Термиздан Лондонгача: Англиядаги интеллектуал мулк мутахассиси билан суҳбат


Сақлаш
16:54 / 05.12.2025 10 0

1991 йил Термиз шаҳрида туғилган Фарзона Абдуллаева бошланғич ва ўрта таълимини ўз юртида олгач, бакалавриатни пойтахтдаги Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатияси институтининг Халқаро ҳуқуқ соҳасида давом эттиради. 2015 йилда Жанубий Кореянинг Ҳанянг университетида магистратура босқичи учун KGSP грантини, 2021 йилда эса иккинчи марта магистратура босқичини ўқиш учун QS рейтинггида ҳуқуқ соҳаси бўйича топ 100 таликка кирувчи Лондон шаҳридаги Queen Mary университетида Chevening грантини қўлга киритади. Ҳозирда у Англиянинг нуфузли Southamptonуниверситетида интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича фаолият олиб бормоқда.

Қуйида Фарзона босиб ўтган йўл, қийинчилик ва муваффақиятлар ҳақида унинг тилидан ҳикоя қилинади.

 

Маошдан-маошгача яшаш нима эканини кўриб улғайганман

 

Кимдир имкониятлар билан дунёга келади, яна кимдир уларни яратиш учун тинимсиз меҳнат қилади. Маошдан-маошгача яшаш нима эканини кўриб улғайганман. Болаликни эсласам, «ишласанг – тишлайсан» деган мақол, ўзим тўлиқ англаб етмаган ҳолатда мен ва ака-опаларимга шиор бўлган экан. Барчамиз бирор нимага эришиш учун қаттиқ меҳнат қилишимиз ва илм олишимиз керак эди. Ҳаётнинг барча босқичи бир сабоқ беради, деб ҳисоблайман. Шунингдек, болалик ва у даврдаги қийинчиликлар мени интилувчан ва курашувчан бўлишимга сабабчи бўлган. Келажакдаги «улкан» режалар эса айни шу даврлардан бошланган. Инсон астойдил меҳнат қилса, уддалай олишини илк бор ичимдан ҳис қилганим – Жанубий Кореянинг нуфузли КГСП грантини ютганимда бўлган.

 

 

Тошкентда ўқишга ота-онамни кўндириш, Chevening ютишдан ҳам қийинроқ бўлган

 

Тошкентда ўқиш учун ота-онамни рози қилиш, Chevening ютишдан ҳам қийинроқ бўлган. У пайтларда ҳали кўпчилик Тошкентга ўқишга бормас, айниқса қизларнинг таълимига бўлган қараш ҳозиргидек ижобий эмасди. Термиздан Тошкентга кетиш… Кичик бир шаҳарда улғайган қиз учун бу очиғи, Тошкентдан Лондон ёки Кореяга ўқишга боришдан ҳам каттароқ бурилиш эди. Бакалавриатни шартнома асосида ўқиганман ва контракт пулини тўлаш ва Тошкентда яшаш харажатлари анча суммага бориб қоларди. Табиийки, фақат маошга яшайдиган оила учун бу кичик сумма эмасди. Агар Ўзбекистонда магистратурага топширсам, шартнома асосида қабул қилиниш эҳтимолим деярли 90% эди, чунки грант учун ажратиладиган ўринлар сони 1-2 тадан ошмасди. Шу сабабли, Ўзбекистонда «грант»га киришдан чет элга ўқишга кетиш манфаатлироқ туюлган. Бу эса хорижий грантлар ҳақида ўрганиб, топширишимга туртки бўлган. Кўпинча, аёл-қизлар қанчалик иқтидорли бўлмасин, уларнинг бакалаврдан кейинги таълимига деярли инвестиция киритилмайди. Аслида, аёллардан ҳам жуда кўп кучли тадқиқотчи, олимлар, профессорлар етишиб чиқади. Шунчаки уларга ҳам имкон берилиши, шароит яратилиши зарур.

 

Бу борада Ўзбекистонда жорий этилган тартиб – аёл-қизлар учун магистратура таълимининг бепул бўлгани жуда қувонарли. Сабаби, бу миллатнинг эртасига, илмга қилинган инвестиция ҳисобланади.

 

KGSP ва Chevening стипендияси учун алоҳида тайёргарлик қилмаганман

 

KGSP ва Chevening каби нуфузли грантларни ютиш, зарур ҳужжатлар ва тайёргарлик жараёни ҳақида кўп сўрашади. Мен уларни ютиш учун алоҳида тайёргарлик кўрмаганман. Икки грантнинг ҳам ўзига хос талаблари бор. Ўйлашимча, менда тайёргарлик жараёни ўқиш ва иш давомида табиий равишда кечган.

 

Агар инглиз тилини етарлича билсангиз, соҳангиздаги муаммоларни аниқлаб, уларни ўрганиш ва ечимлар топишга иштиёқингиз бўлса, Сиз учун ҳам кўп имконият эшиклари очилади, деб ўйлайман. Масалан, КГСП грантига ўқишни эндигина битирганлар топшира олади, улар асосан истеъдодли ва интилувчан ёшларни қидиради. Chevening эса ютиш анча қийинроқ, қабул кўрсатдики 5-10% ташкил қилувчи грант ҳисобланади. Уни ютиш учун иш тажрибаси жуда муҳим, айниқса бу грант нафақат иқтидорли, балки жамият учун фойдали бўлган ёш мутахассисларга имкон беради. Чевенинғни ютишимда асосий омиллардан бири – интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги 4 йиллик иш тажрибам, бўлса керак.

 

Хориждаги таълим менга берган энг катта сабоқ – фақат ўзимдан кутишни ўргандим

 

Олдинлари талабаларга таълим муассасаси билим бериши керак, ўқувчини «ҳақиқий мутахассис» бўлиб чиқиши уларга боғлиқ, деб ўйлаганман. Хориждаги таълим менга берган энг катта сабоқ – ҳаммасини ташқаридан кутиш эмас, барчаси ўз-ўзимга боғлиқлигини тушуниб етганим бўлди. Ўзбекистонда талаба ва унинг натижалари учун тизим, ўқитувчи ёки профессорлар «қайғуриши» керак. Талабаларнинг таълим кўрсатгичи ёмон бўлса, ўқитувчиларни айблаш одатий ҳолатга айланиб қолган. Ёки кўпинча вақт ва эътибор талабалар назоратига сарф қилинади. Хориждаги тизим бутунлай бошқача, талаба ўзи учун фақат ўзи жавобгар. Дарсларга қатнашиш ўзининг ихтиёри, имтиҳондан йиқилса, яна ўқийди. Яъни бу ерда ҳамма шахс сифатида ўзи учун ўзи масъул. Иммиграция ва чет элда яшаш ёки ишлаш мақсадида бўлган юртдошларимизга ўқишга боришни биринчи даражали йўл деб айтган бўлардим. Ва, албатта, чет элда яшаш – таълим контракт тўлови, уй-жой, еб-ичиш кабилар қимматлиги учун иложи борича стипендия билан келган маъқул. Агар университет грант тақдим этмаса ёки ўша давлатлардан стипендия ютиш иложи бўлмаса, «Эл-юрт умиди» фонди бу борада яхши ёрдам беради. Чунки таълим учун келганларнинг бор диққати ўқишга қаратилиши керак, пул топишга эмас. Юқоридаги фонд шу имкониятни тақдим этади.

 

 

Қандай қилиб бошқа номзодлардан озгина бўлсада ажралиб туришим мумкин?

 

Хорижда иш топиш – Ўзбекистондагидан бир неча баробар мураккаб, айниқса, илмий даража билан ишлашни истасангиз. Жанубий Кореянинг Ҳанянг университетида магистратурани битиргач, интеллектуал мулк соҳасида Сеулдаги энг ривожланиб бораётган юридик фирмага ҳужжатларимни юборганман. Бир неча уринишда ҳам жавоб келмаган. Лекин бу кичик муваффақиятсизлик мени умидсизлантирмади, аксинча, келаси сафар ариза юбориш билангина чекланмай, компания фаолиятини кузатиб, улар томонидан ташкил этилган семинарга бордим. Семинардаги савол-жавобларда қатнашиб, суҳбат қиларканман, фирмага ҳавас билан қарашимни, уларга бир неча марта амалиёт учун ҳужжат ҳам топширганимни айтиб ўтдим. Бунга жавобан бўлим бошлиғи: «Ростданми?! Унда яна очилганида қайта топшир», деди.

 

Кейинги амалиёт учун қабул очилган кунидаёқ ҳужжатларимни топшириб, уйдагиларни кўргани Ўзбекистонга кетдим. Тошкентдан Термизга кетаётган вақтим интервьюга таклиф хатини (e-mail) олдим ва ўзимда йўқ хурсанд эдим. Уларга жавобан Ўзбекистонда эканимни айтсам, интервьюни онлайн ўтказишимиз ҳам мумкинлигини таъкидланди.

 

Шундан кейин ишга қабул қилинганим, сентябрь ойидан амалиётни бошлашим мумкинлигини эшитгач хулоса қилдим: ишга киришда ҳеч қачон осонликча таслим бўлмаслик, агар ўзига ишончи юқори бўлса, ариза топшириш билангина чекланмай, «нима қилсам, бошқа номзодлардан озгина бўлсада ажралиб тураман?» деган савол бериб кўриш муҳимлигини тушундим.

 

Амалиётдан кейин шу фирмада иш бошлаб, тўрт йил фаолият юритдим. Кейин Chevening стипендияси орқали Лондонга келиб, яна уч йил улар билан масофавий фаолиятимни давом эттирдим.

 

100 дан ортиқ иш ўрнига ариза ва иккитагина интервьюга таклиф

 

Кореядаги барча иш жойларида корейс тилини билиш талаб этилиб, инглиз тили қўшимча устунлик берса, Англияда инглиз тили биринчи тил бўлгани учун унда худди она тилидек гапириш, фикрлаш ва жавоб бериш керак бўлади. Ўқишда ҳам, ишда ҳам. Шу сабабли фикрингизни равон ифодалолмасангиз, сиз аллақачон орқадасиз.

 

Англиядаги иш бозори Кореядан анча рақобатбардош: бир иш ўрнига 100 дан ортиқ номзод тўғри келади.

 

Шахсий тажрибам мисолида айтадиган бўлсам, тахминан 200-300 дан ортиқ ишларга ариза топширганман, уларнинг саноқлиларигина интервью босқичига таклиф қилган. Юқорида айтганимдек, бошқалардан ажралиб турадиган хусусият ҳақида жуда узоқ ўйлаганман. Кейин интервьюдан ўтолмаган ишларимдан фикр-мулоҳаза беришларини, қаерда қандай хато қилганимни айтиб ўтишларини сўраганман.

 

Бу орқали номзод керакли савол бериб, рекрутердан кўп маълумот олгач, ўша компаниянинг навбатдаги вакансияси учун кучлироқ номзод сифатида тайёрланиши мумкин бўлади.

 

Хулоса шу-ки, номзод қандай қилиб бўлмасин, бошқа мутахассисларда йўқ кўникма, қиррага эгалигини кўрсата олиши, шунингдек, «Компания нима учун айнан мени ишга олиши керак?» деган саволни аввал ўзига бериб кўриши керак. Ўшандагина мутахассис ўз ўрнини топади.

 

Ўзбекистон ҳақидаги илк тасаввурни Сиз беришингиз мумкин

 

Хориждаги аксарият ўзбекистонликлар фақат ўз ҳамюртлари билан дўст бўлади. Аслида эса чет элга чиққач, барча имкониятлардан максимум даражада фойдалан керак. Масалан, чет элликлар билан дўстлашиш, уларнинг маданиятини чуқурроқ англаб етишга ҳаракат қилиш ва, албатта, уларни Ўзбекистон маданияти билан яқинроқ таништириш лозим.

 

Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмайдиган хорижликлар қаршисида бўлиш шундай улкан масъулият-ки, Ватанингиз ҳақида қандай таассурот қолдириш айнан Сизга боғлиқ бўлади. Чунки бу улар учун Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақидаги илк тасаввур Сиз орқали шаклланади.

 

Юртдошларимиз чет элда қиладиган энг катта хато…

 

Ўйлашимча, мусофирликда инсон доимгидан кўра яқинларига, оиласига муҳтожлик сезади. Бунга кўпроқ инсондаги эмоционал ҳолат, янги муҳитга мослашиш, молиявий қийинчилик, босим кабилар сабаб бўлади. Шундай вақтларда инсон ҳеч иккиланмасдан оиласига ўз ҳаётида кечаётган қийинчиликларни айта олиши, керак бўлса молиявий, маънавий ва руҳий ёрдам олиши шарт. Аммо мен кузатганим жуда кўп ҳамюртларимиз бу борада оиласидан ўз ҳолатини яшириб ё етарлича ёрдам олмай катта хатога йўл қўяди.

 

Афсуски, кўплаб ўзбек оилаларида фарзандини четга таълим олишга юборадию, четдаги вазиятни билмай туриб фарзандидан молиявий таъминот кутади. Чет элда яшаш бу ўзимдагидек эмас. Нархлар, суғурта, ижара тўлови, озиқ-овқат… Умуман, фарзандингиздан пул кутманг, ишора ҳам қилманг, дегим келади. 10 йилдан ортиқ муддатдан буён чет элда таълим олиб, яшаб келаётган инсон сифатида айтаман, аввало, талабанинг чет элда «ўзини эплаб юргани» таҳсинга лойиқ. Бошқа давлатдан келган дўстларимда бу каби оиладан келадиган босим ёки масъулиятни ҳеч қачон кузатмаганман. Ишлаб топган пулларини ҳам ўз эҳтиётлари учун ўйланмай сарф қилишарди, имтиҳонлар бошланса бемалол ишдан таътил олар ёки ишламасди. Шу тариқа, асосий эътиборни сифатли таълим олишга, яхши мутахассис бўлишга қаратарди.

 

 

Ўқишни битиргач, улар 5 йил ичида турли компанияларда менежер бўлиб ишлади, топадиган даромадлари ҳам шунга яраша анча юқори эди. Лекин «уйига пул юбориш дардида» кунни кун, тунни тун демай меҳнат қилган ўзбеклар кейинчалик яхши компаниялардан иш топиши, яхши карьера қуриши анча қийин.

 

Умримнинг ярми мусофирликда ўтди

 

Она ватан соғинчи – ҳар бир мусофир қалбининг тубида яшаса керак. Тилим ўзбек тилида чиққан, илк қадамимиз ватан тупроғи устига босилган, илк дўстлик ришталари шу заминда қурилган экан, бу соғинч шубҳасиз, умрбод қалбларда яшайди. Яхшиямки, интернет бор деб қўяман гоҳида, соғинганда ҳеч йўқ экран орқали яқинларим диёрини кўриш, уларнинг овозини эшитиш, суҳбатидан баҳра олиш имконияти бор.

 

Умримнинг ярми мусофирликда ўтганини учунми, 34 ёшга киргач, уй – тинчлик ва хотиржамлик ҳис қиладиган манзил бўлиб қолган. Оила соғинчи эса менимча, ҳеч қачон тарк этмайди.

 

Машҳура Раҳмонова суҳбатлашди,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 24838
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//