Янги Ўзбекистонимиз Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаб, ижтимоий, маданий, сиёсий, иқтисодий ҳаётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришмоқда. Ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, эҳтиром руҳида улғайтириш, эртанги кун қиёфасини белгилаб берадиган камолот соҳибларини тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар эса тараққиёт йўлимизга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Жамиятда устоз-мураббийлар, ўқитувчиларнинг қадр-қиммати юксалгани, илм-фан соҳаси вакилларига ўз илмий тадқиқотларини юзага чиқариш учун икки босқичли тизимнинг, фан номзоди ва фалсафа докторларига 30 фоизгача, фан докторларига 60 фоизгача қўшимча ҳақ тўлашнинг жорий этилгани фикримизнинг ёрқин исботидир.
Аммо бемулоҳазалик билан айтилган юзаки ва қуруқ гаплар, ясама ва сунъий қатъият, ўринсиз ва кемтик даъволарнинг юзага чиқиши нафақат хато талқину таҳлилларга йўл очади, балки кенг омманинг фикр-қарашларини асл ҳақиқатдан чалғитишга ҳам сабабчи бўлади. Яқинда “Oyina.uz” порталида эълон қилинган ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклари институти илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Феруза Манукяннинг “Илмий ишлардаги ёлғонлар: 90 фоиз плагиат диссертация, 100 дан ошиқ илмий ишга раҳбарлик қилаётган фан докторлари ва эгизак тадқиқотлар таҳлили” мақоласини ўқиб, кўнглимиздан ана шундай фикрлар кечди. Мақола муаллифига жавобан эса қуйидагиларни айтиш мумкин:
1. Жонажон Ватанимизда олий таълимдан кейинги таълимга қаратилаётган эътибор, таянч-докторант ва докторантлар стипендияларининг бир неча баробарга оширилгани, республиканинг илмий салоҳияти етарли бўлган, ўз соҳасининг етук мутахассислари фаолият юритаётган, қолаверса, соғлом илмий муҳит шаклланган олий таълим муассасалари, илмий ташкилотларида илмий кенгашлар очилгани, уларда ҳимоя жараёнлари шаффоф ва адолатли ташкил этилаётгани, шунингдек, талабгорларнинг ортиқча оворагарчиликдан, тураржой, йўлкира билан боғлиқ муаммолардан, иш жараёнидан узилиб, турли ноқулайликлардан халос бўлгани давлатимизнинг “инсон қадри учун” тамойилига уйғундир.
2. Филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев илмда ўз соҳасини яхши биладиган, фидойи ва таниқли олим экани барчага маълум. Унинг ўзбек амалий тилшунослиги мактабига асос солгани, миллий грамматикамизни янги ғоя билан бойитиб, ўзбек тилидаги айрим грамматик шаклларгина синтактик вазифа бажаради, деган анъанавий қарашларни ўзгартиргани, барча грамматик шакллар синтактик имкониятга эгалигини исботлаб бергани, ўзбек ўқув лексикографияси назариясини яратгани, унинг ҳаммуаллифлигидаги “Ҳозирги ўзбек адабий тили” дарслиги бир неча бор “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” (2006–2011 йиллар) сифатида эътироф этилгани фикримизнинг яққол исботидир. Мутахассис илмий салоҳияти баланд, имконияти кенг, ўз соҳасининг билимдони бўлиб, унда ўнлаб, юзлаб тадқиқотчиларга раҳбарлик қилиш қобилияти шаклланган экан, бунинг қандай салбий оқибати бўлиши мумкин? Илмда ҳар кимнинг ўз қаричи, ўз ўлчами бор. Тафаккур мезонида тортилган баҳо ва мулоҳаза инсонни ҳар бир масалага теран назар ташлашга ундайдики, буни унутмаслик керак.
3. Ўзбек тилининг изоҳли луғати ўзбек тили луғат бойлигини, хусусан, сўз туркумлари, бирикмалари, ўз ва кўчма маъноли сўзлар, бошқа тиллардан ўзлашган қатламни ҳам тўла қамраб олади. Амалга оширилаётган монографик тадқиқотлар, биринчидан, келгусида луғатнинг янада мукаммал бўлишини таъминлашга, иккинчидан, тилимизнинг ўзига хос фазилатларини илмий жиҳатдан далиллашга ҳам ёрдам беради. Демак, Ўзбек тилининг изоҳли луғати юзасидан бир-иккита ёки ўнлаб эмас, юзлаб диссертациялар ёзилиши, ҳимоя қилиниши керакки, бу ўзбек тилининг ҳали илм-фанга номаълум бўлган имкониятларини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, асослаш имконини беради, деб ўйлаймиз.
4. “Аввал ўзингга боқ...” дейди доно халқимиз. Бошқаларга баҳо беришда ўз хатти-ҳаракатларимизни, табиатимиздаги қусурларни ҳам унутмаслигимиз керак. Ҳаёт йўлимизда кимгадир эргашганмиз, кимдандир таъсирланганмиз, яна кимдандир андаза олганмиз. Билиб-билмай, англаб-англамай, масаланинг моҳиятига чуқур етмасдан, турли тахминларнинг ўртага чиқиши нафақат жамоатчилик фикри, балки халқаро майдоннинг ҳам нотўғри хулосаларига сабабчи бўлмоқда. Ўзбек илм-фанининг ибратли соҳаларидан бири саналган филология борасидаги асоссиз баҳс-мунозараларни юзага келтирмоқда. Жумладан, Сувонов Завқиддин Норқуловичнинг “Ўзбек бадиий матнларини филологик экспертиза қилишнинг назарий-методологик асослари” мавзусидаги фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациясидан мақолада мисол тариқасида олинган барча иқтибосларга ҳаволалар келтирилган, “Фойдаланилган адабиётлар рўйхати”да манбаларнинг ҳаммаси кўрсатилган, инсон омили аралашувисиз кўчирмачилик мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлайдиган антиплагиат дастури ишда плагиатлик ҳолати йўқлигини исботлаган. Уч-тўрт жумладаги ўхшашлик, фикрий яқинлик ёки жузъий такрорлар диссертациянинг умумий савиясига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Яна бир мақол эсимизга тушди: “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!”
Маълум бўладики, Феруза Манукяннинг мақоласида баён қилинган мувозанатсиз фикрлар Ўзбекистон илм-фани, жумладан, филология соҳасидаги ижобий ютуқларнинг салмоғига асло соя сола олмайди. Айни пайтда, юрт равнақи, Ватан тараққиёти, илм-фан ривожи йўлида ўзаро ҳамфикрлилик, бирдамлик ва якдиллик билан ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини унутмайлик.
Низомиддин МАҲМУДОВ,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори,
филология фанлари доктори, профессор
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
2 Изоҳлар
Одина
22:01 / 10.01.2024
Иккала мақолани ҳам синчиклаб ўқиб чиқдим. Устоз Н.Маҳмудов, сизга катта раҳмат. Ф. Манукяннинг мақоласига кимдир жавоб бериши керак эди. Фанимиз жонкуяри, сиздек олимларни Аллоҳ ўзи паноҳида сақласин. Устоз соғ бўлинг
Назокат
02:01 / 10.01.2024
Ассалому алайкум. Хакикий олимларгина шундай тиник мулохаза юритадилар. Рахмат сизга. Гуеки бир булокни булгаланишдан асраб колгандай булдингиз. Вокеа- ходисаларга босиклик билан аник ва тугри жавоб бера оладиган, адолатсизликка бефарк була олмайдиган сиздай буюк олимлар купайсин. Хакикат посбонларига оллохим куч- гайрат, узок умр берсин.