Шарқ дунёсининг асл нафосатини кўрсатувчи миниатюраларни бир қарашда тушуниш, қабул қилиш учун маълум билим ва англамлар талаб қилинади. Чунки бу санъат тўлалигича реалликдан кўра кишининг ички оламига кўпроқ таъсир қилади. Ҳар бир шакл, нақш, чизги, ранг – ўзига хос рамз, туйғуларни ифодалаб келади. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да келтирилишича, «миниатюра» итальянча нафис, нозик қилиб ишланган расм, лотинча – «миниум» қизил ёки қизғиш-жигарранг бўёқ маъносини англатади.
ХВ–ХВІ асрлардан бошлаб китобат миниатюраси ўз чўққисига чиқди. Бу жараён бадиий адабиётнинг кенг оммалашиши ва ривожланиши билан боғлиқ эди. Шеърият, наср ва тарихий воқеаларнинг таъсири миниатюра орқали янада аниқ ва таъсирчан намоён бўла бошлади. Бора-бора миниатюрада тарихий шахсларнинг портретлари ва жангу жадаллар тасвирлари ушбу санъатга чуқур мазмун ва ҳаётийлик қўшиб, асарни янада таъсирчан ва сирли бўлишини таъминлади.
Шу жойда савол туғилади: нега Шарқ миниатюрасида инсон портрети реалликдан узоқ? Мутахассислар бу ҳолатни турлича изоҳласаларда, ўша давр нуқтаи назаридан икки муҳим омилни таъкидлаб ўтиш жоиз. Биринчиси, ислом таълимотида жонли мавжудотларни айнан тасвирлашга нисбатан эҳтиёткорликнинг мавжудлиги бўлса, иккинчиси мусаввирларнинг реал дунё қиёфасини кўчиришдан кўра, унинг маънавий моҳиятини рамзлар орқали ифода этишга мойиллигидир.
Ушбу мақолада тарихий ва мумтоз асарларга ишланган миниатюралар ҳамда Ҳорун ар-Рашид, Муҳаммад Хоразмшоҳ, Бобур Мирзо, Шайбонийхон ва Ҳусайн Бойқаро каби шахсларнинг миниатюра санъати ва ҳаққоний ҳаётдаги қиёфаларига қиёсий баҳо беришга ҳаракат қиламиз. Тадқиқот жараёнида тарихий манбалар ва мемуарларда келтирилган маълумотлар мусаввирлар чизган образлар билан таққосланиб, уларнинг ташқи қиёфаси, феъл-атвори ва муҳити миниатюраларда қандай акс этгани ўрганилади.
Ҳаётда паҳлавон, суратда нозик...
Ҳорун ар-Рашид миниатюрасига назар ташлаган киши, шубҳасиз, ҳайратга тушади: Аббосийлар сулоласининг довруқли халифаси, «Минг бир кеча» афсоналарининг қаҳрамони, катта мамлакатнинг ҳукмдори наҳот шундай нозик қиёфадаги йигит бўлса. Зотан, тарихий манбаларда у қудратли, адолатли, довюрак ва қатъиятли подшоҳ сифатида тасвирланади. Аммо мусаввир Беҳзод уни нафис қиёфали, ўйчан ҳукмдор сифатида гавдалантирар экан, унинг жисмоний қудратидан кўра, маънавий ва фалсафий оламини кўрсатмоқчи бўлади.
Хўш, ҳукмдорнинг асл сурати қандай эди?
Манбаларда Ҳорун 15 ёшларга етганда катта жангларда иштирок этгани, ҳатто уларда қўмондонлик қилгани айтилади. Жумладан, Мансур Абдулҳакимнинг «Ҳорун ар-Рашид: туҳматлар қилинган халифа» асарида қуйидаги воқеа баён этилади: «Маҳдий фарзанди Ҳорунни от чоптириш, ўқ отиш, найза улоқтириш ва жанг санъати каби ўйин-машқлар билан банд қилди. Ҳоруннинг қадди-қомати мустаҳкамланиб, бақувват йигит бўлиб етишганидан кейин, 163 йилда (ҳижрий) отаси уни Рум (Византия)га урушга жўнатди. Қўшинда Ҳусайн ибн Қаҳтоба, Мусо ибн Ийсо ва Абдуллоҳ ибн Солиҳ каби машҳур ва кучли саркардалар борлигига қарамай, Ҳорунни қўшин бошлиғи (саркардаси) қилиб тайинлади. Бу пайтда ар-Рашиднинг ёши 15 дан ошмаган эди». Гарчи Камолиддин Беҳзод асарида Ҳорун ар-Рашид қиёфаси адабий ва бадиий тасаввурда жонлантирилсада, манбаларда келтирилган тарихий-реал ҳолатни ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим.
Салласи думалаган Муҳаммад Хоразмшоҳ
Эътиборингизни Рашидиддиннинг «Жомеъ ут-таворих» асари учун Сайф ал-Воҳидий томонидан чизилган, 1430 йилда Ҳиротда Шоҳрух Мирзо кутубхонаси учун тайёрланган машҳур миниатюрага қаратамиз. Ундаги тасвир фақат бадиий эпизод эмас, балки тарихнинг оғриқли саҳифасидир. Асарда ҳукмдорнинг жон бериш саҳнаси, яъни куч ва салтанатнинг маҳв этилиши рамзий тарзда акс эттирилган. Миниатюрада Муҳаммад Хоразмшоҳ салласи бошидан учган, куч-қувватсиз қиёфада кўрсатилади. Бу ҳукмдорнинг мағлубияти, тақдир олдидаги ожизлиги рамзидир. Ерда ётган салла орқали мусаввир подшоҳнинг сиёсий таназзулини кўрсатишга эришади.
Муҳаммад Хоразмшоҳ тарихий манбаларда жасур, ақлли ва бақувват саркарда сифатида таърифланади. Бироқ миниатюрада мағлубликнинг бадиий ифодасини, барбод бўлаётган салтанат ва қўрқув, куч ва ожизликнинг бир тан ичида мужассам бўлганини ўзига хос ракурсларда кўргандай бўламиз.
Ҳусайн Бойқаро ҳаётда ҳам шундай одам бўлганми?
Камолиддин Беҳзод томонидан чизилган «Ҳусайн Бойқаро» портрети тарихий шахс қиёфасини аниқ ва ҳаётий тарзда ифода этган асар сифатида эътиборга моликдир. Муҳими, айнан шу асарни реал манбаларда келтирилган маълумотлар билан ҳамоҳанг тарзда яратилган, дейиш мумкин. Бунинг исботини Бобур Мирзонинг «Бобурнома»даги Ҳусайн Бойқарога берилган таърифлардан ҳам топсак бўлади:
«Шакл ва шамойили қийиқ кўзлук, шерандом бўйлуқ киши эди. Белидан қуйи ингичка эди, хуш ранг қизил, яшил абришимни кияр эди. Қора қўзи бўрк кияр эди, ё қалпоқ Аҳёнан ийдларда кичик сепеч дасторни яп-ясси ямон чирмон чирмаб, қарқара ўтакаси санчиб, намозга борар эди» («Бобурнома» 47-б.).
Ушбу таъриф ўқувчига шоҳнинг ташқи қиёфаси билан бирга, унинг салоҳияти ва жисмоний тузилиши ҳақида ҳам аниқ тасаввур бера олади. Беҳзод ҳам ўз портретида айнан шу белгилар, яъни шоҳнинг кенг елкалари, япалоқ юзи, қийиқ кўзлари ва салобатли ҳолатини аниқ пропорцияларда акс эттиради. Унинг кийимидаги қизил ва яшил ранглар, бош кийимининг шакли ва безаклари ҳам Бобур таърифидаги элементларга мос келади. Айтиш мумкинки, «Ҳусайн Бойқаро» портрети реал манбалардаги тавсиф билан мусаввирнинг индивидуал қараши уйғунлашган ҳолда юзага келган. Ушбу асарни Темурийлар давридаги инсон қиёфасини илмий аниқлик ва тасвирий ҳаққонийлик асосида ёритган муҳим санъат намунаси сифатида баҳолаш мумкин. Нусхаси Швециянинг миллий галереясида сақланаётган бу портретнинг асли швед санъатшунос олими Ф. Мартиннинг шахсий коллекциясида сақланади.
Тож кийдириш маросими
Навоийнинг дўстидан узоқлашмаймиз. «Ҳусайн Бойқаронинг тож кийиш маросими» деб аталувчи миниатюра Темурийлар даври маданий ҳаёти ва давлатчилик анъаналарини ифода этган муҳим асарлар сирасига киради. 1469 йилда Мансур Мусаввир томонидан чизилгани тахмин қилинадиган бу ушбу картина ҳозирда АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Осиё санъати Миллий музейида сақланмоқда.
Миниатюрада ёш Ҳусайн Бойқаро тож кийиш маросими марказида салобат билан ўтирган ҳолда акс этган. Унинг икки томонида сарой амалдорлари, шоир ва уламолар, жумладан, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийни ҳам кўришимиз мумкин. Сезгир ўқувчи тасаввурида бир ҳолат гавдаланиши аниқ. Маълумки, 1469 йили Хуросон тахтини Алишернинг болалик дўсти Ҳусайн Бойқаро эгаллайди. Шу йили Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога атаб «Ҳилолия» қасидасини битади. Эҳтимол ўша машҳур қасида ана шу лаҳзаларда ўқиб эшиттирилгандир.
Низомий панжасига панжа ураётган лаҳза
Камолиддин Беҳзод раҳбарлигида мусаввир Қосим Али томонидан яратилган машҳур миниатюра «Навоий буюк шоирлар даврасида» («Суфийлар боғда») деб номланади. Асарда Алишер Навоийнинг «Хамса»сининг сўнгги қисмини устози ва дўсти Абдураҳмон Жомийга тақдим этиши ҳамда унинг фикрини билмоқчи бўлган лаҳза тасвирланган. Манзара нафис чаманзор боғда кечади: гуллар ичидаги ҳовлида жойланган гилам устида Шарқ шеъриятининг буюк намояндалари Низомий Ганжавий, Фирдавсий, Амир Хусрав Деҳлавий, Саъдий, Саной, Анварий, Унсурий ва Законийлар давра қуриб ўтирганини кўрамиз. Мажлис иштирокчилари Навоийнинг ижодий салоҳиятини юксак баҳолаб, уни ўзларига муносиб шоир сифатида тан оладилар.
Сирға таққан Бобур Мирзо
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ушбу тасвирига кўзингиз тушган бўлиши керак. Шоҳ ва шоир боғда, ариқ бўйидаги курсида, бир оёғининг пойабзали ечилиб, иккинчи оёғининг устига қўйилган ҳолатда мутолаа қилмоқда. Портрет 1610-1615 йиллар оралиғида Бобурнинг невараси Жаҳонгир даврида яратилган бўлиб, ҳозирги пайтда Лондон кутубхонасида сақланади.
Нима деб ўйлайсиз, Бобур Мирзо ҳаётда ҳам шундай кўринишда эдими?
Дарвоқе, Бобур Мирзо ҳам миниатюра санъатини чуқур тушунгани, ҳатто замонасининг энг довруқли рассоми Камолиддин Беҳзод маҳоратига юксак ва танқидий баҳо беролгани ҳам бежиз эмас.
«Бобурнома»да шундай ёзилади: «Машҳур мусаввирлар қаторига Беҳзод муносибдир. У бадиий маҳоратнинг нозик жиҳатларини эгаллаган, лекин соқолсиз юзларни ёмон тасвирлайди. Соқолли кишиларнинг чеҳраларини жуда маромига етказади». Яна бир баҳсли жиҳат Бобур кийган салла ва унинг қулоғидаги сирға. Кўпчилик бу расмдаги саллани шиа мазҳабидаги қизилбошлар билан боғлайди. Аммо, суратдаги салла қизилбошларга тегишли эмаслиги қиёсан ўрганилган. Чунки, сафавийлар давридаги қизилбошлар Бобурдан фарқли тарзда қизил рангли салла ва «тожи Ҳайдарий» деб аталган узунчоқ кулоҳ кийганлари турли манбаларда келтирилади. Ушбу сурат Бобур вафотидан тахминан бир аср кейин чизилганини ҳисобга олсак, бу даврда ҳинд миниатюраларида сирға таққан ҳукмдорлар тасвири кенг тарқалганини айтишимиз мумкин.
Аслида сирға тақиш қадимги туркийларга хос одат саналган. Панжикентдан топилган деворий суратларда туркий қиёфали жангчилар сирға билан тасвирланганини кўрамиз. Бобурнинг кейинги авлодлари – Жаҳонгир, Акбар, Аврангзебнинг миниатюраларида ҳам улар қулоғида сирға билан тасвирланади.
Асосий масалалардан бири – биз билган Бобурнинг миниатюрада нозиклашиб қолгани. Чунки у кўпинча икки норғул одамни қўлтиқлаб олиб, Агра қалъаси деворлари устида югуриб машқ қилгани, Кобулда фитна уюштирилиб жанг бўлганда, бир ўзи беш одамни енггани тарихий манбаларда аниқ-тиниқ ёзилган. Шунингдек, саркарданинг ажойиб сузувчи ва ғаввос ҳам бўлгани, Гангадан бошқа жамики ҳинд дарёларини сузиб ўтгани ҳам замондошлари асарларида келтирилади. Бобур исмининг арабчада «шер» экани ҳам унинг абжир, довюрак, чаққон эканига ишора.
Яна бир қизиқ факт: Шоҳ ва шоир «Бобурнома»да отасини таърифлар экан, «Отам ҳар қандай йигитни бир мушт зарби билан отдан ағдарарди», деб ёзади. «Бобурнома»да Ҳиротдан Кобулга боришда отнинг қорнидан келадиган қор йўлларда ўзи олдинга тушиб қор тепиб, лашкарга йўл очгани, бошқалар ғорда қор бўронидан жон сақласалар, Бобур қорда ўра қазиб, ўша ерда тонг оттиргани ҳақида ҳам ёзилган. Бундан кўринадики, шоҳ ва шоирнинг куч-қуввати биз ўйлагандан ҳам юксак ва ҳавас қиларли бўлган.
Қизил гиламдаги Муҳаммад Шайбонийхон
Яна бир диққатга сазовор портрет 1507 йилда яратилган Муҳаммад Шайбонийхон суратидир. Унда ҳукмдор тиззасига қўлларини қўйган, чордана қуриб ўтирган ҳолда тасвирланган. Бу ҳолат ундаги табиий мағрурлик ва салобатни ифодалайди. Асар ҳозирда АҚШдаги хусусий коллекцияда сақланмоқда. Шайбонийхон ўзига хос жисмоний куч ва ҳарбий ташкилотчилик маҳорати билан танилган. «Бобурнома»да у «Шайбоқхон», яъни «куч-қудрат соҳиби» сифатида тилга олинади. Форсий манбалар ичида унинг шахсияти ва фаолияти ҳақида Мулла Шодийнинг «Фатҳномайи хоний», Биноийнинг «Шайбонийнома» ҳамда Рўзиббекхоннинг «Сафарномайи Бухоро» асарларида маълумотлар келтирилган. Бироқ Шайбонийхон шахсиятини тўлиқ ёритган ягона яхлит манба Муҳаммад Солиҳнинг машҳур «Шайбонийнома» асаридир.
Портретда Шайбонийхон чордана қуриб, икки қўлини оёғи устига қўйганча салобат билан ўтирган ҳолда тасвирланган. Унинг бошидаги оқ салла поклик, мовий рангдаги устки кийими эса осойишталик рамзи. Орқа фондаги яшил девор ҳаёт, янгиланиш ва барқарорлик маъносини англатса, Шайбонийхон ўтирган қизил гилам жангу жадаллар, тўкилган қон ва ғалабаларнинг рамзий ифодасидир. Суратдаги Шайбонийхон юзига қарасангиз, ўйланмасдан қўйилган қўнғир рангга кўзингиз тушади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романидаги воқеага мурожаат қиладиган бўлсак, ундаги жигарранг Шайбонийхон томонидан бўялган бўлиб, мусаввирнинг чизган расмини ўзи билгандай тўғрилашга ҳаракат қилганини кўрамиз.
Таниқли ёзувчи Саъдулла Сиёев «Дашти Қипчоқ лочини ёхуд Муҳаммад Шайбонийхон қиссаси»да Шайбонийхонни шундай тасвир этади:
«Шайбонийхон ҳам бугун шоҳона либосда эмас, одмироқ кийинган. Оёғида қўнжи қизил этик, эгнида кўк шойи яктак, бошида бежирим ўралган симобий салла. Қорин текис, кўзлари қийиқ, калта кузалган соқол-мурти ўзига ярашган. Елкалари кенг. Туриш-турмушидан навжувонларга хос ўктамлик, шижоат ва қувват ёғилади. Магар саллага қўндирилган ёнғоқдек ёқут жиға бўлмаса, рўпарада Дашти қипчоқ лочини, дея шараф тожини кийган Шайбонийхон эмас, бирор вилоят ё музофотнинг саркори ўтирибди, деб ўйлаш мумкин эди».
От устидаги Шоҳрух Мирзо
Ушбу миниатюра Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух Мирзо (1377-1447)га бағишланган бўлиб, 1436 йилда яратилган ва Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асари қўлёзмасидан ўрин олган. Ҳозирда у Даниянинг Копенгаген шаҳридаги Девид галереясида сақланади. Кўринадики, асарда тарихий аниқликдан кўра, руҳий ҳолатни ифода этиш устувор: мусаввир шоҳнинг қиёфасида ҳукмдорга хос виқорни, ўйга чўмган, тафаккур билан яшайдиган вазмин инсон қиёфасини чизади. Миниатюрадаги тасвир реал тарихий образ билан тўлиқ мос келмасада, у Шоҳрух Мирзонинг ички олами, сиёсий ва маънавий дунёси ифодаси сифатида қадрлидир.
***
Шу ўринда миниатюра санъати нафақат инсон портретидаги феъл-атвор, балки миф ва афсоналар, мумтоз асарлар маъно-мазмунини очиб беришда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилганини унутмаслик керак. Айниқса, афсона ва ривоятларни ўзида акс этган айрим портретлар ўзининг фавқулодда гўзаллиги, кутилмаган маъно қирралари билан кишини жалб этади. Масалан, Муҳаммад Мурод Самарқандий «Сиявушни олов билан текшириш» миниатюрасини олайлик. Сиявуш образи Марказий Осиё ҳудудларида азалдан машҳур бўлиб, халқ ҳаётида оламдан бевақт кўз юмган қаҳрамон сифатида ўз ўрнига эга. Миниатюрада отда ўтирган йигитнинг ловуллаб ёнаётган гулхан устидан сакраши тасвирланган. Композициянинг марказида чавандоз ва от. Сиявуш оқ либосда, ёш ўспирин ва нозик кўринишда, унинг оти ҳам оппоқ рангда тасвирланади. Бундай унинг руҳий поклигидан дарак беради. Олов учқунларининг Сиявушга тегмаслиги эса унинг бегуноҳлиги, ҳалоллиги ва тўғрилиги ифодасидир.
***
Камолиддин Беҳзод томонидан Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Лайли ва Мажнун» асарига ишланган миниатюрада ҳам бир-биридан қизиқ рамзларга дуч келамиз. «Қариндошларининг Мажнунни кўргани келиши» картинаси ХВИ асрда Ҳиротда яратилган.
Мажнунни ҳамма одамлар сингари яшашга кўндириш учун ташриф буюрган қариндош-уруғлар саҳнаси кўриниши. Беҳзод мазкур манзарани кузги чинорлар, дала гулларига тўла чаманзор, соя-салқин булоқ кўринишлари билан уйғунлаштиришга эришаркан, табиатнинг ана шундай гўзал манзаралари ҳам Мажнунни мафтун этолмаганига диққатни қаратади. Мажнун теварак-атрофга бепарво, лоқайд. Унинг учун Лайлининг маънавий гўзаллигидан ортиқ бахт йўқ. Одамлар эса буни тушунмаётгани, уни юпатишга ҳаракат қилаётгани киши қалбини тўлқинлантириб юборади.
Хулоса қилиб айтганда, биз миниатюрани реалликни кўрсатувчи восита сифатида эмас, балки ўз илдизлари билан ҳақиқатга чамбарчас боғланган ёрқин бадиий асар сифатида талқин қилсаккина ундан кўпроқ баҳраманд бўламиз.
Бобур ЭЛМУРОДОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Жараён
Тарих
Санъат
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ