Худоёрхон ёздирган асарлар


Сақлаш
13:46 / 26.12.2025 11 0

Қўқон хонлигини бошқарган минглар сулоласи вакиллари Умархон (1810–1822) ва Муҳаммад Алихон (1822–1842) сингари Худоёрхон (1845−1858, 1862-1863, 1865−1875) ҳам мамлакат маданий ҳаёти ривожига муҳим ҳисса қўшди. У ‒ Қўқон хонлари орасидаги энг зиддиятли шахс. Аммо ҳар қандай ҳукмдор фаолияти нафақат сиёсий жиҳатдан, балки унинг маданият, санъат, илм-фан ва маънавият равнақига қўшган ҳиссасига кўра ҳам баҳоланмоғи лозим.

 

Худоёрхон ўз саройида кўплаб шоир, олим, меъмор ва санъаткорларни тўплаган. Айниқса, унинг топшириғи билан бунёд этилган меъморий обида, мадраса ва кутубхоналар ўз даврининг муҳим маданий маркази бўлган.

 

Худоёрхон ҳомийлигида яратилган адабий асарлар ҳам диққатга молик. Ана шундай асарлардан бири ‒ “Тазкирайи Султоний” (“Султонлик тазкираси”). Таниқли манбашунос Шодмон Воҳидов бу асарга қуйидагича баҳо берган: “Қўқон тарихчилик мактабида бундай асарнинг пайдо бўлиши кўп жиҳатдан диққатга сазовордир. Худоёрхоннинг учинчи хонлиги даврида (1865‒1875-йиллар) давлат низоми ва давлатдорлик ишларини тартибга солиш, хонликнинг бошқарув назариясига аҳамият бериш, хон ва амалдорларнинг давлатни сақлаш йўлидаги ҳаракатлари бошланган эди. Хонлик бу даврда ташқи ва ички сабабларга кўра инқирозга дуч келади. Энди хонликка ёнма-ён бўлган русия ўзининг мустаҳкам давлат тизими, кучи, ички осойишталиги билан намуна эди... Хон ва сарой аҳли ана шундай давлатдорлик, салоҳиятли амалдорлар ва вазиру мирзоларга эга бўлишни истардилар. Худоёрхон шундай амалдорларни тарбиялаш учун қўлланма зарурлигини билиб, Манзурга бир асар ёзишни буюради” (Воҳидов Ш. Қўқон хонлигида тарихнавислик. Генезиси, функциялари, намояндалари, асарлари. Тошкент, “Академнашр”, 2010).

 

Тазкирайи Султоний”нинг муаллифи Абдулвосеъ Манзур ҳақида тўлиқ маълумотлар аниқланмаган бўлса-да, у саройга яқин, илм-маърифатли шахслардан бўлган, деб тахмин қилиш мумкин.

 

Ниёз Муҳаммад қаламига мансуб “Ибрат ул-хавоқин” (“Хонларнинг ибрати”) асари ҳам Худоёрхон амри билан яратилган. 1871–1872 йилда тожик тилида ёзилган асарда Қўқон хонлиги ташкил топишидан ХIХ асрнинг 70-йиллари бошларигача бўлган давр воқеалари баён этилади. Асарни Ш.Воҳидов ўзбек тилига ўгирган.

 

“Маҳзун” тахаллуси билан ижод этган Зиёвуддин Хўқандийнинг “Шоҳнома” асари ҳам хон топшириғи билан битилган. Чор русиясининг Қўқон хонлигини

босиб олиши ва Худоёрхоннинг давлатни ташлаб чиқиб кетиши оқибатида “Шоҳнома” муаллиф қўлида қолиб кетган. Худоёрхон амри билан яратилган аввалги икки асар тожик тилида эди, бу эса ўзбекча ёзилгани билан аҳамиятли.

 

“Шоҳнома”нинг бир қисми 2007 йили қирғиз тилига таржима қилинган (қаранг: Зиябидин Магзуни. Фаргана хандарынын тарыхы. Бишкек, “Турар”, 2007).

 

Худоёрхон номи билан боғлиқ навбатдаги асар ‒ “Мажмуайи шоирон” (“Шоирлар мажмуаси”). Аслида, ушбу тазкира Қўқон хони Амир Умархон ҳукми билан ёзилган. Аммо унинг 1153 рақамли қўлёзма нусхаси охирида асар ҳижрий 1273 (милодий 1856-1857) йилда кўчирилгани қайд этилиб, хаттот бу ишни Хоқон ибн ал-хоқон ҳазрати Саид Муҳаммад Баҳодир Султон фармонига кўра бажарганини таъкидлайди (Фазлий Намангоний. Мажмуайи шоирон. ЎзР ФА Ши, қўлёзма, №1153/2). Хаттот кўрсатиб ўтган вақтда Қўқонда Худоёрхон ҳукмронлик қилганини инобатга олсак, мазкур нусха унинг амри билан кўчирилгани маълум бўлади.

 

Абдулғаффорбойнинг “Зафарномайи Худоёрхон” асарини тадқиқ этган Ш.Воҳидов унинг мазмунига асосланиб, муаллиф асарни яратиш бўйича хондан топшириқ олган деган фикрни илгари суради. Номланишига кўра, “Жангномайи Худоёрхон” (Мулло Шамсиддин Шавқий), “Тарихи Худоёрхон” (Исматий) каби асарлар ҳам Худоёрхон кўрсатмаси асосида ёзилганини тахмин қилиш мумкин.

 

Равшанжон АБДУЛЛАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

“Тафаккур” журнали, 2025 йил 4-сон.

Худоёрхон шафелигида битилган асарлар” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 24.12.2025 0 376
"Қаҳр" – Арзон сотилган мавзу





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 26795
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//