“Тўй” атамаси туркий сўз бўлиб, “той” ёки “қурултой” шаклида мўғуллар ва чиғатой хонлари даврида ҳам кенг қўлланилган. Аксарият маълумотларда эса “тўй” – қадим замонлардан бери катта жамоа, юқори мартабали зодагонлар, катта ҳажмдаги йиғин, чекланмаган миқдордаги зиёфат ва дабдаба билан узвий боғлиқ бўлган одатлиги келтирилган.
Ўзбек халқи учун, оилавий маросимлар ва урф-одатлар муҳим аҳамият касб этади. Аслида тўй ва маросимлар халқимизни бирлаштирувчи урф-одатларимиздан бири саналади.
Тўйлардаги ортиқча сарф-харажатлар, дабдабабозликлар меъёридан ошиб кетаётганлиги иқтисодий зарарни келтириб чиқараётган бўлса, ўзбек миллатига хос бўлмаган, миллий қадриятларимиз ва менталитетимизга зид бўлган ҳатти-ҳаракатлар маънавий меъёрларимизга ҳам таъсир кўрсатаётгани айни ҳақиқатдир.
Аслида тўй ва маросимларни ўтказиш тарихига назар соладиган бўлсак, ортиқча дабдабабозлик маънавиятимиз ва маданиятимиз учун иллат эканлигига гувоҳ бўламиз. Шариатда ҳам маросимларда чегарадан чиқишнинг зарари борлиги кўрсатиб ўтилган. Жумладан, ҳаром-ҳариш нарсаларни тановул қилиш ва гуноҳ ишларни амалга ошириш, маросимга риёкорлик, кибр, манманлик ва исрофни аралаштириш, ортиқча сарф-харажат қилиб ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказиш маросим савобини йўқ қилади.
Уламоларимиз маросимлар ҳақида келган шаърий қоидаларни батафсил ўрганиб ва таҳлил қилиб, қайси маросимлар шариатда борлигини белгилаб беришган. Масалан, “Ал-Инсоф” номли китобда “Одамларни чорлаб, маросим қилиб бериладиган таомлар ўнтадир” дейилган.
Келтирилган маросимлардан иккитасига алоҳида тўхталиб ўтсак:
Валийма – келин тушириш (никоҳ тўйи) маросими. Никоҳ тўйини куёв тараф келиннинг шарафига уюштиради. Бу ханафий мазҳаби бўйича суннат амалдир. Ушбу тўй орқали никоҳ эълон қилинади. Тўйга ҳозир бўлганлардан янги оила, келин-куёв ҳақига дуолар олинади.
Азийра – хатна (суннат тўй) муносабати билан ўтказиладиган маросим. Ўғил болаларни хатна қилдириш суннатдир. Ўғил болаларни хатна қилдириш муносабати билан камтарона дастурхон ёзилиб, унинг ҳаққига дуо олиш нияти билан ўтказилади. Маросим эгаси ортиқча харажатларга йўл қўймаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Бугунги кунга келиб тўй ва маросимларда кимўзарга беллашиш, ортиқча сарф-харажатлар, дабдабабозлик ва маданиятсизлик уммонига ғарқ бўлиш ҳолатлари кундан-кунга кўпаймоқда. Озиқ-овқатлар, турли хил ноз неъматларни исроф қилиш баробарида, қуда-андалар ўртасида “олди-берди” авжига чиқмоқда. Аслида юқорида зикр этганимиздек, никоҳ тўйини куёв тараф келиннинг шарафига уюштириши, тўйга ҳозир бўлганлар янги оила, келин ва куёв ҳақига дуо қилишлари керак.
Яна бир ачинарли томони, бўлажак куёв учун қилинаётган сарполар, мебелларни кўриб ўйлаб қоласан, киши. Шунда ҳақли савол туғилади, бўлажак куёвлардаги иззат-нафс, ғурур қайда қолди? Ўзбек йигитлари қиз томонни эҳсонига, мурувватига шунчалар зорми? Ёки куёв жўралар қиз томондан жўнатилган таомларни ҳазм қиладиган даражага бориб қолдими? Бу ҳолни тўқликка шўхлик деб атасак ҳам хато бўлади. Бу ҳолни ўта маданиятсизлик, билимсизлик ва шариат қонунларини тушунмаслик, деб баҳолаш мумкин.
Яқинда синфдош дугонам қизини узатди. Оддий оила, қишлоқда истиқомат қилади. Тўғриси шаҳарда яшаб, иш, ташвиш деб, қишлоқ тўйларида иштирок этмаганимга ҳам анча бўлганди. 1990-1998 йилларнинг никоҳ тўйлари тасаввуримда қолиб кетган экан. Иккита сандиқ, кўрпа-тўшак, янги оила учун идиш-товоқ, иложи етса бир дона кийим жавони. (Буниям маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, қўни-қўшни биргаликда амалга оширишар эди).
Воҳанинг энг чекка қишлоғидаги дабдабабозликдан бошингиз “айланади”. “Куёв сарпо” (костюм шим, спорт кийимлари, пойабзал, кўйлаклар, рўмолчадан тортиб, ич кийимгача харид қилинар экан), ётоқ мебели ва пардалар, гилам ва кўрпа-тўшаклар, куёвнинг ўртоқлари учун 10 хилдан ортиқ таомни ўз ичига олган “9 товоқ”, қайнона ва қайнсингил учун тилла тақинчоқ, қариндошлар учун совға-саломлар, сарполар, қуда чақириқ, қиз чақириқ ва ҳоказолар.
Тўйдан сўнг ўртоғимдан қанча сарф-харажат кетганлигини сўрадим. 70-80 миллион деб айтди. Энг оғриқли томони қарз ва кредит олиб, тўй қилишибди. Ўзимизни ҳам баҳоли қудрат йиққанимиз бор эди, дейди. Ўша йиғилган пулга соддароқ қилиб тўй қилсанглар бўларкан, дедим. Унда орзу-ҳавасимиз қаерда қоларди, деди. Орзу-ҳавас натижаси ўлароқ келиннинг акаси ва укаси хорижга мардикорликка ишга кетишди. Қарзни қайтариш, кредитларни ёпиш керак. Энг қизиғи, куёв бола ҳам қайноғалари билан бирга кетибди. Демак, куёв томонда ҳам “орзу-ҳавас” мўл бўлган.
Оиланинг иқтисодий ўлчовини инобатга олмаслик, даромад ва харажатнинг уйғунлигига эътибор қаратмаслик, кўр-кўрона қарзни бўйнига олиш – бу маданиятсизлик ва билимсизликдан, маънавий ожизликдан бошқа нарса эмас. Яна бир ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишимиз керакки, бу “орзу-ҳавас” ни бошида аёллар турибди.
Тўй ва маросимларнинг асл моҳияти қолиб, сохта обрў орқасидан қувиб, манманликка берилиш, “мен сендан камми?” қабилида иш тутиш, бунинг оқибатида қарзга ботиш ҳоллари кўпайгандан кўпайиб бормоқда. Бу нафақат оилаларнинг иқтисодий инқирозига, балки маънавий муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда, ёш келин-куёвлар янги турмушни қарз билан бошлаб, йиллар давомида қарздан қутулиш учун руҳий босим асосида ҳаётини давом эттиришади. Бу оиладаги соғлом маънавий муҳитга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Бу ҳолат жамиятдаги оғриқли ва носоғлом муҳитнинг барқарорлигини таъминлабгина қолмасдан, ижтимоий муносабатларда ҳам муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Сўнгги тадқиқотларга кўра, тўйларнинг 70-80 фоизида 300-500 киши қатнашади, харажатлар эса 50-100 млн сўмга етади. Бу эса аксарият оилаларни молиявий қийинчиликка, 45-50 фоиз ҳолатда эса қарз кўтаришга олиб келмоқда. Амалда маънавий мезонларимиз заволи бўлган манманлик, дабдабабозлик, кибр, ўзгаларга тақлид қилиш, кимўзарга тўй қилиш, “бирровчи”ларни қаторлаштириб олиб келиш каби салбий ҳолатлар урчиб бормоқда.
Жорий йилнинг январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда турли даражадаги тўй ва маракаларга йиллик ҳисобда ўртача 2,38 миллиард доллар сарфланаётгани маълум бўлди. Бу маблағни миллий иқтисодиётимиздан келиб чиқиб таҳлил этадиган бўлсак, айрим соҳалардаги йиллик давлат сарфларига тенглигини кўрамиз.
Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенати кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Ушбу Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга.
Қўшма қарор ва Низомга мувофиқ, жойларда тўй-ҳашамларни 200-250 кишидан кўп бўлмаган, санъаткорлар иштироки икки гуруҳдан ошмаган, дабдабабозлик, ҳашамдорлик, пул сочиш, шуҳратпарастлик каби иллатларга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш белгиланган. Маъракаларнинг ҳам исрофгарчиликсиз, миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказилиши қатъий кўрсатиб ўтилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 апрелда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида ишлаб чиқиладиган йигирмадан ортиқ муҳим ҳужжат орасида айнан тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича қарор лойиҳаси мавжудлиги ҳам бежизга эмас.
Мамлакатимизда тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш тизимини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асл моҳиятини халқимизга етказиш учун “Маънавий-профилактик” тадбирларни амалга ошириб бориш лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчамлаштириш, халқимиз орасида ихчамлик, оддийлик ва маромийликка асосланган тўй ва маъракаларни миллий қадриятларимизга мос равишда дабдабадан холи ўтказишни тарғиб этиш, маънавиятимизга зид бўлган, ўзлигимизни кемирувчи иллатларга қарши аёвсиз курашиш мақсадида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Долзарб 90 кун” мавсуми эълон қилинди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан “Маромийлик” дастури ишлаб чиқилди ва ҳаракатга қаратилди.
Мазкур дастурни амалга оширишдан кўзланган мақсад, тўй ва маросимларни ихчам, оддий, исрофгарчиликсиз, қадриятларимизга мос ва хос равишда меъёрида ўтказиш яъни маромийликка асосланган ҳолда кундалик ҳаётимизга киритишдан иборатдир. Дастур доирасида “Ихчамлик – бу маданият” ғоясини аҳоли орасида кенг кўламда тарғиб этиш назарда тутилган.
Бугунги кунда миллий қадриятларимизга ва анъаналаримизга зид бўлган, ортиқча сарф-харажатларни, дабдабабозликларни ўз ичига олган тўй ва маросимларни ихчамлаштиришга, “урф”га айланаётган манманлик, ўз-ўзини кўз-кўз қилиш, бир кунлик тўй ва маросим учун қарз балосига гирифтор бўлиш каби салбий иллатларга қарши курашиш учун ҳар биримиз масъулмиз. Шу билан бир қаторда қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини таъминлаш вазифамиз ва бурчимиз эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
бош мутахассиси,
“Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши аъзоси.
Тарих
Фалсафа
Ватандош
Тарих
Ватандош
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ