Конституция – халқнинг, миллатнинг сиёсий тафаккури, маънавияти ва маданияти билан боғлиқ


Сақлаш
17:46 / 02.12.2025 7 0

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз табиатига мос барча миллий, маънавий қадриятларни, халқимизнинг эзгулик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби фазилатларини ўзида мужассам этган.


Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчилигимиз билан уйғунлигини таъминлаш, халқ манфаатларини таъминлаш йўлида давлат органлари фаолиятига тизимли ва босқичма-босқич жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда. 


Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, жамият ва ҳар бир фуқаро ҳаётига уларни татбиқ этиш Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатининг бош мақсадига айлангани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. 


Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга ошираётгани давлатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини кўтармоқда.  Бунинг исботи сифатида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси сифатида фаол ҳаракати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачилар билан яқин ҳамкорлигини айтиш ўринлидир.  


Дарҳақиқат, юртимизда инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни амалга ошириш, айниқса аёллар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом берилди. Шунингдек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллашиб, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича қонуний асослар шакллантирилгани, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилганининг эътирофи, десак бўлади. 


Конституциянинг   20-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.


Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.


Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.

 

Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.


Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади”, деб белгиланишининг ўзи ҳам бугунги давр талабларига айнан мослигини таъминлайди.

 

Ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, ҳуқуқи давлат томонидан қонуний ҳимояланиши эса, Конституциянинг 23-моддасида қуйидагича, яъни “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.


Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.


Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”, деб қайд этилган.


Эътиборли жиҳати эса, Конституциянинг 24-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланиши халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳимояланиши кафолатлаб қўйилди.


Конституциямизнинг 13-моддасида: Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деб белгиланган.


Мана шу нормаларни ўзи ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш бўйича олиб борилган барча ҳаракатлар халқаро ҳужжатларга тўлиқ мос келишини тасдиқлайди.

 
Барчага маълумки,  Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққан давлат бўлиб, дунёда 2 млрддан ортиқ ёшлар масаласи, муаммоларини дунё ҳамжамияти олдида ҳуқуқий ечимга чақирган давлатдир.

 
Шунингдек, Ўзбекистон, инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилди. Бу ҳужжатларда Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда. Мамлакатда Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимига қўшилди.


Бундай ўзаро ҳамкорлик натижасида  ташқи  сиёсатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини  таъминлаш бўйича  алоқаларнинг бутунлай янги шакллари  ва натижалар қайд этилди. Жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ўзбекистон “Самарқанд руҳи”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлади. 


Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари доирасида халқаро мажбуриятларини, шунингдек, ушбу ташкилот томонидан тақдим этилган пахта йиғим-терим кампанияси мониторинги якунлари бўйича тавсияларни бажариши, шу жумладан, 2017 — 2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича дастурнинг амалга оширилиши халқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланди. 2022 йилдан мажбурий меҳнат бўйича қўйилган шартларнинг бекор қилиниши стратегик аҳамиятга  эга  бўлди.


Натижада бугун “инсон – жамият – давлат” тамойили  ҳар бир инсонни фаровон яшашини таъминлаши билан бирга, фуқароларимиз дунёнинг қаерида яшамасин, меҳнат қилмасин, таълим олмасин давлат томонидан тинч ва хавфсиз ҳаётини, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш бўйича янги ҳуқуқий ҳимояланиш механизмларининг ҳаётда татбиқ этилаётгани халқаро аҳамиятга эга вазифаларнинг амалий ифодасидир.


Юқоридагиларга қўшимча сифатида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг барча БМТга аъзо давлатлар қонунчилигидаги ўрнига аҳамият берадиган бўлсак, мазкур халқаро ҳужжатнинг янгиланган Конституция билан ҳамоҳанглигига амин бўламиз. 


Бугунги кунда янгиланган Конституцияда қайд этилган моддалар билан 30 моддадан иборат бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг моддалари ўзаро боғлиқ ва уйғун. Бу эса, “Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг халқаро ва миллий қонунчиликдаги ҳимояси”ни кўрсатади. Жумладан, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 3-моддасида “Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир”, деб белгиланган.


Конституциямизнинг 25-моддасида “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Шунингдек, Конституциянинг 31-моддасида “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.


Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.


Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади”, деб белгиланган. 


Демак, бугун биз янгиланган Конституциямизнинг фуқароларимиз учун ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мослигини кенг жамоатчиликка тарғиб этиш, ҳаётийлигини қонун устуворлиги билан кўрсатишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.


Зеро, ҳар бир халқ, миллат ўз истиқлолига эришганидан сўнг жаҳонда янги мустақил давлат сифатида ташкил топганлиги, мақсади, келажак истиқболларини Конституция билан мустаҳкамлайди. Чунки дунёдаги мавжуд конституцияларнинг барчаси уларни ижод этган халқнинг, миллатнинг сиёсий тафаккури, маънавияти ва маданияти билан узвий боғлиқдир. 

 

 

Феруза МУҲИДДИНОВА, 
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24600
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//