик ҳаётда универсал восита сифатида қўлланилган. Меваси ва пўстлоғи нафақат даво мақсадида, балки ранг беришда ҳам ишлатилгани унинг табобат ва амалиётдаги кўп қирралилигини намоён этади.
“Девон”да ўзини доим саломат асраш, ўз-ўзига ёрдам кўрсатиш “қартанди” атамаси билан ифодаланган. “Эр қартин қартанди” ибораси орқали инсон ўзини ҳимоя қилиш ва ўз саломатлигини назорат қилиш зарурлиги таъкидланади.
Аҳамиятлиси шундаки, “Девон”да маҳаллий туркий халқлар орасида қўлланилган қадимий касалликлар номи ҳам келтириб ўтилади. Масалан, “Ўтуг” ошқозон ва ичак билан боғлиқ оғир ҳолатларни англатган. Бу касаллик асосан ҳазм бузилиши ва организмдан зарарли моддалар чиқиши (қусиш) билан намоён бўлган. “Анар ўтуғ тутди” иборасининг маъноси “уни ич кетиш ва қусиш тутди” деганидир.
Қоринда сариқ сув йиғилиши, организмдаги суяк ва ёғлар мувозанатининг бузилиши “Атғақ” касаллиги деб аталган. Сариқ рангдаги бир турли ўсимликка ҳам атғақ дейилса, қайғудан ранги сарғайганлик ҳам шу сўз билан ифодаланган.
Киндикнинг ички томони тўғрисида пайдо бўлувчи куланжга ўхшаш касаллик “Инагу” дейилган.
“Ануми” эса халқ орасида шу ном билан қўлланилувчи мохов касаллигининг номи. Унинг асоратлари аниқланиши билан муайян муолажа ва чоралар кўрилган.
Ҳайвонларда учрайдиган касалликлар ҳам халқ тиббий амалиётида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани “Девон”да қайд этилган. Масалан, “Этилган” отлардаги без касаллиги сифатида таърифланиб, касаллик давомида без ўзи ёрилиши ва сўнгра тузалиши кўрсатилган. Бу маълумотлар маҳаллий амалиётда ҳайвонларни даволашда табиий воситалар ва анъанавий тажрибадан фойдаланилганини кўрсатади. “Чилдак” эса отнинг кўкрагига чиқадиган яранинг бир тури сифатида келтирилади.
“Яқриқан” мевали ўсимлик турларидан бирининг номи. Унинг пўсти шамоллаб ёрилган лабларга суртилганда шифо бўлади.
Бугунги ҳаётимизда учрайдиган тутқаноқ касаллиги қадим туркий девонда “Тутуғ”, яъни жиндан келиб чиққан касаллик сифатида қайд этилган. У руҳий ва ирсий касалликлар қаторига киритилган. Масалан, “Анин тутуғи бар” деганда халқ у кишининг жин касали (яъни тутқаноғи) мавжудлигини назарда тутган. Бу тушунча касалликнинг жиндан деб баҳоланиши орқали қадимий ирим-сиримлар ва руҳий дунёқарашнинг аҳамиятини ҳам акс эттиради.
“Талған иг” атамаси ҳам “тутуғ” билан узвий боғлиқ бўлиб, касаллик хусусияти ва таъсирини аниқлашда ишлатилади. Ушбу иборалар орқали касалликнинг тури ва уни даволашда қўлланиладиган чора-тадбирлар тизими намоён бўлади.
Бугунги тиббиётимиздаги чечак касали девонда “Чекак” (чигилча) номи билан аталган. Бу касаллик ўша давр ҳаётида ҳам эпидемик касаллик сифатида қайд этилган. Бу касалликнинг оғир асоратлари ва тарқалиш хусусияти халқ даволаш амалиётида махсус чораларни талаб қилган.
Девонда “Кезик” сўзи умумий касаллик тушунчасини, “сариғ кезик” эса сариқ касални англатган бўлса, сўгал ҳам ўғузчада беморни ифодалаган. Сўгал девонда “Сигил” номи билан келса, “Тупулғақ” ичак ва қорин билан боғлиқ касалликлар қаторида қайд этилган.
Таҳлилларда кўринадики, кўпгина хасталиклар номи ва уларнинг пайдо бўлиш шакли ўша давр халқ эътиқоди ва руҳиятига ҳам бевосита боғлиқ бўлган. Масалан, “буқуқ” (буқоқ)ни олайлик. Девонда унга томоқнинг икки тарафи, тери билан гўшт орасида пайдо бўладиган эт бези, дея таъриф берилган. Яна айтиладики, Фарғона билан Сиқни шаҳарларида бир қанча киши бу дардга йўлиққан, бу дард наслдан наслга ҳам ўтган. Баъзиларининг буқоғи катталигидан кўкрагини кўролмас даражага етган. Кошғарий ёзади: “Мен улардан бу касалнинг сирини сўраганимда, шундай жавоб берган эдилар: “Боболаримиз ғоят баланд товушли кофирлар бўлган экан. Улар саҳобалар билан жанг қилишибди. Оталаримиз уларга катта куч билан бостириб борибдилар, баланд овозда бақириб-чақирибдилар. Мусулмонлар уларнинг ҳайбатли овозидан ҳаяжонга тушибди. Бу воқеа ҳазрати Умарнинг қулоғига ҳам етиб борибди. Ҳазрати Умар уларни қарғабди. Натижада уларнинг бўғизларида шу дард пайдо бўлган ва бу дард уларга мерос бўлиб қолган экан. Ҳозир улар орасида бирор баланд овозли киши топилмайди”.
Хасталиклардан яна бири – “безитти” бўлиб, “титратди”, “қалтиратди” маъносида келади. “Тумлуғ ани безитти” иборасининг маъноси “совуқ уни қалтиратди”, демакдир. Бу касалликнинг “безгак” шакли ҳам бор. У “безитüр, безитмак” феълларидан келиб чиқиб, безгакнинг касаллик хусусиятларини акс эттиради.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, “Девон”да келтирилган доривор ўсимликлар ва касалликлар номлари халқ тиббиётининг бойлиги ва туркий халқнинг даволанишдаги тажрибасини очиб беради. Ҳар бир дорининг қўлланиши ва касалликларга мослиги қадимий табобатнинг тизимли ёндашувга эга бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга, бу маълумотлар халқнинг табиий малҳамлар, маҳаллий ва хорижий дорилардан фойдаланиш малакасини акс эттириши билан ҳам қимматлидир.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Мафкура
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ