Кўчирмакаш эмасман! Ҳаволалар келтирганман – филология фанлари доктори Завқиддин Сувонов


Сақлаш
16:59 / 09.01.2024 822 1

Oyina.uz порталида чиққан “Илмий ишлардаги ёлғонлар: 90 фоиз плагиат диссертация, 100 дан ошиқ илмий ишга раҳбарлик қилаётган фан докторлари ва эгизак тадқиқотлар таҳлили” мақоласи қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг мавзу юзасидан “Профессор Бахтиёр Менглиевнинг сири нимада?” деган суҳбат эълон қилинди. Мақолада тилга олинган яна бир шахс – филология фанлари доктори Завқиддин Сувоновнинг муносабатини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

 

Холисликнинг баҳоси анча(ми?)

 

Жараёнда диссертацияларнинг сохталиги хусусидаги гаплар виртуал оламнинг ўзбек сегментида ўзига хос акс садо берди. Бунга асосий сабаб қилиб каминанинг иши кўрсатиляпти. Тадқиқотимиз мавзуси “Ўзбек бадиий матнларини филологик экспертиза қилишнинг назарий-методологик асослари” деб номланади.

 

Диссертацияда соҳа илм-фани доирасидаги зарурий муаммо кўтарилган. Тадқиқотга кўра, бадиий матннинг филологик экспертизаси: талаб, эҳтиёж, имконият, исботланиши керак бўлган вазиятларда баҳсли материалларни аниқлашга ёндашув, бадиий матнни филологик экспертиза қилишнинг методологик асослари танланиши ва изчил қўлланиши кутилган натижанинг аниқлиги ва аҳамиятини кўрсатади.

 

Диссертация система сифатида: адабий турлар матнининг филологик экспертизаси, бадиий матннинг филологик экспертизаси илмий муаммо сифатида, айнан шу муаммонинг ўрганилиши, ўзбек адабиёти ва мактаб (адабиёт) дарсликларини филологик экспертиза қилиш зарурати, унда қўлланадиган асосий тушунчалар шарҳи, баҳсли материалларни аниқлаш тамойиллари, бадиий матнни филологик экспертиза қилишда методология муаммоси, умумий методологик асосларнинг ўрни, бадиий матн филологик экспертизасининг хусусий методологик асослари, эпик асар таҳлилида конфликтли матнни аниқлаш ва филологик экспертиза қилиш, лирик асардаги образ табиатини филологик экспертиза қилиш, драматик асар ҳақиқатининг бадиий эволюцияси филологик экспертизанинг предметини қамраб олади.

 

Бадиий матн филологик экспертизанинг умумий қонуниятлари, шунингдек, тафаккур ва нутқ омили бирламчи ҳодисага айланиши, амалий тилшунослик ўз объектига янги нигоҳ билан қараш орқали экспертиза муаммоларини чуқурроқ текшириш йўлидан бордик. Буларни ишим ҳақидаги йигирмага яқин халқаро ва республика миқёсидаги тақризлар, тегишли ташкилотларнинг хулосалари ҳам тасдиқлаб турибди.

 

2024 йилнинг 5 январь куни Oyina.uz сайтида эълон қилинган “Илмий ишлардаги ёлғонлар: 90 фоиз плагиат диссертация, 100 дан ошиқ илмий ишга раҳбарлик қилаётган фан докторлари ва эгизак тадқиқотлар” мақоласини ўқиб, очиғи, ҳайрон қолдим. Илми, салоҳиятига шубҳа бўлмаган устозларга нисбатан муносабатни кўриб ранжидим ҳам. Муаллиф мақоланинг олтинчи хатбошисидан бошлаб каминанинг ишига тўхталади.

 

Муаллифнинг “Адабиётдан аранг PhD ёқлаган Зовқиддин Сувонов бир юмалаб тилшуносликдан DSc ҳимоя қилгани ҳеч кимни шубҳалантирмаяптими?” деган иддаоси бир савол ва бир олимани эсга солди. Савол шуки, муаллиф тилшунослик бўйича PhD ёқлаган экан, мен олдин адабиётшунослик бўйича PhD ёқлаганман, бу ишим ҳақидаги ушбу “ҳақиқат”ни қайдан билди экан?

 

Гулноз Сатторова 2023 йил 31 мартда Фэйсбук саҳифасидаги постида шундай ёзган эди: Бизда кадрлар масаласи қизиқ-да, 90 фоиз илмий даражага эга бўлган филология факультетининг декани илмий даражасиям йўқ математик, кеча адабиётдан базур PhD ёқлаганлар тилшуносликдан бугун фан доктори. Мантиқ дегани шумикин”. Икки иддаода мазмун ва объект бир хиллигига эътиборни тортмоқчиман. Бу тасодифий эмас, менимча.

 

Мақола муаллифи тадқиқотимизни анчадан буён кузатиб келаётган шахс сифатида менда таассурот уйғотди. Афсуски, бу қизиқишнинг носамимий эканлигини муаллифнинг ўзи ошкор қилибди: тадқиқотимизнинг кафедра муҳокамаси босқичидаги номланиши “Ўзбек бадиий матнларини лингвистик экспертиза қилишнинг назарий-методологик асослари” тарзида эди. Ваҳоланки, соҳа мутахассислари, кенгаш аъзолари бўлган устозларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари асосида диссертациямиз “Ўзбек бадиий матнларини филологик экспертиза қилишнинг назарий-методологик асослари” деган ном остида Илмий кенгаш муҳокамасидан ўтган ва ОАКга топширилган эди. Мақолада эса ушбу икки хил номланиш қайд қилинган.

 

Ферузанинг “Адабиётдан аранг PhD ёқлаган Зовқиддин Сувонов бир юмалаб тилшуносликдан DSc ҳимоя қилгани ҳеч кимни шубҳалантирмаяптими?” деган иддаоси каминанинг ғашини келтиргани рост. Муаллиф ёзади: “Ахир одамлар битта диссертация ёзишга бутун умрини бағишлайди-ку. Қандай қилиб бир йилда DSc диссертациясини тайёрлаш мумкин? Оддийгина – кўчириб”. 

 

Нега бунчалик ишонч? Ахир бу мавзу атрофидаги масала ва муаммолар, уларнинг ечимлари борасидаги қизиқиш ва изланишларимнинг 2019 йилларда устозим профессор Бахтиёр Менглиев ғоялари билан бошланганини муаллиф қаёқдан ҳам билади, дейман-у, лекин бундай беандишалик билан иддао қилишини ҳазм қила олмайман.

 

Тадқиқотимиз, албатта, бир йил давомида расмий босқичда амалга оширилган бўлиши табиий, лекин ҳар қандай соғлом одам ҳам биладики, тадқиқотлар учун икки-уч йиллик муддат етарли. Дарвоқе, докторантура муддатининг ҳам уч йил қилиб белгиланиши бежиз эмас, ахир. 3 йил+бир умр, бу муддат орасида фарқ сезиладими? Ўша бир умр ёзадиган тадқиқотчи ҳам ишни ёзишга, ўша бир умрнинг уч йилини сарфлайди, холос.

 

Тадқиқотимизга қизиқиб юрган муаллиф мавзумизнинг долзарблиги, муаммо ечими доирасида амалга оширилган таҳлил ва натижалар, хулоса ва тавсиялар, илмий-амалий аҳамияти каби муҳим масалаларга эътибор қаратмагани кишини ажаблантиради. Менимча, уни тадқиқотимизнинг бу каби масалалари қизиқтирмайди ёки уларни англай олмаган ёхуд бу қобилиятдан маҳрум. Чунки бунинг учун соғлом фикр талаб қилинади.

 

Муаллиф носоғлом ёндашиш йўлидан бориб, айрим техник хатоларимизни катта ва жиддий камчилик деб айюҳаннос солибди. Асоссиз иддаоларини давом эттириб, тадқиқотимиз бўйича эътирозларини жадвалга солиб, бошқа манбалардан олинган иқтибос, фикрларга ҳавола кўрсатилмаганликда айблайди.

 

Жадвалда “ўзлаштирилган”, “кўчирилган” дея қайд қилинган 3-, 5-, 6-, 7-бандлардаги эътирозлар асоссиз, чунки диссертациямиз матнида уларнинг ўзга манба материали эканига ишора сифатида 95-, 76-, 77-, 78-рақамлар остида ҳавола берилган-ку. Эътирозларнинг асоссизлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз учун ана шу ўринлар диссертация матнидан айнан олиниб ҳукмингизга ҳавола қилинмоқда. Қуйидагиларга эътибор қаратинг:

 

 

 

 

 

Келтирилганлардан аёнки, ўзгаларга тегишли фикр-мулоҳазалар манбалари тегишли тартибда расмийлаштирилган.

 

Ишимиздаги айрим ҳолатлар юзасидан юқоридаги каби эътирозларни рад қилувчи далиллар, яъни ҳаволалар, олинган манбаларга ишора қилувчи белгилар авторефератимиз ва диссертациямизда акс этган. Ҳайронман, яна нима қилишим керак эди, мавжуд манбаларга мурожаат қилмаслигим ёки илмий доирада мавжуд фикр-мулоҳазаларга умуман муносабат билдирмасликни истаяптими муаллиф?!

 

Мазкур эътирозсимон изоҳлар унинг уйдирма ва туҳматидан, аламзадалигидан бошқа нарса эмас. Дарвоқе, ўзга тилдаги матн таржимасидаги мазмун менинг талқинимда шундай ёки уни муаллиф таржима қилиши керакмикин? Хуллас, мақола муаллифининг мақсади ҳасад либосига бурканиб олганга ўхшайди. Мен ўзга тилдаги матнларни сўзма-сўз таржима қилмаганман, шунинг учун “қаранг” ёки ҳавола ишорасини берганман. Бунда мен иқтибос-ҳавола қоидаларига тўлиқ риоя қилганман. Муаллиф бундай қоидани билмайди. Кўчириб олиш, ўзлаштириш билан боғлиқ бошқа эътирозлари ҳам асоссиз, диссертацияда бу каби ўринларга ҳаволалар рақамларда кўрсатилган. Мақола муаллифининг асоссиз эътирозлари шахс номини бадном қилиш, тирноқ остидан кир қидириш билан баробар. Муаллифнинг менга ва менинг тадқиқотимга нисбатан билдирган муносабати холис эмас.

 

Ҳали ўз муддао ва мақсадини ёрқин англай олмай турган муаллифнинг ОАК кенгашига буйруқнамо таклифлар киритишини ҳам тушунса бўлади, унга раҳми келаётганлар ҳам бўлиши мумкин. “Плагиат” деб аталмиш нохолисликка ботириб олинган айбномага муносабатим ҳозирча шу.

 

Энг ачинарлиси, мақола эгасининг соҳа мутахассислари ва устозлар фаолиятига нисбатан муносабатида носамимийлик, аламзадалик сезилиб турибди.

 

Муаллифга шошмасликни, холисликка йўғрилган фикрларни ёзишни маслаҳат бераман, унинг юзаки ёзилган, асоссиз мақолаларини шоша-пиша улашаётганларга ҳам жавобим шу. Ушбу муносабатимни тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига, Олий аттестация комиссияси кенгашига ҳам тақдим этаман. Муаллиф мақоласи батафсил таҳлил қилинган ўн саҳифалик раддия мавжуд. Зарурат бўлса уни ҳам эълон қиламан.

 

Завқиддин СУВОНОВ

 

Oyina.uz'ни Телеграмда кузатинг!

1 Изоҳ

Аноним

14:01 / 10.01.2024

Диссертациянгизни қаерда ўқишим мумкин?

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10340
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//