Ўзбек халқи ҳимояси учун Москва қаршисида ёлғиз қолган раҳбар – Шароф Рашидовнинг сўнгги кунлари


Сақлаш
18:36 / 06.11.2023 888 0

Сиракузнинг ҳукмдори Катта Дионисийнинг (эрамизга қадар 432-367 йиллар) яқин мулозимларидан бўлган Дамокл тахт соҳиби ҳақида ичиқоралик ва ғараз билан гапириб, ҳукмдорни дунёдаги энг бахтли одам, дейди. Ҳукмдор Дионисий бу гапни эшитиб, навбатдаги зиёфат чоғида ҳасадчи Дамоклни тахтга чиқишга мажбур қилади ва унинг боши узра от ёлига боғланган қилич осиб қўяди. От ёли шунчалик ингичка ва омонат эдики, исталган пайт узилиб кетиб, тахтда ўтирган одамнинг бошини кесиши муқаррар эди. Ҳукмдор Дионисий Дамоклга: “Биз тахт соҳибларининг “бахти” доимо бошимизни кесишга шай турган ана шу омонат қиличда” дейди. Бу тарихий воқеа тож-тахт, салтанатнинг омонатлиги ва энг муҳими хавфу хатарларга тўла эканидан огоҳ этади. Шу билан бирга халқ ва мамлакат тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олиш, миллат манфаатларига ҳалол хизмат қилишни ўз бурчи деб билиш ҳам сиёсатчи учун шарафдир. Бугун таваллудига 106 йил тўлаётган давлат, сиёсат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳам ўзбек халқига садоқат билан хизмат қилишдек шарафли умр кечирган. Аммо унинг ҳам боши узра “Дамокл қиличи” осилиб турарди... Oyina.uz ана шундай шароитда ҳам халқидан воз кечмаган ва якунда хиёнатларга учраган Шароф Рашидовнинг сўнгги кунларини ёдга олади.

 

Хиёнатларнинг бошланиши

СССР Конституциясида барча иттифоқдош республикалар тенг ва уларга Иттифоқ таркибидан чиқиш ҳуқуқи берилган бўлсада, бу гаплар декларатив характер касб этганди. Содда қилиб айтганда, бу “ҳуқуқ” сафсата эди холос. Амалда 14 та иттифоқдош республика мустамлака юрт бўлиб, давлат раҳбарлари ҳар бир қадами ва сўзи учун Кремлдан рухсат сўраши қатъий қоидага айланганди. “Халқлар дўстлиги”, “интернационализм” каби тушунчалар ҳукмрон миллатнинг манфаатларига бўйсундирилган кўп миллатли Ўзбекистонда раҳбар учун энг катта бош оғриғи – миллатлараро муносабатлар эди. Шароф Рашидов образли қилиб айтганда, аждарҳо оғзидан ўзбекнинг насибасини ажратиб олиши, бунда на сих, на кабоб куймаслиги керак эди.

 

1982 йилнинг ноябрь ойида КПСС Марказий Комитети Бош котиби Леонид Брежнев вафот этганидан сўнг Шароф Рашидовнинг оёғига патак бўлишга тайёр турган иккиюзламачи кимсалар ғимирлаб қолади. Янги Бош котиб келгач, Москвадан дастлабки совуқ эпкинлар эса бошлайди. Ўша пайтда КПСС Марказий Комитетининг қишлоқ хўжалигига масъул котиби бўлган Михаил Горбачев биринчи бўлиб ўзлигини намоён қилади. У Рашидовга телефон қилиб, пахта топшириш кунлик кўрсаткичини оширишни талаб этади. Шароф Рашидович ноябрь охирлаб бораётгани, Ўзбекистонда ёмғир аралаш қор ёғиб ўтгани, чаноқлар музлаб қолганини тушунтирмоқчи бўлади. Аммо, Михаил Горбачев вазиятни яхши англаб турсада, асосли сабабларни баҳонага йўйиб, “Бунақаси кетмайди, пахта топшириш кунлик кўрсаткичларни оширинг, тамом-вассалом”, дея телефон гўшагини қўйиб қўяди. Ҳолбуки, авваллари Рашидов билан бундай оҳангда гаплашишга унинг юраги дов бермасди. 1983 йилнинг февраль ойида КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси Ўзбекистондаги “пахта қўшиб ёзишлари”ни текшириш хусусида қарор қабул қилганидан сўнг Тошкентда ҳам, Москвада ҳам вазият ойдинлашади: Рашидов ғанимлари ўч олиш ва ҳужумга ўтиш вақти келганини англашади.

 

 

Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида Ўзбекистон ва шахсан ўзига қаратилган фитна-фасодларни кўравериб пишиб кетган Рашидов бу сафар ҳам вазиятни ўз назоратига олишга ҳаракат қилади. Унинг назарида, ўзи тарбиялаган раҳбар кадрлар, меҳр-муруввати билан вояга етган зиёлилар ва қолаверса, халқнинг катта қисми олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлайди – таҳликага ўрин йўқ эди! Надоматлар бўлсинким, тез орада у ҳокимиятда мустаҳкам турганида эҳтиром билан бош эгиб турган “садоқатли” мулозимлар жонини қутқариб қолиш учун хиёнат тугул, туҳматдан ҳам қайтмасликларига гувоҳ бўлади. Кўпдан буён қулай фурсат кутиб юрган “эски ғаним”лар ҳам дарров кураш майдонида от сура бошлайди. Рашидов ёнида бир муддат ишлаб, чиркин қилмишлари туфайли ҳокимиятдан четлатилган ва фақатгина давлат раҳбарининг муруввати билан хорижга ишга юборилган – гўёки “хафа қилинган” каслар Москвадан келаётган комиссияларга асосий “маслаҳатчи”ликка ёлланишади.

 

Москва қаршисида ёлғиз қолган ўзбек раҳбари

Юзага келган қалтис ва мураккаб шароитда республика раҳбарияти гапни бир жойга қўйиб, Рашидов атрофида бирлашиб, қатъият кўрсатганида “ўзбек иши”, “пахта иши” бу қадар урчиб кетмаган, халқ хўрланмаган, қатағонлар кўлами кенгайиб кетмаган бўлур эди. Чунки Москва томонидан ташкил этилган бундай операциялар бошқа республикалар – 1960 йилларнинг охирида Озарбайжонда, 1970 йилларнинг бошида Грузияда халқнинг жипслиги ва қатъияти туфайли аланга олмасдан, ҳовури пасайиб қолганди. Тўғри, уларда ҳам порахўр раҳбарларнинг бир қисми жазога тортилади. Аммо, “тозалаш” ишлари республика ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари томонидан амалга оширилган. Москва уларга марказдан на раҳбар кадрлар, на комиссия, терговчиларни жўнатишга ҳад қила олмаган. Шунинг учун Рашидов ҳам халқни қўя турайлик, ҳеч бўлмаса, оқ-қорани таниган раҳбарлар ва зиёлиларга умид қилган бўлиши мумкин. Афсуски, у Кремлнинг қаҳрли ва даҳшатли ҳамласи қаршисида ёлғиз ўзи қолиб кетади. Буни Шароф Рашидовнинг ўзи 1983 йил май ойида Нуриддин Муҳиддинов (1955-1958 йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби, 1958-1962 йиллар КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси аъзоси ва МК котиби) билан учрашганида ҳам тан олади: “Дўстим, Ўзбекистонга тезроқ қайтинг, ёлғизланиб қолдим!»

Рашидов таҳликаларга тўла ўша машъум кунларда таслим бўлишни ўзига ор деб билади. У ўзи ва ўзбек халқининг шаъни учун ҳам курашга киради. Ўзбекистон КГБ раиси, нонкўр ва қалби қабоҳатга тўлган Мелкумовни ишдан олганидан сўнг, марказнинг ариза ёзиш ҳақидаги таклифини рад этиб, дадил ишга киришади. Олти миллион тонна пахта топшириш режасини бажариб, Москва олдига ўз талабларини қўйишни кўнглига тугиб қўяди. Аммо, вилоят раҳбарлари биринчи сўроқдаёқ СССР Прокуратурасининг терговчиларига керагидан ҳам ортиқ кўрсатма беришлари ҳамда ўзимиздан чиққан хоинларнинг улар билан “қўлни-қўлга бериб ишлашлари” Рашидов режаларига рахна солади. КПСС Марказий Комитети Бош котиби Андропов бошида турган, Марказий Комитетнинг бир қатор котиблари, масъул ходимлари бош қўшган, СССР Прокуратураси ва КГБ ходимларидан иборат комиссия ва тергов гуруҳи республикани қамал қилган бир шароитда, республика “ичкариси” таслим бўлгани Рашидовнинг руҳини тушириб юборади.

 

 

1983 йилнинг октябрь ойи охири, Рашидов ўлимидан икки кун аввал СССР Министрлар совети раисининг биринчи ўринбосари Гейдар Алиев бошчилигида Ветнамга йўл олган совет делегация таркибида бўлган Николай Рижков (1985-йилдан СССР Министрлар совети раиси) ўз хотираларида Рашидовнинг ўша пайтдаги ҳолатини қуйидагича эслайди: авваллари ҳам Рашидов билан кўп маротаба учрашгандим. У доимо кўтаринки руҳда бўлар, ҳар бир одамга алоҳида илтифот кўрсатиб, суҳбатларда ташаббусни қўлга олар, барчанинг дилини хушнуд этарди. Бу сафар у жуда руҳан тушкун ҳолатда эди. Делегация аъзолари учун уюштирилган зиёфатда Алиев ёнида сўлғин кайфиятда ўтирди. Мен уни таниёлмай қолдим. Аввалги Рашидовнинг фақат сурати қолгандек эди. Зиёфат чоғида биз билан бир даврада ўтирган бўлсада, хаёли бошқа жойда экани яққол сезилиб турарди.

 

Брежнев вафот этиб, Андроповни тахтга келишини Рашидов ва Ўзбекистон ғанимлари ана шундай қарши олишганди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романида Мирзо Улуғбек ҳаётининг сўнгги кунлари тасвирланган. Падаркуш Мирзо Абдулатиф қўшинлари Кеш шаҳрини эгаллаб, Самарқандга яқинлашганида, Улуғбекнинг ҳокимияти заифлашиб қолганини кўрган амалдорлар ва амирлар бирин-кетин тахт соҳибига хиёнат қилиб, душман билан тил бириктиришади. Шундан Мирзо Улуғбек “бу машъум салтанатда кимга инонмоқ керак, кимга суянмоқ керак” деб фарёд қилади. Назаримда, Шароф Рашидовнинг кўнглида ҳам шоҳ Улуғбекнинг қалбидаги аччиқ фарёд такрорланган...

 

Айрилганни айиқ ер...

Рашидов ишлаган давр, умуман собиқ СССРда 70 йилдан зиёд вақт ичида кечган суронли ва машъум воқеаларни ўйларкансан, халқ сифатида шаклланиш, миллат ўлароқ ўзлигини англаш, ҳар бир одамнинг қалбида ғурур, бирлик ҳиссини уйғотиш нақадар машаққатли жараён эканини дафъатан ҳис этасан киши.

 

 

Республикамизнинг энг ривожланган даври айнан Шароф Рашидов раҳбарлик қилган йилларга тўғри келади. Ягона Иттифоқнинг хазинасига Ўзбекистон қўшган ҳисса жуда катта салмоққа эга эди. Охир-оқибат эса ўзбек халқининг фидоийлиги, яратувчанлик меҳнати ва бағрикенглигига марказ “пахта иши”, “ўзбек иши” деган қонли ва разилона қатағонлар билан жавоб берди. Миллатнинг қаҳрамон ва буюк фарзанди – Шароф Рашидов номини эса бадном этди. Бу қабиҳликларнинг содир бўлишида миллат характери ва табиатидаги қусурлар ҳам сабаб бўлган – воқеалар мазмуни ва таҳлили шундай хулосага келишга мажбур этмоқда, афсуски.

 

Чиндан ҳам миллат ва юрт тақдири хавф остида қолган 1983 йилда Ўзбекистон раҳбари ёлғизланиб қолганди. Чунки собиқ СССРнинг Москвадаги марказий идоралари – КПСС Марказий Комитети, СССР Олий Совети, Министрлар Совети, Бош Прокуратура, КГБ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларда, бундан ташқари марказий ОАВда ўзбек раҳбар кадрлари деярли йўқ эди. Афсуски, Сиёсий бюрода ҳам Рашидовни қатъият билан қўллаб-қувватлайдиганлар кўзга ташланмади. Баъзи маълумотларга қараганда, ўша вақтда ташқи ишлари вазири бўлиб ишлаган, Сиёсий бюрода жуда катта таъсирга эга Андрей Громико Рашидовга хайрихоҳ муносабатда бўлган. Аммо, у ҳам Андропов командасининг одами эди.

 

 

Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонни “қоралаш” кампанияси бошланган 1983-йилдан то 1988 йил “Правда” газетасида туркий халқларнинг фахри, буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Омонлик дарахти” сарлавҳали мақоласи эълон қилингунга қадар бизнинг ҳимоямизга қаратилган бирорта ҳам материал чоп этилмади! Ўзбекдан чиққан на бир сиёсат арбоби, на бир умумиттифоқ миқёсида танилган ва унинг сўзига қулоқ солинадиган ёзувчи ёки журналист йўқ эди! Кимдир эътироз билдириб, Кремлда Нишонов бор эди, дейиши мумкин. Аммо 1989 йил СССР Олий Совети Миллатлар кенгаши раиси лавозимига сайланган Рафиқ Нишоновнинг миллат “ҳимояси”га қаратилган “фаолияти” СССР Халқ депутатлари съездида ўзбек халқи бошидан кечираётган мислсиз муаммоларни кўтариб чиққан Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Одил Ёқубовга: “Одил акамиз ҳам ҳиссиётга берилиб, кўп кераксиз гапларни айтдилар” деган танбеҳи билан чекланади...  

 

Катта арбоб, ақлли сиёсатчи бўла туриб, якунда яккаланиб қолган Шароф Рашидов ҳаёти ва тақдири ҳамма нарса ўзимизга, халқ бўлиб шаклланишимиз, миллий манфаатларимиз ҳимоясига баравар оёққа қалқишимизга боғлиқлигини эслатиб туради. Энг муҳими барча соҳаларда малакали, замонавий билимларни эгаллаган кадрларни тайёрлаш, тарбиялаш ва уларга имкон бериш – ҳаёт-мамот ишига айланиши зарур. Шундагина ҳар қандай даврда Миллий Ғуруримизни асрай биламиз, юртимиз оёқ ости бўлишига йўл қўймаймиз.

                                                                            Жалолиддин САФОЕВ.

                                                                          Oyina.uz

 

Оyina.uzни Телеграмда кузатинг

 

Ўхшаш мақолалар: «Рашидов жиддий ҳасталикларни бошидан кечираётганига қарамай, ўзини аямади» – Андроповнинг ғалати «меҳрибонлиги» нимадан далолат эди?

 

Эътироф, адашув, КГБ раиси сотқинлиги ва руҳий босим – Рашидов бошқаруви ҳақида тўрт ҳикоя

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 44
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10406
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//