«Хўтан оҳангида туркийча куйлаш» – Ғазнавийлар ҳарбий ҳийласи


Сақлаш
16:20 / 03.11.2025 11 0

 

Х-ХI асрларда Марказий Осиё ва унга қўшни бўлган ўлкалар Ғазнавийлар Маъмунийлар, Сомонийлар ва кейинчалик Қорахонийлар давлатлари ўртасида тақсимланганди.

 

999 йилда Қорахонийлар ҳукмдори Аҳмад I Арслон Сомонийлар давлатига ҳужум қилиб, унинг катта қисмини эгаллаб олади. Сомонийлар бирёқлик қилингач, 1001 йилнинг 26 апрелида у Ўзган шаҳрида Ғазнавийлар билан ўзаро чегара ҳудудларини белгилаш мақсадида учрашув ўтказади. Музокаралардан кейин давлатлараро чегара сифатида Жайҳун (Амударё) белгиланиб, унинг ўнг соҳили Қорахонийларга, чап соҳилдаги ерлар эса Ғазнавийларга ўтади.

 

Иккала томоннинг ҳам ушбу сулҳ тузилишига мойиллиги келишув имзоланишини осонлаштиради. Ҳатто ХИ аср тарихчиси Абу Саъид Гардизий ўзининг «Зайн ал-ахбор» («Хабарлар зийнати») асарида ёзишича, Абулқосим Маҳмуд Ғазнавий Қорахонийларга куёв бўлиб, қариндошлик риштаси билан иккита давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаган. Бу асар бугунги кунгача Ғазнавийлар тарихини ўрганиш учун муҳим бир манба бўлиб келмоқда.

 

Асарда ёзилишича, орадан бироз вақт ўтиб, бу давлатлар ўртасида душманлик аломатлари пайдо бўла бошлайди. Кескинликнинг асосий сабаби – Хуросон ҳудудига эгалик қилиш эди. Қорахонийлар 1006 йилда Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистон, хусусан Мўлтон шаҳрига (ҳозирда Покистон ҳудудидаги шаҳар) юриш қилганидан фойдаланиб, Хуросонга қўмондон Субашитегин ва Жафартегин бошчилигида қўшин юборади. Шу билан сулҳ бузилади.

 

Биринчи қўшин Ҳирот, Нишопур ва Тусни, иккинчи қўшин эса Балхни эгаллаши керак эди. Балх қалъаси душманларга қарши қаттиқ курашиб мағлуб бўлади, лекин Нишопур таслим бўлмайди. Қорахоний қўшинларининг тўсатдан қилган ҳужумларидан қочган Хуросон арбоблари Ғазнада тўпланади. Айниқса, ҳужум вақтида Ҳиротда бўлган Тус вилояти ҳокими Арслон Жазиб Қорахонийлар келмасидан олдин Ғазнага соғ-саломат етиб боради.

 

Мўлтонни эгаллаган Султон Маҳмуд Ғазнавий Қорахонийлар қўшинларининг ҳужумларидан хабар топгач, зудлик билан Ғазнага қайтади. Саркарда давлат арбобларига Ҳиндистонда қўлга киритган ўлжаларини тақсимлаб, уларни руҳлантириб, ўзига садоқатини оширади. Маҳмуд Ғазнавийнинг Балх томон юриш қилишини эшитган Қорахонийлар қўмондонлари Ғазнавийлар кучига қаршилик қила олмаслигини тушунган ҳолда, Балхни ташлаб, Термиз томон чекинади.

 

Маҳмуд Ғазнавий Балхни қайтариб олгач, Ҳирот томон отланади. У Ҳиротни босиб олган Субашитегинни тутиб келтириш учун Арслон Жазибни Жайҳун дарёси қирғоғига юборади. Йўл тўсилиб қолганидан қўрқиб кетган Субашитегин Марвга чекинмоқчи бўлади.

 

Шу пайтда Маҳмуд Ғазнавийнинг ҳарбий режаси доирасида, душман аскарлари учун тузоқ қўйилади – режага кўра, Қорахонийлар қўшини ёз чилласида Марв чўлларида сув излаб, тош билан тўлдирилган қудуқларга дуч келади. Бундан ташқари, бузилган йўл натижасида Қорахоний аскарлари манзилидан адашиб шимоли-шарқ ўрнига жануби-ғарбга юриб, Сарахс томон ҳаракат қилади. Арслон Жазиб қўшини уларни таъқиб қилиб бориб, бир қанча Қорахоний аскарларини йўқ қилган.

 

Маҳмуд унга ёрдамга ҳожиб Олтунтошни юборади. Бу пайтда Субашитегин Сарахсдан Деҳистонга – Каспий денгизи атрофига қараб юради. У ердан яна шарққа бурилиб, Нисога, кейин эса Марвга кетади. Адашган, ҳолдан тойган, тинимсиз таъқиб остида юрган Субашитегин қўшини деярли ҳамма эгаллаган ўлжасини йўл-йўлакай ташлаб кетишга мажбур бўлади. Таъқиб давомида 900 (айрим манбаларда 700) киши ва Субашитегиннинг укаси Ғазнавийлар томонидан асирга олинади.

 

«Зайн ал-ахбор» асарида Қорахонийлар қўшини чекиниши ҳақида шундай ёзилган: «Турклар ўз қўшинини иккига бўлиб, унинг бир қисмини Жайҳундан ўтказишни бошлаган ва аскарларнинг катта қисми чўкиб кетиб, фақат маълум бир қисмигина ўнг соҳил қирғоғига ўтган. Қўшиннинг иккинчи қисми эса дарёнинг кечуви томонга қараб чап соҳил қирғоғи бўйлаб юрган».

 

Ушбу асарда ёзилишича, Маҳмуд Ғазнавийга бу хабар етиб келгач, султон кечувни излаб юрган Қорахоний қўшинларини топиш ва маҳв этиш мақсадида бир ҳарбий тактика қўллаган. Унга кўра, аскарларга чорлов учун фойдаланиладиган ноғораларни олиб келиш буюрилган. Катта ноғораларни филларга боғлаб, кичикларини эса қўлда кўтариб, ноғораларни бараварига қаттиқ уриш амр этилган.

 

Бу тадбир билан Субашитегиннинг Жайҳун дарёси бўйида қолиб кетган ва яшириниб юрган қўшинларини топиш ва уларни саросимага тушириш керак эди. Ишора берилгач, аскарлар бараварига ноғораларни гумбурлатиб уришни бошлайди, филларга маҳкамланган ноғоралар ҳам урилади. Бундай шовқиндан қўрқиб кетган, пистирмада яшириниб юрган Қорахонийлар аскарлари карахт бўлиб қолади. Яширинган жойларидан чиқиб, бир-бирига урилиб жонини сақлаб қолиш мақсадида ҳар томонга қараб қоча бошлайди. Кўпчилиги нажот топа олмасдан ўзларини Жайҳун дарёсига отади. Кўпириб оққан, «тентак дарё» номини олган бу сувдан хон қўшинларининг жуда оз қисми тирик чиқади, қолгани эса чўкиб кетади.

 

Шундай қилиб, Маҳмуд Ғазнавий қурол ишлатмасдан, ноғоралар билан душман қўшинини ўз ҳудудидан ҳайдайди. Бу ҳолат Наср Қорахоний қулоғига етиб боради. Ҳукмдор олдига қайтиб келган Субашитегин ва унинг салорлари вазиятни тушунтириб берар экан, Маҳмуд Ғазнавий ва унинг қўшинига ҳеч ким қарши тура олмаслигини таъкидлайди.

 

Шу тариқа тарихда Маҳмуд Ғазнавийнинг Қорахонийларга қарши курашда қўллаган машҳур усули «Хўтан оҳангида туркийча куйлаш» деб ном олади. Бу усулдан мақсад, жангда душманни карахт қилиб қўйиш, саросимага тушириш, душман қўшинининг сафини бузишдан иборат бўлган. «Хўтан оҳангида туркийча куйлаш» учун асосан жанговар ноғоралардан фойдаланилган.

 

Бу тактикага «Хўтан оҳангида туркча куйлаш» деган номни ким бергани ҳам қизиқ. Биз кўриб чиққан Абу Райҳон Берунийнинг «Ҳиндистон», Абул Фазл Байҳақийнинг «Тарихи Масъудий» ва Абу Наср Муҳаммад Утбийнинг «Тарихи Яминий» асарларида бу тактика ҳам, «Хўтан оҳангида туркийча куйлаш» ибораси ҳам қайд этилмаган.

 

Ҳатто биз ўрганаётган тактика фақат «Зайн ал-ахбор» асаридагина тўлиқ тафсилотлари билан ёритилган бўлсада, унга нисбатан «Хўтан оҳангида туркча куйлаш» деган ном қўлланилмаган. «Зайн ал-ахбор»нинг бугунги кунгача фақат иккита нусхаси етиб келган. Эронлик олимлар томонидан чоп этилган асарнинг танқидий матнида ҳам Ғазнавийнинг бу тактикаси «Хўтан оҳангида туркийча куйлаш» деб номланмаган. Бундан келиб чиқиб, «Зайн ал-ахбор» асарини биринчилардан бўлиб тадқиқ ва таржима қилган Бартолд бу воқеани ўз ташаббус билан шундай номлаган деган хулосага келиш мумкин.

 

Умида Қуронбоева,

ФА Шарқшунослик институти катта илмий ходим

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22952
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//