
Марказий Осиёда хаттотлик санъати Темур ва Темурийлар даврида кенг тараққий этган. Ҳуснихат санъати дастлаб Мовароуннаҳр пойтахти Ҳиротда ривожланиб, бу ерда Султон Али Машҳадий бошчилигида йирик хаттотлик мактаби яратилган. Ушбу мактабнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ХIV асрда Мир Али Табризий томонидан яратилган настаълиқ хат услуби Ҳирот мактабида Султон Али томонидан такомиллаштирилган. Настаълиқ хати йирик ва майда китобат ишларида кенг қўлланилиб, бадиий ва тарихий асарлар фақат шу услубда кўчирила бошланган.
Кўфий, риқў, сулс ва насх хатлари эса асосан меъморчилик, наққошлик санъати ва Шарқ қадимги ёзувларини ўрганишда қўлланилган. Бу хатлар ўзининг мазмуни ва шаклида мукаммал уйғунликка эришган, улар нафақат бадиий ифода, балки илмий ва маданий меросни сақлашда ҳам катта аҳамият касб этган.
Маълумки, бадиий қўлёзма хаттот, наққош, музаҳҳиб, рассом ва саҳҳоф каби қатор мутахассислар ҳамижодлигида яратилади.
Темурийлар даври бадиий қўлёзмалар турига миниатюрали қўлёзмалардан ташқари кўпроқ фақат хаттот ва наққош томонидан безатилган қўлёзмалар кирган. Бу даврдаги қўлёзмалар санъатнинг бошқа тури каби ўтмиш санъат усталарининг энг яхши анъаналарини ижодий ўрганиш асосида ривожланган. ХIV–ХV асрларда кўҳна Самарқанд, Ҳирот, Бухоро, Табриз ва Шероз каби шаҳарларнинг жамоат ва шахсий кутубхоналарида ХIII–ХIV асрда кўчирилган ва расмлар билан безатилган Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Рашидиддиннинг “Жоме ут-таворих”, Низомийнинг “Хамса”си сингари ноёб қўлёзмалар сақланган бўлиб, булар темурийлар даври бадиий қўлёзма санъатида вужудга келган янги услубнинг шаклланишига ва тараққиётига таъсир этган.
Қўлёзмада расмнинг мавжудлиги ёки йўқлиги унинг бадиий қийматини белгиловчи ягона ўлчов бўлолмаган. Ўрта даражадаги расмлар билан безатилган қўлёзмаларни кўплаб учратиш мумкин. Лекин улар бадиий қиймати нуқтаи назаридан расмсиз қўлёзмалардан ҳам анчагина паст турган.
Тарихий ҳужжатларда таъкидлашича, нафис китоблар кўпинча давлатманд кишилар ёки Шоҳруҳ, Улуғбек, Бойсунқур, Султон Ҳусайн каби шахсларнинг кутубхона бошлиқлари буюртмаси билан яратилиб, катта пул эвазига сотиб олинган. Бироқ буюртмачи қўлёзмани безатишда унинг бадиийлик масаласини, эстетик меъёрларни ва бошқа шу кабиларни олдиндан ҳал қилиш имконига эга бўлмаган. У фақатгина тайёр ҳолга келтирилган китобнинг бадиий сифатига мувофиқ баҳо бера олган ва китобни яратишда қатнашган мутахассисларнинг хизматига яраша тақдирлаган.
Қўлёзма шакллантириш ва безатиш ғоялари, асосан, китобат санъати усталари ва бошқа мутахассисларнинг ҳамжиҳат меҳнати ва малакаси натижасида вужудга келган. Қўлёзма ижодкорлари янги асар яратишга киришганида, бўлажак қўлёзма, безатиш услуби, ҳатто шакли ҳам, энг аввало, унинг мазмуни ва вазифасига қараб белгиланган.
Қуръон ва бошқа диний китоблар, шунингдек, кўплаб илмий ва фалсафий асарлар кўпинча диний тақиқ туфайли расмсиз яратилган. Тарихий ва бадиий асарларни миниатюра билан безаш одати эса узоқ даврлардан бери давом этиб келган. Шу сабабли Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Шарафиддин Али Яздий ва бошқа машҳур ёзувчиларнинг асарлари бадиий расмлар билан безатилиши жиҳатидан дунёнинг барча йирик қўлёзма фондларида биринчи ўринни эгаллаган.
Қўлланиш доираси тор бўлган миниатюраларга нисбатан қўлёзмани нақш билан безаш санъати кенг ривожланиб, наққошлик Қуръондан бошлаб барча диний ва дунёвий адабиётларда катта ўрин эгаллаган. Султон Али Машҳадий, Мир Али Ҳиравий, Мир Имод ва бошқа машҳур хаттотларнинг кичик қитъалари мусаввир-наққошлар томонидан гўзал безатилган ва расм санъати ҳам юқори баҳоланган.
Яратилаётган қўлёзманинг жанр хусусиятлари, таркибига кириши лозим бўлган асарлар сони, ҳажми билан бирга бадиий безагининг характерини ҳам белгилаган. Хат услуби (катта, ўрта ёки майда) матннинг тўрт устунда жойлаштирилиши, фронтиспис (титул бети ёнига жойлаштирилган расм) тури, китобнинг боши ёки боб бошидаги расмлар (лавҳа), саҳифаларга жадваллар ишлаш, расмлар мавзуси, сюжети, ҳатто муқованинг характери ҳам китобат санъати усталари, моҳир мутахассислар йиғинида ҳал қилинган.
ХV аср китобат санъати усталари ижодининг узвий боғланиши ва беандозалиги Темурийлар даврининг юқори эстетик талабларига жавоб бера оладиган ягона китобат санъатини яратди. Туркий тилда (ўзбеклар, озарбойжонликлар, туркманлар, уйғурлар), форс тилида сўзлашувчи халқлар (эронликлар, тожиклар) ва Бобурийлар сулоласи даврида ҳиндлар Темурийлар даври санъатининг тараққиётида муҳим роль ўйнаган.
ХV асрнинг иккинчи ярмида Ҳиротда сарой кутубхонасининг бошида Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Султон Али Машҳадий, Мирак Наққош, Мавлоно Ёрий каби улкан китобат санъати усталари етакчилик қилгани боис бошқа соҳалар сингари хаттотлик ва ҳуснихат санъати ҳам юқори камолот босқичига кўтарилди.
ХV асрда Самарқанд, Табриз ва Шерозда хаттотлик мактаблари мавжуд бўлиб, уларнинг орасида Ҳирот мактаби ўзининг услуби, жанри хилма-хиллиги ва катта маҳорати билан дунё бўйлаб машҳур бўлган. Жумладан, “Хаттотлар шоҳи” Султон Али Машҳадий, Ҳирот миниатюра мактабининг асосчиси Камолиддин Беҳзод ва китоб нақш устаси, машҳур наққош Мавлоно Ёрий бадиий қўлёзма дурдоналарини яратиш устида юзлаб усталарга устозлик қилишган.
Темурийлар даврининг машҳур хаттотларидан бири Амир Муҳаммад Бадруддин Темур ўрдасида хаттотлик қилган. Миср шоҳи Малик Фаррух, Амир Темурга элчи юбориб, “Султон Аҳмад Жалоирни ва Қора Юсуф Туркмонини тутиб, банд қилдим. Бу тўғрида буйруқни билдирсангиз” деб мактуб йўллайди. Амир Темур эни уч, узунлиги 70 газ бўлган насх хатида Миср маликига жавоб беришни Бадруддинга буюрди. Мактуб 1750 йўлдан иборат бўлиб, унда “Султон Аҳмад Жалоирни банд қилинган ҳолда ўз саройига юбориб, Қора Юсуф Туркмонини ҳибсдан озод қилиш” буюрилган.
Шу билан бирга, мактубда Чин, Уйғуристон, Ҳиндистон, Эрон, Рус, Франция ва бошқа мамлакатлар ҳукмдорларининг Темур билан муносабатлари ҳам ёритилган.
Бадруддин мактубни санъаткорона ёзиб тугатгач, Темур унга фахрли кийим ва инъомлар берган. Шаҳрисабзлик мунший Ҳожи Абдуллоҳ мактубни Миср Султонига олиб борган. Амир Муҳаммад етти қаламда, яъни сулс, насх, муҳаққақ, риқў, райҳоний, тавқиъ ва таълиқда устод бўлган. Хатти кўфийда ҳам шундай гўзал ёзардики, ҳеч ким унга баробар келолмаган. Настаълиқ хатида эса унинг ихтирочиси Мир Али Табризийнинг етук шогирдларидан бўлиб, Мир Али унинг санъатини ўз ўғли Мир Абдуллоҳ хатидан юқори баҳолаган. Шунинг учун у ўз қизини Бадруддинга лойиқ кўрган. Бадруддин Темур даврида Табризда вафот этган. Настаълиқ хатининг ихтирочиси Хожа Мир Али Табризий Амир Темур ва Шоҳрух Мирзо хизматида бўлган. У “Қиблат ул-кутоб” (Котибларнинг олдингиси) лақаби билан шуҳрат қозонган. Мир Али Табризий олти турли хат асосида янги хатни ихтиро қилган. Девон, рисолалар ва мактублар таълиқ хати билан кўчирилаётган бир вақтда Мир Али настаълиқ хатини ихтиро қилган. Бу хатга “насхи таълиқ” номи берилиб, енгиллик учун “настаълиқ” деб аталган.
Мир Али настаълиқ хатининг қонун-қоидаларини баён этган рисола яратган. Кўплаб хаттот-шогирдлар унинг услубида ёзишган. Унинг шогирдларидан бири Мавлоно Жаъфар Шоҳрух Мирзо замонида хушхатликда ном чиқарган, иккинчиси эса Мир Абдулҳай бўлиб, Абу Саъид даврида яшаб, китобат санъати, иншо ва таҳрирда тенги йўқ котиб бўлган.
ХV асрда Ҳирот хаттотлик мактабининг йирик намоёндаси Султон Али Машҳадий 1437 йили Машҳадда таваллуд топган бўлиб, настаълиқ хатининг ривожи ва кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган. У “Султон ул-хаттотин” (Хаттотлар султони) ва “Қиблат ул-куттоб” (Котиблар қибласи) унвонларига эга бўлган. Хаттотликка болалигидан иштиёқи баланд бўлган. Дастлаб мадрасада ўқиб, сўнгра унда даср берган.
Султон Али Машҳадий Ҳусайн Бойқаро даврининг машҳур хаттоти бўлиб, Алишер Навоий асарларини кўчирган. Ёшлигида унинг хати иккинчи Юсуф даражасида гўзал бўлган. Мавлоно Азҳар Ҳиравий уни фарзандликка олган. Бир нафас назаридан узоқ қўймай, унга доимо шу байтни такрорлар экан:
Дар манқ тақсири макун пайваста, эй Султон Али,
Дар рўз кун машқи хафий, дар шом кун машқи жалий.
(Маъноси:
Эй Султон Али, ҳар дам хат машқ қилишда камчилик қилма.
Кундуз куни майда қаламда, оқшомда йўғон қаламда машқ қил.)
Султон Али Машҳади нафақат ўз даврининг етук хаттотларидан бири, балки содда, доно, зукко ва тадбиркор шахс сифатида ҳам танилган. Тарихий манбаларда унинг Ҳусайн Бойқаро билан бўлган суҳбати қуйидагича ривоят қилинади: бир куни подшоҳ унга “Мен учун бир нечта қабр тоши ёзиб қўй”, деб мурожаат қилганида, мулойимлик билан, “Шоҳим, ҳар қанча фармонларингиз қулингиз томонидан садоқат билан адо этилиши лозим, аммо бу ишнинг натижаси узоқ муддатли истиқболга қаратилгани маъқулроқдир”, деб жавоб берган. Шунда Ҳусайн Бойқаро кулиб: “Биз ҳам яқин кунларда вафот этмоқ ниятида эмасмиз. Сиз ҳам бу ишда шошилманг”, дея ҳазил билан жавоб қайтарган.
Мазкур воқеа Султон Алининг нафақат санъаткорга хос тафаккури, балки огоҳлиги ва эҳтиёткорлигини ҳам яққол намоён этади. У бу буюртмани ўзига хос санъаткорлик билан бажарган: нозик ва йўғон қаламлар орқали юқори ва паст қисмларни мукаммал ўлчаб, қабр тошини нафис хат билан зийнатлаган. Яратувчанлик, маҳорат ва эстетиканинг уйғунлиги бу асарни бугунги кунга қадар сақланиб қолган дурдона намунага айлантирган. Уни кўрган киши санъаткорнинг беқиёс истеъдодига қойил қолади.
Алишер Навоий Султон Али Машҳадийга катта ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлган. Бу улуғ шоир Султон Алининг санъатини қадрлабгина қолмай, ўз асарларининг кўчирилишидаги хизматидан ҳам миннатдор бўлган. Султон Али Навоий асарларини ҳуснихат билан кўчиришда бутун маҳоратини ишга солган. Ҳатто у 63 ёшга етганида ҳам, ҳуснихат санъатида беназир ижодкор сифатида тан олинган.
Ҳуснихатдаги истеъдодини меъморий обидалар безагига ҳам татбиқ этган Султон Али Ҳиротдаги “Боғи Мурод” номли муҳташам иморат ва уйлардаги деворий ёзувларни чиройли хатлар билан безаган. Бу ёзувлар ҳозирга қадар Султон Алининг нозик диди ва бетакрор қаламига далолат қилиб туради. У 1513 йили Машҳад шаҳрида вафот этган.
Султон Али Машҳадий кўплаб шогирдлар етиштирган. Улардан айримлари ўз даврида машҳур бўлиб, илм-фан ва санъат аҳли эътиборини қозонган мумтоз хаттотлар сифатида тарихга муҳрланган:
Зайниддин Маҳмуд – настаълиқ хатининг етук устаси. Алишер Навоий билан бир қанча адабий ва илмий мажлисларда қатнашган. У 1512 йилда вафот этган.
Султон Муҳаммад Нур – Навоий ҳаммажлисларидан бўлиб, ўз даврида ингичка қалам билан настаълиқ хатини энг гўзал тарзда кўчира олган хаттот сифатида танилган. Ҳуснихатдаги бенуқсон маҳорати ва шеъриятдаги ютуқлари уни “Нур аъло нур” (“нур устига нур”) деган лақаб билан машҳур қилган.
Султон Муҳаммад Хандон – ёшлигидан Алишер Навоийнинг хизматида бўлган. У хушфеъл, хушчақчақ ва санъаткорона табиатга эга бўлгани сабабли “Хандон” (“кулгувчан”) лақабини олган.
Мавлоно Муҳаммад Қосим – настаълиқ хатининг пухта билимдони, нафис ёзувлари билан машҳур бўлган.
Мавлоно Алоуддин – илм-маърифатга оид асарларни гўзал хатлар билан кўчирган таниқли шогирдлардан бири.
Шунингдек, Султон Али Машҳадийнинг яна бир машҳур шогирди – Муҳаммад Абришиний ҳам устоз даражасига етган хаттот сифатида тилга олинади.
Машҳадий мактабининг яна бир қатор вакиллари қаторида Рустам Али Хуросоний, Мир Ҳуний, Сабз Али, Пирали Жомий, Абдулвоҳид Машҳадий, Маҳмуд Жалолуддин, Мақсуд Али ва Мир Ҳиббатуллоҳ Косонийлар ҳам бор. Уларнинг барчаси Султон Али Машҳадийнинг илми, маҳорати ва ижодий мактабидан баҳраманд бўлган.
Манбаларда Султон Муҳаммад Нур ҳақида турлича фикрлар келтирилган. Хондамир ва баъзи бошқа муаррихларнинг ёзишича, у “жунун кайфиятидан холи бўлмаган” шахс бўлган. Алишер Навоий эса уни “ўзини девоналикка солиб юрадиган” одам сифатида таърифлаган. Шунга қарамай, унинг ҳуснихатдаги истеъдоди юксак баҳоланган.
“Райҳони настаълиқ” рисоласида келтирилишича, Султон Муҳаммад баъзан кўчирган қўлёзмаларга ўз исмини ёзмаган. Қачонки унинг ёзувини Султон Али Машҳадий кўриб қолса, “Бу бизнинг девонанинг хати”, деб таниб, муаллиф номини ёзиб қўйган. Бу бир томондан Султон Муҳаммаднинг танилган ёзув услуби, иккинчи томондан эса унинг бепарво табиати ҳақида маълумот беради.
Машҳадийнинг яна бир шогирди – Султон Муҳаммад Хандон ҳам ўзининг серқирра истеъдоди билан ажралиб турган. У нафақат хаттот, балки шеърият, муаммо, мусиқа каби санъат турларига ҳам қизиққан. Най чалишда моҳир бўлган. Хондамир “Хулосат ул-ахбо” асарида ёзишича: “Хандон настаълиқ хатида жуда истеъдодли, най чалишда ҳам моҳир, аммо жунун кайфияти сабабли бу икки санъатдан бирортасида барқарорлик билан шуғуллана олмайди”.
“Гулистони ҳунар” асарида айтилишича, Хандон бутун умрини Ҳирот шаҳрида ўтказган. Унинг вафоти санасига оид манбаларда қарама-қаршиликлар мавжуд. “Миръот ул-олам” муаллифи Бахтовархон уни 1509 йили, Сипеҳр эса 1525 йили, Мирҳабиб ва Кирмон Ҳусар эса 1543 йили вафот этган деб ёзганлар. Бироқ бу маълумотлар баъзан шубҳа остида бўлади. Чунки “Ҳабиб ус-сияр” асарининг 1524 йилги нусхасида Хандон ҳали тирик экани айтилади. Бироқ, Алишер Навоий замондоши бўлган шахснинг 1550-йилларгача яшаганини тахмин қилиш мантиқан тўғри келмайди.
Хандон Ҳиротда, Алишер Навоий дафн этилган жой яқинида – “Вақфия” деб аталган хон ариғи бўйида кўмилган.
Хандон устозининг анъаналарини чуқур ўрганиб, айниқса қитъа ёзишда катта маҳорат кўрсатган. Мирзо Ҳабиб ва Кирмон Ҳусар уни “рангли ёзувчи” деб атаганлар. Бу атама Хандоннинг турли рангларда безаб ёзилган қитъаларига ишора қилади. Унинг мана шундай нафис, рангли ёзилган бир қанча қитъалари ҳозиргача сақланиб қолган.
Султон Муҳаммад Хандон юқори хаттотлик маҳорати билан бирга шогирдларининг таълим ва тарбиясига катта эътибор берган. “Муноқиби ҳунарварон” китоби муаллифининг ёзишича, унинг шогирдлари орасида устодлик даражасига етганлар кўп бўлган. Жумладан, Ёрий Шерозий, Муҳаммад Ҳусайн Бохарзий ва Қосим Подшоҳ каби машҳур хаттотлар ҳам унинг шогирдлари бўлган.
Султон Бойсунқаро хаттотлик санъати ва шеърият соҳасида ўз даврининг энг машҳур шахсларидан бири сифатида танилган. Давлатшоҳ Самарқандийнинг тазкирасида қайд этилишича, унинг китобхонасида 40 нафар машҳур хаттотлар туну кун китобат билан шуғулланган. Султон Бойсунқаро даврида (олтин ҳаллаш) нақш, миниатюра ва бошқа бадиий санъат турлари ҳам юқори даражада ривожланиб, ҳозирда Истанбулнинг кутубхоналари ва бошқа жойларда намуналарига дуч келиш мумкин. Унинг буйруғи билан кўчирилган қўлёзмалар, жумладан, “Фараж баъда ал-шиддат” (“Оғирликдан кейинги хурсандлик”) ва “Нушат ал-арвоҳ” (“Руҳлар насиҳатлари”) асарлари алоҳида эътиборга сазовордир.
Эрон манбаларида қайд этилишича, Султон Бойсунқаро Мирзо сулс хатида, Мир Имод таълиқда, Мирзо Аҳмад насхда, дарвеш Абдулмажид Тоқоний эса шикастада устод бўлган.
Мирак Наққош, Алишер Навоий кутубхонасида ишлаган хаттот ва наққош бўлиб, Султон Ҳусайн Мирзо сарой кутубхонасининг бошлиғи сифатида танилган. Унинг асарлари орасида Саъдийнинг “Бўстон”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Хамса”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” ва Низомийнинг “Хамса” асарларининг қўлёзмалари ҳам мавжуд. Шунингдек, Ҳирот жоме масжиди ва бошқа меъморий биноларни безашда иштирок этган.
Абдулжамил Алишер Навоий томонидан шахсий котиб этиб тайинланган ва Ҳиротдаги Султония мадрасасида наҳв ва сарфдан дарс берган машҳур хаттотдир. У Алишер Навоий асарларини кўчириш, жумладан, “Хамса”, “Наводир ун-ниҳоя” каби асарларни ёзиш билан шуғулланган. Шунингдек, лирик асарлардан “Туҳфат ус-салотин” тўпламини тузган.
Азизулло, Самарқандлик машҳур хаттот ХV асрда яшаб ижод қилган. Унинг ёдгорликларидан бири – Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” асарини насх хатида кўчиришидир (тахминан 1439 йилда). Қўлёзма саҳифаларида Улуғбекнинг тузатишлари ҳам сақланган.
Умуман олганда, Темурийлар даври хаттотлик санъати ўзининг маҳорати, нафислиги ва бадиий қадриятлари билан ажралиб туради. Ушбу даврда яратилган қўлёзмалар, нафақат Ўрта Осиё халқларининг маданияти ва илм-фанини ўрганишда, балки бадиий санъатга қизиққан ҳар қандай инсон учун ҳам ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Хаттотлар нафақат қўлёзма асарлар яратишда, балки шеърият, таржимонлик ва бошқа бадиий ижод турларида ҳам муваффақиятли фаолият юритганлар. Темурийлар даврининг хаттотлари яратган асарлар бугунги кунда ҳам дунё маданиятининг юксак намунаси сифатида қадрланиб, улар нафақат санъат нуқтаи назаридан, балки маданият ва тарих учун ҳам қимматли меросдир.
Машҳурахон ДАРМОНОВА,
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос
илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Фойдаланилган адабиётлар
1. Мурадов А. Из истории каллиграфии в Средней Азии. Автореферат дисс. канд. филол. наук. Ташкент, 1967. 18.
2. Абдуғаффор Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари (VII–ХХI асрлар мусанниф бисотидан). Тошкент: Ўзбекистон, 2011. 255–257.
3. Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. Марказий Осиёда Ислом маданияти / Масъул муҳаррир Н.Иброҳимов. Тошкент: Шарқ, 2005. 250–262.
4. Муродов Абдуқодир. Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. Тошкент: Фан, 1971. 58.
5. Муҳаммад Шарифжон Садр-I Зиё. Тазкират ул хаттотийн. Байрут: Дорун нашр, 1992. Қўлёзма Ўзбекситон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фонди № 1304.
6. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фонди № 122\4.
Ватандош
Тарих
Фалсафа
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ