“Халқи қаттиққўл ва жасур бўлиб, жанг қилишга моҳирдир” – Эфталийлар сулоласи хитой йилномаларида


Сақлаш
15:05 / 01.07.2025 12 0

Эфталийларнинг ота-боболари – Олтой ва Ўрхун водийси (Мўғулистон), Жанубий Сибир, Шимолий Хитойда ҳукмронлик қилган Хун салтанати (мил.олд. III – мил. II юзйилликлар) ўз даврида Евроосиёнинг энг кучли отлиқ қўшинига эга бўлган. Уларнинг ҳарбий ишларини давом эттириб, Марказий Осиёнинг жануби-ғарбий ўлкалари – Шарқий Туркистон, Помир – Бадахшон бўйлаб Тўхористон ва Суғдга етиб келган Эфталийлар сулоласи (450–565), яъни “оқ хунлар” (Хунларнинг ғарбий тармоғи) йўл-йўлакай бошқа элатларни, жумладан, тоғлик жанговар элатларни ўзларига қўшиб олиб, минтақадаги энг йирик сиёсий ва ҳарбий кучга айланади.

 

Эфталийларнинг ҳарбий салоҳияти, ялпи олганда, қўшини, ҳарбийларнинг таркибий тузилиши, аскарлар сони, қурол-яроғлар, жанг усуллари ва ҳоказолар ҳақида ёзма манбаларда жуда оз маълумотлар келган. Ёзма манбаларни археологик топилмалар асосида бирмунча бойитиш мумкин. Хитойча “Бей-ши” йилномасида “Йеда (Эфталийлар) ... Уларнинг давлатида аравалар йўқ, уларнинг ўрнига замбиллардан фойдаланишади; от ва туялари кўп ... Халқи қаттиққўл ва жасур бўлиб, жанг қилишга моҳирдир” [Бичурин 1950, II: 269].

 

Хитойча “Суй-шу” йилномасида эса “Идан (Эфталийлар)... Жанговар қўшини 5 мингдан 6 минггача” маълумоти учрайди  [Бичурин 1950, II: 286]. Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Эфталийлар давлатининг “жанговар қўшини” 5-6 минг жангчидан иборат бўлиши далил талаб қилади. Чамаси, бу маълумотлар эфталийлар ҳукмдори ёнида доимий шай турадиган мунтазам қўшин, яъни гвардияни ифодалаган, ё ушбу давлат ташкил топган илк ўн йилликларга тегишли бўлиши мумкин. Ҳолбуки, Марказий Осиёнинг кўчманчи сулолалари ўзларининг 100 минглаб жангчиларига эга бўлган.

 

Қолаверса, ёзма манбаларда эфталийларни “30 га яқин ҳукмдорликни босиб олган” дейилган, камсонли қўшин билан бу натижага эришиб бўлмайди. Ўрта Осиёнинг катта қисми, Шарқий Туркистон, Шимолий Ҳиндистон, Кобул теварагидаги афғон ерлари ва Хуросонни бўйсундирган, Сосонийлардек йирик салтанат устидан устунлик ўрнатган эфталийларнинг қўшини сони кўп бўлгани табиий. Шу ўринда, эфталийлар билан тўғридан тўғри ёки билвосита боғлиқ айрим билгиларга тўхталиб ўтиш керак. Хитойча “Тан-шу” йилномасида ёзилишича: “Тухоло (Тўхористон) ... Тухололиклар Идан (Эфталийлар) билан бирга истиқомат қиладилар; жанговар қўшини 100 минг” [Бичурин 1950, II: 321]. Бу ерда Тухоло (Тўхористон) муайян бир ўлка номи, Идан, яъни Эфталий эса халқ ва давлат номи эканини кўзда тутадиган бўлсак, 100 минг қўшин эфталийларга тегишли бўлиб чиқади.

 

Эфталийларнинг Сосонийлар ҳукмдори Ферузга ёрдам учун 30 минг қўшин юборгани ҳақида ҳам манбаларда ёзиб қолдирилган  [Kurbanov 2010: 154]. Бундан ташқари, асосий қўшин отлиқлардан иборат бўлгани, шунингдек, 2000 та фили бўлгани тўғрисида ҳам эслатиб ўтилади [Kurbanov 2010: 216]. Чамаси, эфталийлар Шимолий Ҳиндистонни қўлга киритгач, филларга эга бўлиб, ҳиндлар каби жангда филлардан фойдалана бошлаган. Шунингдек, хитой йилномаларида Йэда (Эфталит) давлати куч-қудратга эришган пайт – 450-йилларда унга Ғарбий ўлкалардаги Канғюй (Чоч ёки Суғд), Хўтан, Шалэ/Сулэ (Кошғар), Куча‚ Қорашар каби 30 га яқин кичик ҳукмдорликлар бўйсунгани айтилади [Бичурин 1950, II: 269]. Кангюй, Хўтан, Кошғар, Куча, Қорашаҳардан ташқари яна ўнлаб ҳукмдорликларни қўлостига олган эфталийлар бундай натижаларга ҳам қўшин сони, ҳам ҳарбий интизоми кучлилиги сабаб эришган бўлса керак. Эфталийлар 10–15 йил ичида – 449 йилда Шарқий Туркистонда биринчилардан бўлиб Куча ҳукмдорлигини, 462 йилда Кошғарни, 468 йилдан кейин эса Хўтанни босиб олган [Боровкова 2008: 226].

 

Хитой йилномаларида келтирилишича, Чжуцзюйбо, Цзепаньто, Шэми, Бочжи, Бохэ каби Шарқий Туркистон ва Помирдаги катта-кичик ҳукмдорликлар эфталийларга бўйсунган бўлиб, ушбу ўлкаларнинг географик ўрни Шарқий Туркистоннинг Помир тоғларига туташ ерлари ва Шимолий Ҳиндистон оралиғидаги Тошқўрғон, Бадахшон ва Ҳиндикуш этаклари оралиғидаги Хоруғ, Вохон, Гибин, Болор (Гилгит), Учан (Читрал), Пуршапур, Пешовар каби бугунги Жануби-Шарқий Тожикистон, Шимоли-Шарқий Афғонистон ва Шимолий Покистондаги тарихий вилоят ва туманларни қамраб олган [Боровкова 2008: 226, 242–246]. Бу ҳудудлар аҳолиси тор тоғ дараларида яшаб, сони унчалик кўп бўлмаган. Улар тоғ шароитида урушишга мослашгани учун эфталийларнинг кўп сонли отлиқ қўшинига осон енгилган.

 

Ҳинд ёзма манбаларида “хуна”лар (Хунлар, яъни эфталийлар) 460–520 йиллар орасида Ҳиндистонда Гупта сулоласи билан (Ҳиндистон) тинимсиз урушлардан кейин Гандхара (Покистон), Панжоб, Синд, Ражастон, Жамна-Ганг текислигидан Гвалиоргача бўлган бир неча ўлкани қўлга киритгани ёзилиб, уларнинг эпчил урушганига урғу берилади. Айниқса, Тўраман (490–515) бошчилигидаги эфталийлар Гупта императори Буддхагупта (467–500) қўшинини енгиши ҳиндларни ҳайратга солади. Гупта сулоласи Ҳинд ўлкасида кучли қўшинга эга бўлиб, қўшнилари устидан етакчилик қилар, жангчилари енгилмас деб довруқ қозонган эди. Бироқ эфталийларнинг улар устидан катта устунлик билан ғалаба қозониши натижасида Шимолий Ҳиндистонда Марказий осиёликларнинг навбатдаги бошқаруви ўрнатилади. Эфталий сулоласининг Шимоли-Ғарбий Ҳиндистондаги бошқарув маркази илк йилларда Малва, кейинчалик Сиалкот шаҳри бўлиб, улар ҳинд ерларининг ичкари ҳудудларига қайта-қайта юришлар қилиб, ўз чегараларини янада кенгайтиради [Ҳудуд ал-олам 2008: 127].

 

Эфталий қўшинининг бир қисми яёв (пиёда) аскарлардан иборат бўлиб, улар бошдан-оёқ пўлат зирҳ кийиб, бошларила дубулға, қўлларида “қинғирақ” ёки акинак (ханжарсимон узун тўғри қилич)га ўхшаш қуроллар билан урушга кирган [Kurbanov 2010: 216]. Буни кўплаб археологик топилмалар: қурол-яроғлар, сарой деворий суратларидаги тасвирлар ҳам кўрсатиб турибди.

 

Қизил ёдгорлиги деворий суратларида эфталий жангчилари. (Шарқий Туркистон)

 

Эфталийларнинг ҳарбий қиёфаси ёзма манбалардагина эмас, илк ўрта асрларга тегишли археологик топилмалар – қурол-яроғлар ва тасвирий санъат намуналаридаги турли суратлар орқали ҳам ўз тасдиғини топган. Улар орасида Тавка-қўрғон (Сурхондарё вил.)дан топилиб, археологлар томонидан ҳарбий истеҳком ёки божхона деб қаралаётган бино қолдиқлари алоҳида ажралиб туради. Ушбу ёдгорлик деворларида қадимги марказий осиёликларни, айниқса, кўчманчи элатларни эслатадиган ташқи кўринишга эга инсон тасвирларини кўриш мумкин [Абдуллаев 2010: 235–245].

 

Тавка-қўрғон (Сурхондарё) деворий расмларида эфталийлар жанговар оти тасвири.

 

 

 

 

Эфталий ҳарбийлари тасвири (Тавка-қўрғон – Сурхондарё)

 

Ғайбулла БОБОЁРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор

 

Қўлланилган адабиётлар

1. Абдуллаев К. Живопись крепости Тавка, к проблеме этнической ситуации Северного Тохаристана (по данным настенных росписей) // Цивилизации и культуры Центральной Азии в единстве и многообразии. Материалы Международной конференции Самарканд, 7-8 сентября 2009 г. – Самарканд-Ташкент – 2010. С. 235–245.

2. Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. В 3-х томах. Tом II. М. Л.: Изд. АН СССР, 1950.

3. Боровкова Л. А. Народы Средней Азии III–VI веков (по древним китайским и западным источникам). М., 2008.

4. Ҳудуд ал-олам. Форсчадан О. Бўриев таржимаси. Тошкенг: Ўзбекистон, 2008.

5. Kurbanov A. The Hephthalites: Archaeological and Historical Analysis. PhD thesis submitted to the Department of History and Cultural Studies of the Free Univer. Berlin, 2010.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 19118
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//