Ичингиздаги тасмангиздадир – ижтимоий тармоқда маънавият борми? Бўлса, қандай?


Сақлаш
04:24 / 25.06.2022 6247 2

 

Ижтимоий тармоқнинг маънавият билан муносабати ўзгача – уни баъзан менсимайди, игнор қилади, баъзида унга жуда қизиқиб, ўткир саволлар қўяди: “Маънавият нима?”, “Бор нарсами, ўзи?”, “Мезон-ўлчовлари қандай?” Асосийси, тармоқда маънавият турли ном ва шаклларда мавжуд; фойдаланувчилар унга мурожаат этади, ўрганади, тадқиқ ва тарғиб қилади, у билан (ёки усиз) яшайди. Яъни маъноси бор ҳар нарсанинг маънавияти бор, жумладан, ижтимоий тармоқнинг ҳам.

 

Аввало, чегараларни ва урғуларни аниқлаб олайлик. Биз ижтимоий тармоқ маънавиятини ахлоқ, оилавий қадриятлар, эзгулик ва ёвузликка муносабат, маданият ва китобхонлик каби мавзулар доирасида ўрганамиз – мақола жуда кенгайиб, урғулар йўқолиб қолмаслиги учун мавзу кўламини чегаралаб оламиз.

  

Тармоқда одоб, хулқ

 

Ижтимоий тармоқда фойдаланувчиларнинг хулқ-атвори тўғридан тўғри эмас, қандайдир бир призмадан ўтиб намоён бўлади. Яъни бу ерда мулоқотда одамлар аслидагидан кўра дадилроқ, журъатлироқ, бетгачопарроқ, мулозаматсиз ва ҳатто шафқатсизроқ кўриниши мумкин. “Юз амри ширин” мақоли айнан мос келадиган ҳолат – икки шахс кўз-кўзга тушганда айтолмайдиган гапларини интернетда бемалол айтади. Муомала бобида ҳам шундай. Бу ҳатто одатий-оддий ҳол деб қаралмоқда. Демак, реал ҳаётдаги хулқ билан параллел равишда ижтимоий тармоқларда ўзгача, ўзига хос одоб шаклланган.

 

Бу ахлоқ ҳар бир тармоқда ўзгача, фарқли намоён бўлади. Масалан, юртимизда энг кенг тарқалган, бугунги кунда 18 млн фойдаланувчига эга Телеграм мессенжерида жуда ҳар хил, турли даража ва дунёқарашли одамлар тўпланган. Аноним қолиш, шахсини, тармоқдаги тарихини яшириш имконияти кенг бўлгани боис муҳокамаларда одамлар анча тили бўшалган, тиккакесар ва баҳсларда шахсиятга кўп тегилади. Сўкиш, ҳақорат сўзлари ҳам ҳеч бир пардасиз, эвфемизмларсиз ишлатилиши учрайди.

 

Айрим блогерлар, канал админлари муҳокама гуруҳларида мунозара қилиш қоидаларини эслатиб туришади, бироқ фойдаланувчилар кўпда бунга риоя этмайдилар.

 

 

 

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, муҳокама гуруҳи яратилган каналларда постларга эътиборни тортиш ва кўрилишини кўпайтириш имкони катта.

 

Фейсбукда фойдаланувчи сурати, исм-фамилияси, иш жойи, лавозими, таълим олган маскани, оилавий аҳволи, яқин қариндошлари, фарзандлари, қизиқишлари ва бошқа маълумотларини бериши мумкин. Ўз шахси ҳақида қанча кўп ошкор қилган бўлса, тармоқда ўзини шунчалик одобли тутади, эзгу инсон имижига шунчалик яқин келади. Лекин Фейсбукнинг доимий баҳс-мунозара, жанжал ва хайпга бойлигини эътиборга олсак, фойдаланувчилар баҳсда қизишгани сайин ахлоқ чегарасига яқинлашаверади, баъзан одобни буткул унутиш ҳолатлари ҳам кузатилади. “Фейсбукда уришмаган борми?” деган ҳазил ҳам пайдо бўлган ҳатто.

 

Фейсбук фаоллари кўп сўзжанги қилишади, бир-бирларини блоклашади ва бу низолар реал ҳаётга кўчиб, юзкўрмас бўлиб кетишлари ҳам мумкин. Айни пайтда, тармоқда бир-бирини таниб, дунёқараши мос келиб, дўст тутинганлар ҳам бор. Фикрлар чорраҳаси бўлган Фейсбук инсоннинг ботинини очиб беради, унинг мазмунини кўрсатади. Қанча китоб ўқиган, саводи қандай, кўпроқ қайси мавзуларга эътибор қаратади, кимлар билан дўстлашади – буларнинг барини билиш имконияти бизга профил эгасини шахс сифатида яхшироқ танитади.

 

Фейк аккаунтлар ва уларни юритадиган троллар истисно, албатта. Бунақалар, афсуски, жуда кўп. Назаримда, тармоқлар орасида троллар айнан шу Фейсбукда энг фаол. Зиёлилар эса кўпинча кузатувчи мақомида туришни афзал биладилар. Сабаби, ҳар қандай позитивдан негатив кўра оладиган, бир фикр ёзса, умуман бошқа нарсани тушуниб шарҳ қолдирадиган, етмаганига шахсиятга тегиб, бетгачопарлик билан дилни тиладиганлар доим топилади. Ақлли одам учун ойдек равшан бўлган нарсанинг нима учун бунақа нотўғри қабул қилинаётганини англаш қийин. “Мен эзгулик ҳақида ёздим, нега мендан ёвузлик излашяпти”, дейди зиёли. Кўнгли оғрийди. Жим туриш йўлини танлайди.

 

  

Фейсбукда ҳеч ким тўлиқ қўллаб-қувватланмайди. Пост қўйганда негатив муносабатларга тайёр туриш керак. Бу шунақа жойки, тушунган-тушунмаган гапиради, шовқин кўп. Киши ўзига керакли овозларни кераксизидан ажратиб олишни эплаши керак. Муҳими, ҳар бир фойдаланувчининг муносабати эмас, умумий кайфият, жамоатчилик фикри, хулосалари – жанг шу учун бўлади. Яъни ҳар бири билан талашиб, ҳамманинг бир овоздан сени маъқуллашига эриша олмайсан.

 

Твиттерда эса ҳаммаси тамомила бошқача. Ўзбек сегментида фойдаланувчилар асосан “ник” – тахаллус билан фаолият юритишади. Бу анъананинг сабабларини аниқ билмайман. Тахмин қиламанки, ўткир фикрлар ва ғоялар макони бўлган Твиттерга бундан ўн-ўн икки йил аввал – жиддий цензура даврида кириб келган ўзбекистонликлар ўз шахсини яшириш орқали эркин фикр билдиришга интилишган. Шахсан ўзим айрим фойдаланувчилар билан йиллаб мулоқот қилиб, ҳаётда менга таниш одамлар эканини кейинчалик билиб қолган ҳолатларим бўлган.

 

  

Твиттерда фойдаланувчилар нисбатан эркин, самимий. Мавзулар сиёсатдан тортиб чойхонагача, анча интеллектуал даражада кечади. Фақат бир салбий одат бор – айирмачилик. Янгиларни эскилар унча ёқтиришмай, сафларига қўшгилари келмайди, худди мактабда синфга янги бола келганидек. Ўтган йили шунинг орқасидан жиддий баҳс ҳам бўлди: машҳур блогерлардан бири айрим фойдаланувчиларни “чуқур твиттер” деб қўйди (паст маъносида). Твиттер бир кеча ёнди: томонлар жиддий баҳс қилишди, твит эгасини сегрегацияда айблаганлар ва унинг ёнини олганлар жанги ҳақиқий “Варфоломей туни”ни эслатди.

 

Твиттер маънавияти барибир юксак: мавзуни бошлаган блогер тонг отиши билан узр сўради – баҳс дарров тинчиди. Ҳеч ким скриншот олиб тарқатмади, турли мавзуларга келтириб қўшавермади, таъна-дашномлар ҳам тақа-тақ битди. Шунчаки у-бу ерда ҳазил қилиб “чуқур твиттер” иборасини қўллаб қўйишади, холос.

 

Умуман олганда, Твиттерда айирмачилик, хусусан, ирқчилик, миллатчилик, маҳаллийчилик каби иллатлар хусусида кўп баҳс кечади, қаттиқ қораланади: кутилмаган жойда ўзингиз билмай айирмачилик қилиб қўйган бўлиб чиқасиз  – тилга, айниқса, атамаларга эҳтиёт бўлиш керак.

 

Бир сўз билан айтганда, Твиттер дадиллиги қадар кенгкўнгиллиги билан ажралиб туради.

  

Ишқ ва оилавий қадриятлар доимо трендда

 

Минглаб фолловерлар кўз ўнгида куртак ёзиб, униб-ўсиб, никоҳ ва бахтли оила даражасигача борган чиройли муҳаббат қиссаларидан тортиб обуначилар эътиборини тортиш учун ҳазил тариқасида қўйиладиган никоҳ постларигача учраб туради. Ўзбек сегментида энг кўп гаплашиладиган мавзулар кўпхотинлилик, хиёнат, қайнона-келин можаролари ҳисобланади.

 

Ҳа, тиллар кесимида мавзулар фарқланади. Масалан, рус тилли гуруҳларда кўпинча фарзанд тарбияси, унга янги билимлар ўргатиш, курслар, қўлланмалар, малакали шифокорлар, яхши мактаблар тўғрисида маслаҳат қилинса, ўзбек тилли гуруҳларда оилада эркак ва аёлнинг роли, эрнинг қариндошлари билан муносабатлар муҳокама марказида бўлади. Асосий баҳслар “Maslahat.uz”, “Oila.uz”, “Begoyim.uz”, “Karvonsaroy.uz” каби маиший-ижтимоий йўналишдаги машҳур гуруҳларда кечади. Қарашлар шу қадар баҳсли, шу даражада қутблики, кузатаётиб ўзбек оилавий қадриятлари жиддий трансформация қаршисида турибди, деган фикр туғилади.

 

Аёллар тармоқда ўзини бахтли ва тўкис кўрсатаётган ҳамжинсларининг кўпда бўрттирилган ва безалган ҳаётига ҳавасланиб, оилавий турмушига нисбатан танқидини кучайтирса, эркаклар турли фильтрлар билан гўзаллаштирилган ҳурлиқолар образини реал ҳаётда ўз жуфти ҳалолида кўришни истамоқда. Тармоқ яратган иллюзияларнинг реал ҳаёт ҳақиқатлари билан тўқнашувидан оилавий зиддиятлар учун янги омиллар юзага келмоқда.

 

Бу ҳолат, албатта, ижтимоий тармоқларни олабўжига чиқариб, муаммоларимиз сабабчиси шу, деган хулосага олиб келмаслиги лозим. Чунки тармоқ нари борса катализатор бўла олади. Йўқдан бор қилиб яратиб бермайди. Интернетнинг иштирокисиз ҳам ушбу муносабатлар ва реакциялар жамиятда мавжуд. Ижтимоий тармоқ бир “ойинаи ҳаёт” ўлароқ акс эттирмоқда.

 

Танишув ва мулоқот имконияти кенгайгани сайин виртуал муҳаббат пайдо бўлиши кузатилмоқда. Ўз жуфтини онлайн оламдан топиб, реал ҳаётда оила қурганларга шахсан гувоҳман, улар ҳозир бахтли турмуш кечиришмоқда. Оилавий ажримлар ортишида ҳам виртуал муҳаббатнинг ҳиссаси кўпайиб бораётгани сир эмас. Ўзим касб тақозоси билан гаплашган ФҲДЁ мудираларининг қайд этишича, хиёнат туфайли ажрашишга келаётган жуфтликларда энди қуруқ даъво, “деди-деди”лар эмас, “пруф” (далил)лар мавжуд: скриншотлар, овозли ва видео-хабарлар... Тармоқ ҳеч нарсани унутмайди, яшириши мумкин, бироқ бир умр сир сақлашга ваъда бермайди. Демак, янги воқелик – мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар оилавий қадриятлар ва умуман оила институти учун жиддий синов бўлмоқда.

 

Пичоқни қотил ҳам, ошпаз ҳам ўз мақсади йўлида ишлатар экан, гап қуролда эмас, уни тутган қўлда. Ижтимоий тармоқларда оилавий қадриятлар фаол тарғиб ҳам қилинади. Хусусан, кейинги вақтларда омма эътиборини қозонган ижодкор Эркин Бозоровнинг “Бобо” видеоролиги тармоқни том маънода портлатди. “Бобо – тарих, бобо – қадрият, бобо – ғурур, бобо – орият” деган шиор билан эълон қилинган соф ўзбекона, халқона ва таъсирчан ролик оиланинг асл мақсади ва қадрини ифодалаш билан бирга, ижтимоий тармоқда маънавиятни қандай тарғиб этиш кераклигини кўрсатувчи яққол намуна ҳам бўлди.

 

  

Дард қаерда бўлса, даво ҳам ўша ерга келиши лозим. Ижтимоий тармоқларда оилавий қадриятлар тарғиботи таъсирчан, халқона ва замонавий тарзда фаол олиб борилиши – давримизнинг энг катта талабларидан.

 

Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимиз ва оиламизга таъсирини тартибга солиш учун интернетдаги ахборотларга муносабатимизни ўзгартиришимиз лозимлигини тушунишимиз керак. Бу виртуал образлар жамланмаси, холос. Улардан қанчасидир ҳақиқату қанчаси рўё бўлиши мумкинлигини ҳамиша ёдда тутиш лозим.

  

Маданият, илм, китобхонлик...

 

Интернет китобдан чалғитади, деган ҳукмга зид равишда ижтимоий тармоқлар илм-маърифатни фаол тарғиб қилмоқда, китобхонликнинг янги қирраларини кашф этишга ёрдам бермоқда.

 

Фейсбукда “Ўзбекистон тарихи” (65 минг), “Китобхонлар давраси” (53 минг), “Картина, исскуство, живопись” (12 минг), “Тоғай Мурод” (3,5 минг), “Рауф Парфи” (1,7 минг), “Shavkat Rahmon” (1,1 минг) каби гуруҳлар адабиёт, шеърият, маданият тарғиботини юритади. Телеграмда “Kitob o‘qi” (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг канали), “Китобхон оналар клуби” гуруҳи (Саида Рашидова ташкил этган), “Madina” (Канадада яшайдиган Мадинанинг канали, асарларни ўзи аудиоформатда ўқиб тарқатади) каби гуруҳ ва каналларда китоблар муҳокамаси бўлади, тақризлар эълон қилинади, муаллифлик ҳуқуқига риоя этган ҳолда аудио ва пдф форматда китоблар тарқатилади.

 

Ноширлик маҳсулотларининг SMMи ривожланиб бормоқда. Нашриётларнинг жамоатчилик фаоллари, букблогерлар ва китобхонлик гуруҳлари билан фаол ҳамкорлиги натижасида “Қўрқма”, “Қўрбошилар”, “Мадаминбек: қонли гуллар водийси” каби китоблар тармоқда машҳур бўлди. Республиканинг турли бурчакларига етказиб бериш хизматлари орқали ўн минглаб ададда сотилди. Китоблар ҳақида интернет фойдаланувчиларига мос тарғибот шакллари оммалашмоқда – масалан, китоб тизерлари.

 

Тармоқда яна шундай каналлар борки, муаллифлик ҳуқуқига риоя этмаган ҳолда китобларнинг электрон версияларини тарқатиб, ноширларнинг ҳақига хиёнат қилади, китоб чоп этиш соҳасига ва унинг ортидан маънавиятга жиддий зарар етказади. Яна буни “маърифат улашиш” деган ниқоб остида амалга оширишлари маънавиятсизликнинг юқори чўққисидир.

 

Умуман, санъат асарларига муаллифлик ҳуқуқи масаласи интернетда жуда чалкаш ва абгор аҳволда. Буни яқинда катта шов-шув бўлган шоир Усмон Азим, хонанда Шерали Жўраевнинг фарзандлари ва Санжай ўрасидаги суд ишига муносабатда ҳам кўриш мумкин. Ушбу кейс ҳуқуқий доирадан анча кенгайиб, маданий, маънавий ва хулқ-атвор масаласига айланди. Инстаграмда Санжайнинг минглаб фолловерлари халқ шоири Усмон Азимни ва халқ артисти Шерали Жўраевни эътирозу ҳақоратларга нишон қилган бўлсалар, ўз навбатида зиёлилар ва санъат шинавандалари даҳо шоир ҳамда ҳофизнинг ҳимоясига отландилар. “Oyina.uz” портали ##UsmonAzimXalqShoiri ҳештеги остида флешмоб бошлади ва унга кўпчилик қўшилди – шоири Азимнинг кўплаб шеърлари ва унинг ҳимоясига айтилган сўзлар билан тасмалар тўлди, баҳслар қизиди. Авлодлар ва қадриятлар жанги бўлди.

 

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор. Ушбу баҳслар шоир, ҳофиз ижоди ҳақида, муаллифлик ҳуқуқи, интеллектуал ўғриликнинг ёмонлиги ҳақида кўплаб фойдали маълумотларни тармоққа оқизди, уларни кўпчилик ўқиди, маърифатланди.

 

Миллий-маданий мерос, меъморий ёдгорликлар, замонавий архитектура мавзулари ижтимоий тармоқларда ҳамиша қизғин муҳокамада. Хусусан, кўҳна обидаларга нисбатан варварларча муносабат акс этган қатор ҳолатлар айнан тармоқ фойдаланувчиларининг ҳушёрлиги, тарих ва маданий меросга бефарқ эмаслиги юзасидан эътиборга тушди. Масалан, Ситораи Моҳихосса, Миздакхон мақбараси, Чор Бакр мажмуаси, ЎзМУдан ўғирланган нодир қўлёзмалар тўғрисидаги чиқишлар маданий меросни асраш, унга илм ва дид билан масъулиятли ёндашиш борасидаги жиддий муаммоларимизга жамоатчилик эътиборини қаратди.

 

 

Бухородаги Ситораи Моҳихосса тарихий музейига бориб, товусларнинг патини юлиб олган қизлар акс этган видео эса жамоатчиликни қаттиқ жунбишга келтирди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли чоралар кўрилишига сабаб бўлди.

 

  

Кўҳна обидалар тўғрисидаги маърифий чиқишлар ҳам тармоқ фойдаланувчиларига қизиқ. Хусусан, сўнгги вақтларда ўз йўналишини ижтимоий-сиёсий мавзулардан тарих, саёҳат ва архитектура ёдгорликлари соҳасига ўзгартирган жамоатчилик фаоли ва инфлюэнсер Нозим Сафарининг таъкидлашича, меъморчилик дурдоналари ҳақидаги чиқишлар кутилмаганда Инстаграм тармоғи фойдаланувчиларида катта қизиқиш уйғотиб, минглаб марта кўрилмоқда.

 

Кинотақриз ижтимоий тармоқларда кўпчиликни қизиқтирадиган йўналиш сифатида кенг ривожланмоқда. Хусусан, Инстаграм, Тик-ток, Ютуб платформаларида киноивентлардан репортажлар, ведеотақриз, кинотизерлар тез оммалашмоқда. Фейсбук ва Телеграмда эса кинотавсия ва кинотақриз жанрлари айниқса эътиборни тортади. Масалан, “Фариданинг икки минг қўшиғи”, “101-рейс” каби фильмларнинг рақамли тарғиботи ва муҳокамалари жамоатчиликнинг кинога бўлган сўнмас қизиқишини акс эттирди. Иккинчи томондан, профессионал кинотақриз онлайн оламда ҳали эгалланмаган бўшлиқ эканини ҳам намоён этиб қўйди.

 

Тармоқда фильмларни тарғиб қилишнинг ўзига яраша қоидалари бор. Олайлик, Фейсбукдаги “Kinotaqriz” гуруҳида фойдаланувчилар кўрган фильмлари ҳақида шунчаки ҳиссиётлар, таассуротлардан иборат мўъжаз тавсиялар ёзади. Бироқ “спойлер” берилмаслиги керак ёки постда спойлер бўлса, бошиданоқ огоҳлантириш лозим. Чунки воқеаларнинг охирини айтиб қўйиш фильмнинг томошабинга таъсири ва бадиий қийматини камайтириши мумкин. Шунга қарамай, ҳатто зиёли инсонлар ҳам бу қоидани тушунмай, фильмлар ҳақида ёзганда сюжетни бошдан оёқ сўзлаб беришлари кузатилади. Тармоқ бундайларни кечирмайди ва жиддий эътирозлар билан “сийлайди”.

 

Ижтимоий тармоқда бадиий тасвирий жанрлар, хусусан, шарж, карикатура, мэм кабилар тез тарқалади, севиб кўрилади ва фикр етказиш ҳамда уйғотишнинг самарали воситаси саналади. Inkuzart, Habikatura, Rais Buva каби блогерлар бу йўлда фаол ижод қилиб танилиб келмоқда. Улар халқимизнинг бой маданий-маънавий манбаларига мурожаат этиб, шу орқали ижтимоий фикрга туртки бериш, протест изҳор қилиш, сатира тиғи билан муаммоларни ёритишга интиладилар. Масалан, Rais Buva режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Абдуллажон” деган шедевр фильмидан ўсиб чиққан образ, Inkuzart эса Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби жадид боболаримиз суратини биноларга ишлаши билан тилга тушган. У ижтимоий ҳаётга муносабатини одатда бадиий адабиёт тимсоллари орқали билдиради. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги деворига Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари мотивлари асосида чизган сурати катта шов-шув бўлди.

 

  

Бўлимни хулосаласак: ижтимоий тармоқ маданияти ранг-баранг, савияли, қизиқарли ва жуда қизғин. Бундан эллик-юз йиллар кейин авлодлар бизнинг давримиз ҳақида айнан шу контент орқали хулоса чиқарса, шахсан менинг қаршилигим йўқ.

  

Эзгулик ва ёвузликка муносабат

 

Бу эскирмас баҳс ижтимоий тармоқларда доимо трендда. Россия–Украина зиддиятлари кучайган ва ҳарбий операциялар бошланган кунларда тармоқ тандирдек қизиди. Уруш ҳамманинг қарталарини аралаштириб, ҳатто бир оила аъзолари ўртасида ҳам қарашлар тўқнашувини келтириб чиқарди. Қадриятлар ва позициялар жиддий синовга дуч келди.

 

Ҳар қайси томон ўзини ҳақман деди, эзгуликман деди. Бу шовқинда урушни ўз номи билан уруш дея олган, унинг ёвузлик эканини айта олган инсонлар овози алоҳида ажралиб турди. Хусусан, ўзбек зиёлилари Эркин Аъзам, Фахриёр, Улуғбек Ҳамдам, Назар Эшонқул, Карим Баҳриев фикрлари жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Kun.uz мазкур чиқишларни бир умумий махражга жамлаб, “Буни ҳозир қилмасангиз, тарих сизни миллат сифатида кечирмайди – ўзбек зиёлилари россияликлардан урушни тўхтатишни сўради” деган сарлавҳа билан чоп этди. 

 

Ўзбекистон халқ артисти Дилором Каримованинг Ютубдаги “Ko‘zgu” лойиҳасига берган интервьюси ҳам тармоқ фойдаланувчиларининг алоҳида эътиборига тушди. Урушга муносабатда ўзбек ижтимоий тармоғи ҳамон баҳсда бўлса ҳам, ўзбек зиёлиларининг якдиллиги тарихда бир ёруғ саҳифа бўлиб қолгуси.

 

 

Урушдан ташқари ёвузлик, хусусан, кундалик маиший зўравонликлар тармоқда мунтазам муҳокамада. Бунда ҳам ўзига хослик бор. Масалан, келинни тўйда урган куёв аксар кўпчилик томонидан қораланди ва бу ҳол можаронинг мантиқий ечимига қадар давом этди: ёшлар ярашиб, бирга яшаётгани айтилгач ҳам, тармоқ фойдаланувчиларининг ёвузликка нисбатан позицияси ўзгармади.

 

Фарзандини касалхонада калтаклаган она мавзусида дастлабки кунлар деярли ҳамма онани сўзбўрон қилган бўлса, Kun.uz суриштирувидан сўнг гўдакнинг “болалар церебрал параличи” дардига чалингани, онанинг икки йилдан бери касалчилик билан асабий толиққани маълум бўлгач, жамоатчилик фикрида ўзгариш кузатилди, онани қўлловчилар кўпайди.

 

 

 

Боласини айиқ қафасига ташлаган она воқеасида ҳам худди шундай ҳол кузатилганини эътиборга олсак, тармоқда сабаблар ва аргументлар орқали жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш имконияти мавжудлиги, одамлар эзгулик ва ёвузлик тўғрисидаги қарашларини таҳрир қилишлари ва тўғри йўлни танлашлари мумкинлиги аёнлашади.

  

Маънавият ҳақида ижтимоий тармоқ қандай фикрда?

 

Мақола бошида айтилганидек, ижтимоий тармоқларда баъзан бевосита “маънавият” тушунчасининг ўзи ҳам нишонга олиниб, танқид ва таҳлил қилиб турилади. Бир куни “Маънавиятни сарказм қиляпсизлар, лекин бошимизга келган кўп муаммолар айнан маънавиятсизликдан эмасми?” деган мазмунда твит қолдиргандим, мени маддоҳ ва “саройи”ликда айблашди, лекин бу муҳим эмас.

 

 

Асосий баҳсда фойдаланувчилар маънавиятни қандай тушуниши, унга муносабати, маънавий сиёсатда қилинган хатолар ва унинг келажаги тўғрисида жиддий фикрларни айтишди. Кимдир “маънавиятчи”ларни инсонларнинг ҳаётига аралашишда, бошқаси ўз миссиясини тўғри тушунмаслик ва бажармасликда, яна бири эса буни давлат сиёсати даражасига олиб чиқишга асос йўқлиги, ўта шахсий масала экани тўғрисида гапирди.

 

 

Кўпчиликка ёққан твитлардан бири Сарафроз исмли фойдаланувчиники бўлди: “Гап, менимча, ўтган вақтдаги “маънавиятбозлик”дан эришилган натижада. Атама шунчаки қурбон бўлди”.

 

 

 

Бизнинг ўлчовимиз бўйича энг маънавиятли тармоқ – Твиттерда айтилган ушбу фикрлар бугунги “маънавий сиёсат” (шундай атамани қўллаш мумкин бўлса) масъулларини ва мутахассисларни ўйлантириши керак. Маънавият зарурлигини англаган бир фуқаро сифатида тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларини таҳлил қилиш ва эътиборга олиш лозим деб ҳисоблайман.

  

Хулоса

 

Маънавият мавзуси жуда кенг, ижтимоий тармоқ ундан ҳам кенг. Шу боис мазкур таҳлилимизни тўлиқ ва тугал деб бўлмайди.

 

Жамоатчилик фикри ва кайфиятининг кўзгуси ҳамда манбаси бўлмиш ижтимоий тармоқларда маънавий, маърифий, маданий ва ахлоқий ҳодисалару тенденцияларни илмий жиҳатдан ўрганишга эҳтиёж мавжуд.

 

Ижтимоий тармоқларда маънавий-маърифий мавзуларни бошлаш, бу борада “тредстартер” бўлиш Республика Маънавият ва маърифат марказининг асосий вазифаларидан бирига айланиши зарур. Ҳозирча асосан давлат ташкилотларида маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишга урғу бераётган ушбу ташкилот ёшларни тобора кенгроқ қамраб олаётган тармоқларга эътибор қаратса, фаолияти самарадорлиги ортиши ва кўзга яққолроқ ташланишни бошлаши тайин.

 

Баридан қатъи назар бир хулоса аниқ: ижтимоий тармоқлар, бировлар ўйлаганидек, маънавиятсизлик уяси эмас. “Ким нени изласа, топқуси албат”, тармоқлар алгоритми шундайки, сизнинг савиянгиз, дунёқарашингиз ва дидингизни сезиб, ҳис қилиб, ўзингизга мос мавзуларни тақдим этади.

 

Ичингиздаги ичингизда ва тасмангиздадир.

 

Шаҳноза СОАТОВА,

Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси,

журналист, жамоатчилик фаоли

 

2 Изоҳлар

Фахриддин

12:01 / 01.01.1970

Ижтимоий тармоқлар маънавий дунёқарашни ўстиради, унда ҳамма нарса бор, танлаб ўзингизга кераклигини ўқисангиз кам бўлмайсиз

Afruza

12:01 / 01.01.1970

Judayam zo'r yozilibdi👏👏👏 ijtimoiy tarmoqlardan foydalanishga bogʻliq

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 11872
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//