Куни кеча атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Oyina.uz зиёлиларнинг ушбу китоб ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Миллий озодлик ҳаракати намояндалари ҳаётини акс эттирган янги асар
“Ялдо кечаси” романини мен ҳам дастлаб қўлёзма ҳолида, кейин эса китоб шаклида жуда қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Тўғриси, бу асарнинг майдонга келиш жараёнидан қисман бўлса-да хабарим бор.
Алоҳида таъкидлаш керакки, роман ниҳоятда катта ижодий меҳнат-машаққат ортидан бунёд бўлди. Муаллиф эътироф этганидек, тоғдек улкан материал устида “қарийб олти йил қилинган узлуксиз меҳнат” самараси бу. Аслида ижод аҳли шуурида муайян мавзу, ички дард, адабий ғоя, ҳаётий манба – буларнинг барчаси хаёлида айланади. Аммо шу мазмунга мос оригинал шакл топиш, чинакам бадиий асарга айланиш жараёни, албатта, бу осон кечмаса керак. Биргина мисол: китоб сўзбошисининг дастлаб бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган учта варианти ёзилади. Буни қарангки, охир-оқибат асарда янги, тўртинчи варианти чоп этилганини эслаш мисол учун етарли, менимча.
Роман салкам бир асрлик даврни қамраб олган. Бир инсоннинг баракали умрига ғоят мураккаб замоннинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий муаммоларини зеҳният кўзгусидан ўтказиб жойлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун жиддий бадиий талқин, чуқур мулоҳаза, хаёлот-фантазия, албатта, меҳнат ва маҳорат, адабий воқелик ипларини ўзаро мустаҳкам боғлаш, ора-орада ўқувчи қизиқишини кучайтирадиган сирли нуқталар ҳам ўйлаб топилиши керак. Муҳтарам адибимиз – Хайриддин Султонов ушбу янги асарида ана шундай улкан ва машаққатли ижодий вазифани тўла-тўкис адо этибди.
Бугунги китобхонга жадидлик феноменини, жадидлар ҳаётини, ХIХ аср охири – ХХ асрнинг 20-йилларидаги мураккаб, долғали кунларни, абадият қаричи билан ўлчаганда, қисқа бир фурсатда икки хил мустабидона қиёфага кирган босқинчилар зулм ва найрангларини, бир оиланинг иккига бўлиниш сабаблари ва, умуман, инсон зотининг қисмати қанчалар зиддиятли эканини англатиш учун янги роман маънавий замин бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.
“Ялдо кечаси” миллий озодлик ҳаракати намояндалари ҳаётини акс эттирган янги образлар ва уларнинг янгича талқинлари билан қадрли. Табиийки, асардаги образларнинг айримлари тарихий, баъзилари эса тўқима-умумлашма қаҳрамонлардир. Улар, аввало, ўзининг ҳаётийлиги, ҳаққоний ва ёрқинлиги билан ўқувчилар қалби ва хотирасида ўчмас из қолдиради. Бу фазилат чинакам санъат асарининг энг муҳим аломатидир.
Романда одамнинг юрагини ларзага соладиган кўплаб лавҳалар бор. Очарчилик балоси, қўшнининг қозонини сўраб олиш ва шу қозонда қолиб кетган чақалоқнинг оёқ суяклари. Оиласи бошига тушган мислсиз мусибатни кўтара олмай тўшакка михланган Зумрадбиби. Ёдгорбекнинг жадидона фаолияти ва жасорати. Маъсума Суйиманинг отиб ўлдирилиши. Озодбек ва Одилбек ўртасидаги ғоявий кураш ва ҳақиқий жанглар. Охир-оқибатда шу ака-уканинг ўз маслаги йўлида ҳалок бўлиши. Дарҳақиқат, ўқувчи эсида қоладиган бундай эпизодларни кўплаб санаш мумкин.
Роман жанрининг бағри кенг. Унга жуда улкан замон ва макон сиғиши мумкин. Сиғдириш эса катта маҳорат ва усталикни талаб этади. “Ялдо кечаси”да бадиий тўқима билан тарихий фактларнинг кетма-кет келиши ҳам, гоҳида йилларнинг нисбийлиги ҳам ажиб бир адабий уйғунлик касб этганини кузатиш мумкин.
Умуман, “Ялдо кечаси” романи замонавий ўзбек адабиётида алоҳида, жиддий бир воқеа эканини таъкидлаш лозим.
Мен бундан ўн йиллар олдин ёзган мақоламда, қачондир вақти келиб, айни мавзуда, хусусан, Абдулла Қодирий сиймосига бағишланган чўнг бир роман ёзилса, ажаб эмас, деган умид, аниқроғи, ишонч билдирган эдим адибимизга. Ана шу орзуимиз рўёбга чиққанидан беҳад қувондим.
Баҳодир КАРИМ,
адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор
“Ялдо кечаси”нинг бадиий-эстетик қиммати
Адибнинг “Ялдо кечаси” тарихий романини берилиб, таъсирланиб ўқидим. Таъкидлаш керакки, ушбу роман миллий насримиздаги эътиборга молик бадиий-эстетик воқеадир. Асар, муаллифнинг ўзи эътироф этганидек: “...яратилганига шу кунларда юз йил тўлаётган “Ўткан кунлар” романига назира, аниқроғи, унинг иккинчи китоби ўлароқ” ижод этилган. Ватанимиз ва халқимиз ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли Русия мустамлакаси замони воқеалари миллий насримизда кўрилмаган услубда – адабий мистификация, ўзига хос бир бадиий интрига тарзида ифодаланган роман мутолааси кўзимдан уйқуни, қалбимдан ҳаловатни олди. Бир неча кун давомида роман қаҳрамонлари билан бир давр ва бир муҳитда яшадим, улар қувонса – қувондим, андуҳ чекса – қайғуларига шерик бўлдим.
Аввало, асарнинг номланиши ҳақида. “Ялдо кечаси” энг узун ва қоронғи тун маъносини ифодалаши аён. “Ўткан кунлар” асарида, муаллиф таъбири билан айтганда: “...тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари” талқин этилган бўлса, унинг давоми бўлган “Ялдо кечаси” романида миллатнинг аввал Чор Русияси, кейин эса шўролар истибдоди замонларидаги энг узун ва зулматли туни – аждодларимизнинг мустамлака зулми остида кечган оғир ва изтиробли ҳаёти, ҳуррият йўлидаги жасоратли кураши ва бу йўлда шаҳид кетиши билан боғлиқ воқеалар тасвирланган. Роман номи, шу жиҳатдан, теран рамзий-мажозий маънога эга.
“Ялдо кечаси”га асос бўлган “Ўткан кунлар” романида Русиянинг Туркистонни босиб олиши жараёнлари тасвирланмаган. Асар сюжети 1861 йилгача бўлган воқеаларни ўз ичига олиб, унда юртнинг истибдод исканжасига тушиши арафасидаги тарихий вазият қаламга олинган. Лекин роман хотимасидаги мана бу сўзлар адиб асарда йўлини топиб, мустамлакага қарши кураш орзусини ифодалай олганидан дарак беради: “1277-нчи (милодий 1861) йилнинг куз кезларида бўлса керак, Юсуфбек ҳожи Қаноатшодан бир хат олди. Қаноатшо Авлиёотадан ёзар эди: “Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқунишмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим”.
Юсуфбек ҳожи хатми Қуръон қилиб юртка ош берди, Ўзбек ойим қора кийиб таъзия очди”.
Ана шу сўзларни ўқиганда, Отабекнинг ўрус билан урушда шаҳид бўлиши ҳақидаги хабарнинг ўзиёқ Абдулла Қодирий роман тагматнига Русия истибдодидан озодлик ғоясини маҳорат билан сингдириб юборгани, миллат учун озодлик ҳаёт-мамот масаласи эканига алоҳида урғу бергани ҳақида ўйлаганман. Асар сўнгидаги “Ёзғучидан” сарлавҳали изоҳдан Отабекнинг ўғли Ёдгорбек ва ундан қолган икки ўғилнинг ҳам истибдод қурбони бўлгани англашилади. Отабекнинг ўзи чор Россияси мустамлакасига, кейинги икки авлоди – ўғли ва неварасининг шўролар истибдодига қарши курашда қурбон бўлгани ёзувчининг асл муддаоси миллий озодлик тасвири эканидан дарак беради. Устоз Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” романи Отабек ҳаётининг сўнгги даври, унинг ўғли Ёдгорбек ҳамда неваралари Озодбек ва Одилбеклар қисмати ўша давр тарихий воқелиги фонида кенг эпик планда тасвирлангани жиҳатидан “Ўткан кунлар”нинг мантиқий давомидир.
Роман катта кўламдаги архив ҳужжатлари, жадид матбуоти материаллари ҳамда маърифатпарвар жадидлар асарларининг олимларимиз томонидан амалга оширилган нашрларини синчиклаб мутолаа қилиш, наинки ўқиб-ўрганиш, ижодкор қалби ва тафаккури чиғириғидан ўтказиш натижаси ўлароқ юзага келган. Муаллиф, таъбир жоиз бўлса, тоғдек масъулиятни зиммасига олган. Тасаввур қилиш қийин бўлган даражада заҳматли ишни амалга оширган. Асар мутолааси ёзувчининг улуғ Огаҳий таъбири билан айтганда, “нўши бир бўлса, ниши минг, роҳати бир бўлса, ташвиши минг” ижод жараёнининг ниҳоясиз машаққатини тортганидан далолат беради. Аслида, чинакам ижод маҳсули, дард у сўз (изтироб ва ўртаниш) ҳосиласи сифатида яратилади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий ижодкор ҳаловатни роҳат-фароғатдан эмас, меҳнату заҳматдан олади. Ушбу мураккаб мавзудаги асарнинг муваффақиятли якуни бунинг ёрқин исботидир.
Устоз адиб Хайриддин Султон тарихий ҳақиқатни юксак маҳорат билан бадиий ҳақиқатга айлантиради. Она Туркистоннинг ўтган аср аввалидаги воқелигига доир тарихий факт ва маълумотларга жон киритади. Жадидлар асарларидаги ўтли фикрларни бадиий воқеликка санъаткорона сингдириб юборади. Мумтоз шоирларимиз байтлари, халқона ҳикматлар ва иборалар матн мантиғига ҳар жиҳатдан уйғун танлангани баробарида асар тилининг жозибали, роман сюжетининг қизиқарли бўлишига хизмат қилади. Бу орқали романда тарихий колорит ва эпик тасвирнинг мукаммал даражадаги мутаносиблиги таъминланади. Натижада асар қаҳрамонларининг ўй-кечинмалари-ю шахсий ҳаёт тарзидан ижтимоий-сиёсий воқеалардаги иштирокигача, миллат ойдинларининг мустамлака маъмуриятини тамсил этган персонажлар билан ғоявий баҳс жараёнларидан миллий озодлик йўлидаги амалий курашигача бўлган ҳаракат динамикаси тасвири ҳаётий асосларга қурилади. Ўқувчи асар сюжетига наинки ишонади, адибнинг маҳорати боис воқеаларда бевосита иштирок этаётганини сезмай ҳам қолади. Бу эса, ўз навбатида, ёзувчининг эрик тасвир борасидаги чўнг маҳоратидан ва романнинг ҳаётий эҳтиёж ҳосиласи ўлароқ яратилганидан далолат беради.
Хулоса қилиб айтганда, “Ялдо кечаси” тарихий романи миллий адабиётимиздаги улкан аҳамиятга эга бадиий-эстетик воқеадир. Асар ҳар бир ўзбек хонадонига кириб бориши, уни миллатнинг ҳар бир фарзанди мутолаа этиши зарур, деб биламан. Чунки ушбу тарихий роман мудроқ тафаккурни уйғотади, ақлни маърифат қайроғи билан чархлайди, кўнгилни миллий туйғулар билан чароғон этади. Миллат ёшларининг адабий идрокини ўстиради, бадиий дидини тарбиялайди. Бу орқали миллий эстетик тафаккурни янги даражага юксалтиради.
Нурбой ЖАББОРОВ,
адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор
Абдулла Қодирий ва унинг сафдошларига юксак эҳтиром ифодасида дунёга келган роман
Китобнинг илк саҳифасида қайд этилганидек, тарихий ҳужжатлар асосида таниқли адиб Хайриддин Султон томонидан яратилган ушбу бадиий тўқима ўзининг шаклу шамойили ва мазмун-мундарижаси билан китобхонларни ҳайратга солиши шубҳасиз.
Машҳур “Ўткан кунлар” романининг гўёки давоми сифатида ёзилган бу роман аввало буюк Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари шахсига юксак эҳтиром ифодаси ўлароқ дунёга келганини таъкидлаш лозим.
“Ялдо кечаси” романи “Ўткан кунлар” каби тўлақонли, қайғули, шу билан бирга, некбин бир асар сифатида намоён бўлади.
Асарни ўқиган киши беихтиёр тарих билан юзлашади. Бугунги кунимиз ва бизни кутаётган номаълум, сирли келажак ҳақида жиддий ўйларга толади. Бу ғаройиб роман бошдан-оёқ миллатпарварлик, Ватанга муҳаббат, халққа садоқат туйғулари билан йўғрилгандир.
Биз асар қўлёзмасини Ёзувчилар уюшмасида бундан бир йил олдин ўқиб, ҳар томонлама муҳокама қилдик. Роман ҳақида муҳтарам устозларимиз – Иброҳим Ғафуров, Эркин Аъзам, Турсунали Қўзиев ҳамда Шуҳрат Сирожиддинов, Баҳодир Карим, Нурбой Жаббор, Шуҳрат Ризаев, Жаббор Эшонқул, Муртазо Қаршибоев, Олимжон Давлатов, Ғайрат Мажид, Хондамир Қодирий, Икром Искандар, Ғафур Эшмурод, Ғайрат Шералиев сингари адиб ва олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Қадрли устоз Иброҳим ака Ғафуров эса романнинг масъул муҳаррири сифатида жуда катта ва муҳим ижодий ишни амалга оширдилар. Ўтган вақт давомида асар матни янада такомиллаштирилди ва ниҳоят, бугун – ялдо кечасида китобхонларга, халқимизга тақдим этилмоқда.
Энди уни нафақат ўқиш, балки кенг тарғиб этиш – барчамизнинг бурчимиздир.
Ушбу асарда миллий тарихимиз ва адабиётимизнинг ўнлаб намояндалари асарларидан ижодий тарзда, маҳорат билан фойдаланилган.
Шулар қаторида “Байроқни ким кўтаради?” бобида менинг қаламимга мансуб қуйидаги тўртлик ҳам келтирилганки, буни ўзим учун шараф деб биламан:
Ғунчаи бўстонлари сўлған, дема,
Кўзларига хору хас тўлған, дема.
Ҳақ йўлинда кимки ўтди – барҳаёт,
Ҳеч қачон ўлған, дема, ўлған, дема.
Аждодларимиз Ватан ва миллат дардини ёниб куйлаган, одамзодни яхшилик ва адолатга, инсонийликка чорлайдиган китобларни нон каби юз-кўзларига суриб, тавоф қилиб, уларни хонадон тўрида сақлаб келишган. Умид қиламизки, “Ялдо кечаси” романи ҳам уйимизнинг, қалбимизнинг тўридан жой оладиган ардоқли китобга айланади.
Энг муҳими, бу роман Ватан фидойиларининг руҳлари шод бўлаётган шу кунларда барчамизни миллий истиқлолимизни асрашга, янги Уйғониш даврининг фаол иштирокчиси бўлишга ундайди.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси
Юрт, халқ, миллат учун мудом безовта қалбнинг маънавий жасорати деб баҳо беришга арзийди
Бу йил “Ўткан кунлар” романининг дастлабки нашри чиққанига юз йил тўлади. Мана шу юз йилда “Ўткан кунлар” романи том маънодаги мумтоз асар сифатида миллатимизнинг барча қатламлари ижтимоий, маданий, маънавий ҳаётига сингиб кетди. Шубҳа йўқки, бу романни ўқиган хар бир авлод ўзи учун, ўз замонаси учун нимадир олган. Ўз маънавий изланишлари учун, тафаккур эхтиёжи, ижтимоий кўримлари учун, умумлаштириб айтганда, ўзини изламоқ ва топмоқ учун романдан кўп ибрат топган. Назаримда, ҳозирда романнинг аҳамияти нимада деб сўралса, ҳеч иккиланмасдан, “Ўткан кунлар”ни бугунги кун учун ҳам ҳаракатдаги, амалий ҳаракатдаги асар сифатида баҳолаган бўлардим. Асар ўтмиш тарихнинг ўлик бир шохидлиги эмас, у музейларда сақланадиган экспонат эмас, у бугун ҳам ишлаётган, бугунги авлодларга ҳам ҳаракат учун қўр бераётган романдир. Бу нималарда кўринади? Бу аввало муҳаббат – Отабек ва Кумуш, кундошлик фожиаси, ота-она ризоси ва яна бошқа-бошқа мавзуларни бир томонга қўйган ҳолда романнинг сиёсий мотивлари, сиёсий қамровлари билан боғлиқ жиҳатларида яққол қўринади. Сиёсий жиҳатлардаги кўриниш, хусусан, Юсуфбек хожининг мамлакатга ташқаридан Чор Россияси бостириб келаётганда ички низоларга берилган халқнинг вакилларини ақлу тамизга, ҳушёрликка, иттифоққа чақириши билан боғлиқ қайғули, ниҳоятда оғриқли, аламли сўзларида ифода топади. Ташқарида душман дарвозанг остида турганида, ола чопон, қора чопон деб қипчоқу ўзбек бир-бирига тобут чопиб, гўр қазиб турса, юрт, эл-улус ҳоли нима бўлади, дея Юсуфбек ҳожи давра аҳлидан нафратланиб, кўзда ёш билан ўша издиҳомни тарк этганини ёдга олайлик. Бу Қодирийнинг ўз оҳи, азобу армонлари, албатта.
“Ялдо кечаси” романи “Ўткан кунлар”нинг хотимаси-эпилогига жо бўлган бош қаҳрамон қисматига оид қисқа тафсилотлар негизидаги мантиқий бадиий хаёлот тасвирлари билан бошланиб, Отабекнинг зурриёди Ёдгорбек ва Ёдгорбек фарзандлари бўлган Одилбек ҳам Озодбекнинг тақдир ёзиқларига доир эпик кўламдаги бадиий тўқима тасвирлари акс этган, ўзбек адабиёти учун мутлоқ янги, тамомила ўзига ҳос асардир. Ўз даврида ва кейин ҳам “Ўткан кунлар”ни уқиб, англаб, ҳис этиб ўқиган ўқувчиларнинг хаёлида сўроқ уйғотиб, жумбоқсифат бир таассурот пайдо қилган жажжи “хотима”нинг катта қамровли роман даражасидаги бадиий тафсилотлари тавсифи дея таърифласак ҳам янглишмасак керак. Айнан, ҳеч қандай муносабатсиз, бадиий фактнинг ўзинигина қайд этган адиб Абдулла Қодирий икки оғиз жумла – Ёдгорбекдан туғилган икки ўғилнинг ХХ асрнинг ўнинчи йилларида вояга етиб, роман ёзилган йилларда, яъни октябрь инқилоби бўлиб, Шўролар салтанати ўрнатилган “шу замонларда” бири большевиклар сафига кириб, иккинчиси эса босмачилар қурбошиларидан бўлиб кетгани ҳақидаги ахборот тариқасидаги маълумот билан фаол китбхонни ўз тафаккури хаёлотига маҳкум этган эди.
“Ялдо кечаси” муаллифи ана ўшандай фаол китобхонлар сирасида тафаккур хаёлотига мафтун бўлиб, ўша даврларнинг бори ижтимоий манзарасини Ёдгорбек ва унинг ўғиллари кечмишларида кўрсатиб беришга жахд этган. Ва табиийки, ўзининг илмий-тарихий, илмий-сиёсий, илмий-адабий ва яна қанча илмий билим, тажрибалари негизида қарийб беш юз саҳифалик романни қоралаган. Наздимда шунинг ўзиёқ юрт, халқ, миллат учун мудом безовта қалбнинг жасорати, маънавий жасорати деб баҳо беришига арзирлик ҳодиса.
Биз бугун жадидчилик ғояларини Янги Ўзбекистоннинг янги Уйғониш орзуларининг маънавий пойдевори сифатида белгилаган эканмиз, бу ҳодисани уч-тўртта маърифий тусдаги ҳаракатлар ва беш-олти ном атрофидагина кўриб, маҳдуд тасаввурлар ташвиқи билан андармон юрибмиз. Ваҳолангки, пировард бош мақсади Мустақиллик бўлган бу умумтуркий, умуммиллий ҳаракатнинг кўпчилик ўрганиб, англаб етмаган пучмоқлари жуда кўп. “Ялдо кечаси” ана шу мураккаб тўқимали, қизғин кечган тарихий жараённи тафаккур ва қалб кўзи билан юксак фасоҳат ила қамраб ололгани учун ҳам қадрли ва қимматлидир.
Шуҳрат РИЗАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббиййси, профессор
Адабиёт
Тил
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ