“Бобурнома” нега Оврупада машҳур?


Сақлаш
16:37 / 26.12.2025 24 0

Адабиёт ва жамият диалектикасини тадқиқ этишда методология муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда сиёсий тизим ўзгариши билан илмий-методологик масала ҳам кун тартибига чиқди.

 

Хорижда методологияга таянмаган тадқиқот чинакам илмий иш ҳисобланмайди. Халқаро илмий тадқиқот этикаси бўйича адабиётлар таҳлили, методология, илмий масаланинг қўйилиши, таҳлил ва муҳокама шакллари кабилар асосий шартлар сирасига киради. Замонавий илм-фан талабига мувофиқ методлар тадқиқотни ихчамлаштириш, моделлаштиришга хизмат қилади.

 

Ўзбек адабиётшунослиги ҳам рус фани орқали европа методологиясидан хабардор бўлган эсада, ўзбек совет адабиёти, адабиёт тарихи шўро мафкураси нуқтаи назаридан социалистик реализм асосида ўрганилган. Бу эса, табиийки, тарихий таҳлилда маҳдудликка олиб келган.

 

Адабий-бадиий онг – ижтимоий онг шаклларидан бири. Зотан, жамият воқелиги адабиётда акс этади. Дунё адабиётшунослигида ижтимоий идрок (онг) тури экани адабиётни социологик ёндашув орқали тадқиқ этишга асос беради деган қараш мавжуд. Бу метод ягона ёки умумий бўлмай, адабиётшуносликнинг бошқа методлари билан биргаликда мазмун касб этади.

 

Мустақиллик даврида шўроча илмий-материалистик методологиядан воз кечилиб, адабий ҳодисалар кенгроқ кўламда тадқиқ этиладиган бўлди. Бу вақтда адабий тадқиқот устида ишлашнинг аниқ ва яхлит илмий-назарий асослари шаклланмади. Шўро адабиётшунослигининг айрим синфий-социалистик принципларидан воз кечилмаган ҳолда, адабиёт тарихи субъектив қарашлардан келиб чиқиб ҳамда мавжуд амалий методлардан (қиёсий-типологик, статистик, умумлаштириш, тасниф, таҳлил каби) фойдаланган ҳолда ёритилди.

 

Адабиётшунослик атамаси русча “литературоведение” сўзини калькалашдан пайдо бўлган. Ғарбда эса бу фан “literary critique” (адабий танқид) деб аталади. У турли методлардан (структурал, формал танқид, феминистик танқид, постколониал танқид, ахлоқий танқид, марксистик танқид, психоаналитик танқид, тарихий, социологик) фойдаланади. Мазкур методлар фақат филологик ёндашувдан иборат бўлмай, барча ижтимоий-гуманитар соҳа услубларини қамраб олади.

 

Ғарб адабиётшунослигида воқеликка, субъект, шахс ва жамиятга нисбатан социологик ёндашув устун. Бу метод кириб бормаган соҳа қолмади. Ғарб адабиётшунослигида социал методнинг пайдо бўлиши социалистик ғоялар кенг тарқалган ХIХ асрга бориб тақалади. Метод қуйидаги факторларга эга: тарихийлик (умумийлик), шахслар ва жараёнларга эътибор қаратиш, адабиётни халқ маданияти қонуниятларининг ифодачиси сифатида тадқиқ этиш, бадиий ижодни социология, иқтисодиёт ва бошқа фанларнинг қонуниятлари ёрдамида тушунтириш, адабиётнинг сиёсий вазият ва ижтимоий ҳаётга таъсирини ўрганиш. Социологик ёндашув давр ҳодисаларининг адабиёт билан боғлиқлигига алоҳида урғу беради. У сўз санъатини тарихий ва ижтимоий ўзгаришлар призмасидан ўтказиб текширишда фаол қўлланаётир. Биз ҳам, дейлик, Навоий асарларидаги одил подшоҳ, адолат ғоялари ёки жадидларнинг асарларида илгари сурилган ижтимоий-ғоявий ислоҳотлар ҳақида гапирар эканмиз, социологик ёндашувга суянамиз.

 

Социал метод шўро даврида мафкуравий тор мақсадда қўллангани боис догмага айланди. Ҳатто Толстой ва Достоевский асарларининг яккаш синфий кураш нуқтаи назардан ўрганилиши вульгар социологизмни келтириб чиқарди. Кейинчалик шўро адабиёти шу метод асосида ёзилган асарларга тўлиб кетди. Асардан нуқул синфийлик, ғоявийлик, мафкуравий хато излангани цензурани кучайтириб, бадиий асардаги табиийлик, жонлиликни йўққа чиқарарди. Шу боис биз ҳамон мазкур методдан чўчиймиз. Мафкуравий қуллик исканжасига тушиб қолиш хавфи бизни хавотирга солади. Аслида адабий методологияда айнан социал ёндашув муҳим ҳисобланади. Жамият кўзгуси деганда ҳам адабиётнинг ижтимоий ва шахс муаммоларини кўтариб чиқиши кўзда тутилган.

 

Дунё адабиётшунослигида социал метод самарали, эркин услуб ҳисобланади. Бу – матннинг қайси жиҳатларига эътибор қаратилишига боғлиқ. Муайян тадқиқотчи асарни жамият воқеликлари билан боғлаб ўрганса, бошқа бири севги мотивини шахснинг ички хусусиятига уйғун тарзда текшириши мумкин.

 

Замонавий илм-фанда тадқиқотчининг методологиядан инструмент сифатида фойдаланиб матннинг контекстуал мазмунини чуқур ва ҳаққоний ёритиши ва ҳатто янги методологик категориялар яратиши мумкинлиги дастакланади. Демак, тадқиқотчининг матнни талқин этишдаги роли янада ошган. Диалогли мулоқот концепциясини ишлаб чиққан Михаил Бахтин асарларидаги маданият ва тил социологиясининг ривожланиши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Олим ўртага ташлаган диалог концепциясини социологик тафаккурсиз тушуниб бўлмайди.

 

Шундай қилиб, социал ёндашув – кенг тушунча. Шахснинг (бирор гуруҳнинг) муайян муаллиф ёки асарни қандай қабул қилишидан тортиб (ассоциация), жамиятдаги воқеа-ҳодисаларнинг адабиётда қай даражада акс этиши, жамият ва адабиётнинг ўзаро таъсири кабиларгача қамраб олади. Бизнинг илмий муҳитда социал метод деганда қизил байроқ кўтарган мафкурачилар кўз олдимизга келади. Ғарбда, қолаверса, россияда ҳам бу методнинг вульгар-социологик жиҳатлари танқид қилиниб, у қайта номланиб (россияда – социологик; Ғарбда – марксистик, баъзан социалистик), асосий аспектлари кўрсатиб ўтилган. Яъни, бу метод буткул инкор этилмаган, балки унинг мафкуравий жиҳатлари танқид қилинган.

 

Ғарб адабий танқидчилигидаги методлардан яна бири тарихий танқиддир. У адабий матн ёзилаётган вақтда содир бўлаётган тарихий-ижтимоий ва маданий воқеаларга кенгроқ қарашни назарда тутади. Муаллиф яшаган дунёни (ижтимоий воқеалар, мафкура, маданият, турмуш тарзи...) ўрганиш асарни тўлиқроқ тушунишга йўл очади деб ҳисобланади. Адабиёт вакуумда пайдо бўлмайди, у тарихий жараёнлар ва ижтимоий-маданий муносабатларнинг ажралмас қисмидир. Тарихий танқид жадид идеалларини кўрсатишда юқори самара беради. Айнан шу метод адабиётнинг тарихий контекстда жамият, маданият ва давр идеалларининг кўзгуси эканини кўрсатишга қодир. Бизда тарихий танқид қисман истифода этилаётган бўлса-да, бу методнинг барча воситаларини ишлаб чиқиб, улардан тизимли фойдаланиш вақти келган, деб ҳисоблаймиз.

 

Рецептив метод ҳам бизда қисман қўлланаётир. Ўтмиш ва ҳозирги ҳар бир асар бугунги китобхон учун битилган; китобхоннинг ассоциатив қабуллаши ғоят муҳим; бадиий асарнинг бугунги кун учун фойдаси ҳам аҳамиятга молик... – рецептив метод ана шуларни тадқиқ этади. Асарни қабул қилиш ўқувчи шахсияти, қизиқиши, дунёқараши, ҳаётий тажрибасига боғлиқ. Матнни индивидуал қабул қилиш ҳақидаги мушоҳадалар ХХ асрда, айниқса, феноменал фалсафа ва герменевтика ривожланиши билан таҳлилнинг асоси сифатида фаоллашди. Олмон файласуфи Ҳанс-Георг Гадамер “Ҳақиқат ва метод” (1960) китобида айтишича, матнни тушуниш ўқувчининг тарихни билишига, унинг мушоҳадаларига (билим, тажрибаларига) боғлиқ. Айнан ўқувчигина турлича талқин орқали матннинг моҳиятини юзага чиқаришга қодир. Европада замонавий адабиёт ва таълим ўқувчи шахсини марказга қўядиган субъектив маданий-контекстуал ёндашувга кўра йўналиш олди.

 

Қизиғи шундаки, бизда бу методлардан таъкидламаган ҳолда фойдаланиб келинади. Дейлик, собиқ Иттифоқ давридаги мафкуравий социалистик реализмни танқид қилиб, айрим воқеликларга қайтадан баҳо бердикми, демак, дунё адабиётшунослигида кенг қўлланадиган постколониал танқид методидан фойдаланган бўламиз. Тарихий ҳодиса ёки фактга мурожаат қилдикми – тарихий методни; жадидларнинг халқ қайғусида фаолият олиб боргани ҳақида ёздикми – социал ёндашувни қўллаймиз.

 

Демак, Ғарб илм-фани контекст ва ижтимоий вазифани урғулайди, адабиётнинг рационал-ижтимоийлик ва функционаллик жиҳатларига устунлик беради. Матннинг инсонга кўрсатадиган таъсири ҳам ана шу функционаллик жиҳатларига киради. Шу боис ҳам Европада Бобур ва “Бобурнома” Навоий ва унинг асарларига қараганда кўпроқ донг қозонган. Шарқда эса эмоционал аспект – адабиётнинг инсон қалби, ҳис-туйғуларига таъсири ва шу орқали комил инсонни тарбиялаш муҳим.

 

Гулшан РАҲИМ,

филология фанлари номзоди

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

13:12 / 26.12.2025 0 17
Худоёрхон ёздирган асарлар

Адабиёт

12:12 / 24.12.2025 0 386
"Қаҳр" – Арзон сотилган мавзу





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 26815
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//