Қафас қурувчи қушлар: Инсон нега озодлигини сотади?


Сақлаш
14:58 / 27.06.2025 462 0

Кечаги кунимнинг қандай ўтганини эслаяпман. YouTube ва Инстаграмда соатлаб “айландим”. Бирдан ўзимга келдим: қўлимда дунёнинг энг катта кутубхонаси бор экан, хоҳлаган маълумотни бир неча сонияда ўқишим мумкин-ку. Аммо танлов қилмаётган эдим – менга кўрсатилаётган нарсаларни шунчаки томоша қилиб ўтирган ва алгоритм нима берса, шуни “еяверадиган” одамга айланиб қолгандим.

 

Ўша лаҳзада миямда Эрих Фроммнинг “Озодликдан қочиш” китобидаги машҳур савол чақмоқдек чақнади: нега биз, бу қадар катта эркинликларга эга бўлган замонда, ҳар куни айнан ўша эркинликдан қочамиз?

 

Бу китоб 1941 йилда ёзилган, аммо гўё айнан бугун учун. Фромм ўша пайтда нацистлар Германиясининг кўтарилишини кузатиб, савол берганди: “Нега эркин одамлар ўз ихтиёри билан эркинликдан воз кечиб, уни бир золим етакчига топширади?” Бугун эса бироз бошқачароқ саволга жавоб қидирамиз: Нега биз ўз фикримизни алгоритмларга, мутахассисларга ёки блогерларнинг қўлига бериб қўямиз?

 

Қафасдаги қуш парадокси

 

Боғлаб қўйилган, лекин сокин турган қуш тасвири. “Зарҳалқуш”  “The Goldfinch” by Carel Fabritius (1654).

 

Фроммнинг энг қизиқ хулосаларидан бири шуки, инсон табиатан озодликка интилади, лекин унга эришгач, оғирлигини кўтара олмайди. Бу ҳолат қафасда улғайган қушга ўхшайди – қафас эшиги очилганда учиб кетиш ўрнига, бурчакка тиқилиб, қўрқувдан титрай бошлайди. Лекин нима учун табиат бизни шундай “нотўғри” дастурлаган?

 

Бу парадокснинг илдизлари эволуцион психологияга бориб тақалади. Бизнинг миямиз минг йиллар давомида нисбатан кичик, барқарор гуруҳларда яшаш учун шаклланган. Ўша пайтда танлов минимал эди: овга бориш ёки қолиш, қайси йўлдан юриш, кимга турмушга чиқиш. Ҳар бир танлов ҳаётий аҳамиятга эга эди, шунинг учун мия танловларни “хавфли” деб қабул қилишга ўрганган.

 

“Қичқириқ” – “The Scream by Edvard Munch (1893).

 

Энди эса ҳар куни минглаб танлов билан дуч келамиз ва қадимий миямиз бу “танлов сунамиси”га бардош бера олмайди. Нейрологлар исботлаганидек, бизнинг миямиз доим энергия тежашга ҳаракат қилади. Ҳар бир янги танлов эса мияда қўшимча энергия талаб қилади. Шунинг учун мия автопилот режимини афзал кўради, чунки бу энергия жиҳатдан самаралироқ.

 

Бу биологик заифлик бизни қочадиган йўлларга олиб боради. Фромм айнан шу қочиш механизмларини таҳлил қилиб, инсон қалбининг энг чуқур сирларини очиб берди.

 

Учта қочиш йўли (ўзбекона мисоллар билан)

 

Бобил минораси” – The Tower of Babel by Pieter Bruegel the Elder (1563).

 

Эрич Фромм инсон қалбининг эркинликдан қўрқишини таҳлил қилиб, ундан қочишнинг уч асосий психологик механизмини кўрсатади. Бу йўллар бугунги Ўзбек жамиятида ҳам ўзига хос шаклларда ифодаланмоқда – улар маданиятимизга сингиб кетган, кўпинча оддий ва табиийдек кўринади, аммо ичида танлов ва масъулиятдан чекиниш ётади.

 

1. Авторитарга суяниш (Авторитаризм) – “Устоз маданияти”

 

Инсон ўз ҳаёти учун қарор қабул қилишдан чўчиганда, кучли шахсни излайди. Бизда бу “устозга суяниш” шаклида намоён бўлади – “устоз-шогирд” анъанаси бугун кўпинча сунъий кўринишда яшамоқда. Масалан, жуда кўпчилик “мотивацион спикер”лар ва “бизнес ментор”лар ҳаётни соддалаштириб, сизга “тайёр формулалар” таклиф қилади.

 

Бу ерда шундай психологик механизм бор: “Агар мен хато қилсам, бу менинг эмас, устознинг айби”. Бу масъулиятдан қочиш усули. Юнг айтганидек, инсон ўз “соя”сини, яъни ўз ичидаги хавфли, ноаниқ ҳисларни бошқаларга юклайди. Муваффақият бўлса – “менинг меҳнатим”, муваффақиятсизлик бўлса – устознинг айби.

 

2. Бузиш орқали қочиш

 

Баъзида одам танлов қилиш ўрнига атрофдаги ҳамма нарсани инкор этади. Бунинг замонавий шакли – “ҳамма ёмон” деган синдром.

 

“Ўзгариш бўлмайди”, “ҳукумат барибир эшитмайди”, “жамият барибир ўзгармайди” – бу каби қарашлар аслида масъулиятдан ва уринишдан қочиш ниқобидир. Психологлар буни ташқи бошқарув нуқтаси (external locus of control) деб аташади, – инсон ўз ҳаётидаги барча нарсани ташқи кучларга боғлаб қўяди ва ўзини қурбон сифатида кўради. Шундай қилиб, бу одам ҳамма нарса ёмон деб ўйлайди ва танлов қилмасликни танлайди.