Рене Лейнога бағишланади*
Ўлим муқаррарми? Эҳтимол! Бироқ, келинглар, унга қаршилик кўрсатиб ўлайлик ва йўқликка кетиш
гарчи тақдирда бўлса ҳам, бунинг адолатли ҳодиса эканига муроса қилмай яшайлик.
“Оберманн”, 90-мактуб**
Тўртинчи мактуб
Мана, мағлубият онларингиз ҳам яқинлашмоқда. Мен бу мактубни сизнинг ҳалокатингизга сабаб бўлувчи ва эртанги эркка замин яратувчи донгдор шаҳардан ёзмоқдаман. Бу шаҳар олдида ҳали катта синовлар турибди – ғалабага қадар у, тўрт йил аввал сиз келганда чўкканидан кўра ҳам даҳшатли зулумотни енгиб ўтмоғи лозим. Мен сизга барча нарсадан маҳрум – оч-яланғоч қолса-да, руҳан бардам шаҳардан мактуб йўллаётирман. Яқин кунларда уни сиз тасаввур ҳам этолмайдиган хуш насимлар чулғаб олади. Агар умр вафо қилса, биз сиз билан яна кўришамиз. Шунда – мен, сизнинг даъволарингизни ипидан игнасигача биладиган одам ва сиз, менинг ҳам фикрларимдан яхши хабардор бўлган киши – сўнгги жангга кирамиз.
Ҳозирги июль тунлари, бир вақтнинг ўзида ҳам енгил, ҳам оғир. Сена қирғоғида, дарахтзор бағрида кечалар – енгил, аммо у зафар тонгига илҳақ юраклар учун – оғир. Мен ҳам ўша тонгни кутяпман-у, сиз ҳақингизда ўйлаяпман: сизга яна бир, аниқроғи, сўнгги гапимни айтмоқчиман. Бир замонлар дўст бўлган икки одам – сиз ва мен қандай қилиб душманга айланганимизни, мен ҳам ўшанда сиз томонга ўтиб кетишим мумкин экани-ю, бундан қандай қутулиб қолганимни сўзламасам бўлмайди.
Иккимиз ҳам узоқ вақт, бу дунёда олий ақл мавжуд эмас, ҳаммамиз – алданганлармиз, деб ҳисоблаб келдик. Бу эътиқод қай бир даражада ҳали ҳам қалбимда яшаётир. Аммо мен бундан – ўшанда сиз чиқарган, сўнг тарихга татбиқ этган хулосадан фарқли бир тўхтамга келдим. Бугун ўз-ўзимга бундай дейман: агар ўшанда сизнинг фикрларингизни қабул этганимда, бугунги ваҳшийликларингизни ҳам оқлаган бўлардим. Бу шу қадар муҳим мавзуки, бизга ҳаётбахш умид, сизга мудҳиш ҳалокатдан дарак бераётган мазкур ёз оқшомида унга тўхталмаслигимнинг асло иложи йўқ.
Сиз оламнинг маънога эгалигига ҳеч қачон ишонмагансиз ва барча нарсалар аслида тенг қимматли, нима яхшию нима ёмонлигини инсон белгилайди, деган хулосага келгансиз. Сизнинг фаҳмингизча, илоҳий ёки инсоний ахлоқ мавжуд эмас экан, демак, бирдан-бир яроқли қадрият – ҳайвонот дунёсини ўз измида тутган қонуният – зўравонлик ва айёрликдир. Бундан келиб чиқадики, одам – ҳеч ким: унинг ўзини ҳам, қалбини ҳам ўлдирса бўлади; бани башарнинг тарихдаги вазифаси – кучни намойиш этиш, унинг ахлоқи эса – зулм тантанасидир. Ростини айтсам, мен ҳам озми-кўпми сизга ўхшаб фикрлар, ўзимни адолат сари тортиб турган бир кучдан бошқа унга қарши ҳеч бир далил тополмас, бу тортиш кучини эса қўққис алангаланган эҳтирос каби, ақл билан тушунтириб беришим душвор эди.
Фарқимиз нимада эканини биласизми? Фарқимиз шундаки, сиз ҳаётда маъно топиш умидидан осон воз кечдингиз, мен эса ҳеч қачон ноумид бўлмадим. Сиз ҳаётдаги адолатсизликларга тезда кўникдингиз, сўнг уларни янада кўпайтиришга киришдингиз, мен эса, аксинча, инсон азалий ҳақсизликка қарши курашиш орқали адолат ўрнатиши, азалий бахтсизликка қарши курашиб бахтга эришиши керак, деган фикрда собит қолдим. Сиз ўз тушкунлигингиз домига тушдингиз, бундан қутуламан дея, уни ҳаётий аъмолга айлантиргач, инсон қўли ва закоси барпо этган барча нарсаларни оппа-осон вайрон қилдингиз, инсониятнинг азоб-уқубатини ҳаддан оширдингиз. Мен эса тушкунликка ва умуман, бу дунё тутумларига рози бўлмадим, одамлар яна бир-бири билан елкама-елка туриши ва ўзининг оғир аҳволини ўнглаш учун курашишни истадим.
Ажабки, сиз ва мен бир тамойилдан икки хулоса чиқардик. Зеро, сиз бу йўлда оламни онгли идрок этишдан воз кечдингиз, ўзингизга осон (яъни ўз лафзингизча, лоқайдлик) йўлини танладингиз, ўзингиз ва бошқа миллион-миллион олмонлар учун тепадаги бир киши ўйласа бўлди, дедингиз. Қисмат билан курашмоқдан чарчадингиз, бу бош-кети йўқ жанг кўнглингизга тегди, эндиги аъмолингиз – жонларни чирқиратмоқ ва заминни топтамоқ бўлди. Қисқача айтганда, сиз адолатсизликни танладингиз, ўзингизни Худога тенгладингиз. Сиз чиқарган мантиқий оҳанжамалар, аслида, бир ниқоб эди, холос.
Мен эса аксинча, адолатни танладим, заминга садоқатни сақлаб қолдим. Мен ҳали ҳам дунёда илоҳий маъно борлигига ишонмайман. Аммо, шунга аминманки, маънога эга бир хилқат бор, бу – инсон, зеро, у – ҳаётдан маъно қидираётган ягона жонзотдир. Бу дунё, ҳеч бўлмаганда, битта ҳақиқат – инсон ҳақиқати билан безанган ва бизнинг вазифамиз – шу хилқатнинг ўз тақдири учун курашга бўлган иродасини мустаҳкамлашдир. Инсоннинг ўзидан бошқа ҳеч бир далили йўқ, унинг яккаю ягона далили – ана шу, демак, одамлар ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини асрамоқчи бўлса, аввало, инсоннинг ўзини асрамоғи керак. Бу сўзимга яна иржайишингиз тайин: “Инсонни асраш? Нима дегани бу?” Мен эса бор овозим билан ҳайқираман: инсонни асраш – уни топтамаслик демакдир! Инсонга ўзи ишонган адолатга етишиш имконини бериш демакдир!
Биз қандай ғояни ҳимоя қилиб жанг майдонига кирганимизни энди англагандирсиз. Шу ғоя деб аввал сиз босиб ўтган, бизга ёт бўлган йўлдан юриб кўрдик ва шу йўл адоғида тор-мор бўлдик. Ахир, бу қабиҳ йўлда сизларга тенг келадигани йўқ эди. Начора, одамда тушкунликнинг якка ўзи қолса ва ҳар қандай мудҳиш оқибатдан зарра қўрқмаса, у сўзсиз тор-мор этувчи кучга айланади. Бу куч иккиланиб турганимизда бизни янчиб ташлади, зеро, биз ҳали ортга қайрилиб, бахтли кунларимизга маҳлиё боқмоқда эдик. Бахт – бешафқат тақдир чангалидан тортиб олган энг буюк ўлжамиз, деб ўйлардик биз. Ҳаттоки тор-морлик, барбодлик пайтимизда ҳам ана шу – ўтмишни қўмсаш бизни тарк этмади.
Аммо сизлар ўз мақсадингизга эришдингиз: бизни Тарих оқимига тортдингиз. Мана, беш йил бўлибдики, ҳеч ким шом салқинида қушлар чуғурини эшитиб ҳузурлана олмайди. Ҳа, бирдан ҳамма тушкунликка ботди. Биз бамисоли ҳаётдан бадарға этилдик, зеро, ҳар лаҳза ажалнинг гурас-гурас қўшини бостириб келарди. Мана, беш йилдирки, ўлим талвасасисиз бирор тонг, ҳибсга олишларсиз бирор тун, қийноқларсиз бирор кун ўтгани йўқ. Ҳа, биз сизларнинг ортингиздан боришга мажбур бўлдик. Аммо бизнинг бор жасоратимиз шундаки, жангга худди сиздек кирсак-да, бахт ҳақида ўйлашдан чарчамадик. Қурбонларнинг илтижоли фарёди ва ваҳшийликнинг ёввойи қийқириғиаро қалбимизда бепоён денгиз, таниш тепаликлар ва ёримизнинг кулгусига доир хотираларимизни асрашга уриндик. Бизнинг энг ишончли қуролимиз ҳам ана шу эсдаликлар ва биз уларни ҳеч қачон бой бермаймиз. Зеро, бу хотираларни бой берган лаҳзада биз ҳам сиз каби пажмурдага айланамиз. Биз энди шуни англадикки, бахт қуролини сандонда пиширмоқ учун талай вақт сарфлаш ва кўп қон тўкиш зарур экан.
Биздан сизнинг фалсафангиз мағзини обдон чақиш, баъзан эса ҳатто сиздек ҳаракат қилиш талаб этилди. Сиз бирон бир арзирли мақсадсиз кўр-кўрона қаҳрамонликни танладингиз – ахир, маъносиз дунёнгизнинг ягона қадрияти шу эди-да! Қолаверса, ўзингиз танлаган бу йўлни бутун дунё, айниқса, Европага тиқиштиришга интилдингиз. Биз ҳалок бўлмаслик учун сизларга эргашишга мажбур эдик. Бироқ шунда англадикки, бизнинг сиздан афзал томонимиз бор, бу – мақсадга эгалигимиздир. Сиз ҳалокатга юз тутаётган шу паллада бир ҳақиқатни айтмоғим зарур: аслида, қаҳрамонлик кўрсатиш – қийин иш эмас, бахт-саодатга эришиш ундан юз чандон мушкул.
Мана, барча гапни айтиб бўлдим, энди биз – бир-биримизга душманмиз. Сиз, адолатсизликни ёқлаган одам – менинг нафратимга учраган кимсасиз. Илгари ҳам қалбимда нафрат кучли бўлса-да, аммо бунинг сабабини билмасдим, энди эса биламан. Мен сизга қарши жангга кираман, чунки қалбингиз ҳам, мантиғингиз ҳам жинояткорона. Сиз бизга беш йилдан бери солган даҳшатда ақлингизнинг айби инстинктингизникидан сира кам эмас. Шу сабаб ҳам сизнинг устингиздан чиқарган ҳукмим қатъий: сиз мен учун аллақачон ўлгансиз. Аммо мен барча ваҳшийликларингиз учун сизни суд қилаётганда, сиз ҳам, мен ҳам битта асос – ёлғизликдан илк туртки олганимизни, сиз ҳам, мен ҳам Европа аҳли билан бирга ақл-заковат фожиасига гувоҳ бўлганимизни эсда тутаман. Гарчи ҳайвонга хос иш тутган бўлсангиз ҳам, барибир, сизни инсонлик унвонидан маҳрум этмаймиз. Зеро, биз эътиқодимизга содиқ қолган ҳолда, сиз бошқаларда ҳурмат қилмаган одамлик шарафини эъзозлашга мажбурмиз. Инсон шаънини таҳқирлаш бир қанча вақт сизнинг куч-қудратингизга манба бўлди, чунки одам ўлдириш сизга биздан кўра осонроқ эди. Ҳа, не-не асрлар мобайнида бу хусусият сизга ўхшаш кимсаларнинг устун томони бўлиб келди. Бироқ шунча вақт мобайнида бизга ўхшаш кишилар инсон шаънини улуғлашдан ҳам тўхтамади, токи инсон ўзининг гуноҳи кабираларига қарамай, алалоқибат, оқланиш имконига эга бўлсин, тавба орқали поклана олсин.
Сизу бизнинг ўртамиздаги жанг адоғига яқинлашаётган бир пайтда, нақд дўзахга айланган азим шаҳарнинг қоқ юрагида туриб, ҳар ерда қалашган мурдалар, култепага айланган қишлоқлар ва етим қолган болаларга-да қарамай, сизга шуни айтмоқчиман: биз сизни тор-мор этиш вақтида ҳам сиздан асло нафратланмаймиз. Агар эртага жангда жон фидо этмоққа тўғри келса ҳам, қалбимизни нафратга бой бермасдан, тоза ҳолда ўламиз. Қўрқувга тушмаймиз, дея олмаймиз-у, аммо ақлимизни йўқотиб қўймаслигимиз аниқ. Қайта-қайта айтаман: бизда асло нафрат бўлмайди. Мен дунёда фақат бир нарсадан нафратланаман, у ҳам бўлса – адолатсизликдир, хуллас, биз, сизнинг қудратингизни янчамиз, лекин қалбингизни топтамаймиз.
Кеча сизга куч ато этган нарса бугун сизни кучдан маҳрум қилмоқда. Кеча бизни кучсиз қилган нарса бугун бизга куч бераётир. Менинг ушбу тунимга файз бағишлаётган жиҳат ҳам – ана шу. Кучимиз шундаки, сиз каби биз ҳам тубсиз коинот қаъри ҳақида ваҳмкор ўйга ботамиз, қисматимиздаги ҳеч бир фожиани унутолмай азобланамиз ва, айни чоқда, башарга, онгга хавф солаётган улкан фалокатнинг бир четида инсон шаъни ғояси асраб қолинганини фаҳмлаймиз ҳамда бу қаноатдан жасоратга ва тикланишга ирода топамиз. Албатта, бундан биз дунёга қўйган айблов юки асло енгиллашмайди. Начора, тушкунликдан чиқишга интилиб топган бу билимимиз бизга жуда қимматга тушди. Саҳармардонларда отилган юзлаб маҳбуслар, бегуноҳ инсонлар судраб келиб тиқилган зах қамоқхоналар, миллионлаб фарзандларининг мурдаси сасиб ётган Европа тупроғи; буларнинг бари – муносиб ўлишга ўрганиш учун тўланган мудҳиш товондир. Булар ўз-ўзимизни умид билан алдаб юришимизга йўл бермайди. Айни чоқда, биз бундай ноҳақ қисматга лойиқ эмаслигимизни ҳам исботламоғимиз керак. Ўз олдимизга ана шу мақсадни қўйганмиз ва эртагаёқ уни ҳал этишга киришамиз. Ёз нафаси уфуриб турган шу Европа тунида миллионлаб қуролли ва қуролсиз кишилар жангга ҳозирланмоқда. Яқинда бўзариб тонг отади – сиз мағлуб бўлажак тонг! Биламан, сизнинг ғирром ғалабангизга фалак бефарқ бўлди, энди адолатли мағлубиятингизга ҳам у бефарқ бўлажак. Мен эса ҳар қачонгидек бу гал ҳам фалакдан ҳеч нима кутмайман. Аммо биз башариятни сиз итқитмоқчи бўлган тубсиз ёлғизлик жаридан омон олиб чиқа олдик. Энди инсониятга хиёнат этганингиз учун моховдек яккаланиб ўлмоқ жазонгиз бўлсин. Мана энди сизга алвидо деб айта оламан.
*Рене Лейно (1910–44) – Камюнинг дўсти, “Combat” газетасида бирга ишлаган ҳамкасби. Гестапочилар томонидан отиб ўлдирилган.
**“Оберманн” (1804) – француз ёзувчиси Этьен Пивер де Сенанкур (1770–1846) қаламига мансуб эпистоляр роман.
(Француз адиби ва файласуфи Альбер Камю (1913–1960) Иккинчи жаҳон урушига кўнгилли бўлиб отланган, аммо сил хасталигига чалингани боис ҳарбий хизматга олинмаган. Шундан сўнг у “Combat” яширин ташкилотига аъзо бўлиб фашистларга қарши курашган, бир муддат мазкур ҳаракатнинг газетасига муҳаррирлик қилган. “Олмон дўстимга мактублар” илк бор ана шу газетада чоп этилган. Мактубларни ўқиб, абсурдона ҳаётдан маъно излаган адибнинг юрак зарбларини тинглагандек бўласиз. Иккинчи жаҳон урушини келтириб чиқарган талай омиллар мавжуд. Бизнингча, “абсурд” ҳодисасини янглиш тушуниш ҳам ана шу омиллардан бири. Дунёда маъни-мантиқ йўқ, эзгулик ва ёвузлик ўртасида фарқ ҳам мавжуд эмас, инсон бамисоли қумурсқадек бир жонзот, деган мудҳиш ғояни байроқ қилган кимсалар миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритди. Камю ўз номаларида йўлдан озган тоифанинг кўзини очишга интилади. Оламнинг жавҳари бу – инсондир, зотан, у ҳаётдан мазмун қидираётган ягона мавжудот; жиллақурса, дунё бир ҳақиқат – инсон ҳақиқати билан қадрли, дея бонг уради адиб. Абсурд фалсафаси намояндалари барча қадриятларга шубҳа ила боқса-да, Камю худкушликни ҳам, суиқасдни ҳам қоралаган. Унга кўра, ҳар бир инсон бетакрор, уни маҳв этиш эса мумтоз моҳият манбаини барбод қилиш билан баробардир.
Мактубларда муаллиф ватанга муҳаббат туйғусидан баҳс очади. Киндик қони тўкилган маконни кўр-кўрона севмоқ, ватанга муҳаббатни адолатдан устун қўймоқ нораво, дейди ёзувчи. Ватанни улуғламоқ учун унинг тамали бўлмиш халқни эъзозлаш керак, халқ эса одамларнинг жамидир, демак, ҳар бир инсоннинг иззатини жойига қўймай, ҳақ-ҳуқуқини таъмин этмай туриб, юрт севгисидан лоф уриш мунофиқликдир. Муаллиф таъкидича, ватанни ёлғондан мақташ эмас, рост сўзлаб юксалтириш лозим. “Олмон дўстимга мактублар” қаттол уруш даврида, омонсиз жанглар кечаётган бир шароитда қоғозга тушган. Англашимиз керакки, зулмга муросасиз, мазлумларга қайғудош адиб “сизлар” дея олмонларга эмас, фашистларга хитоб қилади. “Бизлар” деганда эса наинки французлар, бутун Европа аҳлини назарда тутади. Яъни муаллиф бири ўту бири сув бўлган икки мухолиф мафкурани қарама-қарши қўяди. Тўрт мактубдан оҳорини йўқотмаган учтаси ўқувчилар эътиборига ҳавола этилаётир. Олам тақдири ва одам қадри хусусидаги дард силқиб турган мушоҳадалар бугунги замон ўқувчисини ҳам бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.
Таржимон)
1944 йил, июль
Альбер КАМЮ
Карим БАҲРИЕВ таржимаси
“Tafakkur” журнали, 2016 йил 1-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ