
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ва бошқа расмийлардан иборат Ўзбекистон делегацияси 2025 йил 22 июнь куни АҚШга ташриф буюрди.
Ушбу сафарда доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида ўтказилувчи «Маҳалла институти — аҳоли билан давлат ўртасида муҳим ижтимоий кўприк» мавзусидаги конференциясида қатнашиш, Президент ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан маҳалла тизимидаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида АҚШ томонига тақдимот қилиш кўзда тутилганди.
24 июнь куни делегация БМТ Бош котибининг ёрдамчиси БМТ Ёшлар бюроси раҳбари Фелипе Паулер билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати давлат ислоҳотларининг марказида эканлиги, ўғил-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор дастурлар амалга оширилаётгани таъкидланди. БМТ вакиллари Ўзбекистонда маҳалла тизими орқали ёшлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини билиш ва манзилли ёрдам бериш имконияти ҳам шаклланаётганини қайд этди.
Фелипе Паулер Ўзбекистонда ёшлар сиёсати, уларга берилаётган эътибор, таълим олиши, ўзини намоён этиш учун жуда катта имкониятлар яратилганини эътироф этди.
«Ўзбекистонлик ёшлар жуда илмга чанқоқ. Айни пайтда дунёнинг турли нуқталаридаги нуфузли университетларида ўзбекистонлик ёшларни кўриш қувонарли. Улар орасида STEM соҳалари (инженерлик, IT, биомедицина), иқтисодиёт ва ҳуқуқ каби йўналишлар оммалашган. Бу албатта мамлакат келажагига ўзининг ижобий самарасини беради» – деди Ёшлар бюроси раҳбари.
Учрашувда БМТ Ёшлар офиси билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифларни илгари сурилди. Хусусан:
– Жуниёр Профессионал Оффисер дастури доирасида ўзбекистонлик ёш мутахассисларни БМТнинг турли тузилмаларида малака оширишлари учун квота ажратиш;
– 2026 йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилаётган Ёшлар парламентлари форумини халқаро даражада қўллаб-қувватлаш ва БМТ расмий шерик сифатида иштирокини таъминлаш.
БМТ Ёшлар Бюроси – бу БМТ Котибияти таркибида ёшлар масалаларига ихтисослашган бўлим бўлиб, у БМТ Бош котибининг «Бизнинг умумий кун тартибимиз» номли ҳисоботидаги тавсиялар асосида ташкил этилган.
Сафарнинг бешинчи куни дунёнинг нуфузли минбарида қадим қадриятлар манзили – Маҳалла тизими тақдимот қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида «Маҳалла институти аҳоли билан давлат ўртасида муҳим ижтимоий кўприк» мавзусида конференция ўтказилди.
Халқаро анжуманда БМТ иқтисодий ва ижтимоий Кенгаши вице-президенти Лок Баҳадур Тҳапа, БМТ Ёшлар бюроси раҳбари Фелипе Пауллер, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов, қатор хорижий тузилмалар ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Унда Президент ташаббуслари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан маҳалла тизимидаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида тақдимот қилинди.
Халқаро конференцияда қатор жаҳон ташкилотлари раҳбарлари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.
АҚШ ташриф доирасида, шунингдек, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори ўринбосари Диене Кейта хоним билан учрашув ўтказилди.
Кейта хоним Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар, хусусан гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшлар сиёсатида олиб борилаётган ишларни алоҳида қайд этди.
Айниқса, ўзбек халқининг ўзига хос урф-одатлари, қадриятлари, тарихий манзиллари дунё аҳлини ҳайратга солишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашувда UNFPA билан келгусида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни муҳокама қилиб олинди.
Делегация аъзолари, хусусан Отабек Ҳасанов Флорида штатидаги «Uzbek-American маданият ва таълим халқаро маркази»га ташриф буюрди.
Таъкидланишича, ушбу марказда фақат миллий байрамлар ўтказилмай, қадимий ўзбек ҳунармандчилиги, миллий таомлар, рақслар ҳам ўргатилади ва ёш авлодга ҳам етказилади.
Отабек Ҳасанов марказга Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан нашр этилган «Буюклар ҳақида 100 далил» китобининг ўзбек ва инглиз тилларидаги нусхаларини совға қилди.
«Аслида ватанпарварлик чегара билмайди, қаерда бўлма, қалбингда юрт муҳаббати бўлса, қадрият ва анъаналар ҳам сен билан яшайверади!», деди Отабек Ҳасанов.
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ