Йўқолган удумлар


Сақлаш
15:38 / 06.11.2025 11 0

 

Ўтган ёз ота уйимга бордим. Ҳовли бўм-бўш, ҳувиллаб ётибди. Бу ер болаларга тўла, ари инидай қайнар эди. Ичимдан бир нима узилгандай бўлди, кўнглим бузилди. Ўзимга сиғмай кетдим. Мунгли хотиралардан чалғиш ниятида кўчага чиқдим. Ҳеч кимни танимадим. Бари ёш-яланглар. Бирови салом бериб, бошқаси хаёллари билан андармон ўтиб кетади. Қўшниларимизнинг дарвозаларига термилдим: Хурсанд хола, Момохол хола, шаҳарлик бўлгани учун ҳамма тожик янга деб чақирадиган Миновар хола, Санобар янгам, Қўйсиной янгам... Ҳозир уларнинг ҳеч бири ҳаёт эмас.

Улар билан мени боғлаган онам ё ота ҳовлимми? Ўйласам, бизни боғловчи ришталар кўп экан. Момохол холам сепим учун қуроқ ёстиқ тикиб берган. Уларнинг ичига гулпахта солинган, бир неча ўн йил мобайнида ранги ҳам ўнгмади. Холамнинг ўзи ўнгиб, тўзиб, бир парча ватанга айланганига анча бўлди. Санобар янгам рассом эди. Оқ, қизил, сариқ мато олиб, ичига уч-тўрт сўм солиб, уйига ташлаб келинарди. Турмуш ташвишларидан ортиб, кашта учун гуллар, нақшлар чизарди. Уларга қандай рангли иплар кетишини ҳам ёзиб қўярди. Ўта инжиқ қайнонаси, икки қайинсинглиси, ўнга яқин боласи бор эди. Иш қайнаб ётадиган қишлоқда бундай нафис ишларга қандай улгурди экан?

 

Қўйсиной янгам кенг кўйлаклар тикарди. Она қадрдонларимизнинг ҳаммаси ҳам ҳунарли бўлган. Олдинлари чачвонсиз паранжига ўхшаб кетадиган бойжелаклар бор эди. Кейинчалик эскилик сарқити деб соттирилмай қўйди, аёллар ўзи тикиб оладиган бўлди. Бора-бора урфдан ҳам қолди. Чекка-чекка қишлоқлардагина сақланган. Бошингиз, елкангиздан тўпиққача тушиб турадиган бойжелакда аёллар аллақандай хушқад, сирли, салобатли кўринарди...

 

***

Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида «Балли, аёллар» кўрик-танлови ўтказилди. Ундаги битта шарт илгак билан рўмолча тўқиш эди. Шарт бажарилаётганда билим юрти бошлиғи ўтирган жойидан туриб келиб:

 

– Болаликни ёдга соларкан, ўқувчилигимизда шундай рўмолча ҳадя қилишса қанчалар қувонардик, – дея ёшликнинг беғубор палласини эслади. Қанча сувлар оқиб ўтган, аммо тўқилган рўмолча уни ҳамон ҳаяжонга солаяпти!

У ниманинг рамзи, қандай ҳикмати бор?

Абдулла Орипов шундай ёзади:

Қуёш ҳам фалакда бамисли рўё,

У энди ёндирмас. Ялтирар фақат.

Дўстлар, у ҳам энди қуёшмас асло,

У олис ёшликда қолган муҳаббат.

 

Тўқилган рўмолча ёшликнинг рамзи. Ранг-баранг, сирли товланувчи пистонларда, жимжимадор тўқималарда гўзал севги қиссалари, изҳори диллар, умидлар мужассам. Тўқиётган қизни ҳеч кузатганмисиз? Кўзларидаги ёлқинлар, лаб бурчидан чиқишга ҳозир сирлар, нақшларга нимтабассум билан сингиб бораётган сулувнинг ўзини бир достонга менгзаш мумкин.

 

Рассом бўлганимда дала ишларидан сўнг салқин ариқлар лабида тушлик қилаётган қишлоқ қизларини, чакки, кўкат, помидор, буғдойнондан иборат камтарин дастурхонларни, тин олар-олмас рўмолча тўқишга, жияк тикишга тушган офтобжамоллар расмини чизган бўлардим. Қизлар рўмолча тўқимай қўйди. Бугун уларни банд қиладиган нарсалар кўп. Тўқилган рўмолчалар, нақшларга инган сассиз изҳорлар йўқ. Афсус...

 

Йўқолган бўғжома

Кўрпа-тўшакларни демаса, авлоддан авлодга ўтиб келаётган кўп нарсалардан воз кечдик. Сеплар турк моллари билан тўлди, ичида нималар йўқ дейсиз? Олдинлари уйлар токчали бўларди. Ҳозир қолдимикан? Ёшлар алоҳида чиқиб кетгач, кексалар қолган уйларда бўлиши мумкин. Тўрда махсус жой қилиниб, устига кўрпа-тўшак тахланарди. Бу тахмон дейилади. Келин-куёвнинг уйидаги тахмонлар санъат даражасида бўлган.

 

Ҳар икки томон қилган кўрпа-тўшаклар орасида келин томонники ажралиб турган – каштали болишлар, катта ойналар учун ярим бурчак безакли кашталар. Текис тахланган кўрпа-тўшаклар каштали, конверт шаклида тепадан тушиб турадиган бўлагининг учи шокила билан безак берилган бўғжомага ўраб, тахмонга қўйилган. Ҳам гўзаллик, ҳам кемирувчилардан асровчи вазифасини бажарган. Бўғжомалардан фойдаланмай қўйдик. Қўрқаманки, бу сўз ёшлар тилида унутилиб кетмаса...

 

Тахтапопукдан култувшакка ўтиш

Аёл-қизларнинг соч ўримларига боқиб ёши, ижтимоий мавқеини билиш мумкин эди. Ҳозир бир хиллик кўп. Узун, қирқ ўрим сочлар уй юмушларини бажарганда халал беради. Қизлар уни текис бир чизиқ қилиб, ипга тизиб қўйганлар. Бу чилвир сочларнинг тартиб билан орқада туришини таъминлаган. Айни ҳолат турмушга чиқмаган қизларгагина хос.

Келинчаклар учун бошқачароқ, ҳашамдорроқ тахтапопуклар бўлган. Олдинлари ана шу попуклар ҳунармандлик расталарида сотиларди: учлари бир текис, рангли ипак ип, пистон ва мунчоқлар билан безак берилган. Майда ўрилган сочларга бир ярим қаричча пастдан тақилган. Келинчакларнинг нафосатини оширган, нафис шилдираши юракларга ғулу солган, юрганда қоматни тик тутган.

 

Инсоннинг улғайиш паллалари бўлади: болалик, ёшлик, ўрта ёш, кексалик. Ўрта ёшга ўтишнинг ўзига хос маросимлари бўлган. Бу Қашқадарё вилоятининг кўпгина жойларида ҳалигача сақланган. Номи – соч иккита қилиш. Асосан аёллар иштирок этади.

 

Бу гўё ёшлик билан хайрлашувга ўхшайди. Аёл келинликда кийилгани каби кенг, зар кўйлаклар билан ороланади. Бир неча қават тўшалган кўрпачаларда элнинг кайвони, униб-ўсган момоси аёлнинг сочларини гўзал тилаклар, дуолар, баъзан халқ қўшиқларини айтиб, иккита қилиб ўради. Ўша аснода қариндошлар уларни турли сийлиқлар билан сийлайди. Ўрта ёшга қадам қўйган аёл шу маросимдан сўнг келинлик таъзимларини қилади.

Унга онаси берадиган совғалар орасида албатта бошкийим – култувшак бўлиши шарт эди (кўпдан бери шу бошкийимда юрган кексаларни учратмадим). Раҳматли онам «ўлимлик бисоти»да култувшак бўлиши шарт деб қаттиқ ишонарди.

 

Шундан кейин аёлнинг сочлари ортиқ қирқ ўрим қилиб ўрилмайди. Икки ўрим соч ёшликдаги каби тўпиққача бўлмайди. Йиллар давомида сийраклашади, калта бўла бошлайди. Бирор ҳаракатингиздан бири олдинда бири орқада туриб қолган соч ивирсиқ кўрсатади, ёшига ярашмаган қилиқдек кўринади. Боши думалоқ қалпоққа ўхшайдиган култувшакда елкадан сочни солиш учун бироз очиқ жойи бўлади. Чўмичга ҳам ўхшайди. Дастага ўхшаш жойидан соч чиқиб туради. Жияк катталигидаги четларига оддийгина нақшлар солиб тикилган. Култувшак сочни батартиб сақлаш баробарида бошни ҳам асрайди. Бу бошкийимда қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси писанд эмас. Афсус, култувшак ҳам ўтмишда қолди.

 

***

Европа маданиятига ҳавас қилмаслик мумкин эмас. Тан олиш керак, аёллари кўп нарсаларда биздан ўзиб кетган. Ўтмишда аллома аёлларимиз бўлган дея эътироз билдиришингиз табиий. Ҳа, бўлган. Саройларда муруввати, ишбилармонлиги билан дунёга ибрат бўлган пошшоқизлар ўтган. Ҳаммага ҳам бой хонадонлар, саройларда дунёга келиш насиб этмайди.

 

Уларнинг ўтмиши ва бугуни билан бизни, тўғрироғи, ўзимни кўп таққослайман. Одамлар ва маданиятлар, анъаналар ўта кескин фарқ қилмаслигига амин бўламан. Қандай қилиб? Тиллар, динлар фарқлику? Инсониятни оила деган гўша, фарзанд кўриш истаги бирлаштириб туради.

Европада мусиқа ривожланган деб ҳавас қиламиз. Рассомчилик ҳадди аълосига етганини таъкидлаймиз. Аслида ҳам шундай.

 

Бу борада бировдан кам эмасмиз. Халқ ҳунармандчилигида мусиқа йўқ деб ўйлайсизми? Қизлар тиккан кашталарчи? Уларда акс этган фалсафани англаб етганмисиз? Улар оддий безаклар эмас.

 

– Шу жойини мен тикиб қўя қолай, озгина қолибди, бузиб қўймайман, – деб онамнинг қўлидаги якунига етай деб қолган каштага қўл узатаман.

– Йўқ, шундай қолади, бу дунёга ишора, қизим, дунёнинг чегараси, ишларининг охири йўқ...

 

Онамнинг саводи йўқ, ўқиш-ёзишни билмасди, аммо ҳаёт дарсини обдон ўрганганди. Ипак ипларни ўзи тайёрларди, эшарди, бўярди. Кашталар ҳеч ўнгиб кетмасди, бўёқлари ҳозиргина қўлдан чиққандек. Улар бугун... сандиқларда қолди.

Каштанинг бир турига зардевол дейиларди. Уйнинг шифтга туташ еридан қоқиларди. Текис турса, барқ урган гуллари яққолроқ кўриниши учун беш сантиметр узунликда майда мунчоқлар қўшиб тўқиларди. Эътибор берганмисиз? Каштага кўпроқ анор ва гуллари тикилади. Анор тириклик, ҳаёт рамзи! Тикишни ҳар бир қиз билиши керак эди.

 

Кашталар янги ҳаётга қадам қўяётган қиз учун жиддий синов бўлган. Куёвнинг уйига ўз қўлингиз билан тиккан жияклар, пардалар, енгкашталар ва барчага кўз-кўз қилинадиган, маҳоратингизга, бекалигингизга баҳо берадиган кашталар билан боришингиз керак бўларди. Бўй қизлар сирлашиб кашта тикадиган ул гўзал дамлар аллақачонлар ортда қолди, ўтмиш хотираларига айланди.

 

Бугун исталган чиройли нақш ва гулларни машиналар зудлик билан тикиб беради. Бироқ аёл қўлининг ҳарорати, қалбининг қўри сингган кашталар бўлакча! Унда гўзал орзулар, умидлар акс этган севги ифорини ҳис қиласиз. Секингина сийпаласангиз, ўша олииис ёшликка, дугоналар даврасига, ҳеч кимга айтолмаган сирингиз... ширин армоннинг хаёлларига ғарқ бўласиз. Нимани бой берганимизни англаяпман, аммо ниманинг эвазига?!

 

Инобат ИБРОҲИМОВА

«Маънавий ҳаёт» журнали, 2025-йил 3-сон.

«Ўрни тўлмас хазина» мақоласи

Фото: Холида МУСУЛМОН

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 23049
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//