Кичик ҳаракатлар дунёни ўзгартиради ёхуд капалак эффекти


Сақлаш
23:48 / 27.09.2024 183 0

Ташқаридан арзимасдек кўринган кичик ҳаракатлар натижасида катта ва тасаввурда ҳам бўлмаган ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Бу ҳолат фанда “капалак эффекти” деб аталиб, у хаос назариясининг бир қисми саналади. Хаос теориясига кўра, кичик бир ҳаракат ёки ҳодисалар вақт ўтиб, кутилмаганда йириқ оқибатларга сабаб бўлади. Натижа дастлабки ҳаракат содир этилган жойда эмас, кенгроқ қамровда, баъзан, бутун жамиятда сезилиши мумкин.

 

Соддароқ қилиб айтганда, бугун қилаётган ҳар бир кичик ҳаракат ёки ҳаракатсизлигимиз келажакда ўз натижасини кўрсатади.

 

Термин фанга илк бор 1961 йилда метеоролог, математик олим Эдвард Лоренц томонидан киритилган. Эдвард Лоренц об-ҳаво ҳодисаларининг компьютер моделини ҳисоблаб ўтириб, ўтказиладиган тадқиқотларни оптималлаштириш учун вергулдан кейинги учдан кичик бўлган барча математик маълумотларни яхлитлаган. Шундан кейин бу каби арзимас туюлган маълумотлар тўплами об-ҳаво прогнозининг сезиларли даражада ўзгаришига олиб келиши маълум бўлди.

 

Буни аниқлаган Лоренц ўзининг илмий мақолаларидан бирида “Капалакнинг Айова штатида қанот қоқиши, Индонезияда энг юқори даражали кўчки эффектини чақириши мумкин” деган фикрни айтиб ўтган. Албатта, капалаклар қанот қоқиши билан бўрон қилиб юборолмайди, лекин ўта арзимас туюлган воқеа катализатор каби ишлаб, тизим ҳолатига таъсир қилиши мумкин.

 

Адольф Гитлер рассом бўлиши мумкин эди

 

Тарихга нацист, фашист диктатор сифатида кирган Адольф Гитлер буюк рассом бўлиши мумкин эди.

 

1900 йиллар бошида Гитлер рассом бўлишни хоҳлаган. Бироқ у Вена тасвирий санъат академиясининг кириш имтиҳонларидан ўтолмайди: қабулда унга икки маротаба рад жавоби берилади. Бир қанча олимлар фикрига кўра, академиядан рад жавобини олиш Гитлерни ёвузлик тимсолига айлантирган асосий сабаблардан бири эди. Гитлер геноцид эмас, акварель бўёқларида расм чизиш шуғулланганида тарих қандай бўлиши мумкинлигини эса фақат хаёл қилиш мумкин.

 

Эриган конфет сабабли яралган микротўлқинли печь

 

Агар Перси Спенсер исмли ёш олимнинг янги магнетрон синови вақтида чўнтагида конфет бўлмаганида, жаҳон ҳали-ҳануз микротўлқинли печни кўрмаган бўлиши мумкин эди.

 

1946 йил ёш олим янги магнетронни синовдан ўтказаётган вақтда сон соҳасида кучли қизиш ҳиссини туяди. Маълум бўлдики, Спенсер қурилма ёнида турганида, чўнтагидаги ширинлик эриб кетган. Ушбу “ҳодиса” муҳандисни қизиқтириб қўйган ва у қурилма олдига бошқа маҳсулотларни, масалан, поп-корн ва тухум қўйса нима бўлишини кўрмоқчи бўлган. Натижада, маҳсулотлар қисқа дақиқалар ичида тайёр бўлган. Спенсернинг тасодифий кашфиёти, маиший фойдаланиш учун микротўлқинли печь яратишга қизиқиш уйғотади. Оз фурсатда унга компаниялар ҳам қизиқиш билдирди. Натижада, маҳсулотларни тез тайёрлаш орқали одамларга ёрдам бўлиши учун микротўлқинли печлар оммавий ишлаб чиқарила бошлади.

 

Арзимас туюлган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ортидан юзага келувчи Капалак эффектига ўзимизда содир бўлган бир қанча ҳаётий воқеаларни ҳам мисол тариқасида санаб ўтиш мумкин.

 

Мажбурий меҳнатга нуқта қўйган ўлим

 

2018 йил Самарқанд вилоятида кўча тозалаш ишларига жалб қилиниб, автоҳалокатга учраган ва вафот этган ўқитувчи ёдингиздами?

 

23 ёшли Диана Иникова эндигина олий таълимни якунлаб, меҳнат фаолиятини ўша мактабда бошлаган эди. У Каттақўрғон туманидаги катта йўл тўсиқларини оқлаш ишларига жалб қилиниб, ўша вақтда автоҳалокатга учраган.

 

Аянчли автаҳалокат оқибатида ёш ўқитувчи зудлик билан шифохонага олиб борилишига қарамай, вафот этган. Лекин айнан шу ҳодиса ортидан Президент Шавкат Мирзиёев мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни “фавқулодда ҳодиса” сифатида кўриб чиқишга топшириқ берган.

 

InBazar’ни “ёпган” аравача

 

Мижозлар хариди учун мўлжалланган аравачанинг итариб юборилиши бутун бошли дўконнинг ёпилиб кетиши ва бир қанча зўравонликларнинг очиқланишига сабаб бўлиши мумкинлигига ишонасизми?

 

Куни кеча тармоқларда InBazar номи остида фаолият юритувчи тадбиркор ва унинг ходимлари томонидан бошқа ишчиларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари акс этган видеолар тарқалди. Дастлабки ҳолат дўконнинг ёш ходими томонидан кичкина аравачани (тележка) итариб юборилиши ортидан келиб чиқади. Дўконнинг бошқа ходими хато қилган ишчига ҳам жисмонан, ҳам маънан зуғум ўтказади.

 

Кўп ўтмай, юқоридаги ҳолатдан “хижолат тортган” бизнес эгаси “шокка тушгани” ва зўравонликка қаршилигини, зўравон эса қилмиши учун қонуний жавобгарликка тортилишига “уверень” эканини айтиб, видео-мурожат йўллайди.

 

Англашилинишича, видео-камералардаги ёзувларга масъул ходим айбланаётган ишчининг қилган хатоси ҳақида провокацион жумлалар билан “Буни атайлаб қилди, бу дўкон мол-мулкига зарар етказиши мумкин эди” деб бизнес эгаси – Оматилло Холматовга хабар беради. Қизиғи, “шокка тушган” бизнес эгасининг ўзи жазолаш топшириғини берган бўлиб чиқди. Шунга кўра, дўкон ходими, хато қилган ишчини ҳақорат ва муштумзўрлик билан жазолайди.

 

Бу орада тармоқларда ушбу бизнес “катталарига” тегишли бўлган бошқа зўравонлик ҳолатлари ҳам тарқала бошлади. Уларнинг баъзиларида ишчилар Оматиллонинг ўзи томонидан самосуд қилинган бўлса, кейингилари бошқалар орқали калтаклатишга уринилганини кўрсатади.

 

InBazar’га оммавий бойкот эълон қилинди, нафақат блогерлар, балки ижтимоий тармоқлардаги барча қатлам эгалари ҳар қандай ҳолатда ҳам самосудни қоралашини, ходим хато қилган тақдирда максимал жазо жарима ёки ишдан бўшатиш бўлиши кераклигини айтиб, бизнес ва унинг эгасига нисбатан қонуний жазо талаб қилди. Оматилло Холаматовнинг ўзига нисбатан тергов иши бошланган. Дўкон фаолияти эса номаълум муддатга тўхтатилди.

 

Тил жонкуярлари нишонига дуч келган Yapona Mama 

 

Мамлакатда фаолият юритишнинг ўзи давлат тилида сўзлашишга камлик қилади чоғи, Ўзбекистондаги кўплаб овқатланиш ва бошқа хизмат кўрсатиш ташкилотлари асосан рус тилида фаолият юритади. Керак бўлмаган жойда ҳам устун келадиган ичимиздаги “ўзбекчилик” “Ҳа энди рус-да, бизнинг тилда гапиргани қийналади” деб аксарият ҳолда уларга мослашишга урингани сайин, давлат тилимизни менсимаслик ҳолатлари ортиб борди – энди бутунлай ўзбек қора кўзлар ҳам ўз ватандошига русча муомала қиладиган бўлди. Гўёки, рус тилида қилинган мурожаат ёки жавоб ташкилот / ходимнинг обрўсини юқорироқ қилади. Умуман олганда, бу ҳолат илк бор кузатилгани йўқ, шунчаки сўнги вақтларда ҳаддан зиёд ортиб, ўзбек тилига ҳурматсизлик даражасига келди.

 

Ўзбек жамоатчилиги энди яна-да фаол “гапира” бошлади: тармоқ фойдаланувчилари минглаб хўрандага эга Yapona Mama ресторанлар тармоғининг аксарият нуқталарида ходимлар гарчи, у ерга ташриф буюрадиганларнинг катта қисми ўзбек бўлса-да, ўзбек тилида гапирмаслиги ёки гапиришни хоҳламаслиги ҳақида эътирозларини ёзиб қолдирди. Изоҳларда эса бошқа фойдаланувчилар ўзлари борадиган филиалда ҳам юқоридаги вазиятга дуч келишини тасдиқлаган.

 

Тилига беэътибор бўлмаган жамоатчилик хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги ходимлар ўзи билиб бизнинг тилда мурожаат қилмаса, талаб қилиб олишимиз зарурлигини таъкидласа, яна катта қисм фаоллар ресторанга нисбатан бойкот эълон қилишга чақирган. Бундан мақсад бизнесни ёпиб юбориш ёки синдириш эмас, тилга ҳурматни ошириб, давлат тилида хизмат кўрсатиш шартини мажбуриятга айлантириш экани таъкидланган.

 

Шундан кейин жамоатчилик яна бир қатор таниқли овқатланиш шохобчаларида ўзбек тилига худди шундай муносабатда бўлинишини, Yapona Mama ресторанлар тармоғидан кейин қолган ташкилотларга ҳам шу “усул”ни қўллаш зарурлигини айтиб, қолган фаоллар томонидан яхшигина қўллаб-қувватланди.

 

Натижа қандай бўлди, дейсизми?

 

Бошланишига ёмон эмас. Ҳамкасбимнинг сўзига кўра, унинг навбатдаги ташрифида Yapona Mama’даги русийзабон, кўринишидан ҳам ўзбекларга унчалик ўхшамайдиган гиргиттон уни “Хуш келибсиз! Неча киши бўласизлар?” деб кутиб олганмиш. Капалак эффектининг асл “кучи” ҳам шунда. Сиз кичик ҳаракатларингиз билан муҳим муаммоларга нуқта қўйишингиз ёки гувоҳи бўлганингиздек, ихтироларга ҳам сабаб бўлишингиз мумкин. Барчаси айнан ҳозирги ҳаракатингизга боғлиқ.

 

Муқаддас Мусаева

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10329
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//