Жадидчилар ва қадимчилар низосини ким уюштирган? Сабаблар ва оқибатлар


Сақлаш
21:29 / 15.05.2024 623 0

Россия империяси Қўқон хонлигини босиб олгач, ушбу давлат ўрнида Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил этди ва уни бошқариш учун ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўйди:

 

– Туркистонда руслаштириш сиёсатини амалга ошириш;

– Туркистонни хомашё манбаига айлантириш;

– Халқ маорифини Россия манфаатларига бўйсундириш.

 

Рус маъмурлари мустамлакачиликнинг дастлабки йилларидаёқ Туркистондаги мактаб ва мадрасалар фаолияти билан танишиб, уларнинг ўзлари учун ғоятда хавфли эканлигини англаб етдилар. Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори К.П. фон Кауфман бу соҳада жонбозлик кўрсатди. У 1880 йилдаги Империя давлат кенгашида руслар ва Туркистон аҳолиси болаларини биргаликда тарбиялаш масаласини кўтарди. Шунингдек, мусулмон ва рус мактабларининг ажралиб туришини иқтисодий ҳамда сиёсий жиҳатдан зарарли деб ҳисоблади.

 

Кауфманнинг ушбу ғоясини 1884–1889 йиллари Туркистонда генерал-губернаторлик қилган Н.О.Розенбах ривожлантириб, рус-тузем мактаблари тармоғини яратиш лойиҳасини ишлаб чиқди. 1884 йили Тошкентда биринчи рус-тузем мактаби очилиб, 19-юзйиллик охирларида уларнинг сони юздан ошди.

 

Туркистон генерал-губернатори С.М.Духовский (1893–1898) эса Россия ҳарбий вазирига 1898 йил 6 сентябрда юборган ахборот хатида рус ҳукуматининг Туркистон ўлкасида дин ва маориф соҳасида амалга ошириши лозим бўлган ишлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. Булар қуйидагича эди:

 

1.                Халқнинг маънавий-руҳий ҳолатига кучли таъсир ўтказувчи барча мусулмон муассасалари, айниқса мадраса ишларига фаол аралашиш.

 

2.                Барча маҳаллий мусулмонларни бирлаштиришга қодир мусулмон диний бошқаруви идораси фаолиятига йўл қўймаслик.

 

3.                Барча ерли мактабларни маъмурият ихтиёрига ўтказиш ва барча маҳаллий мусулмон ўқув юртлари ва диний муассасаларини тўла рўйхатдан ўтказиш.

 

4.                Барча мусулмон мактаблари ўқитувчиларини маълум бир ҳақ тўлашлари эвазига ҳар йили алоҳида гувоҳнома олишларини мажбурий қилиб қўйиш.

 

5.                Сиёсий жиҳатдан зарарли деб топилган маҳаллий муассасаларни ёпиш ҳуқуқини генерал-губернаторга бериш.

 

Генерал-губернаторларининг бундай сиёсати Туркистон жадидларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Улар мустамлака исканжасида харобага айланиб бораётган мамлакатларининг озодлиги учун кураш майдонига чиқдилар. Жадидлар, биринчи навбатда, маорифни, мактаб ва мадрасаларни тубдан ислоҳ қилиш, таълим-тарбия тизимини ўзгартириш, миллатни уйғотиш учун кураш олиб бордилар. Бу эса, Россия империяси ҳукмрон доиралари, генерал-губернаторлик сиёсий доираларини ташвишга сола бошлади. Бу Россия ички ишлар вазирлигининг 1900 йил 31 декабрда Туркистон ўлкасига юборган 13444-рақамли мутлақо махфий фармойишида яққол кўзга ташланади. Полиция департаменти бу ҳаракатни ҳар томонлама ўрганиб, жадидларнинг “Ёш турклар” билан алоқаси, чет эл марказларида, айниқса, Туркияда уларни кимлар рағбатлантираётгани, кимлар томонидан ва қаерда янги усул мактаблари очилгани, кимлар бу мактабларда раҳбарлик қилаётгани кабилар ҳақида маълумот сўрайди.

 

Империя ҳукумати жадидлар фаолияти, мамлакатда кечаётган маданий, маърифий, сиёсий аҳвол ҳақида маълумот тўплаш вазифасини 1879 йилдан бери Тошкентда яшаб, губернаторликнинг расмий матбуоти “Туркистон вилояти газети”га муҳаррирлик қилаётган Н.Остроумовга топширадилар. У доимий равишда Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сиддиқий Ажзий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқалар ҳақида Россия Ички ишлар вазирлигига маълумот бериб турган.

 

Бундан ташқари Туркистоннинг марказий шаҳарларида жадид мактабларига қарши тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борган. 1908 йили Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида бир неча минг намозхонлар ҳузурида усули жадид мактабларига борган ёшлар мусулмон дини аҳкомларига амал қилмай қўяётганликлари, бундай мактабларда динга хилоф илмлар ўқитилаётгани ҳақида “куюниб” маъруза қилган. Йиғилганлар унинг нутқидан таъсирланиб, “ғайридин бўлса ҳам бизга, динимизга меҳрибон экан”, деб ўйлаганлар.

 

1909 йилда Н.Остроумовнинг “Туркестанские ведомости” газетасининг биринчи сонида “Янги усул мактабларини нима қилиш керак” сарлавҳали мақоласи чоп этилган бўлиб, унда: “Биз ўлка маорифида бирор иш амалга оширгунча, ҳатто катта қийинчиликлар билан энди бир неча рус-тузем мактаби очганимизда, бошқалар ташқаридан (Қиримдан) катта ғайрат билан ўлка маорифи учун бошқа байроқ остида мустақил фаолият олиб борди. Бу янги усул мактаблари аста-секинлик билан маъмуриятнинг ҳеч қандай рухсатисиз очила бошлади ва ажабланарли, йўл қўйиб бўлмайдиган томони шундаки, ҳозир ҳам област, уезд маъмуриятлари, ҳатто ҳукумат мактаблар инспекцияси назоратисиз давом этмоқда”, деб ёзади.

 

Россия империяси ҳукумати мустамлака ўлкаларда мактаб соҳасида усули жадид мактабларини тақиқлаш, уларнинг кенг тарқалишига тўсиқ қўйиш, шу билан бундай мактаблар ривожланишининг олдини олиш сиёсатини юритди. Босқинчи империя янги мактаб эгаларига қадимчи уламоларни қарши қўйди ва бу курашда уларни рағбатлантирди. Бу вақтда Туркистон жамиятда уламоларнинг мавқеи юқори эди ва халқнинг уларга эргашиши табиий эди.

 

Империянинг жирканч мақсадини англаган тараққийпарварлар миллий матбуот саҳифаларида жадид ва қадим ўртасидаги мунозаралар тилга олиниб, уларни бартараф этиш кераклиги таъкидланган. Жумладан, “Ал-Ислоҳ” журналида тараққийпарвар мулла Ҳошим Ҳайратий бу икки тоифа ўртасидаги баҳс-мунозарани тўхтатиб, миллат жаҳолат ботқоғига чўкаётган, таназзул аламини чекаётган бир пайтда зиёлиларнинг иттифоқ бўлиб яшашини орзу қилган:

 

Ажабки, янги ила эскиликнинг даъвоси,

Муравваж қилди ана ушбуларни савдоси.

Менумча, иккиси бир дин китобини ўқитур,

Қай ўринда экан янгиларни бажоси.

 

1905–1909 йиллари Туркистон минтақасида янги усул мактабларининг сони анча кўпаяди. Мана шундай шароитда Россия империяси мутасаддилари мутаассиб уламолар ёрдамида жадид мактабларига қарши жиддий  курашга киришади. 1908 йили Бухоро шаҳрида Абдувоҳид Мунзим ва Садриддин Айний томонидан очилган мактабни мулла Абдураззоқ бошчилигидаги уламолар “кофирларнинг ихтироси” деб, жамият ва ҳукуматни унга қарши курашишга чорлади. Янги усул мактабларига қарши икки асосни кўтариб чиқдилар:

 

1.            Мактабда таълим шакли мусулмонча эмас, рус ва европача усулга яқин;

 

2.            Усули жадид мактаблари исломнинг асосига жавоб бера олмайди, уларда дин ўқитилса ҳам бузилади, бундан ташқари янги ҳисоб, жўғрофия, табиат ўқитиладики, бу мусулмонлар зеҳниятига хилофдир.

 

Натижада бу мактаб бир йиллик фаолиятидан сўнг ёпиб қўйилади.

 

Фарғона вилояти халқ ўқув юртлари инспектори О.Егоров 1909 йили Туркистон ўлкасидаги рус-тузем мактабларининг аҳволига бағишланган махсус кенгашда куюниб шундай дейди: “Яқин келажакда янги методдаги маҳаллий мактабларнинг кенг ёйилиши ва уларга нисбатан маҳаллий аҳоли эътиборининг кескин ортиб бориши билан рус-тузем мактаблари батамом хароб бўлади”. Бунинг олдини олиш мақсадида ўша йили Туркистон ўқув округи қошидаги махсус комиссия усули жадид мактабларини назорат қилувчи фармойиш ишлаб чиқади. У қуйидаги масалаларни ўз ичига олган эди:

 

1.                Маҳаллий мактаблар Россия ҳукуматининг махсус рухсатномаси билан очилади.

 

2.                Маҳаллий мактабларни очиш ва унда ўқитиш сиёсий жиҳатдан тўла ишончли бўлган Россия фуқароларигагина рухсат этилади.

 

3.                Маҳаллий мактаб қайси миллат болалари учун очиладиган бўлса, унинг ўқитувчилари ҳам ўша миллатга мансуб бўлиши шарт.

 

4.                Маҳаллий мактабларда фақат Россия цензураси рухсати билан чоп этилган китоблар ўқитилади.

 

5.                Маъмурий полиция идораларида ишловчи масъул шахслар зиммасига барча маҳаллий мусулмон мактабларини аниқ рўйхатга олиб бориш ва рўйхатдан ўтмаган мактабларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўймаслик вазифаси юклатилади.

 

6.                Махсус рухсатсиз мактаб очган шахслар мактаб очиш ва ўқитувчилик ишидан абадий маҳрум этилади.

 

7.                Маҳаллий мактаблардаги ўқитиш ишлари ва уларда жорий этилган тартиб-қоидаларга риоя этилиши устидан назорат қилиб туриш маҳаллий маъмурларга ҳамда мактаб нозирларига юклатилади.

 

Ушбу фармойишга биноан, Туркистон ўлкасидаги бир неча мактаблар ёпиб қўйилади, ўқитувчилари тинтув қилинади. Жадид мактабдорларига қарши олиб борилаётган бундай таъқиблар ҳақида Россия Давлат думаси аъзоси Садри Мақсудий (1880, Қозон – 1957, Туркия) 1912 йилда учинчи чақириқ Россия Давлат думаси минбарида қуйидагиларни баён қилган эди: “Ҳар бир миллатнинг ўзига хос муқаддас, қадрли одатлари мавжуд. Адолатли давлат халқларнинг бундай қадриятларига қарши ҳеч вақт дахл қилмайди. Булар миллатнинг тили, бадиияти, мактаби ва бошқалардир. Бизнинг ҳукуматимиз эса туркий миллатларнинг муқаддас одатларига қарши мунтазам равишда тажовуз қилиб туради: мактабларимиз, адабиётимиз, бадииятимиз таъқиб остига олинади. Фақат бир йил давомида 150 дан ортиқ энг эътиборли ўқитувчилар, муллаларнинг уйлари тинтув қилинди. Қўқон шаҳрида маҳаллий инспектор фармойиши билан 20 га яқин мактаб ёпилди ва ўқитувчилари ҳайдаб юборилди. Тошкентда Мунаввар Қорига мадраса қошида рус синфи очишга рухсат берилмади, Наманганда Ҳусайн Макаев ўқитувчилик ишидан четлаштирилди”.

 

Орадан бироз вақт ўтиб, 1913 йили Бухоро амирлигининг турли ҳудудларида Абдурауф Фитрат, Усмон Хўжа, Отаулла Хўжа, Мукаммил Бурхоновлар томонидан жадид мактаблари кенг миқёсда очила бошлайди.

 

Усмон хўжа 1913 йили Бухоро шаҳрида амакиваччаси, йирик савдогар Латифхўжа уйида жадид мактаби очади. Садриддин Айнийнинг маълумот беришича, 1913 йилда Усмонхўжа мактабининг ўқувчилари асосан ўзининг қариндошлари бўлиб, кейинчалик кўплаб оталар фарзандларини бу мактабга ўқитиш учун олиб келганлар. Ўша йилнинг ёзида мактаб ўқувчилари сонининг кўпаши натижасида Усмон Хўжа бошқа бинони ижарага олади ва иккита ёрдамчи ўқитувчи билан болаларга таҳсил бера бошлайди. 1914 йилда ўқувчилар сони 200 нафарга етганлиги сабабли Усмонхўжа мактабни ўз уйига кўчиради.

 

Усмонхўжа мактабида болаларни ёшларига қараб синфларга бўлиш, бир кунда 4-5 соатдан ортиқ дарс ўтмаслик, ҳар бир дарсдан сўнг 10 дақиқалик танаффус жорий қилиш, диний ва дунёвий фанларни баробар ўқитиш, ҳар йили болаларга 2 ойлик таътил бериш, ўқувчилардан вақти-вақти билан имтиҳон олиб туриш каби янги тартиблар жорий қилинган. Дарс жараёнларида миллий ўқув қўлланмалар ва дарсликлардан ташқари, Туркиядан олиб келган ўқув қуроллари, глобус, хариталар, турк тилига таржима қилинган Европа адабиётларидан ҳам кенг фойдаланилган.

 

Россия империясининг Бухородаги амалдорлари жадид мактабларининг халқ орасида тобора шуҳрат топиб боришидан хавотирга туша бошлайдилар ва бу мактабларини ёпиш учун мутаассиб уламолардан фойдаланишга қарор қиладилар. Ўзларини Бухоро ёшларига хайрихоҳ қилиб кўрсатиб, аслида уламоларни уларга қарши гижгижлайдилар.

 

Уламолар ва сарой амалдорлари жадид мактабдорларига катта миқдорда пул ва обрўли юқори лавозимлар беришни таклиф қилишга уриниб кўрганларини тарихий манбалар тасдиқлайди. Садриддин Айнийнинг ёзишича, Бухоро қозикалони Бурҳониддиннинг вакили Мулла Қамариддин Усмонхўжага: “Агар сиз ўз ихтиёрингиз ила мактабингизни боғласангиз, тилаган ерингизда қози ёки раис қилдирмоқни қозикалон томонидан ваъда бераман”, дейди. Шунда Усмонхўжа: “Муаллимлик қилишимиз, очликдан ёки мансабга етиша олмаганлигимиздан эмас, балки халққа ва юртимизнинг болаларига бир оз фойда еткузармиз деб мунча машаққатларни бошимизга юкладик, тутган муқаддас маслагимизни дунё мансабига сотмаймиз”, деб жавоб беради.

 

Россиянинг Бухородаги сиёсий агенти ёрдамчиси Шулга Усмонхўжа мактабига огоҳлантирмай бориб, у ердаги шароитларни кўриб, лол қолади. Унинг ёзишича, Усмонхўжа ўз уйининг ички ҳовлисида биринчи ва иккинчи қаватида жуда кенг иккита синф хонаси ташкил қилган бўлиб, хоналарда Европа ва Бухорода ишлаб чиқарилган стол-стуллар, девор ичидаги жавонларда икки-учта глобус ҳамда Самарқандда нашр этилган кўплаб китоблар, талабаларга берилган дафтарлар мавжуд бўлган. Шулга “мактаб жуда озода бўлиб, эски усул мактаблари билан солиштирганда жуда тараққий этган эди, рус-тузем мактабларида жорий қилинмаган тартибларнинг, жумладан, ўқувчиларга бир хил кийим ташкил қилингани алоҳида таҳсинга сазовор”, деб тан олган. Ўзини Бухоро ёшлари ва жадид мактаблари ҳимоячиси қилиб кўрсатган Шулганинг бу ташрифи аслида мактаблар ёпиб қўйилганда, Россиянинг Бухородаги сиёсий агентлигини гуноҳсиз қилиб кўрсатишдан иборат бўлган.

 

1914 йили Самарқандда Абдуқодир Шакурий, Сиддиқий Ажзий, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин ва бошқа мактабдорларга қарши мутаассиб уламоларнинг тарғиботи кучаяди. 1914 йил 3 январда Улуғбек мадрасаси жомеъсида жума намозидан кейин 5-6 минг намозхон олдида Мулла Аббос жадид мактабларини кофирликда айблайди ва: “Жадид мактабларида болалар динсиз бўлиб етишадурлар. Унинг муаллими ва ҳомийлари ҳам динсиз, кофир кимсалардур. Мана шундай мактабларга ҳар ким ўз боласини юборса, ўзи кофир, хотини талоқ!” , деб фатво беради.

 

Самарқанддаги жадид мактабларини Н.Остроумов ва Самарқанд халқ мактаблари инспектори Грачкин текширади ва уларни тугатиш керак, деган хулосага келади. Мактаблар аҳолининг қўллаб-қувватлаши билан 1916 йилгача фаолият кўрсатади.

 

Хулоса қилиб айтганда, жадид – қадим низоси аслида босқинчи Россия империяси томонидан ўйлаб топилган найранг эди. Чунки мустамлакачи ҳукумат “Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил” шиори остида Туркистонда яшовчи миллатларни, турли динга эътиқод қилувчиларни, жадидлар ва уламоларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, кучсизлантириб, Туркистонда мустаҳкамланиб олишни мақсад қилган эди. Бу мақсадига эришди ҳам. Арзимаган рағбат эвазига айрим мутаассиб уламолар миллат келажаги учун курашаётган жадидлар томонидан очилган янги усул мактабларини ёпиб қўйишда жонбозлик кўрсатдилар. Аммо миллат ойдинлари тараққиёт учун ўз маслакларидан ва ғояларидан воз кечмадилар. Жадид мактаблари фаолиятини мунтазамлаштириш учун ортга чекинмадилар.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

тарих фанлари доктори,

ФА Тарих институти директорининг

илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//