Адабиёт
Биринчи ҳикоя: Барибир тан беришган
Собиқ иттифоқ пайти унинг фамилияси жуда кўпчиликка маълум эди. Йилига икки марта – мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг якунлари ва келгуси режалари СССР Олий Совети сессияларида муҳокама қилинганда у асосий шахс сифатида ўртага чиқарди. Собиқ совет империясининг бош иқтисодчиси, экономикасининг эгаси, деган ном олган ушбу зот – Николай Байбаков эди. Совет давлати бошқарувининг энг олий ва бош бўғини ҳисобланган – КПСС Марказий Комитети сиёсий бюросининг марксизм бўтқасидан тўйинган, сиёсий-мафкуравий дағдағадан бошқа нарсани билмайдиган аъзоларидан фарқли ўлароқ Байбаков социалистик иқтисодий тизим ва уни бошқаришнинг ипидан игнасига биладиган прагматик раҳбар бўлган. У ҳеч қачон Сиёсий бюро аъзоси ва унга номзод бўлмаган эса-да, СССР Министрлар совети раисининг ўринбосари – СССР давлат режа қўмитаси (Госплан) раиси сифатида мамлакатнинг иқтисодий бошқарувида Министрлар Совети раиси Косигиндан кейинги иккинчи шахс эди. У айни лавозимда 1965–1985 йиллар – нақ 20 йил ишлаган. Аслида 1950-йиллар бошидан совет иқтисодиётининг устуни бўлган давлат режа қўмитасида турли лавозимларни эгаллаган. Хўш, Байбаковга бундай кенгроқ таъриф беришдан муддони не? – деб сўрашингиз мумкин.
Николай Байбаков нафақага чиққандан сўнг совет давлатининг иқтисодий сиёсати, унинг ютуқ ва камчиликлари, партия ва ҳукумат раҳбарларининг лаёқати ҳақида ўз хотираларини ёзиб “Сорок лет в правительстве”, “От Сталина до Ельцина” номли китобларни нашр эттирган. У ўз хотираларида Совет давлати тепасида турган олий раҳбариятнинг барча аъзолари иқтисодиётни ниҳоятда жўн (примитив) билишини аниқ фактлар асосида баён қилган. “Бутун мамлакатда (1950–1985 йилларни назар тутмоқда) иқтисодиётни тушунадиган ва халқ хўжалиги бошқарувини профессионал даражада биладиган икки нафар раҳбарни билардим ва шуларга тан берардим – биринчиси СССР Министрлар советининг раиси Алексей Николаевич Косигин, иккинчиси Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети биринчи котиби Шароф Рашидович Рашидов” – деб ёзади у.
Косигинга тан бериши тушунарли, аммо нега Шароф Рашидов? Рашидов дастлаб Педагогика техникуми, сўнг Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаган, меҳнат фаолиятини газетада мухбирликдан бошлаган, кейинчалик ҳам Ёзувчилар уюшмаси раиси, газета муҳаррири, Олий Совет Президуми раиси, хуллас, то 1959 йил республика партия ташкилоти раҳбарлигига сайлангунига қадар фақат ижодий-мафкуравий соҳада ишлаган. Аслида Ўзбекистон Компартияси етакчилиги ҳам энг аввало, сиёсий раҳбарлик ҳисобланади. Махсус ва бирламчи иқтисодий билим ва касб эгаси бўлмай туриб ҳамда иқтисодий соҳада бирор кун ҳам раҳбар бўлиб ишламаган Шароф Рашидов СССРдек қудратли давлатнинг донғи достон иқтисодий раҳбарининг эътирофига сазовор бўлишга қандай эришган?
Рашидов характеридаги масъулият, тиришқоқлик, чуқур билим ва тафаккур, ўз халқига бўлган сўнмас муҳаббат туфайли бунга эришган, деб ўйлайман. Энг муҳими тилда такрорлагани билан, ич-ичидан ҳар хил коммунистик “изм”ларни рад этгани, марказдаги “доҳийлар”нинг “ақл-заковати”га ўша замон урфи бўйича ҳамду сано айтгани билан уларнинг ҳеч нарсага арзимас шахсияти, ноқис ақл-идрокини қалбан сезгани ва шу боис уларга зардаси қайнамай муносабатда бўлиб, бу нодонларни Ўзбекистон манфаати “Иттифоқ манфаати” эканлигига ишонтира билганидадир. Содда қилиб айтганда, ўз юрти ва халқига муҳаббати уни тан олинган иқтисодчи даражасига кўтарган.
Иккинчи ҳикоя: Яхши ниятда адашиш...
Миллатпарвар инсон сифатида Рашидовни ўйлантирган ва қийнаган муаммолардан бири Ўзбекистон КГБ (Давлат хавфсизлик комитети) раиси лавозимига ўзбек миллатига мансуб шахсни тайинланишига эришиш бўлган. Бунинг сабаблари мўл эди. Айнан республика КГБси томонидан Москвага юборилаётган ахборот орқали халқимиз ва юртимиз ҳақида хулоса қилинар, баҳо бериларди. Рашидов кўп ҳолларда бу идора орқали Ўзбекистондан марказ сари оқиб бораётган хабарлар ўта нохолис эканлигини сезиб турарди. Айниқса, Кавказорти республикаларида бу масала аллақачон ҳал бўлгани унинг миллий ғурурига ҳам тегиб кетарди чамамда. Айниқса, Арманистон, Грузиядан сўнг 1967 йил Озарбайжонда Гейдар Алиев республика КГБси раиси этиб тайинланганидан сўнг, бу воқеа уни ҳаракатни янада кучайтиришга ундаган. Тарихий фактларлар шундан далолат берадики, у илк бора бу ишга 1974 йилда жиддий уриниб кўради. Аммо КПСС Марказий комитети бош котиби Брежнев “Азизим Шароф, бизнинг ишимизга аралашмаганинг маъқул” деб жуда “юмшоқ” оҳангда танбеҳ беради. Шароф Рашидов бир муддат ортга чекинади. Қулай фурсатни кутади ва бу борадаги тактикасини бироз ўзгартиради: дастлаб, яъни биринчи босқичда ўзбек миллатига мансуб одамни эмас, Ўзбекистонда туғилиб ўсган, миллий шароитни яхши биладиган бошқа миллат вакилини раҳбарликка тайинлаб, сўнг асосий муддаога ўтмоқни ният қилади. У Левон Мелкумовни танлайди. Мелкумов 1922 йил Самарқадда туғилган, вилоят комсомол комитетида ишлаган, Рашидовнинг ёрдами ва ҳомийлиги билан Ўзбекистон КГБси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаганди.
1974–1978 йиллар Эдуард Нордман Ўзбекистон КГБ раиси эди. Раислик лавозимига бир қадам қолганлигини сезган Мелкумов ўз раҳбари – Нордманга қарши “кенг фронт” бўйлаб ҳужумга ўтади. У ўзининг иғволарига афсуски Рашидовни ҳам ишонтиришнинг уддасидан чиқади. Охир-оқибат Нордман ишдан олинганидан сўнг Рашидов ҳеч иккиланмасдан Мелкумов номзодини раисликка илгари суради. Рашидовни кўпам ёқтирмайдиган, унга қарши зимдан тиш қайраб юрган СССР КГБсининг ўша пайтдаги раиси Юрий Андропов ҳам “Шароф Рашидович, Мелкумов борасида жуда катта хатога йўл қўймоқдасиз” деб огоҳлантиради. Ариза ёзиб, Ўзбекистонни тарк этишидан аввал Рашидов билан учрашган Нордман ҳам раисликка танланган кимса бошингизга кўп ташвиш келтиради, чунки, у “қўзичоқ ниқобидаги ваҳший ва кўрнамак” дея юрт раҳбарини ҳушёр бўлишга даъват этади. Бироқ Рашидов жуда катта саъй-ҳаракатлар билан Мелкумовнинг раисликка тайинланишига эришади. Бу Ўзбекистон учун фожиаларнинг бошланиши эди.
Ўзбекистондаги энг “ёғли жойлар” Мелкумов миллатдошлари назоратига ўта бошлайди. Бу ҳам етмагандек, у очиқчасига Прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ваколат доирасидаги ишларга аралаша бошлайди. Тинимсиз Москвага Рашидов устидан чақувлар йўллашни йўлга қўяди. Шу билан бирга кези келганда Рашидовга “садоқати”ни изҳор этишдан тинмайди. 1982 йил ноябрь ойида собиқ иттифоқда раҳбарият ўзгариб, Брежнев ўрнига Андропов тахтга келаганида Мелкумов энди очиқчасига ҳужумга ўтади. Рашидов ўз қўли билан кўрнамак ва хоинни парвариш қилганлигини 1983 йилнинг бошида англаб етади. У ташаббусни қўлга олиб, воқеалар ўзанини ўзгартиришга уриниб кўради. Аммо Мелкумов аллақачон Андропов билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга эришганди. Буни ҳатто ўзи тан олиб интервью берганлиги ҳозир ҳам YouTube да турибди.
Шароф Рашидов Мелкумов масаласида адашганлигини ўзи ҳам тан олади. “1983 йилнинг ёзида янги ишим юзасидан мени Германиядан Москвага чақириб олишди, – деб ёзади собиқ раис Эдуард Нордман ўз хотираларида. – Айни шу кунларда Тошкентдан хизмат сафаридан қайтган СССР КГБси раиси ўринбосари генерал-полковник Г.Е. Агеев сафар таассуротлари билан ўртоқлашди: “Рашидов менга нима деганини биласанми? Эдуардни республика КГБ раислигидан бўшатиб жуда катта хатога йўл қўйган эканман”. Ўйлашимча, мабодо мен Ўзбекистон КГБси раиси лавозимида қолганимда эди, Гдлян-Ивановнинг қонунсизликларига йўл қўйиб Ўзбекистонда қутуришига ҳеч қачон йўл қўймаслигимни у тушуниб етганди. Ҳақиқатан ҳам бунга йўл қўймасдим.
Мендан кўпинча Рашидов мафия сардори эдими, ҳақиқатан ҳам порахўр эдими, деб сўрашади. Комил ишонч билан йўқ, деб жавоб бераман! У гонорарлари ҳисобидан тўлиқ таъминотга эга инсон эди. Унинг пок ва ҳалол одам эканлигига ишонганман ва ҳануз ишонаман!
1978 йил адолатсиз равишда ишдан олинганлигим учун хафа бўлганмидим? Эҳтимол ҳар қандай ақли расо одам каби менда ҳам бироз хафагарчилик бўлгандир. Аммо ўзбек халқидан ҳеч қачон хафа бўлмаганман. Мен вазиятни соғлом ақл-идрок билан таҳлил қилиб, масаланинг моҳиятини тушуниб етгандим: Ўзбекистонда мени ўзбеклар эмас, бошқалар сотганди. (У ишдан олиниш воқеасини таҳлил қилиб энг яқин ўринбосари унга туҳмат уюштириб сотганлигини айтиб ўтган. Ўшанда унинг биринчи ўринбосари Левон Мелкумов бўлган. Таржимон) Ўзбеклар бошқа халқларга қараганда ҳалол ва виждонли эди”. (Эдуард Нордман. “Штрихи к портретам: генерал КГБ рассказывает” китобидан).
Учинчи ҳикоя: Бўйсундиришга уриниш
Андропов тахтга келгач ўзи ёмон кўрган сафдошларини жазолашга киришади. Ишни ички ишлар министри Николай Шёлоковдан бошлайди. Аммо унинг қаттиққўл сиёсатига ишонишлари ва қўрқишлари учун жазолашга каттароқ “ўлжа” керак эди. Ўзининг ҳалоллиги, меҳнатсеварлиги ва миллатпарварлиги ҳамда бир қадар мустақил ҳаракатлари билан кўпдан Андроповга ёқмай келаётган Шароф Рашидов ва Ўзбекистонни жазо объекти сифатида танлайди. Нега айнан Ўзбекистон? Биринчидан, Мелкумов 1979–1983 йиллар оралиғида Рашидовга қарши шундай бўҳтонлар хирмонини “бунёд” этган эдики, унинг иғволарига кўпчилик ишонган, ишонмаса-да бу нарса ҳеч қурса бир текшириб кўришни тақозо этарди. Иккинчидан, Андропов халқимиз характерини яхши биларди: миллат ва унинг элитаси ичида бирлик йўқ, Москвадан бошланадиган жазо операциясига бу халқ индамай, унсиз бош эгади ҳамда бир-бировини албатта сотади!
Андроповнинг Рашидовни ёмон кўришига бошқа сабаблар ҳам бор эди. “Партия олтинлари” китобининг муаллифи Игорь Буничнинг ёзишича, 1978 йил Андропов Москва шаҳар партия комитети биринчи секретари Гришин ва шаҳар савдо ташкилотларидаги қонунбузарликлар ҳақида бош котиб Брежневга маълумот киритади. Бу ҳужжат Сиёсий бюронинг уч-тўрт нафар аъзоси иштирокида муҳокама қилинади. Тақдир тақазоси билан шу кунларда Москвада бўлган Рашидовни ҳам ушбу йиғилишга таклиф этишади. Москва хўжайини Гришин бош раҳбар Брежневнинг яқин дўсти бўлгани боис, бош котиб Андроповга қаттиқ танбеҳ беради: КГБнинг вазифаси партия раҳбарлари устидан маълумот тўплаш эмас, партия арбобларини ҳимоя қилиш! Мажлиснинг бошқа иштирокчилари қатори Рашидов ҳам Брежнев позициясидан келиб чиқиб Андроповга қарши бир-икки оғиз гап айтади. Мажлис охирида эса Брежнев Андроповга ҳам ишонишини таъкидлаб, Гришин ва Андроповни яраштириб қўяди. Аммо бош котибнинг субутсизлиги Рашидовни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Ўшандаёқ Андропов жайдарича айтганда Рашидовни “ҳап сеними” деб нишонга олиб қўйган бўлиши мумкин.
Хуллас, Андропов мамлакат тепасига келгач Рашидовдан ўч олишни бошлайди. КПСС марказий комитети ташкилий-кадрлар сиёсати бўлими бошлиғи Егор Лигачев орқали 1983 йил май ойида Рашидов Москвага чақирилади. Лигачев ўз хотираларида ёзишича, Рашидовнинг олдига Ўзбекистондан келган шикоятларни қўйиб, республикада вазият оғир эканлигини айтиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни таклиф қилади. Шундан сўнг Рашидов, ўртоқ Лигачев, сиз ким билан гаплашаётганлигингизни унутманг, мен Сиёсий бюрога номзодман, сиз эса бор-йўғи бўлим мудирисиз, деб кескин оҳангда унинг гапларини қайириб ташлайди. Суҳбат бош котиб Андропов хонасига кўчади. Ўша пайтда КПСС марказий комитетида ишлаган бошқа масъул ходимларнинг интервьюларида Рашидов Андропов хонасидан ранглари оқариб, Лигачев эса тантанавор қиёфада чиқишгани таъкидланади. Лигачев Бош котиб қабулхонасида, ўртоқ Рашидов, юринг суҳбатни менинг хонамда давом эттирамиз, – дейди. Бунга жавобан эса Рашидов: биз ҳамма гапни гаплашиб олдик, қўшимча гапингиз бўлса, мен фалончиевнинг кабинетида бўламан, деб Сиёсий бюро аъзоларидан бирининг номи тилга олади ва шаҳдам қадамлар билан мағрур чиқиб кетади. Лигачев эса тарвузи қўлидан тушган одамдек қабулхонада серрайиб қолади.
Хуллас, Рашидовни бўйсундириш ва аризасини олишга биринчи уриниш ана шундай хотима топади.
Тўртинчи ҳикоя: Руҳан эзиш
1983 йилнинг ёз фаслида бўйсунмас Рашидовни нима қилиб бўлса-да бўйсундиришга уринишлар янада авж олади. Воқеалар ривожини ҳали ўз назоратида ушлаб турган Шароф Рашидович ишни қабоҳат илдизи – Мелкумовни Ўзбекистонда томирини қирқишдан бошлайди. “Социалистик қонунчилик учун курашчи” бу манфур кимсанинг ўзи мафиянинг ҳомийси сифатида жиноят ботқоғига ботган эди. Республика КГБ раиси ва унинг оиласи кирдикорларини фош этувчи рад этиб бўлмайдиган ҳужжатлар Мелкумовнинг Москвадаги ҳомийлари столи устига ташланганида Рашидовнинг талабини бажармасликка уларда имкон ва илож қолмайди: раис ишдан бўшатилиб Чехославакиядаги СССР элчихонсида атташе сифатида жон сақлашга мажбур бўлади. КПСС марказий комитети масъул ходимларидан бирининг эслашича, ўшанда кўпчилик Рашидовнинг нуфузи ва дадил ҳаракатларига қойил қолишади: ўзи ниҳоятда қийин аҳволда қолганига қарамасдан, Ўзбекистонга комиссия устига комиссия ёпирилган ва энг муҳими Мелкумовни кимсан Бош котибнинг шахсан ўзи қўллаб-қувватлаб турганида – КГБ раисини ишдан олишинишга эришиш ўша вазиятда ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайдиган иш эди-да!
Энди Андропов Рашидовни руҳан синдириш йўлига ўтади. Маълумки, Шароф Рашидовичнинг беҳаловат турмуш тарзи, меҳнаткашлиги, марказнинг тинимсиз босимига қарши туриши, ичимиздаги сотқинларнинг миллат манфаатларига хиёнати унинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатганди. Айниқса 1983 йилда Андроповнинг Ўзбекистонга нисбатан адолатсиз сиёсати уни ҳолдан тойдирганди. Ана шундай шароитда 1983 йилнинг сентябрь ойида олис Африканинг Эфиопия давлатига совет ҳукумат делегация раҳбари сифатида сафарга жўнатилади. Қон босими юқори бўлган инсонни самолётда қарйиб 8 соат учиб бориши албатта осон кечмаган. Бунинг устига сафар давомида Африка жазирамаси ва бу мамлакатнинг ҳавоси оғирлигидан анча қийналади.
Сафардан қайтиши билан марказ пахта йиғим-терими бўйича топшириқ устига топшириқ бера бошлайди, иккинчи томондан эса Ўзбекистонга келган кўплаб комиссия аъзолари ва терговчилар нормал ишлашга тинимсиз халақит беришади.
Андроповнинг Рашидовни руҳан сингдиришга қаратилган манфур ҳаракатига яна бир мисол келтирсам. 1999 йил раҳматли устоз журналист Сафар Остонов “Пахта иши” бўйича китоб ёзяпман, сиз тарихни яхши биласиз, Адлия вазирлиги архивидан материалларни саралашга ёрдам берсангиз деб қолди. Биргалашиб вазирлик архивига кирдик. Қатор тахланган “дело”лардан бирини қўлга олдим – бу 1968–1986 йиллар Хоразм вилояти обкоми биринчи секретари бўлган Мадиёр Худойбергенов “дело”си экан. Уни шахсан Гдляннинг ўзи сўроқ қилган. Терговчи, Худойбергеновдан Шароф Рашидов ўлимидан бир кун аввал Хоразмда бўлган, менга шу сафар тафсилотларини гапириб беринг, дейди. Обком раҳбари Рашидов Хоразмга келган куни вилоятимиз пахта режасини бажараётганди, деб сўз бошлайди. Аъанага мувофиқ кечқурун соат 21.00 га вилоятнинг барча фаолларини обкомнинг мажлислар залига тўпладик. Брежнев ҳаётлиги пайтида Рашидовга пахта режаси бажарилганлиги ҳақида рапорт топширганимдан сўнг, менинг ишчи кабинетимдан бош котибга телефон қилиб унга хушхабарни етказиш одатга кирганди. Брежнев эса, вилоят аҳлини катта меҳнат ғалабаси билан қутларди (бундай пайтда Брежневнинг табрик ва мақтовларини мен ҳам эштишим учун телефон овозини очиб қўярди) ва Рашидов залда кутиб турган фаолларга ҳозиргина бош котиб билан телефонда суҳбатлашгани ва Хоразм меҳнаткашларига салом ва табрик йўллаганини тантанавор оҳангда айтарди ва унинг сўзи гулдурос қарсакларга уланиб кетарди. Бу сафар ҳам худди шундай бўлишига умид қилиб тургандик. Рашидов Москвага Андроповга қўнғироқ қилди. Андропов касалхонда экан. Шароф Рашидович қувонч билан Хоразм меҳнаткашлари пахта планини бажарганликларини, қўлида бу ҳақдаги рапортни ушлаб турганлигини айтди. У томондан эса Андроповнинг руҳсиз ва хириллаган овози эшитилди: хўш, Хоразм вилояти планни бажарган бўлса нега мени безовта қиляпсан? Бу ҳақда Сиёсий бюрога телефон қил, менга эмас. Биз ҳали режа қандай бажарилганлигини албатта текшириб кўрамиз, – деб қўрслик билан трубкани қўйиб қўйди. Шароф ака ёнидаги столга оҳиста ўтирди ва бир муддат ўйланиб қолди. Назаримда шу пайт мажлислар залида бизни кутиб турган одамларни ҳам унутгандек эди. Юрий Владимировичнинг тоблари йўқ, шу боис сал қаттироқ гапирдилар, хафа бўлманг, Шароф ака, –дедим. Назаримда гапим ҳатто у кишининг қулоқларига ҳам кирмади. Сўнг, Шароф Рашидович, одамлар кутиб қолди, чиқиб тарбриклайсизми, – деб сўрадим. “Йўқ, Мадиёржон, ўзингиз чиқиб менинг ҳам номимдан табриклай қолинг” – дедилар. Мен ҳам гапни кўпам чўзмасдан, қисқа табрик айтиб, йигирма дақиқа ичида мажлисни якунлаб кабинетимга қайтдим. Шароф Рашидов аллақачон кетишга шай бўлиб турган эканлар. Ҳайрон, бўлиб қолдим. Чунки режамиз бўйича Хоразмда тунаб қолишлари, эрталаб эса Қорақалпоғистонга кетишлари керак эди. Ана шундай ҳолат ва кайфиятда у кишини кузатгандим, деб сўзини якунлайди Худойбергенов.
Ёши етмишга яқинлашиб қолган, жиддий хасталикларни бошидан кечираётган, у раҳбарлик қилаётган республикада марказнинг комиссияси ишлаётган, мамлакат бош прокуратураси терговчилари итдек изғиб юрган бир пайтда машаққатли ва олис сафарга жўнатиш, бир умр ғоя ва тузумга ҳалол ҳамда сидқидилдан хизмат қилган баобрў раҳбарнинг яхши ният ва хушхабар билан қилган қўнғироғига юзаки бўлса ҳам вазият тақозисига мос жавоб қайтармасдан силтаб ташлаш – буларнинг барчаси Рашидовни руҳан синдириш тактикаси эди.
Хўш, Рашидов нега биринчи ишорадаёқ вазифасидан озод этиш тўғрисида ариза ёзиб бермаган? Бу ким учундир охиригача мансаб курсисига ёпишиб олиш каби туюлиши мумкин. Аммо, ҳамма бало шунда эдики, Рашидовни ариза ёзиши – Ўзбекистон ўз қалқонидан жудо бўлиши билан тенг эди. Шароф Рашидович буни теран англаб турганди. У сўнгги нафасигача юртни ва халқни қатағондан асраб турди. Унинг вафотидан сўнг эса Ўзбекистон собиқ марказ томонидан буткул оёқ ости қилинди. Сиёсий ва иқтисодий соҳада жуда катта раҳбарлик тажрибасига эга Ўзбекистон ҳукумати раҳбаридан бошлаб энг оддий бригадиргача – 25 минг инсон қамалди, уларнинг бир нечтаси отувга ҳукм қилинди, минглаб малакали мутахассис асоссиз ишдан олинди, ўзбекнинг ғурури топталди.
...Биргина Рашидов тақдири мисолида собиқ иттифоқнинг манфур сиёсатига, шунчаки бир қур назар солган одам – дарров бу тузумнинг адолатдан бехабар башарасини яққол кўради. Шароф Рашидовнинг энг катта хизмати эса қарийб чорак аср Ўзбекистон ва ўзбек халқини кўксини қалқон қилиб қатағондан асраганидадир!
Жалолиддин САФОЕВ.
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ