Шароф Рашидовнинг сиз билмаган 11 ҳақиқати


Сақлаш
10:01 / 22.01.2024 278 0

Айрим китоблар, кишини илк саҳифаси, илк сатрлари билан ўзига тортади. Китобни то ўқиб тугангунингизча қўлдан қўйгингиз келмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси? журналист Жалолиддин Сафоевнинг “Шароф Рашидов: Сиз билмаган 11 ҳақиқат” китобини бир ўтиришда ўқиб чиқдим.

 

Шароф Рашидов ҳақида олдин ҳам кўп гапирилган, ўнлаб мақолалар, китоблар ёзилган, фильмлар, кўрсатувлар суратга олинган. Ҳар қалай биз ҳам шу инсоннинг даврида туғилганмиз, болалигимиздан у ҳақдаги турли паст-баланд гап-сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинган. Мустақилликдан сўнг юрт учун ҳаётини бахшида қилган инсонлар шахсига, шу қатори Шароф Рашидовга ҳам муносиб баҳо берила бошлади. Лекин нима бўлдию, орада маълум вақт унинг номини тилга олиш чекланди. Яхши гап ҳам йўқ, ёмон гап ҳам. Гўё Ўзбекистонни салкам чорак аср бошқарган сиёсий арбоб аслида умуман ҳаётда бўлмагандек эди. Фақат 2017 йилда таваллудига 100 йил тўлиш муносабати билан Рашидов номи тилларга қайтди. Йирик тадбирлар, учрашувлар ўтказилди, сиёсий арбоб таваллуд топган заминда ёдгорлик ўрнатилиб, музей ташкил қилинди, асарлари қайта чоп этила бошлади. Ўшанда мен ҳам бошқа ҳамюртларимиз қатори Шароф Рашидовни қайта танигандек бўлдим. Унинг даврида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, халқ хўжалигида эришилган ютуқлар, фан ва маданият ривожига қаратилган эътибори ҳақида кўп ва хўп ёзилди, гапирилди. Бундай материалларни гоҳ касб тақозоси, гоҳ оддий ўқувчи сифатида қизиқиш билан ўқиб чиққанман. Тўғриси, уларнинг кўпи бир-бировининг такрори эди. Аммо Жалолиддин Сафоевнинг китобида катта сиёсатчи, давлат арбоби ҳақида буткул бошқача ёзилган. Дарвоқе, унда ёритилган воқеалар аввалроқ Оyina.uz порталида мақола тарзида эълон қилинганди.

 

Рашидов умри давомида оддий газета мухбирлигидан Ўзбекистон ССР Компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимига қадар шарафли ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Тарих саҳифаларидаги ҳақиқатлар юзага чиққач, Шароф Рашидовнинг империянинг қаттиққўл сиёсати даврида Ўзбекистон ва ўзбек халқи учун қилган ишлари салмоғи бир иттифоқ республикасининг раҳбари даражасидан анча залворли эканини, бу шарафли вазифани уддалаш қанчалик машаққат талаб этгани аён бўлди. Жалолиддин Сафоев ана шу ҳақиқатни ўқувчига англатиш мақсадида қўлига қалам оларкан, сиёсий арбобнинг ҳаммага ёд бўлиб кетган таржимаи ҳолидан иқтибослар келтириб, замон тақозоси билан уни кўкларга кўтариш йўлидан бормайди. Бундай гаплар Шароф Рашидов ҳаётлигида ҳам гапирилган, бугун ҳам гапирилмоқда. Аммо қаҳрамонни яқиндан билган, у билан бирга ишлаган, ҳатто курашган бошқа миллат ва элат одамлари, хусусан, “Марказ” вакиллари қандай фикрда бўлгани мени ҳамиша қизиқтириб келарди. Китоб муаллифи кўпчиликнинг шу каби қизиқишларини ҳисобга олиб, имкон қадар “четдан” билдирилган фикр-мулоҳазаларни излаб топади, ўқувчига етказади, таҳлил қилади, қиёслайди...

 

Маълумки, Совет даврида Ўзбекистон бўйича КГБ (Давлат Хавфсизлик қўмитаси) раисини тайинлаш тўлиқ Москванинг измида бўлган. Рашидов эса “Марказдан тавсия этилган (аслида тайинланган) раҳбарни “бир овоздан тасдиқлаш” ваколатига эга эди, холос. Одатда бу идоранинг Ўзбекистондаги раҳбари бошқа миллат вакиллари орасидан сараланган. Рашидов бу мансабга ўзбек миллатига мансуб шахс тайинланишини истаган ва бу учун курашган. Аммо, КПСС марказқўми бош котиби Леонид Брежневдан “юмшоққина” дашном эшитиб, ортга чекинади. 1974 йилда марказдан Эдуард Нордман исмли шахс Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги қўмитасига раис этиб тайинланади. Ўша пайтда Рашидов ёрдамида КГБ раиси ўринбосари лавозимини қўлга киритган Левон Мелкумов эса йиллар давомида Нордманни раҳбарларга ёмонотлиқ қилиб кўрсатишдан тўхтамайди ва бунга ҳатто Рашидовни ҳам ишонтира олади. Охир-оқибат Нордман ишдан олинади. Рашидовнинг тавсияси билан унинг ўрнига Мелкумов келиб ўрнашади. Аммо, 1983 йилда Брежнев вафот этиб, унинг ўрнини Юрий Андропов эгаллаганида, Мелкумовнинг асл қиёфаси намоён бўлади. Мелкумов бевосита ҳамкасби бўлган Андропов билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, қайсидир маънода “Ўзбек иши” деб аталган машъум ҳалокатнинг тамал тошини қўйганди. Гарчи, айнан Рашидовнинг аралашуви билан ишдан олинган бўлсада, собиқ КГБ раиси Нордман Рашидовнинг инсоний фазилатлари, мардлигини орадан йиллар ўтиб ҳам очиқ эътироф этганди:

 

“Мендан кўпинча Рашидов мафия сардори эдими?» деб сўрашади. Комил ишонч билан “йўқ” деб жавоб бераман. У гонорарлари ҳисобидан тўлиқ таъминотга эга инсон эди. Унинг пок ва ҳалол одам эканига ишонганман ва ҳануз ишонаман!”.

 

Китобдан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, муаллиф Рашидов шахсига баҳо беришда, бирёқламаликка йўл қўймайди. Унинг сиёсий портретига холис ва ҳаққоний чизгилар чизиб, шахс фаолиятини сиёсий эврилишлар, турли жараёнлар фонида таҳлил қилади. Шунингдек, муаллиф Рашидовнинг сўнгги кунлари ва ўлимидан кейин юз берган, ҳали-ҳануз одамлар орасида турли миш-мишларга сабаб бўлиб келаётган воқеа-ҳодисалар, афсона ва ҳақиқатларга ҳам тўхталиб ўтади. Рашидов ҳаётидаги зарбалар хусусида сўз бораркан, халқимизга хос бўлган айрим салбий жиҳатларни ҳам куйинчаклик билан тилга олади:

 

“Ўзини англаб етган, қалбида ғурур, юрагида жасорат ва энг муҳими ташқи душманга қарши уюша оладиган, қаерда бўлмасин бир-бирини қаттиқ қўллаб-қувватлайдиган халқни ҳеч бир душман енга олмайди. Бу азалий ҳақиқат. Енгиш мумкин, лек тиз чўктира олмайди. Рашидовнинг энг катта душмани эса “ичкарида” эди. У жонини жабборга бериб, ҳимоя қилаётган халқи орасида жипслик, бирлик, афсуски, йўқ эди”. Асар муаллифи Шароф Рашидовнинг курашлар, қарама-қаршиликлар ичида ўтган ҳаёт йўлини, унинг бошига тушган синовларни таҳлил қиларкан, “Ҳаммаси ўзимизга, халқ бўлиб шаклланишимизга боғлиқ” деган хулосага келади.

 

Китоб Рашидов ҳаёти билан боғлиқ 11 саҳифани ёритади. Аммо, катта сиёсатчи, давлат раҳбари, ёзувчи ва маданият арбоби бўлган Шароф Рашидовнинг ҳали биз учун қоронғи томонлари кўп. Бу муаллифнинг бу борадаги изланишлари ҳали яна давом этишини билдиради.

 

Рустам Жабборов,

журналист

 

Ўхшаш мақолалар: Эътироф, адашув, КГБ раиси сотқинлиги ва руҳий босимРашидов бошқаруви ҳақида тўрт ҳикоя

 

«Рашидов жиддий ҳасталикларни бошидан кечираётганига қарамай, ўзини аямади» – Андроповнинг ғалати «меҳрибонлиги» нимадан далолат эди?

 

 

Ўзбек халқи ҳимояси учун Москва қаршисида ёлғиз қолган раҳбарШароф Рашидовнинг сўнгги кунлари

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси