Адабиёт
Рене Лейнога бағишланади*
Қалб улуғворлиги мухолифлардан бири эмас,
ҳар иккиси ҳаддан ошганда намоён бўлади.
Блез ПАСКАЛЬ
Биринчи мактуб
Сиз бир куни менга “Ватанимнинг шон-шарафи – ҳар нарсадан устун. Уни қудратли этувчи ҳар бир восита – хайрли. Ҳеч нарсада маъни қолмаган бу замонда миллати қисматидан маъно топган биз – ёш олмонлар ҳатто жонимизни-да миллат шон-шарафи йўлида фидо этишимиз керак”, деб айтдингиз. Ўша вақтлар сизга меҳр-муҳаббатим жуда баланд эди, аммо шу сўзларингиз қалбимга бегоналик ҳиссини солди, ич-этим музлаб кетди. “Йўқ, асло – дея эътироз қилдим мен, – ҳамма нарсани ўзинг интилаётган мақсадга бўйсундириш, қандай восита билан бўлмасин мақсадга эришиш даркорлигига ишонолмайман. Ахир, сира оқлаб бўлмас воситалар ҳам бор. Мен ҳам сиздек ўз ватанимни севишни истайман, аммо бу – адолатга хиёнат этиш орқали бўлмаслиги лозим. Мен ватанимга қандайдир гаров, айниқса, қон ва ёлғон эвазига топилган шон-шарафни раво кўрмайман. Мен адолатга хизмат қилиш орқали юртимга-да хизмат қилишни хоҳлайман”. Шунда сиз менга “Демак, ватанингизни севмас экансиз!” дедингиз.
Ўшандан буён орадан беш йил ўтди, биз шунча вақт кўришмадик, лекин ишонч билан айтаманки, мана шу узоқ йиллар (сиз учун эса чақмоқ чақнашидек тез ўтган қисқа фурсат!) ичида “Демак, ўз ватанингизни севмас экансиз!” деганингизни эсламаган куним бўлмади. Бугун шу сўзлар устида мулоҳаза қилар эканман, юрагим бехос зирқираб кетади. Мабодо киндик қонинг тўкилган диёрдаги адолатсизликни қораласанг-у, бу – “севмаслик”ни англатса, ҳа, мен ватанимни севмаганман, агар “севмаслик” юртингни шон-шараф чўққисига қандай қилиб бўлса-да олиб чиқиш бўлса, ҳа, мен уни севмаганман. Беш йил аввал Францияда аксар одамлар худди мендек фикрларди. Эсизки, уларнинг анчаси олмон аскари қўлидаги винтовканинг “совуқ қорачиғи”дан боқиб турган ўз ажалига юзма-юз келди. Сизнинг наздингизда, “ватанини севмаган” бу инсонлар, аслида, юртига юз бор жонини фидо этишга тайёр сиздек кимсалардан кўра, ватанига кўпроқ хизмат қилди. Чунки улар, аввало, ўзини енгишига тўғри келдики, бу уларнинг буюк жасорати эди. Мен шу ўринда буюкликнинг икки шаклини назарда тутмоқдаман ва уларнинг ўзаро фарқини сизга тушунтириб бермоқчиман.
Агар пешонага битилган бўлса, сиз билан тез орада яна дийдор кўришармиз. Аммо у вақтгача дўстлигимиздан асар ҳам қолмайди. Ўшанда сиз мағлубиятингиздан аччиқ изтироб чекаётган бўласиз-у, бироқ аввалги ғалабаларингиздан уялиш ўрнига, аксинча, эзғин бир эмраниш билан уларни қўмсаб тамшанасиз. Бугун эса мен фикран сиз билан биргаман – дарвоқе, сизнинг душманингизман-у, аммо бир қадар дўстингизман ҳам, чунки оромим ўғирлаган фикрларни сизга тўкиб соляпман. Эртага орамизда ҳеч бир ришта қолмайди. Сизнинг ғалабангиз қўя олмаган сўнгги нуқтани энди мағлубиятингиз қўяди. Хуллас, бир-биримизга алвидо сўзини айтиш, бир-биримиздан юз ўгириб кетиш, бир-биримизга абадиян бегона бўлиш олдидан, мен сизга аниқ қилиб айтмоқчиманки, на тинчлик, на уруш йилларида менинг ватаним тақдири сизни заррача қизиқтира олди.
Аввало қандай шон-шараф қалбимизга чўғ ташлаб тургани ҳақида айтмоқчиман сизга. Шу асно бизнинг руҳимизга эш, сизнинг қалбингизга эса ёт жўмардлик нима эканини баён қиламан. Агар одам умр бўйи ҳарбга тайёрланган бўлса-ю, уруш унга фикрлашдан табиийроқ туюлса, ўзини жанггоҳ бағрига отиш – катта жасорат эмас. Аксинча, нафрат ва зўрлик бесамар эканига қаттиқ ишонган одамнинг қийноқ ва ўлимга юзма-юз бориши улкан жасоратдир. Урушдан нафратланса-да, мажбуран жангга кираётган, бахтни қадрласа-да, бор-будидан айрилишга тайёр, яратувчанликка топинса-да, ноилож вайронкорлик қилаётган одамнинг аъмоли буткул ўзгача, ахир! Шу ўринда бизга сиздан кўра оғирроқ, зеро, биз аввал ўзимизни енгишимиз керак. Сиз эса на қалбингиз ва на фикратингизда бирор нарсани енгишга мажбур бўлмадингиз. Ваҳоланки, бизнинг душманимиз иккита эди; бизга, на қалби ва на фикратида бирор нарсани енгиб ўтмоғи шарт бўлмаган сиздек кимсалардан фарқли ўлароқ, биргина қуролнинг ўзи етарли эмасди.
Биз қалбимиздаги талай қабиҳликни жиловлаб олишимизга тўғри келди, энг аввало, кўнгилни мудом суст кетказадиган азалий васваса – сизларга ўхшаш истагини енгишимиз лозим эди. Зеро, бизнинг ичимизда ҳам заковатга қаршилик қиладиган, тубан сезги, қабиҳ инстинктларга ён босадиган, нима қилиб бўлса-да, бошқалардан устун бўлишга чорлайдиган бир ҳис яшириниб ётади. Бизни ҳам гоҳ-гоҳ юксак фазилатлар чарчатади: шундай пайтда ақлли эканимиздан уялиб кетамиз ва ваҳшийликнинг алланечук шавқли ҳаловатию осон қўлга киритилажак ҳақиқатини қўмсаб қоламиз. Бироқ айни жаҳолатдан дарров фориғ бўлиш мумкин: бундай восвос қандай кўргиликларни бошимизга солишини сизнинг кўйингизга бир боқиб билиб олса бўлади – дарров ақлимиз киради-қолади. Агар мен тақдири азалга ишонганимда эди, у сиз – ақл қулларини бизга сабоқ бўлсин учун атай ҳамроҳ қилиб қўйган деган гумонга борар эдим. Сизнинг феъли-хўйингиз бизни эркин ақлий фаолият ва маънавий қайта туғилишга мажбур этади.
Биз ботинимиздаги яна бир ҳис – қаҳрамонликка ўчликни ҳам енгишимиз керак эди. Биламан: сиз қаҳрамонлик бизга мутлақо бегона эканига аминсиз. Лекин бу ўйингиз – хато. Биз бир вақтнинг ўзида қаҳрамонликка юкунамиз ва ундан ҳайиқамиз ҳам. Шунинг учун юкунамизки, минг йиллик тарих бизни ҳам мардликка ўргатган. Ва шунинг учун ҳайиқамизки, минг йиллик тарих бизга гўзаллик, табиийлик ва камтарликнинг афзаллигини ҳам англатган. Сизларга қарши туриш учун биз узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтдик. Шу сабаб ҳам Европанинг барча давлатидан орқада қолдик, чунки ҳар гал бирор ёвуз куч қитъани залолатга етакласа, биз дарров ҳақиқатни излашга тушиб кетар эдик. Шунинг учун урушни мағлубият билан бошладик, ахир, бошдан-оёқ ташвиш ичида қолдик – сизлар тупроғимизни забт этаётганда, қалбимизни тафтиш қилиб, ҳақиқат биз томондами-йўқми, дея изланардик.
Инсонга муҳаббатимиз, унинг бахтли тақдирига доир тасаввур-қарашларимизни ҳам енгиб ўтишимиз лозим бўлди; биз инсон устидан зўрлик-ла эришилган ҳеч бир ғалаба тотли бўлмаслигига қаттиқ ишонардик. Зеро, инсоннинг инсон устидан ҳар қандай таҳқирини буткул даволаш имконсиз – биз шу эътиқодимизни ҳам енгиб ўтишишимиз керак эди. Биз сиз билан урушга киришишдан олдин ҳатто қаттол душманимизни ҳам севишимиз ва ҳар қандай урушдан нафратланишимизга асос бўлган билим, умид, қўйингки, барча-барча қадриятларимиздан воз кечишимизга тўғри келди. Мухтасар айтганда – сиз бир вақтлар қучоқлашиб кўришадиган одам, яъни мени тушунишингиздан умидворман – ўзимиздаги дўстликка муҳаббатни ўлдиришимиз керак бўлди.
Ҳа, йўлимиз айланма экани сабаб биз узоқ юрдик ва мақсадга кечикиброқ келдик. Бу – ақлни ҳақиқатга, қалбни дўстликка хилоф иш қилишдан қайтарадиган айланма йўл эди. Бу – бизга адолатни кўрсатиб берган, ҳақиқатни ҳамроҳ этган йўл эди. Шубҳасиз, бу йўлни босиб ўтиш бизга ғоят қимматга тушди. Бунинг учун хўрликларга чидадик, мағлубият алами, қамоқ азоби, ҳақсиз қатллар, ёлғизлигу айрилиқ, сурунукали очлик, ҳолсиз гўдаклар ва, энг ёмони, аччиқ тазарру билан товон тўладик. Аммо шуларсиз ҳеч иложи йўқ эди. Бу вақт бизга одамларнинг жонига зомин бўлиш, шусиз ҳам азобга тўла дунёни бадтар уқубатга ботиришга ҳаққимиз бор-йўқлигини аниқлаб олишимиз учун зарур эди. Ва айнан ана шу – бой берилган ва ўрни қопланган вақт, йўл қўйилган ва енгиб ўтилган мағлубият, хун билан товони тўланган ўжарликлар сабабли биз, французлар, бугун урушга қўлимиз қонга ботмай – ҳам уруш қурбонлари, ҳам эътиқодли кишилар сифатида кирдик, урушдан ҳам ёруғ юз билан чиқамиз, зеро, бу – адолатсизлик ва ожизлигимиз устидан эришилган буюк зафар бўлади.
Биз албатта ғалабага эришамиз, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Биз ўша мағлубиятимиз, яъни ўзимизнинг ҳақ ё ноҳақлигимизни англаш учун узоқ вақт изланганимиз, зарур сабоқни чиқармоқ учун кўп азоб-уқубат тортганимиз эвазига ҳам ғалабага эришамиз. Биз ғалаба моҳиятини ана шу тариқа топдик, агар уни бехос йўқотиб қўймасак, демак, тоабад ғолиб бўламиз. Изтироб чекиб топган ҳақиқатимиз шу бўлдики, ақл – қилич олдида ожиз, бироқ у қилич билан иттифоқ бўлса, одам ўлдириш учунгина қинидан чиққан қилич устидан ғолиб кела олади. Шу тариқа, ақл биз томонда эканини англаган ҳолда, энди қўлга қилич ҳам олдик. Бунинг учун одамларнинг ўлим талвасасини кўришимиз, ўзимиз ҳам ажалга рўбарў бўлишимизга тўғри келди. Бунда бизга, тонгда гильотинага олиб борилаётган француз ишчисининг қамоқхона долонидан ўтар экан, камераларда ётган ўртоқларини мард бўлишга чақиргани ибрат бўлди. Ва ниҳоят, ақлни ўзимизга бўйсундирмоқ учун, биз жисмоний қийноқларни бошдан кечиришга ҳам мажбур этилдик. Дарҳақиқат, нима учун қиммат товон тўласанг, ўшанинг қадр-қиммати баланд бўлади. Биз ана шуларни англаш учун қиммат товон тўладик, ҳали яна кўп бор тўлашимизга тўғри келади. Энди ҳеч ким биздан ҳақиқатга бўлган комил ишончимизни ҳам, адолат тантанасига бўлган ёруғ умидимизни ҳам тортиб ололмайди, демак, сизнинг мағлубиятингиз муқаррардир.
Мен ҳақиқат ёлғон устидан ҳар қандай шароитда ҳам ғалаба қозонади, деган гапга ҳеч қачон ишонмаганман. Аммо шунга имоним комилки, кучлар тенг келган пайтда ҳақиқат ёлғон устидан муқаррар ғалаба қозонади. Биз ниҳоят тарози палласи ҳақиқат томон салгина оғган ҳолатга етиб келдик. Ҳозир биз ана шу устунликни англаган ҳолда жанг қилмоқдамиз. Мен сизга бугун биз инсонлик моҳиятини белгилаб берадиган ана шу озгина фарқ учун жанг қиляпмиз, деб айта оламан. Эътиқодни хурофотдан, шижоатни ғазабдан, кучни ваҳшийликдан ажратадиган нозик фарқ учун курашяпмиз, янада нозикроқ – чинни ёлғондан, биз улуғлаётган инсонни сизлар сиғинаётган санамдан ажратадиган нозик фарқ учун жанг қиляпмиз.
Жангдан четда эмас, жанг ичида туриб сизга шуларни айтишни истадим. Мени то ҳануз таъқиб этиб келаётган “Сиз ватанингизни севмас экансиз”, деган таънангизга берадиган жавобим – шу. Бироқ сиз билан янаям очиқчасига сўзлашмоқчиман. Менинг фикримча, Франция ўз қудрати ва ҳукмронлигини узоқ муддатга бой берди, энди у ҳар қандай тамаддун учун ҳаводек зарур бўлган обрў-нуфузини тикламоқ учун талай йиллар тушкун ҳолда сабр қилмоғи, дилгир бўлиб курашмоғи лозим. Имоним комилки, у ўз обрў-нуфузини олижаноблиги важидан йўқотди. Шу боис умид мени буткул тарк этгани йўқ. Мактубимнинг асл маъноси ҳам – ана шу умидда. Мен, беш йил аввал ватанига муҳаббатини жўшиб айтишдан тийилган одам, бугун шахсан сизга, қолаверса, Европа ва жаҳондаги барча тенгдошларимга қарата бундай дейман: “Мен, гарчи адашиш ва заифликлардан холи бўлмаса-да, аммо ўзининг бутун улуғворлигини мужассам этувчи инсонпарвар, адолатпарвар бош ғояси сўниб қолмаслиги учун ҳануз куймаланиб ётган матонатли асл миллатга дохилман. Мен тўрт йил аввал ўзининг бутун тарихини қайта идрок этишни бошлаган ва бугун вайроналараро босиқлик ва ишонч билан тарихни қайта ёзаётган, қўлида кўзир қартаси бўлмаса-да, ғирром ўйинда омаду бахтини синаётган миллат вакилиман. Ушбу юрт меникидек залворли ва серандиша муҳаббатга муносиб. Ватаним учун бугун курашсак арзийди, зеро, у олий бир муҳаббатга лойиқдир. Бир гапни айтиб қўяй: менинг халқимга зид ўлароқ, сизнинг миллатингиз ўз фарзандларининг кўр-кўрона муҳаббатини қозонди, холос. Бу муҳаббат ўзини оқламаслиги тайин – ана шу кўр-кўроналик сизларни ҳалокатга судрайди. Сиз энг катта ғалабангизни қўлга киритгандаёқ мағлуб бўлган экансиз, энди – ҳалокатингиз яқинлашаётган бир пайтда қандай талвасага тушар экансиз?!”
*Рене Лейно (1910–44) – Камюнинг дўсти, “Combat” газетасида бирга ишлаган ҳамкасби. Гестапочилар томонидан отиб ўлдирилган.
Альберт КАМЮ
1943 йил, июль
Карим БАҲРИЕВ таржимаси
“Тафаккур” журнали, 2016 йил 1-сон
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ