Туркистонда бир неча йиллар мобайнида давом этган совет большевиклари томонидан “Босмачилик ҳаракати” деб ном олган, моҳиятан миллий истиқлолчилиик ҳаракатлари ҳамда “Миллий Иттиҳод” каби сохта, уюштирилган жиноий ишлар натижасида бир гуруҳ туркистонлик зиёлилар дастлаб Афғонистонга, ундан Европага чиқиб кетдилар. У ерда бироз муддат истиқомат қилганларидан сўнг Туркияга кўчиб ўтишиб, 1920 йилларнинг ўрталаридан эътиборан большевиклар сиёсатига қарши сиёсий курашни бошлаб юбордилар. Бу даврда Туркистонлик муҳожирларнинг кўзга кўринган вакиллари томонидан газета ва журналлар ташкил қилиниб, унда большевикларнинг Туркистонда юритаётган геноцид характерига эга бўлган манфур сиёсатини жаҳон афкор оммасига бонг уриб олиб чиқа бошладилар.
1917–1924 йиллар мобайнида Усмон Хўжа (1878–1968), Садриддинхон Муфти Шарифхўжаев (1878–1946), Закий Валидий Тўғон (1890–1970), Тоҳир Чиғатой (1902–1987), Абдулваҳоб Ўқтой (1904–1962) ва бошқалар Туркистондан ташқарида ҳам сиёсий фаолиятларини олиб бориб, Туркистон халқининг мустақилликка доир талабларини жаҳон афкор-оммасига олиб чиқиш, дунё миқёсида тарқалиб кетган Туркистон муҳожирларни ўзаро фикр ва маслак атрофида бирлаштириш борасида катта ишларни амалга оширишга муваффақ бўлишди. Ушбу улуғ сиймоларнинг ичида бир шахс борки, унинг бутун ҳаёти ва фаолияти Туркистоннинг эрки ва ҳуррияти йўлида сарфланган эди. Бу порлоқ сиймо Мустафо Чўқайдир.
Мустафо Чўқай 1891 йил 7 январда Тўрғай ўғли Чўқайнинг оиласида, Оқмасжид шаҳрида дунёга келган. Ёш Мустафо 1902 йилда Тошкентга келиб рус гимназиясига ўқишга кириб уни 1910 йилда энг аълочи битирувчилардан бири сифатида тамомлаган. Туркистон генерал губернаторининг таржимонлик бўйича таклифини рад этган Мустафо Чўқай, Санкт-Петербург университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ўқишни давом эттирди. Иқтидорли қаҳрамонимиз 1914 йилда ҳуқуқшунослик факультетини муваффақиятли тамомлаб, 1917 йил апрелда Оренбургга келади. Мустафо Чўқай Петербургдан Оренбургга қараб келар экан, у туркистонликларнинг мустамлакачи ҳукумат қўли остида нақадар хўрланаётганлигини, ҳуқуқсиз қолдирилганлигини ўз кўзи билан кўрди ва бу ҳодисалар келгусида Мустафо Чўқайнинг зеҳниятида улкан эврилишга олиб келди: “Мен Петербургдан Оренбург томон кетиб бораётганимда йўлда Пенза шаҳрида ўз туркистонликларимизга дуч келиб қолдим. Бу ерда Туркистон ишчилари билан тўлган ўнларча вагонлар бир четга чиқариб ташланган эканлар. Белгиланган ерга етиша олмай қолдириб кетилган, унутилган туркистонликлар ўзлари ҳам нима қилишларини билмай ўтирар эдилар. Бу бечораларнинг ҳоли оқибатларидан хабар оладиган бир киши ҳам йўқ. Шу тарзда унутилган туркистонликлар нима қилишларини билмай ночор аҳволда қолган эдилар…Ниҳоят, ўзим бориб ишчи аскар шўроси бошлиқлари ва вилоят комиссари билан қисқагина бир мажлисда бўлиб, ишчиларни Туркистонга қайтариб юбориш қарорини чиқартирдим”. Бу ҳол шубҳасиз мустамлакачи ҳукуматга нисбатан Мустафо Чўқайнинг қалбида чексиз нафрат ва кураш туйғусини алангалатгани аниқ.
1917 йилдаги октабрь инқилобидан кейин большевиклар кучайиши билан Туркистон мусулмонларининг Тошкентдаги сиёсий фаолияти тугатилгач Қўқонда Ўрта Осиё турклари тарихидаги биринчи замонавий давлат тузилмаси Туркистон Мухторияти эълон қилинди. Ташкил этилган ҳукуматда Мустафо Чўқай аввал ташқи ишлар вазири, кейин эса бош вазир лавозимларида фаолият олиб борди. Алоҳида қайд этиш керакки, Мустафо Чўқайнинг Қўқон Мухторияти давридаги фаолияти жуда ҳам мураккабликлар ичида кечди. Чунки, большевиклар ҳукумати Мухториятни ривожлантиришга, жумладан уни қурол билан ўзини таъминлашига мутлақо имкон қолдирмади. Ўша йилларнинг мураккабликлари тўғрисида Мустафо Чўқайнинг ўзи “Туркистонда у вақт даҳшатли очлиқ ҳукм сурмакда эди. Мамлакатимизга ғалла етказиб турган темирйўллар бутунлай рус аскар ҳукумати ва рус ишчилари қўлида эди. Бутун Туркистонда ҳарбий қурол ишлата оладиган бир нафар ҳам киши йўқ эди. Бу оғирлиқлар бир тарафда турсин, мамлакат учун энг муҳим бўлғон давлат бошқаруви шакли масаласи устида туркистонликларнинг ўз ораларида якдил бирлик йўқ эди” деб таъкидлаган эди.
1918 йилнинг февралида Туркистон Мухторияти қонга ботирилгач Мустафо Чўқай Оренбург, Манғишлоқ, Боку ва Тбилиси шаҳарларида большевиклар ҳукмронлигига қарши сиёсий фаолиятини давом эттиради. Бироқ бу шаҳарлар ҳам бирин-кетин большевиклар қўлига ўтгач (1921 йилнинг март ойида), Россияни тарк этиб Истанбулга боради. Лекин Истанбулда ишлаш имкониятига эга бўлолмагач, у ерда бир неча ой қолиб хотини билан Парижга кўчиб кетади.
Мустафо Чўқай, Париж
Мустафо Чўқай 1929 йилнинг декабрь ойида “Ёш Туркистон” журналининг илк сонини айнан Париж шаҳрида тайёрлаб нашр эттиради.
Мустафо Чўқай журнал муқовасида акс этган “Ёш Туркистон” ёзуви остига “Туркистон миллий истиқлол фикрига хизмат этувчи ойлиқ мажмуадир” сўзларини ёзган. Мустафо Чўқай 1929–1939 йиллар оралиғида ушбу журналнинг жами бўлиб 117 сонини нашр этишга муваффақ бўлди.
Сиёсий курашда матбуотнинг улкан кучига ишонган Мустафо Чўқай “Ёш Туркистон” журнали ва бошқа журналларда жами бўлиб 700 дан ортиқ мақолалар эълон қилган. Журналда энг кўп мақола ёзган муаллиф Мустафо Чўқай бўлиб, унинг 230 та мақоласи нашр этилган. Бу борада у яққол пешқадам ҳисобланади. Мустафо Чўқай ўз мақолаларини “М”, “М.Ч”, “Ч.М”, “Мустафо” ва “Ч” каби имзолар билан эълон қилган.
Мустафо Чўқайнинг “Ёш Туркистон” журналида чоп этилган мақолаларига назар ташласак, унда ХХ аср бошларидаги Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва фалсафий муаммолари теран фикрлар ва танқид асосида муштарийларнинг диққат-эътибор марказига олиб чиқилганлигига гувоҳ бўламиз. Масалан, у тарихнинг моҳияти ҳақида тўхталар экан, уни ёзишда муаррих адолатли бўлиш кераклигини, тарихдаги воқеа ва ҳодисаларга доимо холислик нуқтайи назаридан туриб баҳо бериш шартлигини таъкидлайди. Жумладан, у: “Тарих ёзишнинг икки йўли бор. Биринчи йўл: муаррих ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеаларни диққат билан тўплайдир, уларни жараён этдиклари замоннинг шароит ва вазиятига қараб текширадир, маълумот ва истиҳборот манбаларини синчковлик билан текширадир, тўплағон маълумотини ўзининг илмий виждони тарозисида тортадир ва маълумотға бетараф (объектив) бир қиймат бериб уларни таҳлил (анализ) этадир. Илмий тарих, сўзнинг ҳақиқий маъноси билан, мана шу усул ила ёзиладир.
Иккинчи йўл: Муаррих истаган натижасини аввалдан белгилаб олади-да, у натижага кўра воқеаларни таҳлил қилади, ҳатто мақсади рўёбга чиққан тақдирда, воқеалар ўйлаб ҳам топади, шоён ишончлиги эмаслиги ошкор бўлғон манбалардан истеъфода этади. Бундай бир тарихчи ёзувчида бетарафона илмий таҳлил ўрнига фақат фирқа ёлғони ҳукм суради. Советлар идораси остидағи халқларнинг миллий ҳаракатлари ҳақида ёзувчи большевик муаррихлар бу иккинчи қисм муаррихларидир” деб ёзган ҳолда, большевиклар тарихни ёзишда ўта нохолисликка йўл қўяётганликларини ҳамда тарих уларнинг қўлида синфий кураш қуролига айлантирилганини қатъий туриб таъкидлайди.
Мустафо Чўқай “Ёш Туркистон” журналининг 1931 йилги 18 сонида чоп этилган мақоласида “Миллий зиёли деганда кимни тушуниш керак?” деган саволни ўртага ташлаб, бу мавзуда атрофлича ўзининг мулоҳазаларини билдирган. Унинг фикрича, ҳар бир таҳсил кўрган одамни зиёли дейиш тўғри эмас. Балки “…газета орқасидан юрган, аниқ ва ялпи ғоя теварагида тўпланғон ўқимишлиларнигина зиёли…” деб аташ мумкин. Шу билан бирга у миллий зиёлилар қатламига ўз халқининг сиёсий, ижтимоий ва руҳоний йўлида хизмат этаётган зиёлиларнигина киритиш мумкин деб ҳисоблаган.
Мустафо Чўқай Туркистоннинг миллий манфаатлари йўлида тараққийпарварлар билан биргаликда кураш олиб борди, маслакдошларининг ютуқларидан севинди, кейинчалик уларнинг аксарияти ғаддор совет қатағон машинаси томонидан янчиб ташлангач, бутун вужуди ўт бўлиб ёнди, чексиз ғам ва андуҳ Мустафонинг қалбини буткул чулғаб олди. У томонидан ёзилган қуйидаги сўзлар ана шу ғам-андуҳнинг нечоғлик оғир эканини яққол кўрсатиб турибди: “Қадарнинг оғир зарбалариға биз анчағина совуққонлиқ ила чидашқа ўрганишиб қолғон эдик. Ватанимиз қизил жаллодларининг қонли диктатураси остида… Туркистонда бу кун, Москов диктатурасина қурбон тушган бир ё бир неча яқини учун қалбида, руҳида мотам тутмағон бир оила йўқдир. Асаблар ҳам ҳиссизлашиб қолғон ва умумий миллий фожиамизнинг сўнгсиз теранлиги ичинда, ҳатто энг яқин одамларимизнинг-да зиёси сезилмай ўтиб кетатурғон бўлиб қолғон эди. Фақат, баъзи зиёлиларда бордирки, бундан оғир фожиалар ичинда-да инсоннинг юрагини оловлантириб даҳшатли яралар очадир… Инсон бу зиёлилар ҳақинда хабар олғони замон асаблар янгидан аввалги ҳассослигини кесиб кетадир ва бутун фожиаларни янгидан яшамоққа бошлайдир… Мана шундай ҳолни биз ҳозир яшаб турибмиз”.
Мунавварқори Абдурашидхонов 1931 йилда “Миллий иттиҳод” иши доирасида қамоққа олиниб, кейинчалик Москвада отиб ташлангач, бу тўғрида ўзига етиб келган хабарга Мустафо Чўқай дастлаб ишонмади, аниқроғи ишона олмади: “Хусусий мухбиримиз узоқ Ҳиндистондан бизга Мунавварқорининг Совет ҳукумати томонидан отиб ўлдирилганлиги ҳақинда қисқача бир хабар йўлламишдир. Бу хабар бизга декабрь ойининг бошларида келиб етушган эса-да, шояд тўғри чиқмас деб кўнглимизда сақладиғимиз умид ила қўшимча маълумот кутиб турғон эдик. Биз Совет ҳукуматининг умуман миллий руҳга, хусусан туркчиликка қарши кўринишда ҳеч бир жиноятдан тортинмаётурғонлиғини жуда яхши биламиз. Бунингла баробар биз Мунаввардан хаёланда айрила олмадик. Фақат, биринчи хабарни тасдиқлайтурғон иккинчи бир мактуб ҳам етиб келди… Мунавварқори Совет ҳукумати томонидан қатл этилган”.
Мустафо Чўқай Мунавварқорини большевиклар нега ўлдиргани тўғрисидаги саволга жавоб излаб ўтиришнинг ҳожати йўқлигини, жавоб шундоқ ҳам аниқ эканини урғулаб, биргина сабаби “Мунаввар” шахсият эканини таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам Мунавварқори Туркистонда миллий давлатчилик ғоясининг энг матонатли, саботли ва энг номусли тарғиботчиларидан бири эди.
Маълумки, Мустафо Чўқай Туркистон Мухториятидаги йирик давлат арбобларидан бири эди. Шу боисдан ҳам миллий давлатчилигимизнинг ёрқин тимсоли бўлмиш Туркистон Мухторияти мавзуси унинг келгуси ижодида алоҳида ўринга эга бўлди. Масалан, унинг “Мухториятдан истиқлолға”, “Бир “илмий” ёлғонға қарши”, “Декабр хотиралари”, “Қўқон Мухторияти” ва бошқа шулар каби қатор мақолаларида Туркистон Мухториятининг қонуний асосда тузилганини, большевиклар айтгандек бу давлат сохта ташкил этилмасдан, Туркистон халқининг азму иродаси билан вужудга келганини қатъий туриб ҳимоя қилди. Масалан, у Закий Валидий томонидан “Туркистон Мухториятининг ўз олдига қўйган давлат дастури мавжуд эмас эди” деган иддосига қарши “Аниқ ғоя ва прўғромиға таянмағон ҳеч бир ташкилот йўқдир. Ҳатто ўғрилар ҳам бир прўғром билан ҳаракат этмак мажбуриятидадирлар. Ҳар ғоя ва прўғромнинг замонға уйғунлиғини ва бажарила билишни муноқаша ва инкор этмак мумкин. Лекин бир ташкилотнинг ғоя ва прўғромини инкор этмак, тирик бир маҳлуқда жоннинг борлиғини инкор этиш билан баробардир” деб ёзди. Мустафо Чўқай яна фикрини давом эттириб: “Қўқон ҳукумати икки ойлик фаолияти мобайнида нима қила олди? Мухторият бир жиҳатдан оз ва бошқа жиҳатдан кўп иш қила олди: тарихий вазиятнинг талабларига нисбатан оз, бироқ, у вақтдаги Туркистоннинг тарихий вазиятнинг талабларига мувофиқ замонавий илм ва сиёсат жиҳатидан етишмаганлигини назари эътиборға олсак, Қўқон ҳукуматининг кўпгина иш қила олганини айта оламиз. Ҳукумат, таъсис мажлисининг чақирилишини 1918 йилнинг 20 мартиға таъйин этиб сайлов қонунини тузди ва Муваққат миллат мажлисидан ўтказа олди. “Жанубий-шарқ истиқлолчилар иттифоқи” масаласида ҳукумат мени Оренбургга вакил этиб юборди. Мен томонимдан ҳукуматга 25 декабрда тақдим этилган маърузага биноан бу иттифоқға кирмаслик қарор қилинғон эди. Қуролли куч ташкил этиш йўлида биз ҳаддан ташқари қийинлиқларға учраган эдик. Туркистонликлардан бир нафар ҳам зобитимиз бўлмағон. Русия қўшинидаги 4-5 туркистонлик зобит эса биз билан бирга эмас эдилар. Икки нафар ёш ва бутунлай тажрибасиз татар зобити, икки нафар леҳистонлик зобит ва ташкилот аркони бошлиғи рутбасинда бўлғон яна бир леҳистонлик зобит воситалари ёрдамида бир аскарий қувват ташкил эта бошладик. Ҳар милтиқ ва ҳар ўқ учун калий миқдорида ақча бериб қурол сотиб олишлик мажбуриятида эдик. Ақчамиз эса жуда ҳам оз эди. Охирда, рус ишғолчи қизил қўшиниға қарши қуролли курашда муваффақият умид қилмағонимиздан Мухторият ҳаққимизни тасдиқ эттирмак учун чорасиз бошқа йўллар ахтармоқ мажбуриятида қолдик. Ҳар вақт шундай бўладир: ўз ҳаққингни курашиб қозонмоқ ёхуд уни сақлаб қолмоқ учун ўз кучинг бўлмағонда кучлиларга қарши ҳақ ва адолатни қалқон қилиб чиқмоқ мажбурияти остида қоласан. Фақат кўпинча, бу ҳақ ва адолат кучсиз ва эзилган халқларнинг оҳ ва фиғонидан кўпроқ, кучлиларнинг тўп-замбараклариға кўпроқ итоат қиладир” деб таъкидлаган ҳолда, қалбининг туб-тубида ётган оҳ-фиғонларини алам билан ифодалади.
Расмда Мунавварқори (↓), унинг ўнг томонида Абдулла Авлоний, Мунавварқорининг ўнг томонида эса тараққийпарвар уламолардан, мударрис Муродхўжа афандилар Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш учун ташкил қилинган митинг. Тошкент, 1917-йил 13-(26) декабрь.
Айниқса, Мустафо Чўқайнинг илмий меросида Туркистондаги миллий истиқлолчилик ҳаракатига доир қарашлар муҳим аҳамиятга эгадир. Жумладан, у ўзининг “Марҳум Анвар Пошшо ҳақида хотира парчалари” номли мақоласида, Анвар Пошшонинг 1921 йилнинг кузида бирдан Бухоро шаҳрида пайдо бўлиши, туркистонликларда ватаннинг большевик душманларига қарши курашда муваффақият қозониш имконига умид шиорлари ҳосил қилганлигини таъкидлаб қуйидагиларни қайд этиб, агар Анвар Пошшо Туркистонга 1918-1919 йилларда келганда эди, ўлканинг тақдири бошқачароқ кечиши мумкин бўларди деб ҳисоблайди Мустафо Чўқай.
Муаллиф Анвар Пошшо тўғрисида хотирлар экан: “1916 йил исёни кунларида Туркистонда кўп одамлар Анвардан ёрдам кутар эдилар… Туркистонда халифа султоннинг исмини биладиган одам оз эди, лекин деярлик бутун туркистонликлар Анварнинг исмини ва унинг ким эканлигини билар эдилар. Анварнинг халқ орасидаги машҳурлиги масал (эртак) даражасига етган эди. Сўнгғи Болқон урушидан кейин қишлоқларда кўп одамлар ўз ўғилларининг исмини “Анвар” қўя бошладилар…
Анвар Пошшо (1881–1922)
Большевиклар ҳукумати бу “Анвар эътиқодидан” хабардор бўлғон ва ҳар бир йўл билан унга қарши курашмакка тиришқон эди. Болшевиклар ҳукумати Туркистондаги бутун зиёлиларни “Анварнинг агенти” деб атар ва ҳибсга олар эди. 1916 йилда генерал Куропаткин Тошкентда ўзининг эски шахсий танишларидан бўлғон Абдуллоҳ Ниёз ўғлини, бошидаги “узоқдан Анварни эслатадиган” қизил рангли татар тақяси (оёқ кийими) бўлғони сабабли ўз қабулхонасидан қувиб чиқарғон эди. Бизда Анварнинг машҳурлиги мана шу даражада эди” деб ёзган эди.
Хулоса ўрнида айтганда, Мустафо Чўқай “Энди менинг қуролим сўздир” деган ақидасига бутун умр содиқ қолган ҳолда, мафкура оламидаги курашини Франсияда ўн беш йил мобайнида давом эттирди. Бироқ Иккинчи жаҳон урушида Германия томонидан Франсия босиб олингач кўплаб инсонлар каби Мустафо Чўқай ҳам қамоққа олинади. Жазони ўташ даврида юқтириб олинган сил касаллиги, гарчи у қамоқдан тез фурсатда озод этилган бўлса ҳам, унинг соғлигида ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Давлат ва жамоат арбоби, ношир ва журналист, Туркистон халқининг асл фарзандларидан бири бўлмиш Мустафо Чўқай 1941 йилнинг 27 декабрда Берлиндаги касалхонада вафот этди.
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. H.Oraltay. Alaş-Türkistan Türklerinin Milli Istiqlal Parolasi. – Istanbul: 1973. – S. 75.
2. М.Чўқай. Истиқлол жаллодлари. – Т.: “Тирилиш нашриёти”. – Б. 16.
3. М.Чўқай. “Ёш Туркистон” журнали. 1932-йил январь. – №. 26. – Б. 5.
4. Tülay Köseoğlu. Sovyetler'in Türkistan'i Dönüştürme Siyasetine Muhalefet: Yaş Türkistan Dergisi (1929–1939). Doktora Tezi. – İstanbul: 2014. – S. 136.
5. М.Чўқай. “Ёш Туркистон” журнали. 1931 йил декабрь. – №. 25. – Б. 4–11.
6. М. Чўқай. “Ёш Туркистон” журнали. 1934 йил январь. – №. 50. – Б. 2-3.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ