«Сизнинг 1986 йили ёзилган «Кўнгул озодадир» қиссангизда: «Агар менинг сўзларимга шубҳа қилсангиз, масалчининг ҳолини, ана, Зоҳиджон Обиддан сўрангиз», деган жумла бор, у нимани англатади?»
(Бир учрашувда менга шундай савол берилди.)
1983 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ССРга 24 йил раҳбарлик қилган Шароф Рашидов 66 ёшида вафот этди. Икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ва энг юксак Ленин мукофотига, ўнлаб орден-медалларга сазовор бўлган бу атоқли давлат ва сиёсат арбоби, таниқли ёзувчининг хотираси ўзи бир умр садоқат билан хизмат қилган коммунистик партия ва совет давлати томонидан қандай таҳқирлангани кўпчиликка яхши маълум.
Бу жирканч ишни асосан Марказдан юборилган партия ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат «десантчилар гуруҳи» амалга оширди. Аммо уларнинг қонли пичоғини қайраб берган маҳаллий арбоблар ҳам оз эмас эди.
Буларнинг барчаси, табиийки, ўзбек халқи, айниқса, зиёлиларнинг ғазаб ва нафратига дучор бўлди.
1984 йил июль ойида «Муштум» журналида фронтчи шоир Зоҳиджон Обидовнинг «Арслоннинг ўлими» масали босилиб чиқди ва бутун Ўзбекистонда ғулув қўзғади.
Мана ўша шеър:
Арслоннинг ўлими
I
Бир ўрмонда ногаҳон юз берди оғир мотам,
Жамики жондор зотин бошин эгиб қўйди ғам.
Даррандалар шоҳи шер – умрин йўли узилди,
Нураб кетгандек олам кўплар кўнгли бузилди.
Шер одил бир шер эди, кўплар ғамин ер эди,
«Тенгликда, тотувликда яйраб яшанг», дер эди.
Мотам бўлди улуғвор, кўрилмаган бундоғи,
Жами жондор қатнашди, худди йўқдек адоғи.
Чунки чин меҳру эъзоз қозонганди ҳар ёнда,
Шу боис лозим иззат топди ўлгани онда.
II
Мотам ҳам ўтди-кетди, турмуш тушди изига,
Ўрнини ёш Шер олди, ҳаёт тўхтасин нега?!
Беш қўл тенг эмас экан, пасту баланд бор эди,
Қилвирлиги пинҳона – қувликлар ҳам бор эди.
Шердан наф кўрсалар ҳам, чекканмиз деб изтироб,
Ўзин ночор тийган шум жондорлар йиртди ниқоб.
Бирор мушкуллик тушса, феълу атвор сезилар,
Асл айнимас асло, пасткашдан дил эзилар.
Ювош кўринган бўри қилғилиғи билинди,
Қабиҳлиги фош бўлиб тумшуғидан илинди.
Сулаймон ўлиб, девлар қутурди деган гап бор,
Шу нақлга ўхшаган беюзлик бўлди ошкор.
Айёр тулки марҳумнинг шаънига отди тошлар.
Қадрим йўқ эди, дея, ёлғондан тўкди ёшлар.
Чиябўри чийиллаб артиб ифлос тумшуғин,
Ҳалоллик даъво қилди сочиб фитна уруғин.
Қилган бўлса не шумлик марҳумга у ағдарди,
Сувдан қуруқ чиқмоқлик йўл-йўриғин ахтарди.
Биладики, тирилиб, изза қилмас марҳумлар,
Шу боис қўрқмай бўҳтон юклар феъли машъумлар.
Шунчалар ҳам беюзлик бўларми бу жаҳонда,
Не ҳам дердик, шумлар – шум, ҳайвон – ахир, ҳайвон-да!
* * *
Қиссадан ҳисса шулким, булардан бўл эҳтиёт,
Минг суркалиб келса ҳам қаҳри қаттиқ, феъли ёт.
Эриб кетмасин кўнгил тулкиларча бўзлашдан,
Минг ўргил, гар қоқилсанг, тоймас сени тузлашдан.
Агар республиканинг ўша пайтдаги раҳбариятида озгина эс бўлганида эди, бу вазиятда дарҳол «тажоҳули орифона» деган адабий усулни қўллаши, яъни ўзини масални кўриб-кўрмаганликка, билиб-билмаганликка солиши керак эди. Шунда кўпчилик эътибор қилмаган бу шеър ўз-ўзидан унутилиб, ёддан чиқиб кетган бўларди.
Аммо тепада ўтирган баъзи раҳбарлар ёввойи ҳайвонлар тимсолида ўзининг қиёфасини таниб қолди.
«Арслоннинг ўлими» Марказком бюросида ғоявий қўпорувчилик сифатида муҳокама қилинди. Зудлик билан ташкилий чоралар ҳам кўрилди.
Журнал фаолиятида кечириб бўлмас сиёсий хатога йўл қўйгани учун бош муҳаррир Иброҳим Раҳим, бош муҳаррир ўринбосари Олим Қўчқорбеков, адабиёт бўлимининг мудири Неъмат Аминов ва унинг ходими, асар муаллифи Зоҳиджон Обидов ишдан ҳайдалди.
«Муштум»нинг ўша сони барча кутубхона ва матбуот дўконларидан йиғиб олинди. Бу шеър XX аср «Зарбулмасал»и ўлароқ шуҳрат топди. Кечагина ўртамиёна шеърлар ёзиб юрган Зоҳиджон Обидов умуммиллий қаҳрамонга айланди.
Ҳаётда ижтимоий адолат доим ҳам қарор топмаслиги мумкин, аммо илоҳий адолат бундан мустасно: Шароф Рашидовнинг хотирасини оёқости қилганлар кўп ўтмай ўзлари хор бўлди. Қай бирлари ишдан олинди, қай бирлари қамалди, яна баъзилари урилиб-сурилиб, шармандаликка учради.
Хайриддин СУЛТОН
“Навоий – 30” китобидан. “XX аср «Зарбулмасал»и”
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ