Одамларнинг ҳаммаси яхши бўлишини хоҳлайман – Тоҳир Маликнинг сўнгги интервьюси


Сақлаш
15:25 / 16.05.2024 2098 0

2019 йил 16 майда устоз адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 73 ёшида (1946-2019) вафот этди. Адабиётимизнинг бўғинлари бўшашди… Тўғри, ижодкор умри унинг неча йил яшагани билан ўлчанмайди. Қолдирган адабий мероси, мухлислари қалбида муҳрлаган асарлари уни мангуликка дахлдор этади.

 

Тоҳир Малик вафот этган кун маҳзун бир йўқотиш оғриғи билан хотирамда муҳрланиб қолган. Мана, орадан беш йил ўтиб, ёнгинамизда турган улкан маънавий қояни йўқотганимизни тўла ҳис этяпман. Устоз Тоҳир Малик нафақат истеъдодли, ардоқли ёзувчи, балки аксарият ижодкорларга насиб этавермайдиган илму урфон соҳиби ҳам эди. Унинг “Меҳмон туйғулар”дан бошлаб то “Одамийлик мулки”гача бўлган маърифий асарлари бунга мисол бўла олади. У киши ислом дини аҳкомларини яхши биларди... Адибнинг замонавий мавзудаги китоблари билан бир қаторда маърифий асарларининг қўлма-қўл ўқилиши, маърифатли оилаларнинг китоб жавонида эъзозланишининг сабаби ҳам шундан эди.

 

Мен 2020 йилдаги карантин даврида туркиялик машҳур, асарлари ислом оламида севиб ўқиладиган ёзувчи Аҳмад Лутфи Қозончининг Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳаётига бағишланган “Саодат асри қиссалари” китобини ҳамда “Ўгай она”, “Қайнона”, “Сўнгги тўфон” романларини ўқиб чиқдим ва, англадимки, ўзбек адабиётида ҳам Аҳмад Лутфи Қозончи каби дин ва ахлоқ, шариат аҳкомлари билимдони, инсонни юксак камолотга етакловчи асарлар ярата олган ижодкор бор экан... У Тоҳир Малик экан!

 

Тоҳир Малик билан кўплаб суҳбатлар қилган, учрашув ва тадбирларга бирга борган бўлсам-да, устоздан мусулмончиликнинг асл мазмуни, инсон қадр-қиммати, маънавияти ва ахлоқи масалаларидаги билимларидан кам баҳраманд бўлганимни ҳис этаман. Шу боис адиб асарларини энди ўзгача бир дунёқараш, катта бир армон ва ардоқ билан ўқийман. Ўқиганим сари Тоҳир Малик сиймоси асрлар оша қадрли бўлишини ҳис этаман...

 

 

Тоҳир Малик билан бирга ишлаш насиб қилган, кўплаб ижодий учрашувларда бўлганмиз, суҳбатларини олишга ҳаракат қилардим. Вафотидан олдин уйига борганимда у кишини йўқлаб келган мухлислари даврасида бўлган гурунгни диктофонга ёзиб олган эдим. Мавзуимиз асосан ижод ва ижодкорнинг бахти ҳақида бўлган эди. Надоматлар бўлсинки, ўша суҳбат сўнгги суҳбат, дийдор эса сўнгги дийдор бўлиб қолди… Ўша суҳбатни матн кўринишида тақдим этяпман.

 

***

– Ҳар ижодкорнинг маънавий камолотида маълум бир шахслар алоҳида аҳамият касб этади. Улар кўнгилпарварлик рутбасида туради. Устоз, ёзувчи бўлиб етишишингизда тоғангиз Мирзакалон Исмоилийнинг қанчалик ўрни бўлган? Илк устозингиз тоғангизми?

 

– Биринчи машқларимни тоғамга кўрсатмаганман. У пайтда у киши қамоқда эди. Шу боис илк машқларимни Қуддус Муҳаммадийга олиб борганман. Болалигим, ижодга кириб келишим ҳақида “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” китобимда батафсил ёзганман. Мен тоғам Мирзакалон Исмоилийнинг уйида туғилганман. 1946 йилда, урушдан кейин улар Берлинда яшашган. У вақтларда Тошкентда уйимиз йўқ эди. Ҳозир яшаётган уйимизни 1949 йилда қурганмиз. Пойдевори ҳам йўқ. Аммо чиройли қилиб, оқлаб қўйибмиз. Ёзувчининг уйида туғилганим учун ҳам ёзувчи бўлганман, шекилли-да.

 

– Қизиқ, фантастика, детектив, анъанавий реализм, панд-насиҳат йўналишида бирдек, самарали ижод қиласиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

 

– Одамзоднинг ақли етмайдиган бир ғалати ишлар бўлади. Буни тасодиф ҳам деймиз. Аммо бу тасодиф эмас. Ҳар бир нарса Аллоҳ белгилаган йўлда. Илк ҳикоям 1960 йилда Гулхан журналида чиққан. Мазмуни хотирамдан кўтарилган эди. Яқинда қизиқиб олиб кўрсам, қарангки, у ҳам болаларнинг илм олиши тўғрисида панд-насиҳат руҳидаги кичкина тарбиявий ҳикоя экан. 13 ёшимда ёзган эканман.

 

Фантастикага қизиқишим сабаби кичкиналигимдан кўп эртак ўқиганим бўлса керак. Аммо жуда оғир шароитда ёзганман. Биринчидан, бизда фантастика йўқ эди. Ўрганадиган одам ҳам, ўргатадиган одам ҳам бўлмаган. Ҳаммасини ўзимиз қилишимиз керак эди. 1963 йилда Тошкент давлат университетининг кечки журналистика бўлимига ўқишга кириб, кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлай бошладим. Улгурмасдим, ишдан чиқиб, этигимнинг лойларини ювиб-тозалаб, ўқишга кетардим. Чунки уйга келиб кетишга вақт етмасди. Жу­да содда бўлган эканмиз-да. Кеч соат ўн иккиларда ўқишдан келардим. Ойим раҳматли кутиб ўтирарди. Овқатланиб, дарров ётмай деб, алламаҳалгача ўқиб ёки ёзиб ўтирардим. Талабалигимда биринчи фантастик қиссамни ёзганман. 1969 йилда. Нашриётга бериш керак эди. Аннотацияни рус тилида ёзиб, хатоларини кўриб бер, деб бир рус шоир дўстимизга берсам, Э, бу нима? деди. Фантастика”, дедим. Чиқмайди… деди. Нега чиқмайди? Бизда фантастика йўқ, деди. Энди бўлади-да, дедим. Кўриб берди, кейин топширдик. Орада ҳарбий хизматга кетдим. Хизматдан келсам, шукрки, асар Москвадан тасдиқланиб келган экан. Ҳожиакбар Шайховнинг ҳикоялари қўшилиб, битта китоб бўлиб чиқди. Ўшанда Тоҳир Малик деб қўйишга ҳам рухсат беришмаган. Муаллиф Тоҳир Ҳобилов деб ёзилган. Ўша учун Ўзбе­кис­тон Миллий энциклопедиянинг фантастика бўлимида (9-том, 185 бет) Ҳозирги замон ўзбек адабиётида Т.Маликнинг Ҳикмат афандининг ўлими, Т.Ҳобиловнинг Ойга сафар, Х.Тўхтабоевнинг Сариқ девни миниб, Сариқ девнинг ўлими, Х.Шайховнинг Рене жумбоғи асарлари фантастика жанрида яратилган, дейилган. Ке­йинги Фалак қиссам Тоҳир Малик номи билан чиққанда, ҳозирги Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасида Фантастикада Фалак номли янги асар чиқди. Муаллиф Тоҳир Маликнинг ёзиш услуби Тоҳир Ҳобиловнинг услубига яқин… деб ёзишган. Мақола муаллифини кўриб, Тоҳир Ҳобиловни танийсизми? деганимда, Йўқ, деди. Ҳазиллашиб, Бир куни таништириб қўяман, дегандим.

 

Панд-насиҳат йўналиши ҳам бежизга эмас. Ёшлигимдан одоб-ахлоққа, тарбияга оид нарсаларни кўп ўқирдим, яхши кўрардим. Керакли фикрларни ёзиб олардим. Шулар 77 та дафтар бўлганди. Бир вақти келдики, ўша ёзиб олинган 77 та дафтарнинг ҳосиласи бўлиб Одамийлик мулки рисоламни яратдим. Мақсад, ўзимга ёққан нарсаларни алоҳида дафтарга кўчириб қўйишларим сабаби, яхши нарса ўқисам, буни бошқалар ҳам билишини, ўқишини хоҳлайман. Айниқса, тарбияга доир. Одамларнинг ҳаммаси ях­ши бўлишини хоҳлайман. Тушунмайман, нега одамзод ёмон бўлиши керак? Нега ёмонлик қилиши керак? Одамзод ўзи озгина вақт яшайди. Умр кўз очиб юмгунча ўтиб кетди, дейишади. Бунинг тагида илмий ҳақиқат бор. Ҳақи­қат шуки, Аллоҳ таоло айтадики: Менинг бир куним сизларнинг минг йилингизга тенг. Одам ўртача 6080 йил яшайдиган бўлса, буни минг йилга қиёсласак, кўз очиб юмгунчалик вақт. Шундай экан, одам яхши яшаши керак-да. Шуларни билсин, дейман.

 

Тарбиявий аҳамиятга эга асарларингиз сизга ўзгача ҳурмат олиб келди. Улар минглаб инсонларга сабоқ бўлди. Буни ўзингизга ҳам келиб айтишганми?

 

Шукрки, бундай яхши воқеалар жуда кўп бўлади. Яқинда бир ўқитувчи аёл келиб Одамийлик мулки учун алоҳида раҳмат айтиб кетди. Бу асар менга турмуш ўртоғимни қайтариб берди, деди. Агар ажрашишаётган бўлса, китобнинг Оила бобини ўқиб, яхши бир хулосаларга келишган, тўғри йўлни кў­ришган бўлса керак-да. Олдинроқ ҳам эшитгандим. Бир аёл Аввалроқ бу китобни ўқиганимда, эрим билан ажрашмаган бўлардим… деган экан. Яқинда бир китоб сотувчи аёл Сизга раҳмат, қизимни қайтариб бердингиз, деди. Сабабини сўрасам, русча ўқиётган қизининг одоби, юриш-туриши ҳам ўзгариб кетаётган экан, Шайтанатни ўқиб, яхши томонга ўзгарибди. Яқинда университетда учрашувдан кейин бир талаба қиз келиб, Қайнонам, қайнотам, хўжайиним сизга раҳмат айтишди”, деди. Нега? десам, Келинлар дафтаригани ўқиб, яхши томонга ўзгарган эмишман, дейди. Намангандан айтишди. Бир судхўр бор экан. Одамийлик мулкини ўқигандан кейин нафақат судхўрлигини ташлабди, балки қарзларидан ҳам воз кечиб юборибди. Бу ёзувчи учун катта қу­вонч, бахт.

 

Шайтанатнинг тўртинчи китобини ёзиш жараёни жуда оғир кечган экан…

 

Ҳа, у пайтда оғир касал эдим. Мен доим қўлда ёзиб, машинкада ўзим кўчирардим. Ҳозиргача шундай. Мен кўчириш жараёнида кўп иш қиламан, кўп таҳрир қиламан, тузатаман. Ёзишимдан кў­ра, кўчиришим кўп вақт олади. Тўртинчи китобни ёзаётганимда Шарқдагилар Тез бўлинг, тез бўлинг, йил охиригача чиқарайлик”, дейди. Касалман. Бу ёқда, дўхтирлар Тез бўлинг. Тез операция қилмасак кетиб қоласиз… дейди. Шошмай туринглар, озгина қолди, дейман. Бир кунда бир бет ёзсам, нашриётдагилар бир бетни олиб кетишади, икки бет ёзсам, икки бетни олиб кетишади. Машинкада кўчиришдан қўлларим ишламай қолди. Бир амаллаб тугатиб берганман. Дейлик, 10 декабрларда ёзиб тугатган бўл­сам, 20 декабрларда китоб чиқди. Нашриётдагилар ҳам пешма-пеш тайёрлашган. Кейин операцияга кетганман.

 

Қайси асарларингизнинг чоп этилиш жараёни оғир кечган?

 

Илгари цензура кўп қийнарди. Фалакда диний оят ва калималар бор. Ўзбекчасини ишлатганман. Эркин Воҳидов Ёш гвардияда ишларди. Китоб бўлаётганда Тоҳир, шу оят ва калималарнинг арабчасини ҳам берсангиз-чи… деди. Арабчасини ҳам қўшдим, аммо цензурадан ўтмади. Сомон йўли элчиларида бугунги Орол фожиаларининг ҳаммасини Унет деган сайёра мисолида берганман. Уни 1970 йилда ёзганман. Бизда ўтди, аммо Москвада сезиб қолишди… У нет аслида унақа сайёра йўқ, ҳаммаси Орол ҳақида эканлигини тушуниб қо­лишди. Кейин асарни Девона деб номладик. Бу асар бўйича кўп савол-жавоб қилишган. Мени анув идора кўп чақирарди. Идорага кираётиб, қайтиб чиқаманми, йўқми, билмасдим. Менинг ҳам пешанамда тоғамнинг қисмати бор экан-да… дердим. Уйдагиларга айт­масдим. Булар ҳақида Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғида ёзганман. Уни ўқиб, уйдагилар энди билишди, Шунақа ишлар ҳам бўлган экан-да, дейишди… Шукрки, ҳаммаси яхшиликка бўл­ди. Ҳаммаси ўтиб кетди. Мустақилликдан кейин ҳаммасини тикладим, ҳаммаси нашр этилди. Мухлисларнинг, китобсеварларнинг борига шукр.

 

Айни кунларда қандай асар устида ишлаяпсиз?

 

Тарбияга доир асарлар циклини Тенг тенги билан бахтлидир ва Қуёшингиз ботмасин билан тугатган эдим. Анчадан бери бир тарихий роман ғояси билан яшаётгандим. Ҳозир шуни бошладим…

 

(Ўша куни Тоҳир Малик Ёзувчига айтиб бўладими? деб ҳазиллашиб, тарихий асари мавзусини айтмаган эди. Балки бу ўша пайтда бир қисми Бекажон” газетасида чоп этилган, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бағишлаган Тўзон асари бўлса, не ажаб?).

 

Холиёр САФАРОВ,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14184
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//