Пролетар санъати диктатураси ёхуд «рассомлар иши» ёхуд «рассомлар иши»


Сақлаш
17:25 / 28.10.2025 18 0

 

1920-1930 йиллардаги ўзбек рассомлари ҳақида гап кетганда Александр Василевич Николаев — Усто Мўмин, Павел Бенков, Александр Волков, Вадим Николаевич Гуляев, Михаил Курзин, Надежда Кашина, Николай Карахан, Зинаида Ковалевская, Елена Коровай, Валентина Маркова, Владимир Каидалов, Оганес Татевосян, Виктор Уфимсев каби кўплаб исм шарифлар орасида Ўроль Тансиқбоев номи ҳам эслаб ўтилади.

 

Ўзбекистонда рассомлар етиштирадиган асосий мактаб Павел Бенков номи билан аталади. Яқинда Евгений Александрович Конобеэв «иши» қўлимга тушиб қолди ва унда номлари юқорида қайд этилган аксар совет рассомларининг амалга оширган «аксилинқилобий жиноятлари» ҳақидаги гувоҳликлар мавжуд эди. Қуйида шу ҳақида...

 

Евгений Александрович Конобеев 1891 йил Астрахан шаҳрида чор амалдори оиласида дунёга келган. У аввал ҳарбий кадетлар корпусида, сўнг Астрахан реал билим юртида ўқишни давом эттиради. Москва шаҳрида иқтисодиёт йўналишида олий маълумот олгач, Биринчи жаҳон урушига сафарбар этилади. Инқилобдан сўнг ҳарбий хизматдан озод этилиб, ишга Тошкент шаҳрига йўл олади.

 

Ҳокимиятга большевиклар келиши билан Евгений Конобеев совет маъмурлари томонидан хизматга олинади. Аввал Тошкент шаҳар ижроқўмида, 1924-1931 йиллар Ўзбекистон Ишчи-деҳқон инспекцияси назорат комиссияси раиси ўринбосари вазифаларида хизмат қилади. 1931 йил охиридан эса ЎзССР Халқ Комиссарлари Кенгашига ишга ўтиб, 1934 йилдан Файзулла Хўжаевнинг тавсияси билан ЎзССР ХКС Ишлар бошқармасида иш бошлайди. Конобеэв 1937 йил Акмал Икромов ҳибсга олинганидан сўнг унинг иши доирасида терговга тортилади. Гарчи қамоққа олинмасада партия сафидан ўчирилиб, ишдан бўшатилади.

 

1938 йил 2 август куни Тошкент шаҳар режа қўмитаси иқтисодчиси бўлган Е.А. Конобеэвни ЎзССР ЖКнинг 64-14, 66-1 моддалари билан айбдор деб топилиб қамоққа олишга қарор қилинади. Шу куннинг ўзида битилган ордер асосида унга тегишли Тошкент шаҳри, Пушкин кўчаси 32-уйда тинтув ўтказилади. 19 август куни тўлдирилган шахсий анкетасига кўра оила аъзолари турмуш ўртоғи Надежда Конобеэва (39 ёш), фарзандлари Екатерина (13 ёш), Сергей (11 ёш) ва Лидия (9 ёш)лардан иборат бўлган.

 

Айбловномада Конобеев 1917-1937 йиллар давомида компартия аъзоси бўлгани, 1937 йил Файзулла Хўжаевнинг укаси Ибод Хўжаев қабрига тош қўйиш учун давлат пулидан сарфлагани учун партиядан ҳайдалгани ёзилган. У сўроқда ХКС ишлар бошқармасида рассомлар М.Курзин, «Правда Востока» газетасидан В.Гуляев, рассомлар уюшмасининг раҳбари В.Каидаловлар билан бирга ишлаганини айтади. Бироқ, сўроқ баённомасида унинг рассомлардан иборат террор гуруҳи ташкил этгани ёзилиб, имзолаттирилади.

 

1938 йил 27 сентябрь куни бу вақтда Москвада ҳибсда бўлган таниқли рассом Константин Иванович Максимов ҳам Конобеев иши бўйича сўроқ қилинади. Константин Иванович Конобеевни болаликдан таниши, 1930 йил Москвага келганида унинг уйида меҳмон бўлгани, бироқ сиёсий эмас, асосан партия тадбирлари ҳақида гаплашганини айтади.

 

1938 йил 28 октябрь куни ҳеч бир далил топиламганига қарамай Конобеевга ЎзССР ЖКнинг 57-, 58-, 63-, 64- , 67-моддаларида кўзда тутилган жиноятлар билан айбдор деб қарор чиқарилади. 1939 йил 8 апрель куни қарор Конобеевнинг қўлига тутилганида, у «йўқ, бу моддаларнинг бирортасига рози эмасман» деб жавоб беради. Бироқ, 1939 йил 26 апрель куни чиқарилган қарорда унинг бу норозилиги инобатга олинмайди.

 

Зулм салтанатининг «Темир комиссар»и Ежовнинг ишдан олиниши билан вазият бир қадар ўзгаради. 1939 йил 22 май куни қайта сўроқда Конобеев ўзининг терговчиларнинг жисмоний ва руҳий тазйиқлари остида имзолаган олдинги сўроқ баённомасидан воз кечади. Ўзининг қийноқ остида Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовларга нисбатан туҳмат қилганини тан олади.

 

У «...тўғри Файзулла Хўжаев бир вақтлар жадид бўлган ва ҳеч қачон жадидчилик ғояларидан воз кечмаган», дейди.

 

26-28 май кунлари сўроқда Ўроль Тансиқбоев ва бошқа рассомларнинг ишларини давлат буюртмаси асосида сотиб олгани, машҳур рассом Максимов билан 1913 йил Астрахан реал билим юртида ўқиш даврида танишгани, уни доимо яхши ижодкор сифатида билганини таъкидлайди. Аммо, ҳеч қандай аксилинқилобий террор ташкилот аъзоси бўлмаганини айтади.

 

Аммо, 1939 йил 4 июль куни имзоланган айблов баённомасида Конобеев яна ЎзССР ЖКнинг 64-, 67-моддалари билан айбланади. Рассом 1937 йил қишида Коммунистик партия раҳбарларидан Каганович Тошкентга келганида унга суиқасд уюштириш мақсадида Гуляев билан бирга пистолетда машқ қилгани, Файзулла Хўжаевни ҳамиша мақтагани қайд этилади.

 

Конобеев 1940 йил 9 февраль куни СССР ИИХК ҳузуридаги махсус йиғин қарори билан 5 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. У Севжелдорлагга сургун қилиниб, Горкий шаҳар темир йўлида меҳнат қила бошлайди. Тергов жараёнидаги мунтазам қийноқлардан заифлашиб қолган рассом лагердаги оғир шароитга узоқ дош бераолмайди...

 

Александр Василевич Николаев (Усто Мўмин) 1897 йилда Воронеж шаҳрида ҳарбий муҳандис оиласида дунёга келган. Рус дворяни хонадонидан чиққан Александр 1908-1916 йиллар давомида Полтава яқинидаги Сум кадет корпусида таълим олади, кейин эса Твердаги Улан корпусида ўқишни давом эттиради. Чор армияси офицери Александр Василевич хизматдан бўшатилгач, қолган ҳаётини санъатга бағишлайди. 1918 йилдан Воронежда рассом Бучкурининг студиясига қатнайди. 1919 йилдан бадиий таълимни Москвадаги Малевичнинг иккинчи давлат бепул санъат устахоналарида давом эттиради. 1920 йилда Турккомиссия мандати билан Туркистонга юборилиб, Самарқанддаги асори-атиқалар қўмитасига рассом бўлиб ишга киради. 1920–1923 йилларда БХСР ва ХХСР учун ҳарбий мукофот белгиларини яратиш ишига жалб қилинади.

 

Александр Василевич Николаев Шарқ маданиятини, халқ турмуши, анъаналари ва ҳунармандчилиги чуқур ўрганади. Хатто, ислом динини қабул қилганидан сўнг Усто Мўмин исмини қабул қилади. 1925 йилда Тошкент шаҳрига кўчиб ўтиб, Ўзбекистон ССР Давлат музейида иш бошлайди.

 

 

1938 йил 10 сентябрда Москва шаҳридаги Бутуниттифоқ Қишлоқ хўжалиги кўргазмасида Ўзбекистон павильонининг бош рассоми бўлган Александр Николаев аксилиқилобий ташкилот аъзоси сифатида ҳибсга олинади. 1939 йил 2 январда илк сўроқда ўзининг 1920 йилдан Ўзбекистонда яшаб, Уста Мўмин номи билан танилгани, бу ерда Владимир Каидалов, Вадим Гуляев, Александр Волков каби рассомлар билан танишиб, ҳамкорликда ижодий фаолият олиб боргани, аммо ҳеч қандай аксилинқилобий ташкилотга алоқаси йўқлигини таъкидлайди. Унинг Чор империясида ҳарбий хизматда бўлганининг ўзи унинг айбдор деб топилишига асос бўлади.

 

1939 йил 4 июль куни унинг айблов баённомаси тайёрланиб, Николаев ЎзССР ЖКнинг 64-, 67-моддалари билан айбдор деб эълон қилинади. 1940 йил 9 февраль куни Александр Василевич Николаев (Усто Мўмин) 3 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. У жазони ўташ учун Сибирнинг Мариинск шаҳрига сургун қилинади.

 

1942 йилда озодликка чиққан Николаев Тошкентга қайтиб келади. Шўро тузуми даҳшатларини кўрган ижодкор энди коммунистик мафкуранинг ижро машинасига айланади. Кейинги йилларда яна фаол ижодий жараёнга шўнғийди. Натижада 1943 йилдаёқ Маннон Уйғур театрини яратишда иштироки учун Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси томонидан Фахрий ёрлиқ, 1950 йилда Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланади. Ҳақсизлик ва лагердаги зулмлардан орттирилган касалликлар туфайли машҳур рассом Усто Мўмин 1957 йил 28 июнда Тошкент шаҳрида вафот этади.

 

Вадим Николаевич Гуляев 1890 йил 3 февралда Барнаул шаҳрида дунёга келган. У 1907 йилгача Барнаул гимназиясида ўқийди. 1907-1911 йиллар Қозон санъат мактабида, 1912-1913 йиллар Москва шаҳридаги Машков студиясида таҳсил олади. 1914 йил фельдшерлар мактабида ўқиб, 1915-1918 йиллар Чор армиясида хизмат қилади.

 

Вадим Николаевич Гуляев 1918 йил октябрдан 1919 йил ноябргача генерал Колчак армиясида хизмат қилади. Шундан сўнг 1924–1926 йиллар Новониколаевскда, 1926 йилдан бошлаб эса Тошкентда яшайди. У «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ Ҳақиқати» газеталари ва «Гулистон» журналига расмлар чизди. 1931 йил Москва полиграфия институтининг плакат ва станкали графика бўлимида сиртдан таълим олади. Ўзининг «Тошкент кечаси» (1927), «Эски шаҳар» (1931), «Ўзбек ишчиси» (1933), «Зарафшон тоғлари», «Яғноб дарёси», «Паркент» (1935), «Чирчиқстрой» (1936), «Қишлоққа йўл» (1937) каби машҳур асарларини яратади. Москва ва Ленинград шаҳарларидаги Ўзбекистон рассомларининг кўргазмаларида фаол иштирок этди.

 

1938 йил 22 сентябрь куни Вадим Гуляев Москва шаҳрида сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинади. Гуляевга асосий айблов сифатида Колчак армиясида хизмат қилгани қўйилади. 1938 йил 10 октябрь куни Вадим Николаевичнинг турмуш ўртоғи «Правда Востока» газетаси рассоми Олга Дмитриевна Гуляева ҳам ЎзССР ЖК 64-моддаси 14-банди билан ҳибсга олинади. 1938 йил 4 декабрь куни Тошкентга келтирилган В.Н.Гуляев энди террор содир этиш айблови билан сўроқ қилинади ва шу куни чиқарилган қарорда унга нисбатан ЎзССР ЖКнинг 64-, 67-моддалари қўлланилади.

 

Олга Дмитриевна сўроқлар давомида ўзининг айбсизлигини исботлаб, 1939 йил 23 мартда ҳибсдан қутилишга муваффақ бўлади. Бироқ, 1940 йил 9 февраль куни Вадим Николаевич Гуляев 3 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. Жазони Севураллагда ўтаётган Гуляев 1943 йил 29 март куни қамоқда вафот этади. Унинг ижодий ишлари Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат санъат музейи ва Барнаулдаги Олтой вилояти Давлат санъат музейида сақланади.

 

Мазкур ишда энг кўп учрайдиган номлардан яна бири Сибир ва ўзбек авангардида етакчилардан бўлган рассом, график, педагог Михаил Иванович Курзиндир. Михаил Иванович Курзин 1888 йил Барнаул шаҳрида туғилган. Аввалига Қозон санъат мактабида, 1908 йил эса Москва санъат, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик мактабининг Коровин синфида таҳсил олган. 1910-1912 йиллар Санкт-Петербургдаги Бернштейннинг хусусий студиясида ўқиган. 1916 йил ҳарбий хизматга сафарбар этилган.

 

1918 йил бошида хизматдан озод этилган Михаил Иванович Курзин В.Н.Гуляев, В.В.Бессонов, Н.Н.Емелянов, В.В.Карев, Э.Л.Коровай, К.Ларёнов, С.Р.Надолский, А.О.Никулин, Н.А.Янова-Надолская ва бошқа ижодкорлар билан ҳамкорликда Олтой санъат жамиятини ташкил этади. Улар санъатда янги шаклларни излар, санъат ва техник маҳорат устахоналарида дарс берар эди.

 

Курзин 1923 йилда рафиқаси Элена Коровай билан Қримга кўчиб ўтади. 1924 йилдан эса Тошкентда яшаб, Свердлов номидаги театрда рассом сифатида иш бошлайди. Курзин 1927 йил В.Н.Гуляев, А.Н.Волков, М.З.Гаждукевич, И.И.Икрамов, С.А.Малта, В.П.Марков ва бошқа Тошкентда яшаган рассомлар ва графиклар билан «Янги Шарқ усталар» гуруҳини ташкил этади. Жамият аъзолари «миллий услуб»ни қидириш билан бирга ўз ижодларида замонавий инқилобий ғояларни ҳам ҳаётга тадбиқ этишга интилади. 1929 йилда Тошкентда тасвирий санъат ишчилари ассоциациясининг раиси этиб сайланади. Айни ижодининг чўққиси вақтида, 1936 йил сиёсий айбловлар билан ҳибсга олиниб, беш йилга озодликдан маҳрум этилади.

 

Михаил Иванович Курзин озодликка чиққач, 1945 йилдан Бухорода яшайди. 1948 йил яна қатағонга учраб, Красноярск вилоятига сургун қилинади. 1956 йилда озод этилган Курзин орадан бир йил ўтиб, Тошкент шаҳрида вафот этади.

 

 

Евгений Александрович Конобеев раҳбарлигидаги таниқли рассомлар Александр Василевич Николаев — Усто Мўмин, Вадим Николаевич Гуляев, Владимир Каидаловлар иши 1957 йил 22 июль куни ЎзССР Олий суди томонидан кўриб чиқилиб, барчаси оқланди.

 

Шундай қилиб, тоталитар тузум нафақат давлат ва жамоат, адабиёт, илм-фан арбоблари, балки нафис санъат соҳаси вакилларини ҳам қатағон қилган. Ҳатто уларнинг бир қисми Сталин вафот этганидан кейин ҳам юртимизнинг чекка ҳудудларида сургун ва таъқибда яшаган.

 

Шўро тузуми ўлкада ғоявий ҳукмронлик ўрнатиш орқали ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида марксизм-ленинизм ғояларини кенг тарғиб этишга киришди. Бироқ, бу осон бўлмаслиги аён бўлгач, большевиклар режасини адабиёт ва санъат йўли билан амалга оширишга интилади. Натижада «пролетар адабиёти» яратиш мақсадида «қизил қалам» жамиятлари тузилди, ўлкага кўплаб рус мусиқашунослари ва рассомлари сафарбар этилди.

 

Шўро мафкурачилари ўз ғояларини ранглар уйғунлигида халқнинг онгига муҳрлаш мақсадида матбуот, китоблар, дарсликлар, саноқсиз плакатлар, афишалар, театр ва музей ёрлиқлари, кўча безакларидан ижтимоий ҳаёт, табиат манзаралари, алоҳида шахслар сиймосигача совет рассомлари томонидан ягона мезонга солинди. Мазкур жараёнда совет мафкурасини ташувчи совет адабиёти, совет мусиқаси, совет тасвирий санъат мактаблари шаклланди. Минглаб асарлар яратилди, кинолар олинди, юзлаб совет адабиёти ва санъати дарғалари етишиб чиқди. Бироқ, «совет маданияти» ҳеч қачон ўлкамизда миллий даражага кўтарилмади, миллат ҳамиша унга бегонасираб қаради.

 

Баҳром Ирзиев

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

11:10 / 28.10.2025 0 22
Инсониятнинг азалий орзуси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 22705
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//