Oyina.uz портали эълон қилган “Илмий ишлардаги ёлғонлар: 90 фоиз плагиат диссертация, 100 дан ошиқ илмий ишга раҳбарлик қилаётган фан докторлари ва эгизак тадқиқотлар таҳлили” мақоласи кенг жамоатчиликда, айниқса, соҳа аҳли орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу эса муаллиф кўтарган муаммолар бугун жамиятимизда ўта долзарб аҳамиятга эгалигини яна бир бор исботлади. Мавзу юзасидан филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
– Бугунги бозор муносабатлари шароитида ижтимоий фанлар, хусусан, тилшунослик табиатида қандай ўзгаришлар содир бўлмоқда, бозорга қандай мослашиш керак?
– Ўзбек тилшунослиги бўйича ҳозирга қадар кўп ҳолларда амалий аҳамиятсиз, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий самарадан холи, фақат “тил ўзида”, “илмий даражалар учун” тамойиллари асосида иш кўрилди. Бу аксарият тадқиқотларнинг аллақачонлар эскириб кетган андаза ва ўтмишда қолган талаблар асосида амалга оширилаётганидан ҳам маълум.
Муаммо аломатлари қуйидагиларда кўзга ташланади: а) тилшунослик доирасида давлат илмий тадқиқот грантларига даъвогар ҳар қандай анъанавий мавзудаги лойиҳани долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабатлар асосида тўла маъқуллаш ёки осонгина рад этиш мумкин; б) аниқ, табиий, иқтисодий фанлар бўйича янги талаблар асосида диссертация ҳимояларига кенг йўл бўлгани ҳолда, тилшунослик соҳасида кўплаб сунъий чеклов ва уларни “айланиб ўтиш” имконияти мавжудлиги; с) лингвистик йўналишда тайёрланган ва ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни субъектив асосда, сифати ва аҳамиятидан қатъи назар, истаганча юқори баҳолаш ёки хоҳлаганча чиппакка чиқариш мумкин. Бу – аччиқ ҳақиқат.
Муаммо сабаби шундаки, собиқ тузум даврида тилшунослик бўйича илмий ишлар давлат буюртмаси асосида эмас, балки фақат тадқиқотчилар ташаббуси билан, асосан илмий даража олиш мақсадида олиб борилгани, фан харажатлари ҳам аслида аниқ ва табиий фанларга ажратилган маблағлар ҳисобидан қоплангани сир эмас. Бугунги кунда мақсадли талаб ва таклиф муносабатига эътибор қаратмайдиган социалистик тилшунослик фани тўла-тўкис инқирозга юз тутди дейиш мумкин. Алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижаларини истеъмолчилар сўрамаётган “жонсиз” ва амалий татбиқсиз мазмундаги тилшунослик фани тўлиқ боқиманда соҳага айланган, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳимояга қўйилган диссертацияларга ОАК билдираётган асосий ва ҳақли эътироз – илмий натижаларнинг, юмшоқроқ айтганда, амалиётга татбиқ этилмагани (аслида татбиқ этиб бўлмаслиги)дир. Ҳатто янги йўналишлар сифатида қаралувчи, аслида Ғарбга тақлид руҳидаги когнитив тилшунослик, лингвокультурология каби соҳалар ҳам жамият тараққиёти учун қандай фойда бериши ҳақида ўйлаб кўриш уларнинг моҳиятини англашга етарли.
Ҳар қандай тадқиқот бевосита ёки билвосита ё ўрганиш объектини, ё ундан фойдаланишни такомиллаштириш билан шуғулланади. Шу маънода тилшуносликдаги анъанавий луғатшунослик соҳаси билан боғлиқ ишлар, гарчи саноқли бўлса-да, таҳсинга лойиқ, албатта.
Тилшунослик ўтган асрда шахс саводхонлиги учун лингвистик база тайёрлаш мақсадида таълимий йўналишда ривожланган бўлса, ХХI асрда унинг компьютер “саводхонлиги”, яъни компьютернинг табиий тилни “эгаллаши” учун математик моделлаштиришга, шахс маънавияти ва маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган замин ҳозирлаши жуда зарур. Шу маънода ўзбек тилшунослиги (математик) моделлаштирувчилар, гиперлексикография мутахассислари, маънавий-маърифий тузилмалар томонидан бериладиган тизимли буюртмаларни кутиб қолмоқда.
Мамлакатимизда шиддат билан ривожланаётган бозор муносабатлари тилшуносликнинг мақсадли йўналтирилган, истеъмолчи талаби асосида бажариладиган иқтисодий ва ижтимоий самарадор соҳалари ривожланишини кучли тақозо қилаётир.
– Хўш, муаммо шундай экан, унинг ечимига доир қандай таклифларингиз бор?
– Муаммо ечими қуйидагиларда намоён бўлади:
1) тегишли соҳа вазирлик ва қўмиталари, корхона ва ташкилотлар лингвистик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаб, муаммолар банкини яратиш, уларни фан йўналишлари бўйича таснифлаш, илмий иш бажарувчи ташкилот ва корхоналарга юбориши лозим;
2) тилшунослик бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар тегишли соҳалардаги тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаш, муаммолар банкини яратиш ва таснифлашда уларга кўмаклашиши зарур;
3) тил муаммолари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ички имкониятидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизмат тизими ва структурасини ишлаб чиқиши керак;
4) тегишли фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизматларини таклиф этиши лозим;
5) юридик шахсларнинг ушбу фан йўналишларига ҳомийлик хизматини жорий қилиш ва бунинг учун уларга имтиёз ва қулайликлар яратилиши керак.
Тилшунослик фан ва ишлаб чиқариш узвийлиги тизимида бундай йўсинда иш юритишга ҳали ўтгани йўқ. Масалан, информацион технологиялар учун ўзбек тилининг лингвистик базасини яратиш ёки тил ва маънавият яхлитлиги ҳақида гап кетар экан, маънавий-маърифий фаолият самарадорлиги учун зарур тилшунослик тадқиқотларига тегишли муассасалардан ҳануз бирорта ҳам буюртма берилгани йўқ, десак хато бўлмайди. Ҳолбуки, янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга ижтимоий-иқтисодий самара таклиф этадиган тилшунослик ўз кучи билан яшашга ҳақли.
– Олимнинг салоҳияти илмий мактаб яратишда намоён бўлади. Сиз илмий мактаб тушунчасини қандай изоҳлайсиз? Ўзингизнинг ҳам илмий мактабингиз борми, унинг ижтимоий эътирофи қандай?
– Илмий мактаб илмий қарашлар яхлитлиги ва бетакрорлигига асосланган илмий жамоа бўлиб, кафедра, институт, мамлакат доирасида олимларнинг маълум бир илмий ғоя атрофида бирлашуви асосида шаклланади. Илмий мактаб заковати, қизиқишлар доираси ҳамда иш услуби янги-янги истеъдодларни кашф қилиш ва жалб этишда катта аҳамият касб этадиган фан дарғаси таъсирида ташкил топади. Бу илмий жамоа ичидаги муносабатлар тадқиқотларнинг натижалари эмас, балки ижодий илмий ишлар самарадорлигини сезиларли даражада оширадиган асил ғоялар ҳақидаги ахборот алмашувлари кўринишида бўлади.
Бир илмий ғоя муайян мактаб доирасида турли кўринишга эга бўлиши ҳам мумкин. Бу ижобий ҳодиса бўлиб, янгидан-янги мактаблар шаклланиши ва тараққий этишига туртки берадиган фирқа ва тарафлар юзага келишига сабаб бўлади.
“Илмий мактаб” атамаси икки ҳолатда қўлланади:
1) умумий қараш, ғоя ва қизиқишлар олимларни бирлаштиради, узвий ҳамкорликка олиб келади. Бу ёш талантларни жалб қилиб, янги фан соҳаларининг кўп йиллик тараққиёт даражаси ва йўлларини белгилаб беради. Бундай мактаб “бахтли вазият маҳсули” ўлароқ ташқи қўллаб-қувватлашни тақозо этади;
2) илмий авлодлар алмашса ҳам, сақланиб қоладиган ва ривожланиб борадиган аниқ мавзу, умумий қараш, қизиқиш ва анъаналар системаси асосида ташкилий равишда бирлаштирилган илмий жамоа.
Илмий мактаб белгилари:
· илмий қизиқишлар уйғунлиги ва тадқиқотлар моҳиятининг умумийлиги;
· асиллик ва бетакрорлик;
· илмий натижаларнинг юқори даражаси ва мактабнинг ижтимоий тан олиниши;
· етакчининг ролини ва мактабнинг истиқболларини таъминлайдиган ворисийлик.
Ўзбек тилшунослигида янги илмий мактаб шаклланмоқда, дейишимиз мумкин. Мен юқоридаги белгиларни ўзбек миллий амалий тилшунослигида кўряпман. У “ўзбек тили имкониятларидан амалий фойдаланиш самарадорлиги” умумий ғояси остида ривожланмоқда. Илмий мактаб – оригинал ғоя асосида тизимли ва жамоавий ишлаш дегани. Шу маънода ўзида субстанциал-прагматик тилшунослик, ўқув луғатчилиги, корпус тилшунослиги, лингвомаънавиятшунослик, лингвистик экспертология, когнитив-прагматик таълим, градуал лексикография каби ўзбек тилшунослигида (айримлари жаҳон тилшунослигида) амалий самарадор бўлган мутлақо янги соҳалар бўйича қўлга киритган натижаларимиз жамоани илмий мактаб дейишга асос бўла олади, деб ўйлайман. Илмий мактабнинг асосий зоҳирий белгиларидан бири шундаки, тадқиқотлар тизимли бўлганлиги сабабли жамоавий монографиялар чоп қилиш мумкин.
– Илмий жамоангизни жуда катта дейишади. Шогирд устоз билан шогирд, устоз шогирд билан устоз. Кўп эшитамиз, кўпчилик ёш тилшуносликка талабгорлар Сизга талпинади...
– Гапнинг очиғи, аксарият ёш тадқиқотчилар тилшунослик бўйича мендан мавзу олишни истайдилар. Буни нокамтарлик десангиз ҳам айтаман. Нафақат Тошкентда, вилоятларда ҳам. Ёш истеъдодлар юкиниб, ялиниб-ёлвориб келишади. Қандай йўқ дейман? Уларнинг кўкрагидан итариш учун Аллоҳ менга бу миссияни юкламаган. Уларга менинг шогирдларимга ёмон муносабатда бўлишларини, ҳимоялари қийин кечишини ҳам кўп айтаман. Ахир, етарли даражада “дўстларим” ҳам бор. Улар мен ҳақимда ҳар хил гаплар тарқатиб юришади. Албатта, шогирдларимизнинг савияси ҳам ҳар хил. Шогирдингиз кўп бўлса, каммаҳсул олимлар диссертация ёзиб беради, дейишади. Кулгили томони шундаки, ишларнинг савияси бироз паст бўлса, устози айбдор, жуда яхши чиққан бўлса, ёзиб берган, дейдилар. Хуллас, барибир гап топишади. Лекин бизнинг жамоада қобилиятсизлар йўқ.
Шунингдек, мен мансабдор ҳам, кенгаш ёки семинар раиси ҳам, аксарият шогирдларим ҳимоя қилаётган кенгашларнинг аъзоси ҳам эмасман. Бирор шогирдим кенгаш раиси эмас, ОАКда ҳеч кимни танимайман ҳам, у ерда таниш-билишлик билан иш битишини тасаввур ҳам қилолмайман. Хуллас, шогирдларни кўпайтириш ва ҳимоясини ташкил этиш учун ҳеч қандай маъмурий ричагга эга эмасман. Фақат шогирдлар билан ишлайман, холос. Муаммони тўғри қўйиш, ечиш механизмини тавсия этиш ва аниқ илмий-амалий натижаларни кўрсатиш – мана, нима муваффақият гарови.
Биласиз, замонавий педтехнологияларда “Нилуфар гули” деган график органайзер бор. Бу тадқиқотни режалаштиришда жуда қўл келади. Ҳали бу методни илмий тадқиқотда биздан бошқа бирор ким қўллаганини билмайман. Балки қўллаганлар бордир. Лекин ким хоҳласа, келсин, ўргатаман. Кейин бизда иш тугаганда тадқиқотнинг илмий янгилигини бир жумлада айтиб бериш синови бор. Шу вазифани уддаласа, ҳимояга тайёр деб ҳисоблаймиз. Масалан, “ўзгаловчи ўзбек тилида мустақил грамматик категориядир” деган ҳукм мутлақо янгилик ва буни олдин ҳеч қим айтмаган. Бу бир диссертация илмий янгилигининг жумладаги ифодаси.
Ёшлар менинг олдимга жамиятга фойдаси тегадиган, амалий аҳамиятга молик тадқиқот қилмоқчимиз, Сиз шундай мавзулар берасиз, чиқишларингизни ўқиймиз, анъанавий йўсиндаги тадқиқотлар устида ишлаш ниятимиз йўқ, деб келишади. Бу менга Аллоҳнинг инояти ва неъмати, бу ишончни оёқости қилишдан қўрқаман. Гапларим носамимий бўлса, ана, марҳамат, истаган шогирдим билан гаплашишингиз мумкин.
– Сиз шогирдларга қандай муносабатда бўласиз? Самарали илмий раҳбарлик фаолиятингиз сири нимада?
– Ёш истеъдодлар менга интилишларининг яна бир сабаби – мен уларни тинглай оламан, саволларига жавоб ола билишади, уларни қониқтирадиган ғоялар бера оламан. Энг муҳими, уларга ИНСОН дея қарайман, ўзим билан тенг кўриб муносабатда бўламан (бошқаларни камситмаяпман, мен ўзимни биламан), диссертациясидан бошқа топшириқ бермайман.
Диссертантлар билан махсус “Тармоқли жадвал” асосида ишлайман. Буни нафақат Ўзбекистонда, балки дунёда миқёсида ҳам кўрмагансиз. Қолаверса, яна бир нарсани айтаман. Бошқа устозларнинг кўплаб шогирдлари ҳам ишларининг режасини тузиш, илмий янгиликларини шакллантириш учун менга келишади. Уларга беминнат ёрдам бераман. Ахир, буни зиммамга Ҳақ томонидан юкланган вазифа деб биламан.
– Умуман олганда, бир пайтнинг ўзида қанча шогирд билан ишлаш мумкин. Бунинг меъёрлари борми?
– Агар менга ўзим ишлаётган муассасада олий таълимдан кейинги таълим институти (докторантура, мустақил изланувчилик) талабгорлари учун улар сони қанча бўлса, ҳаммаси учун ҳақ тўланадиган бўлса, йиллик ўқув юкламам фақат раҳбарликнинг ўзи билан тўлиб кетади. Шу нуқтаи назардан меъёр белгилаб қўйилиши мантиқан тўғри.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майда чиқарилган 304-сон қарори олий таълимдан кейинги таълим институтлари (докторант ва мустақил изланувчилар) учун чиқарилган. Қарорнинг 8-бандида фан доктори бир вақтнинг ўзида олий таълимдан кейинги институтда таҳсил олаётган 6 нафаргача изланувчига раҳбарлик қилиши мумкинлиги айтилган. Лекин бу меъёр битта таълим ташкилотидами ёки барча таълим ташкилоти учун умумийми? Ёки бир таълим ташкилотининг коллегиал органи бошқа таълим ташкилотининг коллегиал органи учун ҳам хулоса берадими? Бир таҳлил қилиб кўринг. Ушбу Низом билан тартибга солинмайдиган, яъни олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқимайдиган, илмий раҳбар учун пул тўланмайдиган эркин тадқиқотчиларга раҳбарлик қилиш ҳам 6 нафаргача белгилаб қўйилганми?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 16 февралдаги ПФ-4958-сон Фармони 4-бандининг а) ва б) қисмларида эркин ҳимоя қилишга рухсат берилган. Уларга раҳбарлик қилишга чегара қўйилмаган. Демак, докторантура ва мустақил изланувчиликдаги шогирдлар сони бир ОТМда 6 тадан ошмаслиги керак. Лекин эркин тадқиқотчиларга чеклов қўйилмаган. Чунки бундан давлатга ҳеч қандай зиён йўқ. Кеча “Лисонут тайр” ўқиётиб кўзим тушди. Шайх Санъоннинг 400 нафар муриди бўлган экан. Устозни иҳоталаб бўлмайди, бу унинг салоҳиятига боғлиқ.
– Фан ва амалиёт уйғунлиги ҳақида гапирдингиз. Бажарилаётган тадқиқотларнинг лингвистик маҳсулотлар яратишдаги роли қандай?
– Лингвистик маҳсулотлар жуда кўп. Уларнинг энг анъанавий ва маълуми, луғатлар, меъёрий грамматикалар. Масалан, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тилининг талаффуз луғати”, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ва миллий грамматикаларимиз – маданиятимизнинг ажралмас қисми. Улар қанчалик мукаммал бўлса, тилимиз ва нутқимиз шунчалик ривожланади. А.М.Пешковский “грамматика тилни бошқаради” деганда тилнинг табиатини тўлақонли акс эттирадиган шундай мукаммал грамматикани назарда тутади.
Араб тилининг мукаммал грамматикасини яратгани учун ҳам юртдошимиз Замахшарий биздан кўра араб халқларида кўпроқ машҳур. Шу маънода “Ўзбек тили изоҳли луғат”ларининг янги-янги нашрлари бўлаётгани – ҳаммамизнинг ютуғимиз ва қувончимиз. Жуда катта ўзгаришлар киритилмоқда. Шу билан бирга, унинг сифати учун ҳаммамиз бурчлимиз ҳам. Ўзбек тилининг изоҳли луғатлари бўйича юзлаб мақсадли йўналтирилган тадқиқотлар яратилиши керак. Ахир, бу жаҳон тажрибасида бор.
Менинг раҳбарлигимда Эъзоза Собирова томонидан ёзилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳуқуқий терминларнинг берилиши” мавзусидаги диссертацияси ҳимоясида қарши фикрдаги айрим олимларнинг эътирозларига нисбатан устозимиз профессор Низомиддин Маҳмудовнинг билдирган фикрлари биз учун қимматли методологик аҳамиятга эга: “Мавзу тўғри танланган. Бу типдаги диссертацияларда, масалан, бошқа фан соҳаларига оид терминлар ҳам худди шу тарзда тадқиқ қилиниши керак. Бунга ўхшаган ишлар фақат луғатнинг яна ҳам бойишига, яна ҳам такомиллашишига ва муайян ноқисликлар бўлса, бартараф қилишга имкон берадиган ҳам назарий, ҳам амалий иш сифатида диққатга молик”.
Бугун барча соҳалар терминологияси бўйича (маъноси давр ўтиши билан ўзгарган, луғатга киритилиши зарур бўлган терминларни аниқлаш, уларни изоҳли луғатда беришга доир, яъни изоҳлаш, далилловчи мисолларни танлаш ва ҳоказо) қатор тадқиқотлар яратилиши керак ва улар фақат ва фақат луғатларни такомиллаштиришга хизмат қилади. Ахир, бу давлатимиз ва ҳукумат ҳужжатларида ўз аксини топган. Илмий тадқиқотларсиз лингвистик маҳсулот яратиб бўлмайди. Шундай экан, ҳозирги изоҳли луғатимизни заррача ҳам камситмаган ҳолда таъкидлайманки, уни янада такомиллаштириш ва замонавийлаштириш учун кўплаб фундаментал, инновацион тадқиқотлар бажарилиб, ечимлар тавсия этилмоқда.
Ўзбек миллий семасиологиясининг улкан ютуғи бўлган градуал семасиология бўйича натижаларни луғатга татбиқ этиш юзасидан фундаментал ва инновацион лексикографик тадқиқотлар бажарилиши лозим. Ёки ўзбек тилида омонимия ва полисемия қаторида оралиқ вазиятни эгаллайдиган полифункционал сўзлар анализаторининг лингвистик таъминоти бўйича фан доктори ва дастурий таъминоти бўйича фалсафа доктори диссертацияларидан луғат тузиш жараёнида унумли фойдаланиш мумкин. Ана булар фан ва амалиёт муштараклигига яққол мисол бўла олади.
– Соғлом илмий муҳит тадқиқот учун жуда муҳим. Сиз тилшуносликдаги бугунги илмий муҳитдан қониқасизми?
– Саволингиз ўринли. Тилшуносликнинг ўтган даврида кўп ҳолларда фанга бегона айрим “олим”ларнинг хизматлари ўлароқ айирмачилик кайфияти ҳам баъзи-баъзида бўй кўрсатиб турарди. Аммо мен тилшуносликнинг бугунги иқлимидан жуда ҳам мамнунман. Бунда фанимиз донишманд дарғаларининг роли катта ва улардан беҳад миннатдорман. Ўзбек тилшунослиги бу борада Низомиддин Маҳмудов, Самихон Аширбоев, Раъно Сайфуллаева, Ҳамидулла Дадабоев, Ибодулла Мирзаев, Суюн Каримов каби улуғ устозларимиз олдида ҳамиша қарздордир. Қарздорлик ҳисси эса зиммамизга улкан масъулият юклайди. Буни унутмаслигимиз керак.
Oyina.uz
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
3 Изоҳлар
Xaji
17:01 / 07.01.2024
Бахтиёр ака саводли инсон. Акадмияда дарс берган. Футболчи ҳам. Омад тилаймиз.
алижон
03:01 / 07.01.2024
Инсоният яратилибдики, таълим ва тарбия унга ҳамроҳ сифатида шаклланиб, тўлишиб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида таълим ва тарбия тизими такомиллашиб, янгидан янги эҳтиёжларга зарурат пайдо бўлмоқда. Дунёда таълим-тарбия жараёнини ўрганадиган фанннинг объекти сифатида педагогика фанига эътибор қаратилади. Педагогика фанининг илдизи инсониятнинг пайдо бўлган даврига тўғри келади. Ибтидоий жамоа тузумида одамлар ов қуролларини ўзлаштириши, ўзини ўзи ҳимоя қилиш жараёнларининг барчасида таълим ва тарбия ётади. Бизнинг замонамизга келиб педагогикага алоҳида бир “ёв қараш” қилиб, “педагогика фан эмас”, “дунёда педагогика деган фан йўқ” деб талқин қиладиган айрим тарафдорлар пайдо бўлмоқда. Аввало, бундай фикрнинг пайдо бўлишига биринчи сабаб ўша тоифадаги одамларнинг ўзи таълим-тарбия жараёнидан узоқ деб ўйлайман. Фарзанд дунёга келган жараёнини кўз олдингизга келтирсангиз ёш чақалоққа ҳам тарбия қонуниятлари сингдирилади. Ҳали чақалоқ дунёни англашдан олдин ота-она айрим тарбия элементларини унинг қулоғига қуя бошлайди. Бу эса чақалоқнинг шахс сифатида шаклланишига ёрдам беради. Ҳадиси шарифда келтирилишича “кимга кўп яхшилик қилай деб сўралганда, 3 марта онангга, кейин отангга” дейилишининг ўзи катта тарбия мактабику. Ушбу жараёнларни ўргатиш, амал қилиш педагогика фанининг қонуниятларидан санлади. Айтишларингиз мумкин, педагогикани ўқимаган киши тарбия бера олмайдими деб. Албатта тарбия берилади, лекин унинг назарий асослари онгли тарзда етиб бормайди. Бугунги кунда жамиятимизда педагогларга бўлган эҳтиёж кундан кунга сезилиб бормоқда. Маҳаллаларда педагог мутахассисларга бўлган эҳтиёжнинг мавжудлиги бунга яққол мисол бўлади. Энди бугунги кундаги педагогика фани соҳасида амалга оширилаётган тадқиқотларнинг мундарижасига эътибор қаратсак: таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этиш, ўқув-тарбия муассасаларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш, бошқариш, компетенциявий ёндашув, баҳолаш жараёнига хориж тажрибасини татбиқ этиш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш каби соҳаларда кенг тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Амалга оширилган тадқиқотларнинг натижалари мактабгача, мактаб ва олий таълим жараёнларига татбиқ қилинмоқда. Педагогик тадқиқотларни мен доим мевали дарахтга ўхшатаман. Сабаби оддий битта мевали дарахтни эксак, мева беришини 2-3 йил кутамиз. Таълим-тарбия жараёни ҳам худди шундай. Педагогик тадқиқотларнинг натижасини дарров кўриб бўлмайди. Унинг самарасини кўриш учун узоқ йиллар кутишга тўғри келади. Шундай экан, биз педагогика соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг натижасини кўришимиз учун йиллаб кутишимиз керак бўлади. Ваҳоланки, бугунги ахборот асрида яшар эканмиз, таълим-тарбия жараёнида муаммолар янгиланиб бораверади. Биргина ўқувчиларнинг тафаккурини ривожлантириш билан боғлиқ кичик тажриба –синовни ўтказиш учун камида 3 йилдан 5йилгача вақт керак бўлади. Биз амалдаги ҳолатни ўрганиб, унга янги ғояни киритиб, унинг натижасини кўриш учун юқорида айтилган вақт кетади. Бир воқеа эшитгандим: ушбу воқеа яқин йиллар ичида бир зиёли, фанни тушунадиган киши билан бўлиб ўтган. Шартли равишда ўша кишини “олим” деб номласак. “Олим”нинг ҳузурига бир тадқиқотчи келади. Тадқиқотчининг илмий ишини ўқиши учун “Олим” тадқиқотчига 5та мисол беради ва ушбу мисолларни ечсанг ишингни ўқийман деб шарт қўяди. Ҳалиги тадқиқотчи берилган мисолларни ечади. “Олим” билиминг чакки эмас экан, ишингни ўқийман деб айтади. Шунда тадқиқотчи “устоз, кечирасиз мандаям сизга битта саволим бор эди” деб, ёнидан 2-синф математика дарслигини чиқариб, дарсликдаги битта масалани кўрсатади ва шу масалани методик жиҳатдан ечиб кўрсатсангиз дейди. “Олим” ва 2 нафар шогирди 2 соат вақт сарфлаб, тенглама тузиб, система шаклига келтириб масаланинг жавобини чиқаришади. Афсуски, 2-синфда масала система қилиб ечилмаслигини ҳалиги “Олим” ва шогирдлари билмаслиги, дарсликнинг мазмуни билан таниш эмаслиги натижасида бундай муаммога дуч келишган. Мен нима демоқчиман, ҳар қандай фаннинг ривожланиши ўша фаннинг методикасига боғлиқ. Қайси соҳа ривожланган бўлса, кузатинг ўша фаннинг методкаси ривожланган бўлади. Оддийгина битта ҳарфни ёзишнинг ўзига хос методикаси бор. Ўша методика асосида иш олиб борилса, иш самарали бўлади. Оддий мисол келтираман ош дамлашнинг ўз методикаси бор. Агар ошпаз ушбу методикага амал қилмай, ош пишириш жараёнидаги битта унсурнинг ўрнини алмаштирса, пишираётган оши талаб даражада бўлмайди. Педагогика ва методика фани ҳам ёш авлоднинг таълим-тарбиясида шундай аҳамиятга эга. Бугунги кунда республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасалари бакалавр битирувчиларининг аксарияти умумий ўрта таълим мактабиларига ишга боради. У физика таълим йўналишини битирадими, математика йўналишини битирадими, келингки университетларнинг шу йўналишдаги битирувчиларининг аксарияти мактабларда ўқитувчи бўлиб иш бошлайди. Университетларда педагогика ўтилмаслиги керак деган баъзи бир тор доирада фикр билдирадиганлар учун айтмоқчиманки, ўша битирувчилар дарсни ташкил этишни, ўқувчиларга қандай қилиб янги билимларни етказиш методларини билмайди. Ҳатто болалар билан ишлаш методикасини билмайди. Мана сизга педагогикани ўқимаганининг натижаси. Биз бундай ўқитувчи билан қандай қилиб ўқитиш сифатини оширишимиз мумкин. Бу оддий ҳақиқат. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Айрим педагогикани фан эмас дейдиганлар буни яхшироқ тушуниб англашлари лозим. Педагогика нима учун фан бўлмаслиги мумкин. Ўзининг тадқиқот объекти бўлса, тадқиқот методлари бўлса, фан сифатида тарихига эга бўлса, принципларига эга бўлсаю, у тан олинмаса. Истаган ривожланган мамлакатларда педагогика фан сифатида ўқитилади ва тадқиқотлар олиб борилади. Бу соҳада истаган киши билан баҳслашиш керак бўлса, биз тайёр. Биз ушбу фанга паст назар билан қараш қилиб, эътиборсизлик қилсак, унда миллат манфаатига зид фикр юритган бўламиз. Ақли роса одам ҳеч қачон бундай фикрламайди.
Алижон
03:01 / 07.01.2024
Ассалому алайкум. Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда педагогика ва филология фанлари соҳасида олиб борилаётган тадқиқотларнинг статистик таҳлили хусусидаги маълумотлар кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Назаримда, қилинаётган таҳлилларда келтирилган битта маълумот мени ўйлантириб қўйди. Жумладан, "ОАК бюллетени"да эълон қилинган мавзулар ва илмий раҳбарларнинг мавзусини санаб, фалон раҳбарда фалонта раҳбарлик бор экан деган маълумот қайсидир инсон учун бу катта статистик маълумот саналиши мумкиндир. Келинг, ўшан маълумотларни келтираётган ва муҳокама қилаётган кишиларга битта савол бергим келади. "Шу эълон қилинган мавзуларнинг неча фоизи бугунги кунда ҳимоя қилганлигини ҳам ўрганиб кўринг дегим келади. Аввало мен ишонч билан айта оламанки, мавзуси эълон қилинган тадқиқотчиларнинг ҳаммаси ҳам ҳимоя қилади деган кафолат эмас". Иккинчидан, илмий раҳбар тадқиқотчини танламайди, балки тадқиқотчи илмий раҳбарни танлайди. Дейлик шундай устозлар бор бакалавр босқичида ўқиб юрган кезлардан тадқиқот учун мавзу танлаб, йиллар давомида шу муаммо юзасидан изланиш олиб боради ва натижага эришади. Хўп, илмий раҳбар ўша тадқиқотчи билан ишласа нимаси ёмон. "Устоз-шогирд" анъанаси давом эттирилиб, фанни ривожлантиришга ҳаракат қилинса қайси қонуният бузилади. Илм чексиз. Бугунги кунда амалга оширилаётган тадқиқотлар келажакда фанни, таълимни ривожлантиришга хизмат қилади. "Шоли курмаксиз бўлмайди" дейди халқимиз. Балким бўлиши мумкин, сиз айтаётган кўчирмакашлик қилинаётган ишлар. Лекин мен ишончим комилки, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менлиев ва филология фанлари доктори, профессор Дармоной Ўраевалар шундай номақбул ишларни қилмайди. Мен бу фикрларни иккала устозни яқиндан билганлигим учун ушбу мулоҳазани айтяпман. Мен бугунги кунда ўзбек тилшунослиги ва ўзбек фольклоршунослиги деганда иккала олимнинг яратган илмий мактабига алоҳида тавсиф бераман. "Илм қилиш игна билан қудуқ қазишдек иш". Бундай заҳматли ишни биргина хулоса билан рад этиш, олимнинг шаъни ва ғурурига путур етказишни эсимиздан чиқармаслигимиз керак.