Жисмида икки ўқ билан яшаган актёр


Сақлаш
15:20 / 05.11.2025 7 0

 

У театр саҳнасида 100 га яқин, кинода 70 дан зиёд роллар ижро этган, дубляжда 4 000 дан ортиқ қаҳрамонга овоз берган. Актёр 9 та пьеса муаллифи, 7 та спектаклга режиссёр қилган, таржимонлик ва таҳрир соҳасида ҳам яхшигина қобилият соҳиби бўлган. Ана шундай такрорланмас истеъдод, ўзбек дубляжи қироли – Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаровнинг 100 йиллиги муносабати билан фарзанди, таниқли актёр Шуҳрат Умаровни суҳбатга чорладик.

 

 

Ҳамза Умаровнинг нутқи, артикуляцияси чиндан ҳам ўзига хос эди. Бунга отангиз ўқиган китоблар сабаб бўлса керак, овозининг устида ишлаш мақсадида қандай китоб ўқиганларини биласизми?

 

Дадам жуда кўп китоб ўқирди, лекин овозни махсус машқ учун эмас, балки тафаккурини бойитиш мақсадида мутолаа қиларди. Жозибадор, жарангли овоз дадамга Яратган томонидан берилган юксак неъмат, десам янглишмаган бўламан. Спектаклларда сўз томошабинга аниқ етказилиши керак. Шу маънода, Муқимий театрини дадамнинг ижодий юксалишида муҳим ўрин тутган даргоҳ, дейиш мумкин. Дадам пьеса топширилиши билан уни тезда ўқиб, сўзларни ёд олар, ишига жиддий ёндашарди. Образ характеридан келиб чиқиб, ўша ифодани бера оладиган овозда гапирарди. Шунинг учун ҳам дадамнинг овози унинг ташриф қоғозига айланган, деб биламан.

 

 

Дадам одатда, доимий равишда репетицияда иштирок этарди. Бир гал дадам Учқун Назаровнинг «Ойна» спектакли тайёргарлик жараёнида негадир қатнашмади. Шунда уларга: «Нега репетицияда қатнашмаяпсиз?» десам, ҳафсалалари пир бўлиб: «Айрим актёрлар ўз ролини қоғозга қараб ўйнамоқчи бўлишди. Режиссёрга актёрлар қачон тайёр бўлишса, ўшанда чақирарсиз, деб чиқиб келяпман, болам», дегандилар.

 

Дарҳақиқат, Ҳамза Умаров образ яратиш борасида жуда талабчан ижодкор бўлганини кўпчилик таъкидлайди. Ҳаётда, умуман, оилада отангиз қандай инсон эди?

 

Дадам камгап, жуда масъулиятли ва ҳар бир ишни астойдил бажарадиган инсон эди. Оилада онамнинг суянган тоғи бўлган. Уларни жуда севар, ардоқларди. Икки опам ва мени ҳам жуда яхши кўрарди. Фақат биз билан ҳар доим ҳам бемалол гаплашиб ўтира олмасди, чунки ишлари кўп, жуда банд бўларди.

 

Гапиришни ёқтирмайдиган мавзулари бормиди?

Дадам 1926 йил Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида туғилган. Лекин Иккинчи жаҳон урушида қатнашиш мақсадида паспортига 1925 йилда туғилган деб ёздирган ва 1943 йилда кўнгилли бўлиб, ИИ-Болтиқбўйи фронтидаги ҳарбий қисмларнинг бирига полк айғоқчиси бўлиб хизмат қилгани кетган. Хизмат вақтида миналарга тўла майдондан судралиб ўтишга тўғри келган. Шунда ҳамроҳи отамга унинг ортидан боришини тайинлабди. Отам бунинг сабабини сўраганида, у: «Сен актёр бўлмоқчисан, узоқ йиллар халққа хизмат қилишинг учун яшашинг керак», деб олдинга ҳаракатланиб, ҳеч қанча вақт ўтмай портлаб ҳалок бўлган экан. Кўз олдида ҳамроҳининг парчаланиб кетганини, минглаб одамларнинг қурбон бўлганини кўрган дадам урушнинг инсоният тарихида қолдирган даҳшатли жароҳатлари, асоратлари ҳақида гаплашишни ёқтирмасди.

 

 

 

Уруш давомида дадам уч марта жароҳатланади, лекин жисмидаги фақат битта ўқ олиб ташланган. Ўнг томон чакка ҳамда тизза қисмидаги ўқ уларга халақит қилмагани учун шифокорлар уларга тегмасликка қарор қилишган. Шу боис отам қолган умрида танасидаги ўқлар билан яшаб ўтди. Комил Ёрматовнинг «Қора консулнинг ҳалокати» (1970) фильмида отам бош қаҳрамон – Маҳмуд образини яратган. Ўша фильмда сочи олдирилгани сабабли поездда кетаётганлари акс этган эпизодда чаккаларидан ярадор бўлгани яққол кўринади.

 

Ҳамза Умаров билан боғлиқ бирор қизиқ воқеани эслай оласизми?

Албатта. Дадам ўзбек, рус, тожик ва немис тилларини жуда яхши биларди. Тахминан 1980 йиллар бошида уларни Тожикистонга дубляжга чақиришган. Шунда маҳаллий актёрлар овоз ёзиш хонасида тожик тилида «Бу актёр Тошкентдан бизнинг нонимизни ейишга келибди», дейишганида дадам уларга жиддий оҳангда, «тоза» тожикча қилиб «Мен сизларнинг нонингизни ейишга келмаган», деб жавоб қайтарган экан. Ноқулай аҳволга тушиб қолган тожик актёрлари табиийки, дадамдан узр сўрашган.

 

1966 йилдаги зилзиладан кейин биз яшаётган кўп қаватли уй эгаларининг ҳаммаси бир муддат уй атрофидаги ер майдонига жойлашиб, яшай бошлаганмиз. Кунларнинг бирида «уйимиз», яъни ўша кўчадаги жойимизга ўғри тушган. Дадам қайсидир спектаклда роль ижро этиш учун кичкина ўйинчоқ пистолет ясаттирган эди. Шу ўйинчоқ пистолет ёнларида бўлган, уни ўғрининг пешонасига тираб, милиция чақирган. Улар етиб келгунча ўғрини шу ҳолатда важоҳат билан тутиб турганлар. Ўғрини милицияга топширгач, бу ўйинчоқ эканини унга билдириш учун осмонга қаратиб ўзларича «пист-пист» қилиб отиб, мазза қилиб кулган экан.

 

 

Ҳамза Умаров ҳам салбий, ҳам ижобий ролларни зўр маҳорат билан ижро этгани барчага яхши маълум. Лекин режиссёрлар унга кўпроқ салбий ролларни топширишни маъқул кўришган. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

Менимча, бу дадамнинг образ яратишга бўлган жиддий муносабати ва астойдил тайёргарлик кўриши билан боғлиқ бўлса керак. Чунки салбий ролда характерни ёрқин кўрсатиш имконияти бор.

 

Образ яратиш борасида отангиздан қайси жиҳатларни ўзлаштиргансиз?

Ишга масъулият билан ёндашиш ва образ яратишга бўлган жиддий муносабатни. Дадам менга «Яратаётган ролингга энг аввало, ўзинг ишонишинг керак. Шунинг учун қаерга борсанг ҳам одамларни кузатиб юр. Бу сенга бир кун бирор образни яратаётганингда керак бўлади. Асарни ўқиётганингда кузатган инсонларинг қиёфаси кўз олдингда гавдаланади», деб маслаҳат берарди. Ҳақиқатан ҳам образ ҳаётий чиқишида атрофимиздаги одамларни кузатиш яқиндан ёрдам беради.

 

Отангизнинг сўнгги кунларини хотирлай оласизми?

Албатта. Режиссёр Алишер Ҳамдамов 3-4 ой давомида дадамга «Қасоскорнинг олтин боши» фильмида суратга тушишини илтимос қилиб юрган. Дадам «Съёмкалар Ўшнинг тоғли ҳудудида экан, соғлиғимга тўғри келмайди», деб рад жавобини бераверган. Лекин режиссёр «Сизга ўзим қараб, яхши шароит яратиб бераман. 8-10 кунлик съёмкангизни 2 кунда тугатамиз», деб бир амаллаб кўндирган. Ҳақиқатан ҳам режиссёр ваъдасида туриб, дадам билан боғлиқ кадрларни икки кунда суратга олиб улгурган. Бироқ улар совуқ ҳавода кўп вақт қолиб кетган.

 

 

Дадам Тошкентга эрталабки 8-9 лар атрофида қайтдилар. Ўша куни улар билан дубляж студиясида кўришдик, шахмат ўйнадик. Улар билан бор-йўғи 4-5 марта шахмат ўйнаган бўлсам, ҳар доим ютқизардим. Чунки дадам яхши ўйнарди. Буни қарангки, ўшанда уларни умримда биринчи марта ютдим. Сўнгги пайтларда дадамнинг бошлари бироз силкиниб турарди. Ўша куни эса бу ҳолат ҳар доимгидан ҳам кучлироқ сезилди, тоблари йўқлигини фаҳмладим. Нега бундай бўлаётганини сўрасам, съёмка жараёнида анча совқотиб қолганини айтди. Уёқда дадамга режиссёр тугул, ижодий жамоадан бирор киши ҳам қарамагани учун ўзлари хашак ва қуриган шох-шаббаларни йиғиб, гулхан ёқиб, бироз бўлса ҳам оёқларини иситганлар. Бироқ, барибир, таналари совуқдан қалтираганини, шунинг таъсирида ҳолатлари ёмонлашганини, ҳаттоки гангрена сабабли кесиб ташланган бармоқдан қон оқаётганини афсусланиб айтди. Бироз муддатли сукунатдан сўнг «Насиб қилса, эртага поликлиникага бориб, тиббий кўрикдан ўтаман. Съёмкам тугади, соғлиғимга қарайман. Энди бирорта ҳам фильмда суратга тушмайман. Дубляждан «нон топиб юраман», деди. Шундан сўнг дубляж студиясига кириб, ҳамма билан хайрлашди. Отам уйга қайтгач ҳам ҳолатлари яхшиланмагач, «Тез ёрдам» чақиртиришган. Бироқ дадамнинг тақдирига шу онлар энг охиргиси этиб битилган экан... 

 

Гарчи Ҳамза Умаров бугун орамизда йўқ бўлсада, унинг саҳна ва экран санъатида яратган бетакрор роллари, дубляжда овоз бериб жонлантирган қаҳрамонлари уни бизга ҳамиша эслатиб туради.

 

Ҳафиза НИЁЗОВА,

санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23014
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//