
Инсоният пайдо бўлган илк даврларданоқ хавфсизлик билан боғлиқ масалалар доим биринчи ўринга турган. Шаҳарлар ривожланиши, одамлар кўпайиши ортидан қалъаларни муносиб ҳимоя қилиш долзарб вазифага айланиб борган. Натижада кўпчилик учун яхши таниш бўлган катта, баҳайбат деворлар билан ўралган шаҳарлар барпо этилган. Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон қўрғонлари ҳам мустаҳкам девор ва дарвозаларга эга бўлган. Жумладан, бир неча аср давомида пойтахт вазифасини бажарган Бухоро шаҳри ўзининг мустаҳкам деворлари ва дарвозалари билан машҳур бўлган.
Бухоро шаҳри милоддан аввалги II асрда қалин деворлар билан ўралган. Аввал Кушонлар, сўнг Эфталийлар давлати таркибига кирган бу қўрғон Варахша ва Пойкендни ортда қолдириб, Бухоро воҳасининг марказига айланган.
Манбаларга кўра, Суғд ихшидлари замонида Бухоронинг афсонавий Кампирак (маъноси: «канпирак» – «хандақли девор») девори қурилиши бошланган. Девор остидан чоҳ қазилиб, у сув билан тўлдирилган. Бу усул қалъани қамал қилишни қийинлаштирган.
Тарихчи Наршахийнинг ёзишича, Канпирак деворининг эни 2,5—3,5 метр, баландлиги 1—3 метр, баъзи ерларда эса 4 метргача етган. Деворнинг умумий узунлиги 336 километрни ташкил қилган бўлиб, ҳар 4-8 метрда соқчи миноралари жойлашган.
Халқ орасида «Кампир девори» деб аталган иҳотани қуриш ва таъмирлаш Исмоил Сомоний даврида тўхтаб қолган. Афсоналарга кўра, Исмоил Сомоний «токи тирик эканман, Бухоронинг девори ўзим бўламан» деган ва девор қуришни давом эттирмаслик ҳақида кўрсатма берган. Шундан сўнг бу улкан девор аста-секин вайронага айланиб борган.
ХVI асргача турли ҳукмдорлар шаҳарнинг турли қисмларидаги деворларни тиклаган ёки таъмирлаган. Шайбонийлар ҳукмронлиги йилларида Бухоро шаҳри ғарб томонга сезиларли кенгайган. Натижада истеҳком тўсиқлари ҳам олдинга силжиган. Бироқ, шундан сўнг ХIХ асргача янги деворлар қуриш тўхтаган ва фақат таъмирлаб турилган. Ҳар йилги таъмир оммавий ҳашар тарзида ўтказилган ва аҳолининг унда қатнашиши мажбурий бўлган.
Тарихчиларнинг ёзишича, илк вақтларда Бухоро қўрғони 7 дарвозага эга бўлган. Кейинчалик шаҳар катталашиб бориши билан уларнинг сони ортиб борган. Шайбоний Абдуллахон II даврида Бухоро дарвозалари сони 11 тага етган ва шундан сўнг бошқа кўпаймаган.
Дарвозалар турли замонларда турлича номлар билан аталган. Ушбу дарвозалардан фақат иккитаси (Қоракўл ва Талипоч) ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Тўрттаси қайта тикланган (Самарқанд, Ҳазрати Имом, Шайх Жалол, Саллоҳхона), бештаси эса бутунлай вайрон бўлган (Шергирон, Мозори Шариф, Ўғлон, Намозгоҳ ва Қарши).
Талипоч дарвозаси
Талипоч дарвозаси Бухоро шаҳри деворининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Дарвоза ХВИ асрнинг иккинчи ярмида, қудратли ўзбек ҳукмдори – Абдуллахон II ташаббуси билан қурилган. Дарвоза номи ҳам ушбу хон билан боғлиқ. Шаҳарнинг ғарбидан янги хиёбон қурдирган Абдуллахон шу ердаги тепалик яқинида дарвоза ҳам бунёд эттирган ва бу дарвоза «хон тепалиги» – «Талипоч» деб номланган.
Талипоч дарвозаси орқали Бухоронинг муқаддас қадамжоларидан бири – Чорбакр мажмуасига, шунингдек Ромитандаги қишлоқлар ва Хоразмга йўл ўтган. Талипоч бошқа дарвозалар билан солиштирганда серқатнов бўлмаган.
Талипоч дарвозаси 1960 ва 2005 йилларда реставрация қилинган. Бугунги кунга қадар дарвоза ва унинг икки «гулдастаси» (айлана миноралари) ҳамда деворининг бир қисми сақланиб қолган. Талипоч дарвозаси ёнида ҳозирда Бухоро Марказий бозори ва хиёбони жойлашган.
Қоракўл ёхуд Ҳаж дарвозаси
Бухоронинг энг машҳур дарвозаларидан бири бўлмиш Қоракўл дарвозаси шаҳар деворининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Бу дарвоза ҳам Абдуллахон II даврида, 1558-1575 йилларда қурилган.
Дарвоза номи Қоракўл шаҳри номидан олинган бўлиб, ушбу дарвоза орқали Қоракўл шаҳрига, бундан ташқари Эрон, Туркия ва Арабистон мамлакатларига йўл олиш мумкин бўлган. Қолаверса, бухороликлар Ҳаж сафарига айнан шу дарвоза орқали чиққани учун халқ орасида уни «Ҳаж дарвозаси» деб ҳам аташган. Дарвозадан то шаҳарнинг марказий кўчасигача йўл бўйида бозор расталари, баққоллик дўконлари жойлашган ва бу дарвозани энг гавжум қопилардан бирига айлантирган.
Қоракўл дарвозаси эрксевар Бухоро шаҳри тарихида муҳим ўрин тутади. Қизил армиянинг 1920 йилги Бухоро операцияси доирасида Қоракўл дарвозасига катта куч билан ҳужум қилинган. 29-30 август кунлари бўлиб ўтган жангларда бухороликлар Қоракўл дарвозасини мардонавор ҳимоя қилган. Шундан сўнг большевиклар асосий кучни Қарши дарвозасига ташлаган.
Қоракўл дарвозаси 1975 йилда уста Аҳрор Асроров бошчилигидаги мутахассислар томонидан таъмирланган. Бугунги кунда дарвоза ўз деворларидан ажралиб, кичик маҳалла ичида қолиб кетган. Аксарият маҳаллий аҳоли бу дарвозанинг номини ҳам билмайди.
Саллоҳхона дарвозаси
Ушбу дарвоза Бухоро ҳукмдори шайбоний Абдулазизхон топшириғи билан 1540-1549 йилларда қурилган. «Саллоҳхона» номи ушбу дарвоза яқинида жойлашган кушхона ва қассоблар маҳалласи билан боғлиқ бўлиб, «саллоҳ» арабча «қассоб» демакдир. Дарвоза қалъа деворининг жанубий қисмида жойлашган.
Саллоҳхона дарвозасининг ташқи томонида кенг майдон бўлиб, бу ерда Бухоро амирлиги аскарларининг ҳарбий машқлари ўтказилган. Кейинчалик, СССР даврида ҳам бу майдондан парад ва митинглар ўтказиш учун фойдаланилган. Бундан ташқари, бухоролик тери ошловчи усталар бу ялангликда териларни қуритган.
Саллоҳхона иккита катта ва мустаҳкам «гулдаста» минора, 21 та гултожга эга бўлиб, дарвозанинг баландлиги 11 метрдан ошган. 1939 йил 17 майда коммунистларнинг «варварча» сиёсати доирасида Саллоҳхона дарвозасини бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилинади ва дарвоза бузилади. Мустақилликдан сўнг, 2009 йилда Саллоҳхона дарвозаси аввалги жойидан қайта тикланган. Қурилиш ишларини уста-меъморлар Музаффар Мирзаев ҳамда Шариф Раҳимовлар олиб борган.
Самарқанд дарвозаси
Бухоронинг энг гавжум дарвозаларидан бири бўлган Самарқанд дарвозаси ҳам шайбоний Абдулазизхон даврида барпо этилади. Ушбу дарвозадан Самарқандга элтувчи йўл ўтгани боис дарвозага «Самарқанд дарвозаси» номи берилган. Шу билан бирга, бу дарвозадан Тошкент, Фарғона ва Хитойга йўл олган савдогарлар ҳам ўтган. Циторайи Моҳи Хосса қурилгач, Бухоро амирлари ҳам Самарқанд дарвозаси орқали ёзги саройга бориб келган.
Дарвозанинг ҳар икки томонида (кириш ва чиқишда) савдо расталари жойлашган. Бу ерда нон, гўшт, мато ва мева-сабзавотлар сотилган. Шу сабабдан ҳам Самарқанд дарвозаси олдидаги кўча «Чорбаққоли» («тўрт баққол», «тўрт томонда баққоллар бор» маъносида) деб аталган.
Самарқанд дарвозаси ҳам Саллоҳхона қописи каби 1939 йилнинг 17 майида «шаҳарда нормал ҳаракатга халақит бераётгани» важи билан бузиб ташлашга маҳкум қилинган. 2009 йилда Самарқанд дарвозаси ўзининг эски ўрнида қайта тикланган.
Ҳазрати Имом дарвозаси
Ҳазрати Имом дарвозаси Бухоро шаҳрининг энг қадимги дарвозаларидан бири саналади. VIII асргача бу дарвоза «Дарвозайи Нав» (Янги дарвоза) деб аталган. Сўнгра ушбу дарвоза ёнига буюк ислом олими, Марказий Осиёга ҳанафий таълимотини илк бор ёйган Абу Ҳафс Кабир дафн этилгач, уни «Дарвозайи Имом» (Имом дарвозаси) деб номлашган. Шаҳардан Абу Ҳафс Кабир мақбарасига олиб борувчи йўл – Ҳақроҳ, яъни «ҳақ йўли», дарвоза эса Дари Ҳақроҳ деб айтилган.
Ҳазрати Имом дарвозаси анча гавжум қопи бўлган. Дарвозадан шаҳарга кираверишда йўлнинг ўнг томонида савдо дўконлари жойлашган. Уларда от-аравалар учун анжомлар сотилган. Йўлнинг чап томонида эса шиша ишлаб чиқарадиган корхона ҳамда йўловчиларни сув билан таъминлайдиган қудуқ бўлган. Деярли ҳар куни минглаб инсонлар Абу Ҳафс Кабир мозорини зиёрат қилиш учун Ҳазрати Имом дарвозасидан ўтган.
Ҳазрати Имом дарвозаси бошига ҳам юқоридаги икки дарвоза тақдири тушган. 1939 йилда бузиб ташланган иншоотни 2009 йилда қайта тиклаш ишлари бошланган. Бугунги кунда Ҳазрати Имон дарвозаси ўзининг асл ўрнида қад ростлаб турибди, ундан сал нарироқда Абу Ҳафс Кабир зиёратгоҳи жойлашган.
Шайх Жалол дарвозаси
Бухоро шаҳрининг яна бир қадимий дарвозаси. ХVI асрда ушбу дарвозани таъмирлатган шайбоний Абдулазизхон «Дарвозайи боби Моркушон» (маъноси «илон ўлдирувчилар даҳаси» дарвозаси) номи билан атаб келинган бу дарвозани ўз устози (пири) шайх Жалолиддин шарафига Шайх Жалол деб номлашни буюрган. Абдулазизхон дарвозага яқинроқ жойда ҳовуз, минора ҳамда ҳужралар ҳам қурдирган. Бироқ ушбу ансамбль кейинги асрлардаги эътиборсизлик туфайли вайронага айланган.
Шайх Жалол дарвозаси жуда серқатнов дарвозалардан бири бўлмаган. Ундан асосан Бухоро ёнидаги қишлоқлар, жумладан Лоша қишлоғига ҳамда Шайх Жалол қабри зиёратига чиқишган.
Амир Абдулаҳадхон даврида дарвоза ёнига руслар томонидан почта ва телеграф бинолари қурилган. Кейинчалик почта ва телеграф шаҳар марказига кўчирилгач, уларнинг собиқ биноларига даволаш корпуси жойлаштирилган ҳамда қўшимча бинолар барпо қилинган. Ҳозирда ушбу бинолар Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ихтиёрида.
1968 йилда советлар тарафидан бузиб ташланган Шайх Жалол дарвозаси 2008-2009 йилларда вайроналари устидан қайта тикланган. Дарвоза билан бирга унга туташ деворлар ҳам реставрация қилинган.
Қарши ёхуд Қавола дарвозаси
Ушбу дарвоза баъзи манбаларда Рангрез (матога гул босувчи) дарвоза деб ҳам айтилган. Маълумотларга кўра, шайх Рангрез матоларга гул босиш билан шуғулланган ва унга Бухоро атрофидаги қишлоқлардан бири ҳадя этилган. Қишлоқ шайх номи билан аталган. Кейинчалик Абдуллахон ИИ шаҳарни кенгайтиш чоғида ушбу қишлоқни ҳам шаҳар қўшиб юборган ва янги дарвоза қишлоқ номи билан Рангрез дарвоза деб номланган.
Аммо шаҳарнинг шарқида жойлашган бу дарвозадан асосан Қарши ва Кешга элтувчи йўл ўтгани боис уни маҳаллий аҳоли Қарши дарвозаси дея атай бошлаган. ХIХ асрда Когонга темирйўл тортиб келингач, Қарши дарвозаси энг серқатнов дарвозалардан бирига айланган. Бу дарвоза ўзининг жуда катта икки «гулдастаси» билан ажралиб туради.
Амир Музаффархон давридаги ҳукмдорнинг ёзги саройи – Ширбудинга йўл ҳам ушбу дарвоза орқали ўтган. Амир Абдулаҳадхон замонида Қавола дарвозасидан Когон вокзалигача тош йўл ётқизилган.
Қарши дарвозаси 1920 йилги Бухоро операциясида асосий ўрин тутган. Қизил армия бир неча кун давомида дарвозани артиллериядан ўққа тутган ва шу дарвоза орқали Бухоро шаҳрига кириб келган. Қавола дарвозаси ҳам 1939 йилда Бухоронинг бошқа бир нечта дарвозаси каби «шаҳардаги нормал ҳаракатга халақит бериш» айби билан бузиб ташланган.
Мозори Шариф дарвозаси
Мозори Шариф дарвозаси Бухоронинг шимоли шарқида, қадимги Гулобод (арабчада Калобод) дарвозаси яқинида барпо қилинган. Ушбу дарвоза аҳамияти ундан Бухоронинг энг муқаддас масканларидан бири – Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ва қабристонига йўл ўтгани билан белгиланган. Ушбу қабристонга Нақшбандийдан ташқари, кўплаб Бухоро ҳукмдорлари ҳам дафн қилинган.
Дарвоза номи ҳам ушбу йўлга боғлиқ бўлиб, «муқаддас мозор йўли» маъносини англатган. Бундан ташқари, Бухоро аҳолиси «қизил атиргул сайли» (Сайри гули сурх) байрамида Мозори Шариф дарвозасидан чиқиб, зиёратгоҳгача бўлган ҳудудда турли сайллар уюштирган.
1939 йилда Мозори Шариф дарвозасини ҳам «транспорт ҳаракатига халал бермоқда» важи билан бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилинган. 1941 йилда дарвоза бутунлай ер юзидан йўқ қилинган.
Намозгоҳ дарвозаси
Бухоронинг қадимги дарвозаларидан бири бўлган Намозгоҳ дарвозаси айнан қачон бунёд этилгани номаълум. Фақатгина 1540-1550 йилларда шайбоний Абдулазизхон буйруғи билан ушбу дарвоза қайта таъмирлангани манбаларда сақланиб қолган. Қопи шаҳар деворларининг жанубий қисмида жойлашган.
Намозгоҳ дарвозаси ундан унча узоқ бўлмаган Намозгоҳ масжиди номи билан аталган. Чунки Бухоро аҳолиси ҳар йили Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларини Намозгоҳ масжидида ўқиган ва бу масжидга борадиган йўл Намозгоҳ дарвозасидан ўтган. Намозгоҳ дарвозасининг ташқи томонидаги катта майдонда қўй бозори бўлган ва байрам кунлари бу ерда кўпкарилар уюштирилган.
Дарвоза 1950 йилларда бузиб ташланган.
Шергирон дарвозаси
Бухоро деворининг ғарбий қисмида қад ростлаган Шергирон дарвозаси ўтмиши анча узун. Дарвоза шаҳар қалъаси билан бирга бунёд этилган бўлиши мумкин. Унинг номланиши ҳақида икки хил тахмин бор.
Биринчи назарияга кўра, ушбу дарвоза олдида қадимда шерлар сақланувчи зиндон бўлган. Бу шерлардан урушларда ва хазинани қўриқлашда фойдаланилган.
Иккинчи тахмин эса шоҳ Исмоил Сомоний билан боғлиқ. Тарихчи Наршахийнинг ёзишича, Исмоил Сомоний Амударё бўйида ов қилаётганда амирлари Табаристонда унга қарши исён кўтарганидан хабар топади ва хавотирга тушиб, беҳаловат бўлади. Ўша куни амир уйқуга кетганда унга яқин кишилар доимгидек амир хобгоҳи олдига шер боғлаб қўйишни унутади. Қоидага кўра, шер эшик ёнига занжирланиши ва ичкарига кирмоқчи бўлган бегона одамни бурдалаб ташлаши лозим эди. Бироқ ўша куни амир ҳолидан ташвишга тушган мулозимлар шерни олиб келишни ёддан чиқаради. Натижада тунда бир гуруҳ фитначилар амир ётоғига кириб, уни ўлдиради.
Амирнинг жасади Бухорога айнан Шергирон дарвозасидан олиб кирилади ва Сомонийлар мақбарасига дафн этилади. Шу боисдан маҳаллий аҳоли бу дарвозани «Шергирон», яъни «шерни даф қилганлар» деб атаган.
Шергирон икки марта: Абдуллахон II даврида ҳамда ХIХ асрда таъмирланган. Дарвозанинг ҳар икки томонида ёпиқ бозор бўлган. Аҳоли бу дарвозадан асосан Чор Бакр мақбарасига ҳамда Жондор қишлоқларига бориш учун чиққан.
Дарвоза 1937 йилда таниш важ-корсон билан бузиб ташланган.
Ўғлон дарвозаси
Ушбу дарвоза Талипоч дарвозаси каби Бухоронинг шимоли-ғарбида жойлашган ва Талипочдан унча узоқ бўлмаган. Шу сабаб ҳам бу дарвозадан қатнов нисбатан кам бўлган. Асосан, амир Насруллонинг ёзги саройи – Чорбоғи Хосса ҳамда қўшни қишлоқларга отланган инсонлар Ўғлон дарвозасида ўтган.
Дарвоза ўз номини машҳур бухоролик авлиё – Ўғлон Ато исмидан олган. Чунончи, дарвоза ёнида Ўғлон Ато мозори, масжиди ва мадрасаси жойлашган. Бошқа бир назарияга кўра эса, ушбу дарвоза номи ўзбек уруғларидан бири – ўғлон уруғи номидан келиб чиққан.
Ўғлон дарвозаси ҳам Бухоронинг бошқа дарвозалари каби 1950 йилларда бузиб ташланган.
Аксарият манбалар ва хариталарда Бухоронинг ўн бир дарвозаси бўлгани кўрсатилган бўлсада, баъзи мутахассислар шаҳарнинг ўн иккинчи дарвозаси – Хўжа Исмат (Хўжаён) ҳам бўлганини таъкидлайди. Аммо бу дарвоза жойлашгани айтилувчи ҳудуд Бухоро қўрғони деворлари чизмасига мос келмайди ва унинг суратлар ҳозиргача сақланмаган.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг қадимий ва муҳим шаҳарларидан бири бўлган Бухоро жуда мустаҳкам девор ва дарвозаларга эга бўлган. Уларнинг аксарияти шайбоний Абдулазизхон ва Абдуллахон ИИ номи билан боғлиқ бўлиб, Бухоро мудофааси ушбу икки хон даврида катта ўзгаришларни бошдан кечирган. Кейинги ҳукмдорлар асосан таъмирлаш ва тиклаш ишларини олиб борган, лекин кўп ҳолларда ҳимоя иншоотларига етарлича эътибор қаратилмаган. Оқибатда ХIХ асрга келиб, уларнинг катта қисми вайрона ҳолига тушиб қолган ва Қизил армия ҳужуми вақтида қулаган. Омон қолганларини эса советлар бузиб ташлаган.
Муҳаммадқодир Собиров
Адабиёт
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ