Ижод аҳли ўз асарлари учун тўланаётган қалам ҳақидан розими? “Oyina.uz” маънавий-маърифий портали бунга ойдинлик киритиш мақсадида бир гуруҳ қаламкашларни саволга тутди.
Президентнинг 2017 йил 14 августдаги «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қалам ҳақи сезиларли миқдорда оширилган эди.
Лекин нашриётларда муаллифларга гонорар тўлаш тартиби ҳар хил. Айримлар олдиндан, айримлар сотиб бўлингач; айримлар нақд пулда, айримлар китоб шаклида тўлайди... Яхшиси, бугунги аҳвол ҳақида ижодкорларнинг ўзидан эшитамиз.
Эркин Аъзам,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
– Ўзимнинг ҳисобим бўйича энг катта гонорарни ўтган асрнинг 80-йиллари нашр этилган китобларим учун олганман (“Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар”). Баъзи нашриётлар қалам ҳақи деб номига бир-икки сўм бергандек бўлади. Лекин уйга кўтариб боргани ҳам уяласиз. Ҳозир ёзувчилик ҳаваскорона бир ҳунар, анойининг машғулоти. Унча-бунчаси бу ишга йўламайди. Тўғри қилади. Девона кўнгилнинг иши бўлиб қолди-да у. Энг катта гонорарим мўмайроқ экани аниқ, аммо миқдори эсимда йўқ. Ёш ёзувчи учун катта гап эди ўшанда. Эвазига машина сотиб олгулик асар ёзганим йўқ, афсуски. Ёстиқдек-ёстиқдек китоблари чиққан ўша давр классиклари олган деб эшитаман.
Усмон Азим,
Ўзбекистон халқ шоири:
– Энг катта олган гонорарим? Эсимда йўқ. Нашриётлар қалам ҳақи ўрнига 20-30 китоб беради. Газета-журналлар, телерадио эса бир тийин ҳам бермайди. Ўзбекистонда ёзувчи-шоирлар меҳнатини қадрлаш ноль даражада. Уят!
Абдуқаюм Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими:
– Бир ёзувчидан: “Шу китобингизга қанча гонорар олдингиз?” деб сўрашганида “Гонорар? Нима у?” деб жавоб қайтарган экан... Биз шундай замонларда яшадик. Бугунги ёшлар ҳатто тасаввур ҳам эта олмас, аммо ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бирор нашриётга китоб кўтариб боришга юрагимиз дов бермасди. “Шуни чиқариб бер” деб йиғлаб борсак, рамақижон ношир “Пул топиб кел”, деб ҳўнграб чиқиши аниқ эди-да.
Шунгами, гонорар деган тушунчанинг ўзиям эсимиздан чиқиб кетганди ҳисоб. Тўғри, сал кейинроқ бозорга ишлаш ҳадисини ола бошлаган айрим уддабурон ноширлар машқларимизни чоп этиб, сопини ўзидан чиқара бошлади, яъни қалам ҳақи ўрнига ўз китобингизни ўзингизга сотадиган бўлди. Шунақа ажабтовур “олди-берди”да ҳам ғирромлик қилганлари қанча. Майли-да...
Шукр, тўрт-беш йил бўлиб қолди, кутилмаганда айрим нашриётлар китобга қўшиб қалам ҳақи ҳам бера бошлади. Яна тузуккина денг! Бундай омад, рости, каминага ҳозирча фақат Ғафур Ғулом нашриёти туфайли насиб қилиб турибди. Саволингизда гонорар миқдори ҳақида сўрабсиз. Энди бу мураккаброқ масала-ёв. Агар барча нашриётлар фақат сифатли (бадиий жиҳатдан, албатта) китоб чоп этишга, шунга яраша қалам ҳақи тўлашга ўтса, билмадим, қанча ижодкорлар, шоиримиз топиб айтганидек, “Ассалом, истеъдод! Алвидо, гонорар”, дея мум тишлаб қолишармиди.
Айни пайтда бу масалада қайтадан велосипед ихтиро қилиб ўтиришнинг асло ҳожати йўқ. Янгилик, аслида унутилган эскиликдир. Бир эслайлик, шўро даврида нашриёт ёзувчи билан уч йилга шартнома тузарди, ярим пулини олдиндан тўлаб ҳам қўярди. Бу пулга ёзувчи бир йил асари учун материал тўпларди, бир йил ёзарди, учинчи йилини эса таҳрир ва китоб чиқаришга сарфларди. Дарвоқе, бу тажриба ҳозир ҳам Америкадай давлатда тузуккина ишлаб турибди (айнан китоб ёзиб миллиардерга айланган адибани яхши биласиз). Хўш, уч йил яшаш, ейиш-ичиш, кийиниш, материал йиғиш, оилани боқиш, орада тўй-пўй қилиш, тўёна узатиш учун қанча маблағ керак бўлади? Бу ёғини ҳисоблаб олиш қийин эмасдир.
Жуда катта миқдор бўлиб кўриняптими? Яна тарихга мурожаат этайлик-чи. Қайдадир ўқигандим, улуғ Достоевский жаноблари ҳали ёзилмаган романи учун олинган бўнак (аванс) пулига рафиқаси билан ярим йилча Оврупони айланиб келган, баъзи ҳолларда ҳатто қиморхоналарга ҳам тушиб чиққан экан. Буям бир мисол-да...
Хуллас, бу мавзуда айтаверсак гап кўп. Аммо, ҳамишагидай, кўмир оз...
Қўчқор Норқобил,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:
– Анча-мунча, ўндан ортиқ китобларим чоп этилди. Насрий китобларимга олдинлари 2-3 миллион сўм атрофида гонорар олганман. “Ўзбекистон”, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт ва “Янги аср авлоди”дан қалам ҳақлари беришган. Қанчалигини айтишим жоизмас, ноқулай бўлади. Улар имконидан келиб чиқиб тўлашганини биламан.
Ўзим ҳам газетада бош муҳаррирман. Таҳририятнинг иқтисодий аҳволига қараб қалам ҳақи берилади-да. Айрим газеталарда бу ҳам умуман йўқ бўлиб кетди. Бўлса беради-да, бўлмаса нимани беради. Нашриётларнинг, китоб чиқарадиган зиё даргоҳларининг аҳволи жуда хароб. Шулар зимистонлик ичра чўкаётган китобсиз қалбларимизга, эҳтимол, китобсиз жамиятимизга нур улашмоқчи бўлаётганидан ҳайратга тушаман. Борига шукр. Нашриётларга пул беринглар, уларнинг қаддини тикланглар, у ерда ишлаётган мискин ва беғубор қалбли зиёлиларнинг ҳам кўксига шамол, пешонасига офтоб тегсин.
Россияда чоп этилган китобларим учун ноширлар билан шартнома тузганман. Сотувдан тушган пулнинг йигирма беш, эллик фоизигача қалам ҳаққи тўлаш белгиланган. Бир китобим беш минг, кейингиси икки минг нусхада нашр этилди. Электрон вариантларини ҳам интернет дўконларга жойлашган. Унга алоҳида ҳақ тўлашади.
Шу ўринда аччиқ бир ҳақиқатни ҳам айтайлик; бугун нашриётлар пул учун олди-қочди, савиясиз, бўш, урди-ўлдирди китобларни ҳам чоп этишга мажбур бўляпти. Пулинг бўлса, нимани ёзсанг чиқарса бўлади, деган тушунчадаги ҳашаки ёзувчиларнинг ҳам сафи кенгайиб бораётгани оғриқли ҳол. Нашриётларнинг моддий аҳволи танглиги мана шундай ҳавасманд тўданинг пайдо бўлишига имкон беряпти.
Муҳаббат Йўлдошева,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон:
– Яқинда таржимаи ҳолимни ўқиган бир ҳамкасбим “Вой-бў, шунча китобингиз чиққан экан, пулнинг ҳаммаси сизда экан-ку!” деб қолди. Ҳамкасбим билмайдики, шу пайтгача нашр қилинган китобларимнинг тахминан чорак қисмига, ўшанда ҳам рамзий маънода гонорар олганман, холос. Газета-журналларда кўплаб эълон қилинадиган ҳикоя ва эртакларим ҳам одатда “текин” тоифага мансуб бўлади.
“Ёзувчининг чўнтагини қоқиш” касаллиги худди коронавирусга ўхшайди – бирваракайига бутун дунёдаги нашрларни қамраб олди. Нафақат биздаги, балки кўплаб хорижий нашрлар ҳам асарни чиқариб, гонорарни насия қилиб кетишни маъқул кўряпти. Менинг АҚШда чиққан китобларим билан шундай бўлди. Тўғри, баъзан гонорар бермаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантирадиган ўта маданиятли нашрлар ҳам учраб туради. Масалан, яқинда Қозоғистондаги нашриётдан 2022 йили қозоқ тилидаги китобим чоп этилиши, лекин чет эллик муаллифларга гонорар тўлай олмасликлари ҳақида огоҳлантириш хати олдим. Бундай ҳолатларга ўрганиб кетганман, шунинг учун ҳам қалам ҳақи даъво қилмаслигим ҳақида розилик хати ёзиб бердим. Ахир ўзимизда ҳам чет эллик муаллифларнинг таржима асарларига гонорар тўланмайди, таржимонга эса орадан анча-мунча вақт (баъзан йиллар!) ўтганидан сўнг оз-моз пул бериб қўйилади.
Менимча, ижодкорларнинг ўз ижоди орқасидан нон ейиши мумкинлигини амалга ошмайдиган орзу ёки илмий фантастикадан олинган иқтибос десак ҳам бўлаверади. Одатда ўзбек ёзувчиларининг асарларини рус тилига таржима қилиб берганимдан сўнг, яхши гонорар тўлайдиган “Камертон” адабий веб-журналига жўнатишни маслаҳат бераман. Шу пайтгача ўзим ҳамкорлик қилган нашриётлардан эса фақат “Ўзбекистон” ўз вақтида ва қониқарли даражада гонорар тўлашини биламан, холос.
Жовли Хушбоқ,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос:
– Собиқ совет даврини мақташ ниятим йўқ, аммо у даврда битта китобига битта машина олинар эди. Ҳозир эса ижодкор икки-уч йил меҳнат қилиб ёзган ва минг машаққат билан нашр эттирган китобига зўрға телевизор олиши мумкин. Таклифим шундан иборатки, газета ва журналларда мақоласи чиққан кишига 500-600 минг қалам ҳақи тўланса. Ахир, бунинг учун камида саккиз-ўн кун ўтириб меҳнат қилади. Битта китобга бир “Кобалт” машинаси сотиб олишга етадиган пул тўланса, ҳақиқат қарор топарди.
Дилфуза Зарипова,
журналист:
– Ўзбекистонда китоб чиқаришдан фақат нашриёту босмахоналар фойда қилиши мумкин. Муаллифларга эса чойчақага ҳам арзимайдиган тангаларни ташлаб қўйишади. “Кундошли уй” китобим 4 минг нусхада нашр этилди. Шартнома бўйича 500 минг, “қўл”га эса 2 миллион сўм олдим, холос. “Сирли девор”да шартномада ёзилган 500 минг пластикка ўтказилди. Кейин шу билан нашриёт ҳам, ўртага тушган одам ҳам жи-имм. Ваҳоланки, китобим 5 минг нусхада чоп этилганди. Ҳаққим қолиб кетавергани учун китоб чиқаришимдан кўнглим қолган. Бизда нашриётлар фақат ўз ҳалқумини ўйлайди, тўғрироғи, ноширлар. Китоблари “учадиган” муаллифларни рози қилиб, ҳамкорликни давом эттиришса, нашриётга келадиган фойда ёмон бўлмайди. Керак бўлса, асарлари ўқиладиган муаллифларга буюртма бериб китоб ёздириш керак.
Феруза Қувонова,
муҳаррир:
– Ижодкорлар бугун олаётган қалам ҳақини, Улуғбек Ҳамдам айтганидек, рамзий маънода тушуниши керак. Чунки ёзувчининг меҳнатини, заҳматини қанчалик қадрламасин, нашриётлар адибни хурсанд қиладиган ҳақ тўлашга қийналади, сабаб оддий. Ёзувчига гонорарни нашриёт эмас, балки китобхон тўлайди! Нашриёт шунчаки ўртадаги воситачи. Агар ижод маҳсули юксак даражада, шов-шувли, талабгир бўлса, минглаб, миллионлаб нусхаларда босилса, нега катта қалам ҳақи олмаслиги керак? Совет даврида битта асарнинг гонорарига битта мошина берарди, чунки китоб катта нусхада босилиб, шундан фоиз ажратилган, ҳозир ҳам шундай, фақат ўн минглаб тираж ўрнига узоғи беш минг деган сон туради. Нашриётдаям ижодкорлар ишлайди, меҳнатнинг баҳосини билади, ҳеч кимни норози қилишни истамайди, кам тўлов учун уялади (!), аммо ҳал қилувчи фақат китобхон, ишонинг шунга! Китобхон қўлидан, тилидан, дилидан тушмайдиган китобнинг эса гонорари юқори бўлади, бу замон талаби!
Ирода Умарова,
шоира:
– Бир неча китоб чиқариб, биттасига қалам ҳақи олдим – 1 000 000 сўм. Яна бирига беришлари керак эди, неча марта сўрадим – унашмади, сўрамай қўйдим охири. Кўплаб ҳафтанома, ойномаларда чиқиб, фақат «Бекажон», «Даракчи», «Ёшлик», «Суғдиёна»дан ҳақ олганман. Ҳозир матбуотда чиқишлар қилмаяпман деярли, бу билан моддий томондан ҳеч нарса йўқотмагандайман...
Гўзалой Солиҳ,
адиба:
– Тошкентга келганимда “Даракчи”, “Сўғдиёна”, “Бекажон” каби газеталарга ҳикояларимни бериб, гонарар ҳисобига кун кўрганман. Биринчи китобимдан қалам ҳақи олганман. Аммо жуда арзимаган пул эди.
Камолиддин Шукур,
шоир:
– Бугунги кундаги ижодкорлар олдида кўндаланг турган, ечимини кутиб ётган масалалардан бири айнан гонорар бўлгани боис, кўпгина яхши ижодкорлар бутунлай бошқа соҳада ишлашга мажбур бўлишмоқда. Бизда шоирга, ёзувчига эътибор йўқ. Бошқасини қўя туринг, ҳозир Навоий тирилиб келса ҳам, ўз пулига китоб чоп қилади. Ёзувчи, шоирларимизнинг кўпи иқтисодий жиҳатдан ночор. Дангалини айтганда, хору-зор. Вазият уюшманинг томоқ йиртиб, ёлғон ахборот тарқатиб, аллақандай маълумотларни қаторлатиб ётгани каби эмас аслида. Умуман – ёзувчи, шоирга на жамиятнинг ва на уюшма деган баланд чўққи ташкилотнинг эътибори йўқ. Қисқаси, ўзинг учун ўл етим!
Иқбол Қўшшаева,
журналист:
– Ёлланма блогерлар Ватани – Ўзбекистонда гонорар тизими одамни хўрлайдиган аҳволда. Фақат “Тафаккур” журнали тузукроқ тўлайди. Модомики, журнал, газета ёки сайт муаллифдан ўзи мақола сўрар экан, бир миллион сўмдан ками кам. Ҳар бетига (вордда) уч юз-тўрт юз минг тўласа, сал инсоф қилган бўларди. Чунки муаллифнинг меҳнати шунга тортади. Ва ўшандагина мақоланинг сифати ҳам бошқача бўлади. Муаллиф ортиқча ишлардан ўзини бироз тийиб, бутун фикрини ёзадиган нарсасига қаратади. Бугунги интернет асрида “Фалон отахон нашрда номим чиқса эди ёки мени муборак назарига илса эди”, деган содда ўй-хаёллар ўтиб кетди, назаримда. Шунда ҳам ёзувчи ёки таржимон мардум бойликдан қутуриб, эси оғиб қолмайди.
Тилланисо Нурёғди,
ижодкор:
– Уюшма ёки бошқа ташкилотларга ажратилаётган пулни газеталар ва нашриётларга бериш тарафдориман. Улар яхши асарларни ўзлари саралаб чиқарсин. Яхши гонарар берсин ёзарларга. Яхши таржималарга нашриётлар катта пул тиксин. Албатта, сотилган китоблар пулида яна давлатга қанчадир сумма қайтарсин. Шунда солиқлардан маънавиятга кетаётган пул ҳам ўлик пул бўлмайди. Айланиб туради.
Умид Али,
шоир:
– Ижодкорга бериладиган гонорар масаласи фақат ўзимизда ўсал ҳолга тушдими десам, чет элда ҳам ҳаминқадар экан. Узоққа бормайлик, Россиядаги давлат нашрлари адади кишини қувонтирмайди, муаллифларга тўланадиган қалам ҳақи ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Фақат айрим босма нашрлар, сайтлар (масалан, “Камертон”) яхши гонорар тўлайди.
Жавлон Жовлиев,
носир:
– Бизда гонорар тўлаш бўйича яхлит тизим йўқлиги аниқ. Ҳамма истаганича муаллифлик ҳуқуқларни бузяпти. Охирги йилларда ҳеч қандай ўзгариш сезилмади. Давлат нашрларида ҳам устоз ижодкорлар жуда кам қалам ҳақи олгани маълум, улар кўпинча шундан нолишади.
Швейцарияда, масалан, бу ишлар билан Муаллифлик ҳуқуқи ташкилотлари шуғулланади, сиз ҳар ойда қаерларда асарингиз чоп этилган ёки радиода ўқилган бўлса, ТВда чиқиш қилсангиз, барчасининг гонорарини шу марказлардан оласиз, электрон тизимда ишлар жуда тез олиб борилади. Ёзувчи ва ОАВ, нашриётлар ўртасида муаллифлик ҳуқуқ марказлари туради. Ўзлари ҳам маълум ҳақ (кам фоизлар) олади, икки томон ҳам хурсанд, энг муҳими, тўловда ягона қонун-қоида бор.
Ўзимизда ҳам “Asaxiybooks” компанияси бошқача ишлайди, чет эл ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилида чоп этиш ҳуқуқини сотиб олади ва шартнома қилади. “Қўрқма” романим учун мен билан ҳам битим тузилган, сотувнинг 10 фоизи ҳар ой нақд берилади. Ҳозиргача китоб икки марта нашр қилинди, жами 23 минг тираж чиққан бўлса, шундан қирқ миллионга яқин гонорар олдим ва бу тўлов давом этмоқда. Ижодкорларга қалам ҳақи тўлаш тизими яхшиланиши катта ўзгаришларга олиб келишига ишонаман. Шунда ёзувчи-шоирлар мадҳиябозлик қилмай, халқ учун чин маънода ойина бўладиган асарлар ёзади, деган умиддаман.
Жамиятда китобхонлик даражаси қанчалик ўсса, бундан нашриёт ҳам, муаллиф ҳам шунчалик фойда кўради. Эллик-олтмиш йил аввал чоп этилган китобларнинг адади 30-50 мингга етган, газета-журналлар ҳам катта тиражларда чоп этилар, шу боис муаллифларга кўнгилдагидек гонорар бериларди. Интернет бўлмагани боис ҳам китоб дўконлари ва газета шохобчалари гавжум бўлгандир. Ҳозир аксар ёшлар китобларни электрон тарзда ўқияпти. Чет элда нафақат босма, электрон китоб савдоси ҳам тўғри йўлга қўйилган, бундан яхши даромад ҳам олишяпти. Бундан ўрганишимиз керак, албатта. Сўнгги йилларда ўзимизда ҳам китобхонликка катта эътибор қаратилмоқда. Танловлар, форумлар, кўргазмалар... Китоб ўқиганга ҳатто “Спарк” бериляпти. Аммо ёзувчига-чи? Афсуски, ҳеч биримиз бирор замондош адиб китоб ёзиб машинали бўлганини эшитмаганмиз. Келажакда ана шундай даврлар келар, эҳтимол.
Нодира ИБРОҲИМОВА тайёрлади.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
4 Изоҳлар
Баҳриддин Ғиёсов
18:01 / 08.01.2024
Ҳозир газета ва журналларга мақола чоп эттириш бўйича қўнғироқ қилсангиз, биринчи сўраладиган, адашдим, талаб этиладиган нарса - обуна бўлганмисиз? Яқинда янги мақола бермоқчи бўлиб "Адолат сари" газетасига қўнғироқ қилгандим. Ходима "Газета кам сотилаётганлиги учун таҳририят ёпилди, узр! деб аста гўшакни қўйиб қўйди. Ўйланиб қолдим. Эсиз, яхши иш бўлмабди! дея олдим холос. Ўзимни нимамнидир йўқотгандай ҳис қилдим. Аммо, жабрланувчи фақат мен эмасдим. Аслида ўшанда жамиятимизнинг ҳам битта зиё чашмаси қуриб битганди. Нимаям дердик, ўрнига "кенг фикрловчи" блогерларимиз патиллатиб чиқараётган релслар борку, хазил. Лекин тан олиш керак, халқимиз газета ўқимай қўйганига чамаси 15 йиллар тўлди. Ҳеч қиси йўқ, ҳали 20 йиллигини катта "юбилей" қилиб ўтказамиз. Хуллас, юқоридаги фикрларим орқали нима демоқчиман? Халқимизни яқинлашиб келаётган ушбу "юбилей" шодиёнаси билан чин қалбдан табриклайман!
Иброхим
04:12 / 02.12.2023
Бизда муаллифлик хукукини химоялаш тизими ишламайди. Бошка томондан ҳар қандай бир сахифалик езув 300 000 тортмаса керак (1 сахифани 10 кун езса хам). Кунимиз инсонига фойдали, мазмунли китоблар булса албатта ўз эгасини топади. Саез китоблар талайгина. Илм фанга таргиб килувчи жанр деярли улик булиб етибди. Янгилик йук. Диний мазмундаги оддий хикоя тур асарларнинг 99% таржима. Лекин хар бир муаммо келганда ечими билан келади. Ноширлаш ишламаса технологиялар ишлаяптику. ТВ реклама улик булгани учун реклама берувчилар Самарали ЮТУБРлардан фойдаланяптику (куплаб ютубрларга Сизга каби мутахассис керак, тугрилаб гапини гапиролмайди куп кисми). Нима учун ижодкор ахли оддий телеграм берган имкониятдан фойдаланса булмас экан. Телеграмда контент яратинг. Уз махсулотингиз ейинг. Епик гурухлар очиш мумкин (пуллик килиб куйса булади). Анча имконият кенгайси, кейин веб сахифангизни очишингиз мумкин. Лекин бозорни хам уйлаш керак. СССР даги гонорар тизими билан солиштириш Иктисодий жихатдан купол хато булар эди. Режали иктисод берган имконият бу имконият эмас, бошкасидан юлиб олиб бошка бировга бериш хисобланади. Реалликка кайтсак, бозор иктисодиетидамизми демак бозорга мослаб бир нарсалар ижод килиш керак. (Бозор олди кочди талаб этади дейилса. Сарик пресса ва олди кочди умуман тилга олмаса хам булади. Узи жамиятни оркага тортувчи хам мана "сарик" пресса.) Чала психологикни чала ижодини укигандан кура, рухий кечинмаларга бой, ўз тилимизда "жонли" асар укиган минг баробар афзал. Эй Ижод ахли ижоддан асло тухтаманг. Тилимизни саклаш ва етказиш деган бурчни на ношир на бошкаси Сизчалик англай ва хис килаолишмайди...
Абдулла Тураев
12:01 / 01.01.1970
Жуда тугри масала кутарилган.Мен хам журналистман. Хозир нафакадаман. Макола ва ёзган бошка асарларимизни газета ва журналларга пул бериб чкартирамиз.Бу жуда аянчли.
Ахмедова Майрам Қодировна
12:01 / 01.01.1970
Тўғриси, ижодкорларнинг кўпчилиги соҳада нафақат гонорар, маош камлиги боис ижарада яшашади ёки ҳаминқадар кун кечиришади. Аслида тарихга жон бағишлайдиган, мамлакатда содир бўлаетган ўзгаришлару янгиликлар, уни матбуотга муҳрлаш, адабиётнинг ривожи, ўлмас асарлар яратилиши, барчасининг замирида келажак авлоднинг маънавиятини шакллантиришда ижодкорнинг ижод маҳсули ётади, худди ўқитувчилардек. Балким улардан ҳам ортиқдир. Чунки ижод маҳсулидан бутун омманинг қалби сув ичади, маънавияти юксалади (нафақат ёшларнинг, катталарнинг ҳам). Мен ҳам ижодкор сифатида матбуотга 1999 йилда кириб келган бўлсам, 16 минг сўм ойликка Янги аср авлоди нашриётида иш бошлаганман. Ижара нархи ўшанда 12 минг сўм эди. Икки нафар фарзандимни боқишга 4 минг сўм қоларди қўлимга. Ҳозир ўшанда қандай қийинчиликда яшаганимни ўйласам, титраб кетаман.пулим бўлмаган пайтларда Қорақамишдан Қатортолга яёв қатнардим. Кейинчалик тирикчилик важи зўр келиб газета журналистига айландим. Ижодга вақт ҳам бўлмади. Гапнинг индаллоси, арзимаган гонорар, маошни орттиролмасдан 23 йил умрим ижарада ўтиб кетди. Оллоҳга шукурки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлгач имтиёзли кредит асосида менга ҳам уй-жой берилди.Бунинг учун уюшма раҳбариятидан миннатдорман.Энди ўз Ватаним , ўлан тўшагимда яна ижодни бошлайман..Аммо Ижодкорларнинг меҳнати қадрланиши керак!