Адабиёт
Мустақилликнинг дастлабки йиллари эди. Ҳозирги Матбуотчилар кўчасидаги 32-уйнинг учинчи қаватида “Халқ сўзи” газетаси таҳририятига ўрта бўйли, тўладан келган, тик қоматли киши – таниқли журналист ва муҳаррир Иброҳим Раҳим шахт билан кириб келди. У кишини олдинлари фақат адабий йиғилишларда учратганман. Мени йўқлаб, газетадаги ишлардан суриштириб кетди. Бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги битикларимни ўқиб борар экан. Жуда мамнун бўлиб, мустақиллик қандай имкониятлар очганини шавқ билан гапирди ва, албатта, 1960-йиллари “Темур тузуклари”ни эълон қилгандаги ташвишли ҳолатларни ёдга олди.
Уруш кўрган, қалбида саховат лиммо-лим бу инсон, сўзсиз, буюк муҳаррирлардан эди. “Гулистон” журналидан ишдан кетгандан кейин “Муштум”га ўтказишди. Бу нашрни ҳам энг машҳур маънавият минбарига айлантира олганди.
Иброҳим Раҳимдаги меҳрибонлик, кенг феъллик, иқтидорни қадрлаш ва рағбатлантириш фазилатлари кўплаб ёшлар қалбида ўчмас из қолдирган. Таниқли ёзувчини кейин ҳам кўча-кўйда кўп кўрдим. Доим қаддини тик тутиб, мағрур, шахдам қадамлар билан юрарди. Ўзбек журналистикаси тарихидаги ёрқин сиймолардан бири бўлган бу зотнинг ҳаёти ва ижоди ўрганишга, қадрлашга арзийди.
Очиғи, тоталитар режим ижодкорлардан мафкура қўшиғини айтишни талаб қилган: ўша тузум даҳолари, нашъу намолари юқори пардаларда мадҳ этилиши фарз ҳам қарз ҳисобланарди. Ана шундай издиҳомда саноқли адиб-шоирларгина ўз эътиқодини сақлаб қолган. Маслаги бутун кишилардан бири, шубҳасиз, Иброҳим Раҳим бўлган. Тарихимизга еру осмондан ҳужум бўлиб, ҳатто Амир Темур номи “шеърга қофия қилиниши ҳам жиноят ҳисобланган” (Абдулла Орипов ибораси) мудҳиш шароитда “Темур тузуклари”ни ўзи раҳбар бўлган журналда эълон қилишга журъат топган зотнинг жасорати чумчуқ пир этса, юраги шир этадиган ҳозирги замон муҳаррирларига катта сабоқдир.
Таниқли ёзувчи ва журналист Иброҳим Раҳим 1916 йилнинг 15 октябрида Фарғона вилоятининг Қува туманида дунёга келган. Уч ёшида ота-онасидан етим қолиб, онаси Тўхтабиби тарбиясида вояга етади. Адабиётга ихлос уни 1933 йили Тошкентга етаклаб келади. Дастлаб “Колхоз йўли” газетасида фаолият кўрсатади. “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”), “Ёш ленинчи” (“Ёшлар овози”) газеталарида шеър, очерк, ҳикоялари босилади. У икки урушда – Финландия, Германия фашизми билан жангларда (1937–1945) қатнашган.
Иброҳим Раҳим ўзбек тилида чиқадиган фронт газеталарига муҳаррирлик қилган. Жангчиларнинг оташин ватанпарварликларини акс эттирувчи очерклар, ҳикоялар, хабарлар ёзган.
Ҳарбий хизматдан қайтган адиб республикамиздаги газета ва журнал таҳририятларида фаолият юритади. Ўзбекистон Радио комитетида масъул лавозимда хизмат қилади. Партия Олий мактабида таҳсил кўргач, “Қизил Ўзбекистон” газетаси муҳаррири, “Ўзбекфильм” киностудияси раҳбари, “Гулистон”, “Муштум” журналларининг бош муҳаррири вазифаларида ишлайди.
Ёзувчининг ижодий фаолияти 1938 йилдан бошланади. Биринчи йирик асари чегарачилар ҳаётидан ёзилган “Баҳодир” достонидир. 1953 йили “Ҳаёт булоқлари” романини ёзди. Кейинчалик бу асар адабий танқидчилар фикр ва мулоҳазалари асосида қайта ишланиб, “Ихлос” (1958) номи билан чоп этилди. “Чин муҳаббат” (1958), “Фидойилар” (1972), “Генерал Равшанов” (1985) каби романларида Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларининг жанговар ҳаёти акс этган.
1966 йилги Тошкент зилзиласи ва унинг оқибатларини мардонавор тугатиш ёзувчининг “Тинимсиз шаҳар” романига мавзу бўлган. “Тақдир” романи эса янги шаҳар қурилишига бағишланган. Муаллифнинг “Ҳилола” қиссаси хотин-қизларнинг жамоа хўжалигидаги ўрни, уларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, жамоа хўжалиги иқтисодиётини юксалтириш сингари даврнинг муҳим муаммоларини бадиий ҳал қилишга қаратилган. “Зангори кема капитани”, “Оловкор” қиссаларида ҳам кишиларимизнинг меҳнатдаги қаҳрамонликлари ифодаланган. “Оқибат” романи учун ёзувчига республика Давлат мукофоти берилган (1983).
Иброҳим Раҳим “Жоним фидо” ва “Чақмоқ” драмаларининг ҳам муаллифидир. “Чақмоқ”да Белоруссия ўрмонларида немис-фашист босқинчиларига қарши курашган ўзбек йигити Мамадали Топиболдиев образи яратилган. “Фарҳоднинг жасорати” кинофильми сценарийси ҳам адибнинг қаламига мансуб.
Иброҳим Раҳим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонлари билан тақдирланган. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигининг беш йиллиги ва таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Дўстлик”, сўнг “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.
“Адабиётга ҳар хил иқтидорлар керак”, деган эди машҳур танқидчилардан бири Е.Лихачев. Шу маънода Иброҳим Раҳимнинг ижоди ҳам ўз қимматига эга. Айниқса, миллий журналистикамизда жадал янгиланиш кетаётган ҳозирги паллада жасоратли муҳаррир ва моҳир журналистнинг ҳаётий ибратлари жуда кўп ўринларда асқатади.
Ҳаким САТТОРИЙ
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ