Адабиёт
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, моҳир журналист, бағрикенг ва самимий раҳбар Иброҳим Раҳим адабиётимизда яхши асарлари билан бирга беғараз ва инсоний яхшиликлари билан ҳам ном қолдирган ижодкорлардан бири.
Ўз даврида “Ихлос”, “Чин муҳаббат”, “Фидойилар”, “Тақдир”, “Ҳилола”, “Оқибат” асарлари меҳр билан ўқилганига гувоҳ бўлганмиз. Гарчи адибнинг китобларида шўро даври одамлари, уларнинг орзу-ўйлари, турмуш-тарзи кўпроқ акс эттирилган бўлса-да, айрим қаҳрамонлари ҳаётдан олингани билан ажралиб туради.
Иброҳим Раҳим истеъдодли журналист ва публицист сифатида ўз даври қаҳрамонларининг ёрқин образларини яратиш билан бир қаторда айрим муаммоларни ҳам дадил қаламга олган.
Катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган ёзувчи 1946-47 йиллари Ўзбекистон радио қўмитасида, 1950–61 йиллари ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида, 1960–66 йиллари “Ўзбекфильм” киностудиясида, 1966–1970 йиллари “Гулистон” ва 1976–82 йиллари “Муштум” журналида масъул лавозимларда самарали ишлаган.
Қаерда ва қайси вазифада ишламасин, ўша жамоада ибратли ишлари билан яхши раҳбар ҳамда яхши инсон сифатида ном қозонган. Иброҳим акани яқиндан билганлар унинг яхши одамлигини ва қилган яхшиликларини ҳамон эслайдилар. Эслаб бу улуғ инсоннинг руҳи покига дуо қиладилар.
Иброҳим Раҳим бош муҳаррир бўлган пайтда “Гулистон” журналида “Темур тузуклари”, “Менинг Доғистоним” сингари машҳур китоблардан парчалар эълон қилиниши катта шов-шув кўтарган. Давр сиёсатига тўғри келмагани боис журналда чоп этиш дарҳол тўхтатилган. Бош муҳаррир эса бошқа ишга ўтказилган.
Иброҳим аканинг “Муштум”даги раҳбарлик вақтида таниқли шоир Зоҳиджон Обидовнинг “Арслоннинг ўлими” масали 1984 йил 13-сонда нашр қилиниши яна бир тўполонни бошлаган. Ушбу масалдан жиддий дарғазаб бўлган Ўзбекистоннинг собиқ комфирқа раҳбарлари “Муштум”ни Бюро йиғилишида муҳокама қилиб, журналнинг беш ходими қаторида Иброҳим Раҳимни ҳам ишдан бўшатишган.
Эсимда, ўша йиллари “Муштум” журналида масъул котиб лавозимида ишлаган устозим, таниқли адиб Неъмат Аминовни бир даврада “жангари” ёш ёзувчилар ўртага олиб, шундай ғалати савол беришган эди:
– Неъмат ака, Иброҳим Раҳим билан қандай ишлайсиз? У киши яхши ёзмайди-ку!
– Қандай ёзиш – ёзувчининг иши, укалар. Мен Иброҳим акадан инсонийлик ва яхшилик қилишни ўрганяпман, – деб дангал жавоб қилган эди.
Иброҳим Раҳимни қадамларида яхшилик гуллаган инсон деб атасак жуда тўғри бўлади. Чунки яхшилик қилиш ҳар кишининг қўлидан келмайди. Бу учун инсонда шижоат ва жасорат керак. Ўрни келганда айтиб ўтай, камина ҳам Иброҳим аканинг яхшиликларидан баҳраманд бўлганман. Илоё, охиратлари обод бўлсин! Бу яхши ва яхшиликпарвар инсонга жаннатнинг жаннатий жойларидан насиб этсин, илоё!
Ашурали ЖЎРАЕВ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ