Oyina.uzda илмий ишлардаги кўчирмакашлик, ўхшашлик ва такрорлар ҳақидаги мақола эълон қилингач, жамоатчилик ўртасида турли баҳс-мунозаралар бошланди. Кўпчилик мақолада ҳақ гаплар айтилганини таъкидласа, айримлар муаллифни масалага бир тарафлама қараш, шахсиятга дахл қилиш ва ҳатто ҳасадчиликда ҳам айблай бошлади. Oyina.uz мавзуни тўлиқ ёритиш учун мақолада тилга олинган шахсларнинг ҳам фаҳрия, муносабат ва раддияларини кетма-кет эълон қилиб борди. Бугун жамоатчилик эътиборини муаммога қаратиб, сергак тортишга ундаган муаллифнинг ушбу материалларга муносабатини ҳам эълон қиламиз. Мавзуга такрор-такрор қайтаётганимизга сабаб ҳолатнинг бугунимиз ва келажагимиз учун ўта муҳим экани, илм йўлида ишлатиладиган ҳар қандай ёлғон ва кўзбўямачиликлар нафақат бир соҳанинг, балки бутун бир мамлакат тақдирига ҳам катта таъсир ўтказиши, унинг олдини олиш кераклигини эслатиш эҳтиёжидир. Матн орасида ижтмоий тармоқларда билдирилган, порталга келган акс садо фикрлардан айримларини ҳатто жузъий хатоларини ҳам тузатмасдан келтириб борамиз.
Болалигимда Ҳанс Кристиан Андерсеннинг “Қиролнинг янги либоси” эртагини ўқиганимда одамлар қандай қилиб кўриниб турган нарсани кўрмасликлари мумкин деб ўйлардим. Аммо ҳозир ўзимни “Қирол яланғочку!” дея ҳайқирган болакай ўрнида ҳис қиляпман… “Oyina.uz” портали орқали оммага тақдим этилган мақоламдан сўнг кетма-кет “фахрия”, раддия ва муносабат эълон қилинди. Шулардан сўнггисидаги айрим фикрларга нисбатан ўз мулоҳазаларимни билдириб ўтмоқчиман ва шу билан бу масалага бошқа қайтмоқчи эмасман. Зеро, мен асосий мақсадимга эриша олдим деб ўйлайман. Илмий жамоатчилик диққатини илм-фандаги жиддий муаммога қарата олдим.
Аввало, мақолада мутлақо тилга олинмаган шахс томонидан расмий муносабат эълон қилиниши мени бироз ажаблантирди. Чунки мақоламнинг бирор жойида ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида ишлашимни рўкач қилмаганман, шахсий фикрларим раҳбарият фикри билан муштараклигига иддао қилмаганман. Ходимнинг шахсий фикри ҳар доим ҳам раҳбарият позицияси билан уйғун бўлавермайди. Буни исботлаш учун расмий муносабат билдириш шарт эмас эди, деб ўйлайман.
Мақолада Бахтиёр Менглиевенинг илмий фаолияти ҳақида жуда илиқ фикрлар битилган экан. Мен ҳам бу фикрларга тўла қўшиламан. Мақоламда олимнинг илмга қўшган ҳиссасини асло шубҳа остига олмаганман ва унинг илмий ишларини тафтиш ва таҳлил қилмаганман. Мен фақат олим раҳбарлик қилган илмий ишларни танқид остига олганман. Ҳар қандай даҳонинг жисмоний имкониятлари чеклангани, 100 та сифатсиз шогирд етиштиргандан кўра, 10 та зўр мутахассис тайёрлаш маъқул деган ғояни илгари сурганман ва шу фикрда қоламан. Олимнинг фанга қилган хизмати сифатли кадр тайёрлаш масъулиятини бўйнидан соқит қилмайди. Етук олим ҳам, илмга кеча кириб келган изланувчи ҳам фан тараққиётига холис хизмат қилиши керак. “Илмий раҳбар шогирдининг иши учун жавобгар эмас-ку” дегувчиларга эса Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида низомнинг 3-бандини эслатиб ўтмоқчиман: Талабгор, илмий раҳбар ёки илмий консультант, диссертация бажарилган муассаса ва Илмий кенгаш тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда диссертация ва диссертация авторефератининг мазмуни учун масъул ҳисобланади.
Ҳабикатурнинг Феруза Манукян мақоласига бағишланган карикатураси
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати юзасидан бир-иккита ёки ўнлаб эмас, юзлаб диссертациялар ёзилиши, ҳимоя қилиниши керак” керак дейилган экан. Унда нега 6 жилдли изоҳли луғатни тайёрлаганимизда улардан биронтасидан фойдаланмадик?
“Фойдаланилган адабиётлар рўйхати”да манбаларнинг ҳаммаси кўрсатилган, инсон омили аралашувисиз кўчирмачилик мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлайдиган антиплагиат дастури ишда плагиатлик ҳолати йўқлигини исботлаган” деган мулоҳазани ўқиганимда институтда бўлиб ўтган семинарларнинг бирида бўлган воқеа эсимга тушди. Диссертация ишида М.Жўраевнинг китобидан сўзма-сўз кўчирилган жойлар борлигини жадвалга солиб кўрсатиб берганимда диссертант “Мен икки марта антиплагиат дастурида текширтирганман” деб жавоб қайтарган эди. Шунда мақола муаллифи антиплагиат дастури эмас, менинг гапларимга ишониб кўчирилган жойларни тўғрилатган эди. Қолаверса, ҳаволалар дуч келган манбага берилмаслиги ва ҳавола беришнинг ўз қонун-қоидаси, тартиби борлигини бутун умрини илм йўлига сарфлаган заҳматкаш олимимиз мендан-да яхши биладилар.
Мақола бир қанча мақоллар билан зийнатланган экан. Мен ҳам бир мақол айтай: Бошингга қилич келса ҳам, рост гапир. Бир умр қўрқоқ бўлиб яшагандан кўра, мард бўлиб ўлган афзал. Қайтариб айтаман. Мен мақолада тилган олинган бирорта олимнинг илмий салоҳияти ва илмий хизматини асло шубҳа остига олмаганман. Бахтиёр Менглиев ва Низомиддин Маҳмудовларнинг ўзбек тилшунослигидаги етакчи олимлар эканлигини тан оламан ва баралла айтаман. Айниқса, Низомиддин Маҳмудовни академик унвонига лойиқ ҳақиқий олим деб биламан. Аммо Низомиддин Маҳмудов билан илмий холислик ва объективлик борасидаги қарашларимиз ҳамиша айро бўлган ва шундай бўлиб қоладиганга ўхшайди.
Алқисса, ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Мен мақоламда аниқ фактлар ва рақамларни келтирганман. Рост ва расо ҳақиқат авторитетларнинг баландпарвоз гапларида эмас, аниқ рақам ва далилларда. Илм-фан соҳаси учун жавобгар шахсларга қарата айтар сўзим: мен сизга ойна тутдим, истасангиз – хатойингизни кўриб, уни тўғрилашга ҳаракат қилинг, истасангиз – “қиролнинг янги либоси”ни васф этиб яшашда давом этаверинг.
Феруза МАНУКЯН,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Исмоил
23:01 / 19.01.2024
Менимча тўғри айтилган. Оддий ҳақиқатни айтиб қўя қолган. Автор фикрига қўшиламан.