Инглизчада “shawl”, французchада “châle”, испанchада “chal” – Оврўпани забт этган ўзбек шолрўмоли


Сақлаш
12:04 / 05.04.2022 1066 0

Ҳозирги ёшлар ичида шолрўмолни билмайдиганлар, менимча, кўпчиликни ташкил этади. Совет даврида эса шолрўмол ҳам ўзбек аёли қиёфасини белгилайдиган уст-бошлардан бири эди. Шу каби, бир пайтлар бу рўмол Париж асилзода аёллари елкаларини ҳам безаган (Мен французча гапирувчилар ўртасида ҳам шолрўмол (французча: châle) ҳақида кичик бир сўров ўтказиб кўрдим: ёш авлод уни деярли билмайди, ўрта ёшлилар: “ҳа, илгари бувиларимиз ўраган”, деб эслашди).  

 

Шолрўмол деганда биз – тивит (ипакдай майин жун) ёки ипак, баъзан пахтадан тўқилган ва ҳошияларида узун сочиқ-шокилалари осилиб турадиган рўмолни тушунамиз. Совет даврида шолрўмол каби катта рўмолларни ўраш урф бўлиши сабабларидан бири – паранжи ташлаш ҳаракатидан кейин улар аёллар учун қисман ёпинчиқ вазифасини ҳам ўтаган.

 

Хўш, шолрўмол биз учун миллий бир буюмми ёки ташқаридан кириб келганми? Совет даврида ўзбек аёллари ўраган шолрўмолларнинг аксарияти Россия ҳудудида тўқилган эди. Аммо шуниси ҳам аниқки, “шол” сўзи ўзбек тилига рус ёки бошқа оврўпа тилларидан ўзлашмаган.

 

“Шол” сўзини биз Алишер Навоий асарларида ҳам учратамиз. Жумладан, “Садди Искандарий” достонидаги бир байтда шундай дейилади:

 

“Басо кужпушту пароканда ҳол,

Бўйида чу бўлғай ипи эски ШОЛ”, –

 

Маъноси: “Бас, елкаси букир, пароканда ҳол, устида ипи эски ШОЛ, яъни жундан тўқилган эски кийим бўлсада...” (Қаранг: Алишер Навоий. Садди Искандарий. МАТ. 11-жилд. Т.: Фан. 1993. 434-бет). Яъни, ушбу байтда “шол” сўзи – “дағал жун матодан тикилган кийим” маъносида келган.

 

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам: “шол [ф-т] – юнгдан тўқилган қалин мато, юнг газлама”, деб изоҳланган ва мисолларда: “шол бозори”, “шол салла”, “шол дастурхон” каби иборалар келтирилади, аммо айнан “шолрўмол” луғатда мавжуд эмас (ЎТИЛ.II-т.М.:1981.424-бет).

 

Мисоллардан кўринадики, илгари минтақамизда “шол” деганда жундан тўқилган ҳар қандай мато ёки кийим тушунилган экан, шундай буюмлар сотиладиган “шол бозорлари” ҳам бўлганлиги – ўтмишда бу соҳа анча ривожланганидан дарак беради.

 

Шолча ва чолвор

 

Тилимизда “шол” иштирокида ясалган бошқа сўзлар ҳам бор: дейлик, “шол” сўзига “+ча” қўшимчасини қўшиб ясалган “шолча” – “жундан тўқилган кичик гиламча” маъносига эга. Ёки “шалвар” (“чолвор”) – ўтмишда эркаклар ҳам, аёллар ҳам кийган кенг иштон (форсча: “шол”+”бар”). Бундай иштон кийиш удуми туркий халқлар орқали рус казакларига ҳам ўтган ва рус тилига бу сўз – “шаровары” шаклида ўзлашган.

 

“Жундан тўқилган мато” маъносидаги “шол” – асли форсча сўз (“شال”), аммо этимологияси санскритча ўзакка бориб тақалади, дейилади. Маҳмуд Кошғарий ҳам “Девону луғотит-турк”да “шол”га ўхшаш – “шалашу” (“شَلاشُو”) сўзини келтиради ва: “Чин тўқималаридан бир хили”, деб изоҳлайди (ДЛТ.Iт.Т.:1960.417-бет). Кошғарий келтирган “шалашу” ҳам “шол” билан бир манбага эга бўлиши мумкин, аммо “Девон”да унинг Чин, яъни Хитойга оид тўқима дейилишидан “шалашу”нинг туркий сўз эмаслиги англашилади.

 

Шолча ёки чолвордан фарқли ўлароқ шолрўмолни, таъбир жоиз бўлса, ўтган асрларда яратилган нафис санъат асари, дейиш мумкин, шу боис у ўз вақтида ёрқин ранглари, сифати, нафислиги билан дунёни забт этди.

 

 

Шолрўмолнинг сўфиёна илдизи

 

Ҳақиқий шолрўмол узук кўзидан ўтадиган даражада нафис бўлиши керак. Бундай сифатга эришиш учун эса, аввало, хомашё, яъни ипакдай майин тивит зарур. Аммо бундай жун берадиган ҳайвон ҳамма жойда ҳам учрамайди. Ривоятларга кўра, XIV асрда кубравия тариқати вакили мутасаввиф Мир Саййид Али Ҳамадоний Амир Темур қўшинидан қочиб, 700 муриди билан Кашмир вилоятига келади. Кашмирда султонлигида ўша даврда ҳукмронлик қилган султон Қутбиддин Ҳамадоний ва унинг шогирдларини иззат-икром билан кутиб олиб, уларга ер, турар-жой ҳадя этади. Бир пайтлар салжуқийлар пойтахти бўлган Ҳамадон шаҳрида ҳунармандчилик, тўқимачилик ривожланган эди. Эҳтимол, шу боисдандир, Ҳамадоний Кашмирга келгач, фақат Кашмир вилоятида учрайдиган тоғ эчкисининг бўталарга ишқаланиб ташлаб кетган момиқдай тивити унинг эътиборини тортади. Шундан сўнг мутасаввиф олим бу жундан бир жуфт жураб тўқиб, султон Қутбиддинга ҳадя этади ва бу ерларда шу тивитдан сифатли шол тўқишни йўлга қўйиш мумкинлигини султонга маслаҳат беради. Шундай қилиб, Кашмирда шол тўқиш анъанасининг пайдо бўлишида эронлик мутасаввиф олим сабабчи бўлган экан. Кашмир вилояти бобурийлар ҳукми остига ўтгач, Кашмир шоллари, айниқса, Акбаршоҳ томонидан ниҳоятда қадрланади ва бу соҳа ҳар томонлама рағбатлантирилади. Акбаршоҳ саройида Кашмирда тўқилган шолрўмол ва газламалар кенг истеъфода этилган.

 

Шолрўмолнинг Оврўпани забт этиши

 

Оврўполик асилзода аёллар ўртасида шарқона шолрўмолни елкага ташлаб юриш XVIII аср охири – XIX асрдан бошлаб урф бўла бошлаган. Хусусан, Францияда Наполеон Бонапартнинг Мисрга юришидан кейин, Англияда инглизларнинг Ҳиндистонни забт этиши ортидан шолрўмол Оврўпага кириб келади. Ўша даврларда шолрўмол оврўполик хонимларни шу қадар мафтун этганки, маълумотларга кўра, Наполеоннинг биринчи хотини Жозефин ду Боарненинг 400 дона шолрўмоли бўлган экан. “Шол” сўзи аксарият оврўпа тилларига ўзгаришсиз ўтган (инглизча: shawl, французча: châle, олмонча: schal, испанча: chal, русча: шаль ва ҳоказо).

 

Кашмирда тўқилган шоллар камёб ва оврўпаликлар учун ниҳоятда қимматга тушар эди. Шу боис XIX аср бошидаёқ Франция ва Оврўпанинг баъзи шаҳарларида шолрўмол тўқиш корхоналари пайдо бўлиб, бу эса шолнинг янада оммалашувига олиб келади.

 

Балзак асарларини ўқиганда шолрўмолга (“châle”) кўп дуч келамиз. Хусусан, “Инсоният комедияси” туркумига кирувчи марказий романлардан бири – “Горио ота” асарида нафақат асилзода хонимлар, балки анчайин камбағал қариқиз мадмуозель Мишонно, романда тасвирланган юпун бир пансионатда яшовчи бошқа аёллар ҳам елкаларига шолрўмол ташлаб юришади. Роман воқеалари 1819 йилдан бошланади. Бу пайтда эса аксарият шолрўмоллар Оврўпанинг ўзида ишлаб чиқарилган ва анча ҳаммабоп буюмга айланиб қолган эди.

 

“Горио ота” асари аслияти мутолаасида камина, шунингдек, “кашемир” (“cachemire”) сўзига ҳам бир неча бор дуч келдим. Ўша пайтларда Оврўпада “кашемир” деганда Кашмирда шолрўмол сингари тивитдан тўқилган газлама тушунилган бўлиб, бу газламадан кўйлак ва бошқа кийимлар тикилган. Қизиғи шундаки, Балзак асосан асилзода хонимларни кашемирдан тикилган кийимда тасвирлайди.

 

Оренбург рўмоллари

 

Россияга ҳам Оврўпа билан бир пайтда, шарқона шолрўмоллар (русча: “шаль”) кириб кела бошлаган ва тезда Россиянинг ўзида Кашмир шолрўмолларига ўхшашлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу орада оренбург эчкилари тивити Кашмир тоғ эчкилари тивитидан ҳам ингичкароқ ва сифатлироқ эканлиги маълум бўлиб қолади ва XIX аср бошларида машҳур оренбург шолрўмолларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Маълумки, рус тилидаги “пух” сўзи “пар, тивит, момиқ” каби маъноларни билдиради. Шу боис Россияда тивитдан тўқилган рўмоллар “пуховый” номи билан ҳам машҳур эди. Катта авлод, шунингдек, “ангорка” рўмолини ҳам яхши эслайди. Ангора – бу Туркия пойтахти Анқаранинг қадимий номи, яъни, ангора эчкиси ва бошқа ҳайвонларидан олинадиган сифатли жундан тайёрланадиган рўмол ва либослар шу ном билан аталар эди.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси