Адабиёт
Бир муддат аввал Шароф Рашидов ҳаётининг охирги йиллари сўзланган 4 ҳикоя берилганди. Уларда Рашидовнинг иттифоқ раҳбарлари орасида алоҳида ҳурмат ва эътирофга сазоворлиги, давлат бошқаруви ва иқтисодида ўта иқтидорли экани, мамлакат фойдаси ва ҳимояси учун дадил ҳаракат қилгани, Брежневнинг ўлимидан сўнг унга нисбатан тазйиқ кучайиб, кўп ўтмай вафот этгани ҳақида сўз боради. Тинимсиз босим, туҳмат ва ишга бағишланган ҳаёт тарзи унинг соғлиғига ёмон таъсир қилиб, охир-оқибат Ўзбекистонни бало-қазодан тўсиб турган тоғ қулайди. Қуйида эса Рашидов ўлими хусусида яна тўрт ҳикоя келтирамиз.
Oyina.uz
Бешинчи ҳикоя. Ғалати меҳрибонлик
1983 йил октабр ойининг охирида, Шароф Рашидов вафот этганида КПСС Марказий Комитети Бош котиби Юрий Андропов Кремль касалхонасида ўлим тўшагида ётарди. У мамлакатни телефон ва палатасига киришга рухсат берилган энг ишончли одамлари орқали бошқарарди. Ана шундай яқин мулозимлардан бири, КПСС Марказий Комитети котиби ва бўлғуси Бош котиб, ўша пайтда Сиёсий бюро мажлисларига Андропов ўрнига раислик ваколатини амалга ошириб турган Константин Черненко эди. Рашидовнинг ўлими ҳақида ҳам Андроповга Черненко гапириб беради. Воқеа тафсилотларини эшитгач, бир муддат чуқур ўйга толган Андропов Сиёсий бюро аъзоларига «тилак ва топшириқлари»ни етказиш ҳақида Черненкога кўрсатма беради. Хўш, Андропов Рашидов ўлимидан қандай хулосага келган ва Черненко орқали Сиёсий бюрога қандай топшириқ берганди?
Касалхонада Андроповдан топшириқ олиб қайтган Черненко дарҳол Сиёсий бюро йиғилишини чақиради. Гапни Андроповнинг соғлиғи «яхши» эканидан бошлаб, Юрий Владимирович ўртоқларнинг, яъни Сиёсий бюро аъзолари соғлиғидан қаттиқ ташвишда чекаётганини айтади. «Ўртоқ Андропов Рашидов ҳаётига алоҳида тўхталиб ўтдилар, – деб ўз сўзини давом эттиради. – Шароф Рашидович жиддий хасталикларни бошидан кечираётган бўлсада, ўзини аямай ўлимидан бир кун олдин пахтазор бўйлаб 6-7 километр масофани пиёда босиб ўтган. Ахир бу унинг ёшида мутлақо мумкин эмасди. Бу мусибат барчамизга сабоқ бўлиши керак, соғлиғимизга ўта жиддий эътибор қаратишимиз лозим, деб таъкидладилар Юрий Владимирович», дея сўзини якунлайди Черненко.
Рашидовнинг вафотидан сўнг Андропов томонидан унга кўрсатилган ғалати «меҳрибонлик» ўйлантириб қўяди кишини. Ахир бу ҳалол ва меҳнаткаш инсонни режани бажарасан, 6 миллион пахта топширасан, деб пахтазорни пиёда оралатиб қўйган ким? Хоразм пахтакорлари ғалабасини шубҳа остига олиб, кўнглини синдирган, қон босимини оширган ким? Комиссия устига комиссия ташлаб, Ўзбекистонни марказнинг мараз терговчилари оёғи остига итқитган ким? Қилғиликни қилиб, бир одамни ажалидан беш кун бурун гўрга тиққач, кўрсатилган бу «муруввату меҳрибонлик» энди кимга керак?
Сиёсий бюронинг юқоридаги протоколидан шу нарса маълумки, Андропов ҳам умри шомида Рашидовга нисбатан адолатсизлик қилганини бир қадар ҳис этган. Ҳаёт шами сўниб бораётган қари чекист виждон азобида қолган бўлиши эҳтимоли бормикин? Балки у ҳам афсуслангандир? Унинг Черненко орқали юборган тилаги Рашидов касал ҳолида нега ўзини асрамади, зарур эдими 6-7 километрлаб пахтазорда пиёда юриши, биз жонкуяр бир дўстимиздан ажралиб қолдик, деган сўзлардан иборат. Ўзи Ўзбекистонга юборган комиссиялар ва терговчилар, «қўшиб ёзишлар», «жиноятлар» ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган. Инсон ўлим арафасида кимларгадир яхшилик қилишга улгурмаганидан афсус чекади, дейишади. Ҳеч бўлмаса шу гапи билан Рашидов руҳидан узр сўрагандир... Яна ким билади дейсиз...
Олтинчи ҳикоя. Ғараз ва ҳасадга тўла юраклар
Георгий Данелиянинг «Мимино» фильмида Арманистонга янги «Краз» машинасини олиб кетиш учун Валико (Фрунзик Мкртчян ижро этган) исмли ҳайдовчи Москвага келади. У меҳмонхонада туриб ҳар куни машина берадиган гаражга телефон қилади. Навбатдаги қўнғироғига «Ҳали сизга машина йўқ» деган жавобни эшитиши биланоқ: «Нега, ахир Ўзбекистонга бердиларинг-ку», дейди. Албатта, бунга совет тузуми даврида Москвадан бирор нима ундириш ўта мушкул бўлганини кўрсатувчи бир «деталь» деб ҳам қараш мумкин. Аммо Данелия фильмларининг муваффақияти шундаки, айнан мана шундай майда «деталь»лар орқали қаҳрамонлар ва давр характерини очади. Гапни узоқдан бошлашимиз сабаби: Ўзбекистон Рашидовнинг қатъияти ва саъй-ҳаракати туфайли Москвадан жуда кўп нарса ундирган. Бу эса бошқа республикаларни, хусусан, тарихан туркий халқлар қатори бизни ўзига душман деб билган миллатларнинг ғашига теккан.
Бундай қора юраклар Кремлда ҳам бисёр эди. Рашидовни халқ орасидаги обрў-эътибори, айниқса, мамлакат раҳбари Брежнев билан самимий муносабати ва унга ўз сўзини, таклиф ҳамда ташаббусини ўтказа олиши ҳасадгўйларнинг уйқусини қочирган.
Шароф Рашидов тажрибали раҳбар сифатида Ўзбекистонга дохил масалаларни иттифоқ миқёсидаги тегишли вазирлар, КПСС Марказий Комитетининг котиблари олдига кўндаланг қўйган. Уларнинг мижғов жавоблари, ҳафсаласизликларига дуч келгач, Брежнев билан дадил гаплашиб мақсадига эришган. Ўзини худо чоғлаб юрган, Ўзбекистонни том маънода мустамлака бир юрт сифатида кўрадиган бу кимсаларга Рашидовнинг масалани тўғридан-тўғри Бош котиб билан ҳал қилиб кетавериши ёқмаган.
Ўзбекистон КГБсининг анчайин холис инсон бўлган раиси Эдуард Нордман китобида ёзишича, 1978 йили Рашидов устидан Андроповга шикоят қилади. Шунда Андропов: «Эдуард, сени деб Рашидов билан яхши-ёмон бўлишни истамайман, айб ўзингда, тушун, Шароф Рашидовични Бош котибимиз Леонид Брежнев қаттиқ ҳурмат қилади», дея жавоб беради.
Аброл Кахаровнинг хотираларида Рашидов Мурунтов олтин конини ишга тушириш бўйича дастлаб СССР рангли металлар вазири Ломакога мурожаат қилади. Унинг бепарволигига гувоҳ бўлгач, ўша пайтда иттифоқдаги энг қудратли вазирлик – Ўрта машинасозлик вазирлиги раҳбари Ефим Славскийни бу ишга жалб этишга уринади. Аммо Славский ҳам вазирлиги энг аввало мамлакат мудофаа қудратини оширишга сафарбар этилганини рўкач қилиб, бош қўшмаганидан кейин Шароф Рашидович, бу масалани Сиёсий бюрога олиб чиқишдан аввал сиз билан бир маслаҳат қилдимда, деб гапни қисқа қилади ва дарҳол ишга киришади. Охир-оқибат бу лойиҳани амалга ошириш айнан Ефим Славский ва унинг қудратли вазирлигига топширилишига эришади. Ушбу вазиятда ҳам кўриниб турибдики, Рашидов Сиёсий бюро ва Брежневга чиқишдан аввал шу соҳа вазирлари олдидан ўтишни канда этмаган.
Ўзини англаб етган, қалбида ғурур, юрагида жасорат бор ва, энг муҳими, ташқи душманга қарши уюша оладиган, қаерда бўлмасин бир-бирини қаттиқ қўллаб-қувватлайдиган халқни ҳеч бир рақиб енга олмайди. Бу азалий ҳақиқат. Енгиши мумкин, лекин тиз чўктира олмайди – бундай халқ хўрликдан кўра ўлимни афзал билади. Рашидовнинг энг катта душмани эса «ичкарида» эди. У жонини жабборга бериб ҳимоя қилаётган халқи орасида жипслик, бирлик йўқ эди, афсуски. Айниқса, республика олий ҳокимиятини қўлга киритиш учун муттасил ошкора ва яширин курашлар кетарди. Шароф Рашидовичга қарши турган кучларнинг ҳеч нарса билан оқлаб бўлмас иши шундан иборат эдики, уларни Ўзбекистон, ўзбек халқи манфаатлари мутлақо қизитирмасди. Бу кимсаларнинг жони-жаҳони мансаб ва ҳокимият эди! Бу ҳокимиятга ўз сафдошини, халқини, юртини сотиб бўлсада эришиш олий мақсадга айланганди. Рашидов Москванинг зуғумларига бир илож топарди, бошқа халқларнинг айрим вакилларининг ғаразларига ҳам қарши тура оларди, аммо «ичимиз»даги душманлар – мансаб учун, ҳокимият учун наинки халқини, ҳатто отасини сотиб юборадиган манфур ва манқуртларнинг фитна-фасоди олдида ожиз қоларди. Бу уни юрак-юракдан ўртаб юборарди.
1968 йили академик Иброҳим Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» асари устидан Москвага чақув уюштирган ҳам, мансаб ва унвон учун ўзининг асл мақсадини яшириб, республикада адолатсизлик бўляпти қабилада шикоятлар ёзган ҳам ўзбекнинг ўзидан чиққан «зиёлилар» эди. Рашидов бундай «шикоятлар» ортида қайсидир олим ёки ёзувчининг майда манфаати борлигини сезиб турган. Афсуски, бизнинг зиёлиларимизда ўшанда ҳам, бугунги кунда ҳам аҳён-аҳён бўй кўрсатаётган бир қусур бор: дунёдаги барча унвону мансабларни берсангда, мажлису машваратлар тўрига ўтқазиб қўйсанг-да, бир муддат эсдан чиқарсанг бас – оҳу ноласи оламни тутар даражада зорланади. Унинг тўрт-беш шотири «устоз»ининг овозига жўр бўлади: миллатнинг шундай азиз инсонини унутишдия, дея...
Бу ҳикоянинг охирги ва муҳим гапи: кланлар ўртасида сиёсий курашлар фақат бизда эмас, бошқа республикаларда ҳам кечган. Лекин уларда курашаётган томонлар гаровга ҳокимиятнинг ўзини тиккан – зинҳор республикаси, миллати манфаатини эмас!
Еттинчи ҳикоя. Ўз ўрнида хушмуомалалик, ўз ўрнида қатъият
Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг 1984 йили бўлиб ўтган машъум XVI пленумидан кейин то 1990 йилларгача Шароф Рашидовни қоралашга енг шимариб киришган «ўзимдан чиққан валломат»лар дунёда не бир айб борки, барчасини унга ёпиштириш борасида мусобақани авж олдиришди. Истеъдодли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романида бундай кўрнамакларга ажойиб таъриф берилган, мазмуни қуйидагича: эртага Ошно мансабдан кетса, ундан чини билан озор чекканлар инсоф юзасидан ҳам жим туришлари мумкин, аммо Ошнонинг ялоғидан тўйиб ювинди ялаганлар биринчи бўлиб уни ёмонотлиқ қилишади, ҳатто вояга етмаган қизалоқ номусига теккан каслар ҳам ўзидан фаришта ясаб Ошнодан азият чеккан бўлиб чиқади.
Ана шундай каслар томонидан Рашидовга қўйилган айблардан бири – фақат Москвага, Кремлга хушомад уриб, доимо тавозеда бўлган эмиш, республика манфаатларини ҳимоя қилолмаган, фақат мансабини ўйлаган эмиш. Бу мутлақо ҳаёт ҳақиқатига мос келмаслигини юқоридаги ҳикояларда сўзлаб ўтдик. Рашидовнинг марказ билан муносабатлари қандай кечгани тафсилотлари у билан замондош ва бирга ишлашган КПСС Марказий Комитети, СССР Министрлар советидаги масъул раҳбарларнинг хотираларида сақланиб қолган. Бу манбаларни санасак, салмоқли ўрин эгаллайди. Шу боис уларнинг мазмунини умумлаштириб баён этамиз: Шароф Рашидов Сиёсий бюро аъзолари, КПСС МК котиблари, Иттифоқ ҳукумати аъзолари билан алоҳида хушмуомалалик ила муносабатда бўларди. Албатта, бу муносабатлар бир томонлама эмас, икки томонлама ўзаро ҳурматга қурилганди. Бош котиб Брежневдан бошлаб вазирларгача Шароф Рашидовга эҳтиром кўрсатар, уларнинг ҳар бири Ўзбекистон раҳбари билан суҳбатлашганда ўз ҳаддини билар, ҳеч қачон буйруқ оҳангида гаплашмасди. Рашидов Иттифоқдан ниманидир талаб қилганда ёки марказдаги раҳбарларнинг фикрига қўшилмаганда мулойим хушмуомалалик билан бир қаторда, талабни қатъий қўйишни ҳам уддасидан чиқарди. Токи Рашидов ҳаёт экан, унинг рухсатисиз Ўзбекистонга бирор бир комиссия ва текширувчилар бригадаси қадам босолмасди. Москва томонидан қўйилган ва марказнинг «кўзи ва қулоғи» ҳисобланган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети иккинчи котиби ва республика КГБ раиси ҳам 1983 йилга қадар Шароф Рашидовдан ҳайиқиб турган, у билан ҳисоблашган ва ҳеч қачон ҳаддидан ошиб кета олмаган.
1970 йиллар охири 1980 йиллар бошида вазир бўлиб ишлаган киши менга бир воқеани айтиб берганди. «Республикамиз учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга объект қурилишига узоқ уринишлардан сўнг рухсат олиб, сметасини тасдиқлатиб, пулини ҳам республика Молия вазирлиги ҳисобига ўтказиб Москвадан қайтаётгандим. Аэропортнинг «депутатский» хонасида ЎзКомпартия Марказий Комитети иккинчи котибига дуч келиб қолдим. У ҳам Москвадан Тошкентга қайтаётган экан.
Мени табрикланг, эсингиздами, икки йилдан буён ҳал бўлмай келаётган масаланинг охирига етдим ва шунча маблағ билан қайтаяпман, дедим. У мени қутлаш ҳам эсидан чиқиб, бу янгиликдан Шароф Рашидовичнинг хабари борми, деб сўради. Йўқ, Тошкентга етиб олганимиздан сўнг қабулларига кириб айтмоқчиман, дедим. Қўйсангчи бу гапни, деди-ю, махсус телефон орқали Москва аэропортидан Шароф акага телефон қилди. У алоқа аппарати ёнидаги юмшоқ кресло тепасида тик турганча чуқур тавозе ила Шароф Рашидович билан сўзлашди ва суюнчи олди.
Тўғриси, республикамизнинг кўпчилик раҳбарлари иккинчи котибдан бироз чўчиб, у билан ҳушёр гаплашардик. Ҳар қалай, Москвадан қўйилган одам. Унинг Шароф ака билан телефонда қарийб таъзим қилиб сўзлашгани, бу лойиҳанинг амалга ошгани шахсан сизнинг доно раҳбарлигингиз ва обрў-эътиборингиз туфайли, деб мақтов ёғдираётганини кўриб, эшитиб қалбимда ғурур тўйдим. Чунки «Москванинг одами» ҳам Рашидов даҳоси олдида бош эгиб турганди.
Гаплашиб бўлиб, дарҳол аэропорт хизматчисини чақирди: коньяк ва бутерброд буюрди. Ҳаммамиз учун ҳурматли бўлган Шароф Рашидовичнинг соғлиғи учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилди. У Рашидовдан мақтов эшитганидан ва хушхабарни биринчи бўлиб етказганидан зўр ҳаяжонда эди».
Саккизинчи ҳикоя. Кимга инонмоқ, кимга суянмоқ керак?
1982 йилнинг ноябрь ойида КПСС Марказий Комитети Бош котиби Леонид Брежнев вафот этганидан сўнг куни кеча Шароф Рашидов оёғига патак бўлишга тайёр турган иккиюзламачилар ғимирлаб қолишади. Янги Бош котибнинг Рашидовга муносабати ҳали қандай бўлишини билмаган ўзимиздаги мансабпараст ва манфаатпарастлар пайт пойлаб турганида, Москвадан дастлабки совуқ эпкинлар эса бошлайди. Ўша вақтда КПСС Марказий Комитетининг қишлоқ хўжалигига масъул котиби Михаил Горбачев биринчи бўлиб ўзлигини намоён қилади.
У Рашидовга сим қоқиб, пахта топшириш кунлик кўрсаткичини оширишни талаб этади. Шароф Рашидович ноябрь охирлаб бораётгани, Ўзбекистонда ёмғир аралаш қор ёғиб ўтгани, чаноқлар музлаб қолганини тушунтирмоқчи бўлади. Аммо Горбачев вазиятни англаб турсада, асосли сабабларни баҳонага йўйиб, бунақаси кетмайди, пахта топшириш кунлик кўрсаткичини оширинг, тамом-вассалом, деб телефон гўшагини қўйиб қўяди.
Авваллари Рашидов билан бунақанги оҳангда гаплашишга Горбачевнинг юраги дов бермасди. 1983 йилнинг февраль ойида КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси Ўзбекистондаги «пахта қўшиб ёзишлари»ни текшириш хусусида қарор қабул қилганидан сўнг Тошкентда ҳам, Москвада ҳам вазият ойдинлашади: Рашидов ғанимлари ўч олиш ва ҳужумга ўтиш вақти келганини англайдилар.
Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида Ўзбекистон ва шахсан ўзига қаратилган фитна-фасодларни кўравериб пишиб кетган Рашидов бу сафар ҳам вазиятни ўз назоратига олишга ҳаракат қилади. Унинг назарида, ўзи тарбиялаган раҳбар кадрлар, унинг меҳр-муруввати билан вояга етган зиёлилар ва, қолаверса, халқнинг катта қисми олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлайди – таҳликага ўрин йўқ!
Надоматлар бўлсинким, у ҳокимиятда мустаҳкам турганида эҳтиром билан бош эгиб юрган «садоқатли» мулозимларнинг ҳар бири ўз жонини қутқариб қолиш, бу йўлда хиёнат тугул, туҳматдан ҳам қайтмаслигига гувоҳ бўлади. Кўпдан буён қулай фурсат кутиб юрган «эски ғаним»лар ҳам дарров кураш майдонида от сура бошлайдилар. Айниқса, Рашидов ёнида бир муддат ишлаган, кейин эса чиркин қилмишлари туфайли ҳокимиятдан четлатилган ва унинг муруввати билан хорижга ишга юборилган, гўёки «хафа қилинган» каслар Москвадан йўлланаётган комиссияларга асосий «маслаҳатчи»ликка ёлланишади. Юзага келган қалтис ва мураккаб шароитда республика раҳбарияти гапни бир жойга қўйиб, Рашидов атрофида бирлашиб марказнинг босимларига қатъият кўрсатганида эди – «ўзбек иши», «пахта иши» бу қадар урчиб, халқ хўрланмаган, қатағонлар кўлами кенгайиб кетмаган бўлар эди.
Рашидов таҳликаларга тўла ўша машъум кунларда биринчи ҳамладаёқ таслим бўлишни ўзига ор деб билади. У ўзи учун ҳам, ўзбек халқининг обрў-эътибори учун ҳам курашга киради. Нонкўр ва қалби қабоҳатга тўлган Мелкумовни ишдан олганидан сўнг, марказнинг ариза ёзиш ҳақидаги таклифини рад этиб, дадил ишга киришади. Пахта йиғим-теримини якунланганидан кейин олти миллионлик режани бажариб, Москва олдига ўз талабларини қаторлаштиришни кўнглига тугиб қўяди. Аммо СССР Прокуратурасининг Ўзбекистонда итдек изғиб юрган терговчиларига область раҳбарлари биринчи сўроқдаёқ керагидан ортиқ кўрсатма беришлари ва ўзимиздан чиққан хоинларнинг улар билан «қўлни-қўлга бериб ишлашлари» Рашидов режаларига рахна солади. КПСС Марказий Комитети Бош котиби Андропов бошида турган, Марказий Комитетнинг бир қатор котиблари, масъул ходимлари бош қўшган, СССР Прокуратураси ва КГБси ходимларидан иборат комиссиялар ва терговчилари гуруҳи республикани қамал қилган бир шароитда республика «ичкариси» таслим бўлгани Рашидовнинг руҳини тушириб юборади.
1983 йилнинг октабр ойи охирида, Рашидов ўлимидан икки кун аввал СССР Министрлар совети раисининг биринчи ўринбосари Гейдар Алиев бошчилигида Ветнамга йўл олган совет делегацияси таркибида бўлган Николай Рижков (1985 йилдан СССР Министрлар совети раиси) хотираларида Рашидовнинг ўша пайтдаги ҳолатини қуйидагича эслайди: авваллари ҳам Рашидов билан кўп маротаба учрашгандим. У доимо кўтаринки руҳда бўлар, ҳар бир одамга алоҳида илтифот кўрсатиб, суҳбатларда ташаббусни қўлга олиб, барчанинг дилини хушнуд этарди. Бу сафар жуда тушкун ҳолатда эди. Делегация аъзолари учун уюштирилган зиёфатда Алиев ёнида сўлғин кайфиятда ўтирди. Мен уни таниёлмай қолдим. Аввалги Рашидовнинг фақат сурати қолгандек эди. Зиёфат чоғида биз билан бир даврада ўтирган бўлсада, хаёли бошқа томондалиги яққол сезилиб турарди.
Брежнев вафот этиб, Андроповнинг ҳокимиятга келишини Рашидов ва Ўзбекистон ғанимлари ана шундай қарши олганди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» романида Мирзо Улуғбек ҳазратлари ҳаётининг сўнгги кунлар тасвир этилган. Падаркуш Мирзо Абдулатиф қўшинлари Кеш шаҳрини эгаллаб, Самарқандга яқинлашганида Улуғбекнинг ҳокимияти заифлашиб қолганини кўрган амалдорлар, амирлар бирин-кетин тахт соҳибига хиёнат қилиб, душман билан тил бириктиришади. Шунда Мирзо Улуғбек «Бу машъум салтанатда кимга инонмоқ керак, кимга суянмоқ керак?!» деб фарёд қилади. Назаримда, Шароф Рашидовнинг кўнглида ҳам бундан беш асрдан зиёд аввал Мирзо Улуғбекнинг қалбидаги фарёд такрорланган бўлса ажаб эмас.
Жалолиддин САФОЕВ.
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ