Рене Лейнога бағишланади*
Қалб улуғворлиги мухолифлардан бири эмас,
ҳар иккиси ҳаддан ошганда намоён бўлади.
Блез ПАСКАЛЬ
Мен аввал ҳам сизга ишончга қоришган бир шавқ ила мактуб битган эдим. Сўнгги учрашувимиздан беш йил ўтгач, нима учун биз сиздан кучлироқ эканимизни исботлаб бергандим: биз ўз ақидаларимизга тасдиқ топиш илинжида босиб ўтган айланма йўлимиз; ҳақлигимизга бўлган шубҳамизни тарқатиш учун сарфлаган вақтимиз; меҳр қўйган қадриятларимизни бир-бири билан келиштиришга телбаларча уринганимиз туфайли кучлимиз. Бу шу қадар муҳим масалаки, унга яна бир бор қайтмоқ фойдадан холи эмас. Аввал ҳам айтганимдек, бу айланма йўл бизга жуда қимматга тушди. Ўзимизни адолатсизлик тавқи ила лаънатламаслик учун узоқ вақт шубҳа домида қолдик. Аммо бугун ана шу шубҳа кучимизга куч қўшиб, зафар сари бошлаётир.
Ҳа, мен буларнинг барини сизга қатъий ишонч, ўктам шиддат билан айтяпман. Тўғриси, шу ҳақда ўйлаб кўриш учун менда фурсат етарли бўлди. Фикрлаш учун энг яхши вақт – тун, дейдилар. Мана, уч йил бўлибдики, сизлар бизнинг шаҳарларимиз ва юракларимизни зулматга ботиргансиз. Биз бу орада шу зулматаро суриниб-пайпасланиб, бир ғоя изладикки, бугун ўша ғоя сизга қарши бир аскардек жангга кираётир. Ҳа, энди мен сиз билан ақл ҳақида гаплашмоғим мумкин. Зеро, энди аввалги шубҳаларимиз ариди, ҳақиқат биз томонда эканига ишонч пайдо бўлди ва шу сабаб ҳам жасоратимиз ортганидан ортмоқда. Менимча, ақлга сиздек беписанд боқувчи кимса учун унинг яна бир бор асрий уйқудан туриб, тарихда ўз ўрнини эгаллаши фавқулодда ҳолдек кўринса ажабмас.
Шу ўринда мен сизга яна бир мулоҳазани айтмоқчиман. Аниқроғи, ишонч қалбда ўз-ўзича қувонч уйғотмаслиги ҳақида тўхталмоқчиман. Мен сизга битаётган барча сўзларни айни шу маънода тушунмоқ керак. Аммо фикримни давом эттиришдан аввал сизнинг олдингиздаги, дўстлигимиз олдидаги бир бурчимни адо этиб олай. Мен барбод бўлаётган дўстлигимиз тақозо этадиган сўнгги чорага қўл урмоқчиман, яъни сизга барини бир бошдан тушунтирмоқчиман. Бир вақтлар “Сиз ватанингизни севмас экансиз”, дея юзимга солган таънангизга аллақачон жавоб бердим, аммо шуни эсласам, ҳали-ҳануз дилим оғрийди. Бугун мен сизнинг “ақл” сўзини беписандлик билан масхараомуз тинглаганингизга жавоб қайтармоқчиман. “Франция барча закийлари тимсолида, – дедингиз сиз, – бугун ўзлигидан воз кечмоқда. Сизнинг зиёлиларингиз, шарт-шароитга қараб, ё телбавор ноумидлик, ё мавҳум ҳақиқатни ватанидан афзал кўради. Биз, олмонлар эса Германияни ўша ҳақиқатингизу ноумидлигингиздан юксак қўямиз”. Сиртдан сиз ҳақдек кўринасиз. Бироқ, аввал ҳам айтганимдек, биз адолатни гоҳо ватандан аъло кўрганмиз, бу эса шуни англатадики, биз ватанни унинг адолати билан севишни истаганмиз, уни ҳақиқат ва умид диёри сифатида кўришни хоҳлаганмиз. Бизнинг сиздан фарқимиз – шунда: биз ватанга нисбатан талабчан эдик. Сизга миллат қудратини юксалтиришнинг ўзи кифоя, биз эса бунинг ёнига ҳақиқатни ҳам қўшишни истардик. Сиз доҳийларингиз юқоридан туриб сингдирган ақидага сўзсиз хизмат қилиш билан қаноатландингиз, биз энг мушкул дамларимизда ҳам ор-номус сиёсатини ёқладик – бугун ҳам айнан шундай сиёсат тарафидамиз. Дарвоқе, мен “биз” деганда, ҳукмдорларимизни назарда тутаётганим йўқ. Зотан, ҳукмдорлар унчалик аҳамиятли эмас.
Яна кўз олдимга сизнинг ўша илжайишингиз келяпти. Сиз одамларнинг гап-сўзига унчалик ишонмас эдингиз. Мен ҳам шундай эдим-у, лекин бошқалардан-да кўпроқ ўзимдан шубҳаланардим. Сиз мени ўз йўлингизга – оқил одам ўз оқиллигидан уяладиган йўлга тортишга уриндингиз. Мен эса ўша пайтдаёқ сизнинг изингиздан юрмадим. Бугун эса аҳдим янада қатъийлашди. “Ҳақиқат ўзи нима?” деб сўрадингиз ўшанда сиз. Тўғри, ҳалигача бу саволга жавобимиз йўқ, аммо, жиллақурса, ёлғон нималигини биламиз: ёлғон сиз бизни етакламоқчи бўлган йўлдир. “Руҳ – жон нима?” Бу саволга ҳам жавобимиз йўғ-у, унинг зиддини биламиз, унинг номи – қотиллик. “Ва ниҳоят, инсон ўзи – ким?” Шу жойда мен сизни тўхтатаман, зеро, буниси бизга маълум. Инсон алалоқибат мустабидлардан ҳам, илоҳлардан ҳам ғолиб келувчи хилқатдир. Инсон – борлиқ моҳиятини белгиловчи туб асосдир. Биз ана шу нодир жавҳарни асрамоғимиз зарур. Шунга кўра, инсон тақдири ва юрт қисмати бугун бир-бирига чирмашиб кетмоқда. Бизнинг айни дамдаги ишончимиз шунга асосланган. Агар ҳеч нарсада маъни бўлмаса эди, сиз ҳақ бўлар эдингиз. Аммо оламда битта бўлса ҳам маъносини асраган нарса бор.
Сиз билан менинг йўлим шу ерда айрилишини яна бир бор айтиш ортиқчалик қилмас, назаримда. Биз ватан ҳақидаги тушунчамизга дўстлик, одамийлик, бахт, адолат каби буюк қадриятларни ёнма-ён қўя олдик. Худди шу нарса бизни ватанга нисбатан ҳам талабчан бўлишга мажбур этди. Шу тариқа биз охири ҳақ бўлиб чиқдик. Чунки ватанимиз шон-шарафи деб одамларни ўзимизга қул қилмадик, уларнинг азиз қонини тўкмадик. Ҳақиқат йилт этиб кўринишини сабр ила кутдик ва бемисл азоб-уқубатлараро ўзимиз учун азиз бўлган қадриятлар учун жангга кириш бахтига етишдик. Сиз эса, аксинча, ватанга алоқаси бўлмаган нарса учун курашмоқдасиз. Ватан учун берган қурбонларингизнинг баҳоси – бир пул, зеро, сиз муқаддас санам билиб сиғинаётган қадриятлар – сохта, ёлғон. Сиз нафақат инсон қалбига, балки ақлига ҳам хиёнат қилдингиз. Шу боис бугун ақл сиздан адолатли ўч олмоқда. Ақлнинг қадрига етмадингиз, дунёга унинг кўзи-ла боқмадингиз. Мағлуб ҳолимда ҳам шуни дадил айтаман: сизларни айнан шу хатонгиз ҳалок этади.
Бир воқеани ҳикоя қилишга изн бергайсиз. Бу ҳодиса Франциянинг чекка бир музофотида юз берган эди. Бир кун саҳарда олмон аскарлари юк машинасида ўн бир француз маҳкумини отиб ташлаш учун қамоқхонадан қабристонга олиб кетаётганди. Ўн бир кишидан бешта ёки олтитасигина расмана “айбдор”: варақа тарқатган, хуфёна курашган ва энг оғири – олмонларга бўйсунишдан бош тортган эди. Улар машина юкхонасида жимгина ўтирар; барини қўрқув босган ва бу – ўлимга илк юзма-юз келган ҳар бир одамга хос бир қўрқув эди. Қолганлар эса айбсиз эдилар, ҳеч бир жиноят содир этмагандилар. Бировнинг адашуви ёки лоқайдлиги сабаб ўлиб кетиши мумкинлиги уларнинг шу сўнгги лаҳзаларини аччиқ азобга тўлдириб турарди. Улар орасида ўн олти ёшли ўспирин ҳам бор эди. Унинг юзи барча ўспиринларникидек эди, шунинг учун сизга уни тасвирлаб ўтирмайман. Болакай даҳшатдан дағ-дағ титрар – уятни ҳам унутиб, қўрқувини билдириб қўярди. Масхараомуз тиржаймай қўяқолинг: ҳа, қўрқувдан унинг тиши тишига тегмай такилларди. Ўспириннинг ёнига олмон руҳонийси ўтқазиб қўйилган бўлиб, у ўлими яқин шўрликларга далда бериши лозим эди. Шуни комил ишонч билан айтишим мумкин: ҳализамон отиб ўлдириладиган одамга нариги дунёдаги боқий ҳаётга доир панд-насиҳатлар кор қилиши душвор. Ахир, бошқа ўликлар билан бирга қора ўрага кўмиб юборишгандан кейин ҳам ҳаёт давом этаверишига ишониш қийин-да! Хуллас, асирлар юк машинасида сассиз кетиб борарди. Руҳоний машина бурчагига худди кучук боладек биқиниб олган ўспиринга юзланди. Бола уни катталарга қараганда осонроқ тушунадигандек эди. Ўспирин руҳонийнинг саволларига жавоб қайтарар экан, майин, таскинбахш овозига мойил бўлар, дилида умид шуъласи милтиллар эди. Энг даҳшатли онда бировнинг озгина таскини ҳам илинж уйғотади: балки, мўъжиза рўй бериб, ҳаммаси яхши бўлар?! “Мен ҳеч нарса қилганим йўқ”, дея бидирлайди болакай. “Ҳа-ҳа, – дея бош ирғайди руҳоний, – лекин буни қўятур. Муҳими – ўлимни муносиб қарши олиш”. “Айтинг, нега улар менга ишонмаяпти?” “Мен сенинг биродарингман ва сенга ишонаман. Бироқ энди орқага йўл йўқ. Мен сўнгги дақиқагача сен билан бирга бўламан. Раҳмдил Парвардигоримиз ҳам биз билан бирга бўлади. Кўрасан, жон бериш – жуда осон”. Бола юзини тескари буради. Шунда руҳоний имондан сўз очади: “Худога ишонасанми, бўтам?” “Ҳа”, деб жавоб беради болакай. “Ишонсанг, шуни билмоғинг керак: бу ҳаёт сени кутаётган боқий ҳаловат, мангу ором олдида ҳеч нарса эмас”. Болакай бўлса айниқса ана шу “мангу ором”дан қўрқади. “Мен – сенинг биродарингман”, деб такрорлайди яна руҳоний.
Бошқалар жим кетиб боради. Дарвоқе, уларни ҳам ўйлаш керак. Энди руҳоний қолганларга юзланади ва ўсмирга тескари ўгирилади. Юк машинаси шудрингли йўлда шилқиллаб боради. Ғира-шира субҳидам пайтини, уйқуси чала қолган маҳбуслар нафасини, қушларнинг чуғурию отларнинг кишнашидангина тусмолласа бўладиган овлоқ жойни кўз олдингизга келтиринг-а! Ўсмир машинанинг чарм жилдига суянади, шунда жилд сурилиб, юкхонанинг ён девори билан жилд оралиғида дарча очилади. Агар дадилроқ бўлса, ундан сирғалиб чиқиб, машинадан сакраш мумкин. Руҳоний болага тескари қараб ўтирибди, кабинадаги аскарлар эса ғира-ширада адашмаслик учун кўзини олдинга – йўлга тикиб бораётир. Бола туйқус чармни кўтаради, тешикдан сирғалиб чиқиб, ўзини пастга отади. Аввал “гурс” этган овоз, сўнг қадамлар дукури қулоққа чалинади, ортидан эса жимлик чўкади. Қочоқ далага чопди – шудгор қадам товушларини ютарди. Аммо юкхона чармжилдининг бехос шитирлаши, унинг тирқишидан ёпирилган намхуш шамол руҳонийни ҳам, маҳкумларни ҳам ўгирилиб қарашга мажбур этди. Руҳоний бир дақиқа асирларга термулиб қолди, маҳкумлар ҳам жимгина унга кўз тикишди. Мана шу бир лаҳза ичида ҳаётини Худо йўлига тиккан бу зот қарор чиқариши керак, у ким томонда – жаллодлар тарафидами ёки мазлумлар тарафида?.. Бироқ у узоқ ўйлаб ўтирмайди-да, кабина деворини зарб билан тақиллатади: “Achtung!” Бирдан шовқин кўтарилади. Икки аскар юкхонага ёпирилади-да, маҳкумларга қурол ўқталади. Қолган иккитаси ерга сакрайдию далага югуради. Машинадан бир неча қадам нарида эса руҳоний, ҳайкалдек қотган кўйи, шудгорда нималар бўлаётганини кўришга беҳуда уринади. Юкхонадаги маҳкумлар сассиз қулоқ тутади: аскарларнинг дағдағаси, бўғиқ қичқириқлар, ўқ овози ва ниҳоят, этикларнинг тақ-туқи... Бола қўлга олинибди. Ўқ унга тегмай, ёнидан ўтиб кетибди, аммо боёқишнинг шашти сўниб, шалвираб қолибди. Унинг ўзи юра олмас, аскарлар судраб келар эди. Улар болани обдон калтаклашмабди, озроқ дўппослашибди, холос. Ҳали олдинда асосий жазо турибди, ахир! Руҳоний энди кабинага ўтади. Унинг юкхонадаги ўрнини аскар эгаллайди. Бурчакка итариб ташланган бола энди йиғламайди. У машинанинг чарм жилди ва девори орасидаги тирқишдан липиллаб кўринган йўлга жимгина термулади. Секин-аста тонг ёриша боради.
* * *
У ёғини айтмай қўяқолай – биласиз. Аммо бу воқеани менга ким айтиб берганини билмайсиз. Мен буни француз руҳонийсидан эшитдим. У бундай деб қўшиб қўйди: “Мен ўша руҳонийнинг қилмишидан жуда хижолатдаман, бироқ шунисидан мамнунманки, биронта ҳам француз руҳонийси Худони қотилларга хизмат қилдиришга рози бўлмайди”. Ҳа, унинг сўзлари – айни ҳақиқат. Ўша руҳонийингиз худди сиздек фикрлагани аниқ. Унга ҳатто Яратганга бўлган эътиқодини ҳам ватанга фидо этиш табиий туюлар эди. Шундай қилиб, сизлар Илоҳингизни ҳам жангга сафарбар этгансиз. Худолар албатта сизлар билан бирга (Нацистларнинг “Тангри биз билан” (Gott mit uns) деган шиорига ишора қилинмоқда) – ахир, шундай деб лоф уришни севасиз-ку – аммо улар ноилож сиз билан биргадир. Сизлар бошқа ҳеч нарсани кўришни ва эшитишни истамайсиз, чунки бошдан-оёқ телбанамо жазавага берилгансиз. Сизлар сўқир ғазабга таянибгина жангга киргансиз, отиш ва янчиш ҳақидагина ўйлагансиз, восвос бўлган савдойи каби бутун борлиқни пароканда этишни хоҳлагансиз. Биз эса ақлу фаросат қонуниятларига таянар ва бундан муқаррар келиб чиқажак шубҳаларга берилар эдик. Ҳа, сўқир ғазаб қошида биз ожиз қолдик. Аммо энди узоқ айланма йўл босиб ўтилди. Даладан ушлаб келиниб, отилган ўша бола ақл ёнига ғазабни ҳам қўшишимизга туртки бўлди: энди биз сиздан икки баробар кучлимиз. Келинг, ғазаб ҳақида сўзлашайлик.
Ёдингиздадир, бошлиқларингиздан бири қўққис ғазабга минганда, мен бу ҳолдан ҳайрон қолдим, сиз эса ўша чоқдаги аҳволимга шундай баҳо бердингиз: “Бу ҳам ахир бир фазилат-ку! Сизлар буни тушунишга ожизсиз. Чунки французларда бу хислат йўқ – улар ипакдек юмшоқ одамлар, жаҳл қилиш қўлларидан келмайди”. Йўқ, ундай эмас, французларнинг фазилатлар бобида ҳам таъби нозик. Улар жуда зарур бўлгандагина ғазабга йўл беради. Бу эса ғазабимизга мағрур бир қудрат бахш этадики, уни энди сиз ўз танангизда ҳис этасиз. Мен ҳам қалбимдаги ана шу ғазаб – фақат ўзимгагина аён ғазаб билан сизга хитоб қилаётирман!
Сизга аввал ҳам ёзганимдек, ишонч доим ҳам дилга завқ бера олмайди. Бу узоқ айланма йўлни босиб ўтиш оқибатида бой берган имкониятларимиз ўрнини тўлдириш ва ўзлигимизга содиқ қолган ҳолда жанг қилиш завқини туйиш учун қандай товон тўлаганимиз ҳар дақиқа ёдимизда туради. Айнан шу боис юракни увуштирувчи иложсизликка кўникдик, бизнинг курашимиз аччиқ айрилиқ доғи, шу билан бирга, ғалабага бўлган қатъий ишончга қоришиқдир. Бизни шунчаки жанг қилишнинг ўзи қониқтирмас эди. Чунки жанг учун ҳали важларимиз етилмаган эди. Халқимиз бошқа йўлни танлади: у фуқаролик урушини, умумхалқ курашини, ҳайқириқларсиз жонфидоликни афзал кўрди. Бу урушни халқнинг ўзи танлади, уни бунга аҳмоқ ва қўрқоқ ҳукумат даъват этгани йўқ, бу жангда халқ ўзини, ўзлигини топди ва бугун ўзи ҳақидаги ўз тасаввурларини ҳимоя қилаётир. Афсуски, халқ бу неъмат учун катта бадал тўлади. Шу сабаб ҳам бу халқ сизнинг миллатингиздан кўпроқ эҳтиромга лойиқ. Зеро, унинг энг улуғ ўғлонлари уруш майдонида ҳалок бўлаётир: ана шуниси, айниқса, қалбимни тирнайди. Бемаъни урушда янаям бемаъни бир мантиқ бор. Ўлим одамга ҳар ёндан ҳамла қилади ва тусмоллаб, таваккалига зарба беради. Урушда мардлар кўксини ўққа тутади: сиз ҳар куни халқимизнинг пок руҳи тимсоли бўлган мард ўғлонларни отиб ўлдираётирсиз. Сизнинг соддалигингиз зийракликдан холи эмас. Гарчи сиз танлов заруратидан бехабар бўлсангиз ҳам, қириш заруратидан бохабарсиз. Биз – руҳ посбонлари эса шуни биламизки, агар куч руҳни қаттиқ исканжага олса, руҳ ҳалок бўлиши мумкин. Аммо биз бошқа бир улуғвор кучга ишонамиз. Сиз ўқдан кўкси илма-тешик бўлган қурбонларнинг қийшайган юзларига қараб, бизнинг ҳақиқатимиз юзини ҳам шундай бежай оламан, деб ўйлайсиз. Асло! Сиз Францияни вазмин туриб жанг қилишга ундаётган қатъиятни ҳисобга олганингизча йўқ. Энг қийин онларда ҳам бизга бир умид мадад беради: биродарларимиз ўз жаллодларидан кўра сабрли ва сизларнинг ўқларингиз сонидан кўпроқ. Ҳали ўзингиз амин бўласиз: французлар ғазабланишга ҳам қодирдирлар!
*Рене Лейно (1910–44) – Камюнинг дўсти, “Combat” газетасида бирга ишлаган ҳамкасби. Гестапочилар томонидан отиб ўлдирилган.
1943 йил, декабрь.
Альбер КАМЮ
Карим БАҲРИЕВ таржимаси
“Тафаккур” журнали, 2016 йил 1-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ