Глобал тинчлик индекси (GPI) маълумотларига кўра, 2014 йилдан буён глобал тинчлик билан боғлиқ вазият ҳар йили ёмонлашмоқда. Сўнгги ўн йилда 100 та давлатда вазият кескинлашган. Ҳозир 59 та фаол можаро ўчоғи мавжуд бўлиб, бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг йирик кўрсаткичдир. 2024 йилда можаролар билан боғлиқ 152 мингта ўлим ҳолат қайд этилган. Ҳозир дунё замонавий тарихдаги энг оғир гуманитар инқирозни бошдан кечирмоқда. 300 миллион одам ёрдамга муҳтож, мажбурий кўчирилганлар сони эса рекорд даражага – 123,2 миллион кишига етди. Бу рақам оддий статистика эмас, балки сайёра аҳолисининг ҳар 73 нафарига таъсир қилаётган мисли кўрилмаган даражадаги инсоний азоб-уқубатларни акс эттиради.
Ташвишли жиҳати шундаки, очарчиликдан азият чекаётганларнинг 70 фоизи низоли ҳудудларда яшайди. Шундай хабарларни ўқиб, доно халқимизнинг содда, лекин чуқур мазмунга эга “Она юртинг омон бўлса, ранги рўйинг сомон бўлмас” деган мақоли ёдга тушади. Ўзбекистон тинчлик ва хавфсизлик бўйича 163 давлат орасида 60-ўринни эгаллади.
Давлатимиз раҳбари БМТнинг 80-саммитидаги нутқида ҳам қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаяётгани, технологик ва ижтимоий тенгсизлик ошаётгани, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётганини айтди. Бу янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтираётганини таъкидлади.
Халқимизнинг “Ён қўшнинг – жон қўшнинг” деган мақолида ҳаётий фалсафа бор. Биз бир муддат қўшнилардан узоқлашдик. Азиятини эса халқ чекди. Чегаралар ортида қолган яқини, дўстини кўролмади, яхши кунида хурсанд, ёмонида дардкаш бўлолмади. Ҳа, бу ўтмишда қолди. Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан саккиз йил муқаддам Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганини айтганди. Бу қарор амалга ошди, ваъда бажарилди. Президентимиз “Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”, дея баралла айтди.
Низолар нафақат ўтмишда қолди, балки минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилди, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари эса минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланди.
Айниқса, Туркий давлатлар ташкилоти қисқа муддатда жадал ривожланиб бораётган нуфузли халқаро тузилмалар қаторига кирди. Сиёсий мулоқотлар фаоллашмоқда, ўзаро ишонч мустаҳкамланмоқда, амалий шериклик лойиҳалари ва гуманитар дастурлар ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Бу ҳамкорлик мамлакатларимиз умумий тараққиётига, қардош халқларимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.
2009 йилда Нахичеванда Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгаши тузилган. Кейинчалик 2021 йилдаги Истанбул саммитида у расман Туркий давлатлар ташкилоти деб номланди. Тўғри, Ўзбекистон дастлабки йиллари туркий ҳамкорлик ғоясининг фаол тарафдори бўлган, бироқ 2000-йиллар бошида бу жараёндаги иштирокини кескин қисқартирган. Президентимизнинг 2018 йили Қирғизистондаги Чўлпонота саммитида меҳмон сифатида қатнашиши ташкилотда янги даврни, янги бирлашувни бошлаб берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотидаги энг фаол давлатлардан бирига айланди. Шу билан турк дунёси яхлитлашди, яқинлашди.
Сўнгги олти йилда давлатимиз раҳбари 100 га яқин ташаббусни илгари сурди. Уларнинг деярли барчаси тўлиқ амалга ошди, яна бир қисми якунланиш босқичда. Эътиборли жиҳати, бу ташаббусларнинг нафақат сиёсий, иқтисодий, балки маданий-маърифий аҳамияти ҳам катта. Айтайлик, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилиши, Ўзбекистон ташаббуси билан сўнгги йилларда турк дунёсида илм ва маданиятга оид қатор тадбирлар ўтказилиши, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий ва Муҳаммад Хоразмий меросига бағишланган халқаро анжуманлар, “Жадидлар маърифатчилик фаолияти” мавзусидаги илмий конференциялар — буларнинг барчаси маданий, маърифий, маънавий якдилликка хизмат қилмоқда. Эътибор беринг: ўзбек тилида 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами нашр этилди. Бу — катта хазина, биргаликдаги бой тарихимиз ифодаси.
Давлатимиз раҳбари туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тезроқ келишиб, қабул қилиш таклифини билдирди. Бу оддий шартнома эмас, дўстлик, қардошлик ҳақидаги шартнома. У нафақат сиёсий ҳужжат, балки қардош халқларни янада яқинлаштирадиган, амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқадиган ташаббусдир. Мамлакатимизнинг маданий дипломатиясини дунё тан олмоқда. Сабаби давлатимиз раҳбари ҳар доим илм, маърифат, маданият соҳасида умуминсоний, умумбашарий ташаббуслар, халқларни ўзаро муштарак эзгу ғоялар атрофида бирлаштирувчи санъат, адабиёт, маънавият борасида ҳам муҳим таклифларни илгари суради.
Яқинда Озарбoйжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган саммитда ҳам Президентимиз келгуси йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг 585 йиллиги ҳамда улуғ озарбайжон шоири Низомий Ганжавий таваллудининг 885 йиллигини кенг нишонлаш ташаббусини илгари сурди.
Сабаби бу мумтоз сиймоларнинг, аввало, ўзаро дўстлик, инсонпарварлик ва бирдамлик ҳақидаги ғоялари ҳозирги янги Ўзбекистоннинг йўли, туркий давлатлар бирлашуви, якдиллиги ғоялари билан ҳам ҳамоҳангдир.
Мустақилликнинг мустаҳкам асослари
БМТ минбари шунчаки нутқлар сўзлайдиган жой эмас. У глобал фикрлар, дунё овози эшитиладиган, муаммолар кўтариладиган, инсоният тақдири ҳақидаги хавотирлар янграйдиган минбар.
Янги Ўзбекистон етакчиси бу минбарда мамлакатимиздаги янгиланишларни, берилган ваъдалар бажарилганини баралла айта олди. Буюк халқ номидан барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини, ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиришимизни таъкидлади. Буларнинг барчаси дунё минбарида тинчлик, хавфсизлик, озиқ-овқат, соғлиқ ва пировардида инсон билан боғлиқ глобал муаммолар янграётган бир пайтда мамлакатимизда мустақилликнинг мустаҳкам асослари яратилаётганини янада равшан кўрсатди.
Аввало, бу мустаҳкам асос янги Ўзбекистон орзуси, феномени ва тараққиёт стратегияси орқали яратилди. Бу бизга эрк берган барча ҳуқуқ ва кафолатларни чуқур ҳис қилишга, барча имкониятлардан унумли фойдаланишга кенг йўл очди. Бу шунчаки орзу эмас, халқимизни буюк ишлар, улкан мақсадлар, янги тарихий тараққиётга ундовчи улуғвор ғояга айланиб бормоқда.
Тарих зарварақларида янги аср, улкан уйғониш даврини яратган халқлар, аввало, барчасини ўз куч ва имкониятларига ишонч, келажакка улуғ мақсадлар билан қарашдан бошлаган. Янги Ўзбекистон ғояси ҳам Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек катта ишонч, улуғвор мақсадни берди.
Чунки биз тарихда бу орзуга етган халқмиз. Чунки ватанимиз замини Биринчи ва Иккинчи Ренессансга асос солиб, бутун дунёга Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Аҳмад Фарғоний, Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек даҳоларни танитди, тан олдирди.
Бугун Президентимиз бошчилигида мард, меҳнаткаш, маърифатли халқимиз ана шу орзу, мақсад, бирлаштирувчи улуғвор ғоя томон ҳаракат интилмоқда. Бу йўлда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” шиори тараққиётимизни ёритувчи машъалага айланиб бормоқда. Бу машъала, аввало, инсон, унинг қадри, бахтини барча соҳанинг элтувчи манзили сифатида ёритмоқда. Ҳамма ислоҳотлар “инсон – жамият –давлат” тамойилига асосланиб, тараққиётнинг асосий мезонига айланди. Халқ қонунларнинг муаллифи бўлди, муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот, жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди. Ҳар бир тизимда бу тартиб қатъий ишлашига эътибор қаратилди. Давлат органлари халққа хизмат қилиши, халқчил давлат сўзда эмас, амалда кўриниши устувор мақсадга айланди.
Бу дадил қадамлар, улкан ислоҳотлар туфайли, Президентимиз истиқлолимизнинг 34 йиллиги байрамида айтганидек, дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, иқтисодиётимиз 6 фоиздан юқори суръатда барқарор ўсмоқда, аҳолимиз йилига ўртача 700-800 минг кишига кўпаймоқда. Меҳнат бозорига ҳар йили 500-600 минг ёш кириб келмоқда. Аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб бораётгани натижасида ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайди.
Шу ўринда қуйидаги рақамларга ҳам эътибор берайлик: кейинги саккиз йилда ялпи ички маҳсулот 2 карра ошиб, ўтган йили 115 миллиард долларга, экспорт қиймати 26 миллиард долларга етди. Халқимизнинг кўз ўнгида минглаб замонавий корхоналар, ижтимоий-иқтисодий инфратузилма объектлари қад ростламоқда. Байрам кунлари 4 миллиард долларлик 79 та йирик объект ишга туширилди. Бу рақамларнинг ортида инсон бахти, инсон қадри турибди.
Адолат – ҳаётий зарурат
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асари бош қаҳрамонларини бир эслайлик. Подшоҳ Кунтуғди адолат тимсоли сифатида гавдалантирилиб, Кун, яъни Қуёш оламга қай даражада муҳим ҳаётий зарурат бўлса, адолат ҳам шундай куч эканига ишора қилинади. Юсуф Хос Ҳожиб бундай ёзади:
Кимни давлат туғи этса бахтиёр,
Ҳалол сиёсатни қилгай ихтиёр.
Юсуф Хос Ҳожибга кўра, ҳалоллик ҳокимиятнинг энг муҳим шарти, ушбу хислат ортида қонун ва қарорларга ҳурмат ҳамда уларга сўзсиз риоя этиш, халқнинг ғаму ташвиши билан яшаш каби олий фазилатлар турибди.
Ўтган даврда биргина кичик ва ўрта тадбиркорлар сони 2 карра кўпайгани, ушбу тармоқда 10 миллиондан ортиқ киши меҳнат қилиб, даромад топаётгани адолат, ишонч туфайлидир.
Ҳалол ишлаган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга имкониятларни кўпайтириш борасида кўплаб амалий натижаларга эришилди. “Ҳалол меҳнат – хотиржам ҳаёт ва фаровон жамият гарови” деган шиор асосида “яширин” иқтисодиётни жиловлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар кўриляпти.
Айтилганидек, юртимиздаги ислоҳотларга ишониб, шу йилнинг ўзида чет элда ишлаётган 700 минг фуқаро оиласи бағрига қайтгани эса амалда акс этаётган улуғвор ғоя ифодасидир. Ёки охирги уч йилда судланган шахсларнинг 70 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани, 3000 га яқин фуқарога эса оқлов ҳукми чиқарилгани ҳамда жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 3000 дан зиёд юртдошимиз афв этилгани инсон қадрига ҳурматни акс эттиради.
Президентимиз мустақиллигимизнинг 34 йиллик тантаналаридаги байрам нутқида таъкидлаганидек: “Бундай тарихий қадамлар вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараёндир”. Очиғи айтганда, бирда сезиб, бирда сезмай қолаётганимиз бу ислоҳотлар аслида Ҳазрат Навоийдек даҳонинг катта армонларидан бири бўлган. “Хамса”нинг якуний достонида ҳазрат бундай ёзади:
Ки адл ичра ўтганга бир соате
Эрур беҳки, жинну башар тоати.
Чунки ҳазрат Навоий Самарқанддан Ҳиротга йўл олган пайтда, аввало, ўз олдига улуғ мақсад – адолатга асосланган давлат қурилишида иштирок этиш ва бу йўлда дўсти Султон Ҳусайн Бойқаронинг тарихга адолатли ҳукмдор сифатида кириши истагини қалбига туккан. Чунки адолат бу инсоннинг ҳаёти, ҳар куни билан чамбарчас боғлиқ.
Бугун юртимизда ижтимоий ҳимоя сиёсатининг бутунлай янги модели яратилган. Бу тизим хонадонларгача кириб боргани, эҳтиёжманд аҳоли билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилгани, “Инсон” марказлари ташкил этилгани одамлар учун қилинган энг катта адолат, ҳаётий заруратдир.
Давлатимиз раҳбари бу борада барчани яна ҳамжиҳатликка чорлаб, “Ҳаммамиз бир ҳақиқатни тушуниб олишимиз керак: юртимизда бегона одам ҳам, бегона бола ҳам йўқ. Барчамиз ягона юрт фарзандларимиз, ягона Ватан равнақига хизмат қиламиз. Шу маънода, битта бўлса ҳам қийин аҳволга тушиб қолган ҳамюртимиз тақдири барчамизни бирдек ташвишга солиши керак”, деди.
Азалдан кимнинг ташвиши бўлса, маҳаллада биргаликда ҳал қилинган, муаммосига ечим топилган. Маҳалла — кичик ватан. Ҳар бир инсон унинг бир бўлаги. Одамларни ўзаро ишонч, меҳр, ҳамжиҳатлик боғлаб турса, елкама-елка ҳаракат қилса, яхлит вужудга айланади. Яқинда Президентимиз бошчилигида ўтказилган маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга доир видеоселектор йиғилишида маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ёшлар тарбияси бўйича ечим топилиши керак бўлган қатор масалалар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, йил бошидан 32 мингга яқин оила ажрашиб кетгани, 16 минг ота-она алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётгани, оиласи ва болаларини кредит қарзи билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари барчани – ҳокимлар, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар, бутун жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиши кераклиги қайд этилди.
Ватандошнинг бегонаси йўқ. Елкалар елкаларга суянса, қўллар қўллар билан туташса, бу ҳамжиҳатликни ҳеч ким бузолмайди. Шундай экан, бугун маҳалламизда барпо бўлаётган янги оилаларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам зарур. Сабаби бу масканда келажак авлод дунёга келади, вояга етади. Бу — улкан масъулият, катта ҳаётни қуриш босқичи.
Афсуски, турли сабаблар билан ажралишлар бўлади, бироқ бундан фарзандлар ҳам руҳан азият чекади. Энг ёмони, уларнинг оғир моддий аҳволга тушиши кузатилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш лозимлигини таъкидлади.
Инсон ўзинг, уйғон ўзинг!
Инсон мудроқ эмас, уйғоқ, маърифатга ошно бўлиши, яхшилик билан яшаши шарт. Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Инсон қасидаси”даги қуйидаги жумлалар ҳам инсон илм билан юксакликка чиққани, илм билан доимо юксалишини билдиради:
Миндинг илм нарвонига, чиқдинг фунун осмонига,
Бу жаҳон айвонига аркон ўзинг, вайрон ўзинг.
***
Марсга тўп отқучи – сен, Зуҳрони уйғотқучи – сен,
Уйқуда қотқучи – сен, уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.
Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади! Бу шиор эмас, бу ҳаёт, эртанги кун мақсади, катта марра эди. Сўнгги саккиз йилда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. 1 миллионта ўқувчи ўрни очилди. Олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилди. Айниқса, талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани алоҳида эътиборга сазовор.
Ҳозир дунёдаги энг нуфузли олий таълим муассасаларида 2000 дан зиёд талабамиз таҳсил олмоқда. Улардан 750 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали давлат ҳисобидан ўқимоқда. Натижалар ҳам Ватанимизни дунёга янгидан танитмоқда. Мамлакатимиз ёшлари етакчи 500 таликдаги олийгоҳларга ўқишга кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади. Юртимиздаги 3 та мактаб ўқувчилари ОТМларга ўқишга кириш бўйича 100 фоизлик натижага эришди. Барча таълим муассасаларига Учинчи Ренессанс нафаси янада шиддат билан кириб бормоқда.
Тарих — буюк муаллим, донишманд устоз. Ундан олинган сабоқнинг қиймати баланд. Шу боис, бугун халқимизнинг маънавий салоҳиятига муносиб бўлган тарихий зиёратгоҳлар, маърифат масканлари замонавий қиёфа, маънавий руҳ билан қайта қад ростламоқда.
Биргина Ислом цивилизацияси марказини олсак, бу ер тарих ва бугун, маърифат ва маънавият, инсон ва цивилизациялар ёнма-ён қўйилган, кўз олдимизда намоён бўлаётган катта маърифат масканига айланмоқда. Аждодларимиз босиб ўтган йўлни англаш, ўрганиш ва уни янги тарихий ижтимоий шароитда ижодий давом эттириш бугунги ва эртанги кун учун долзарб масалага айланиб бормоқда.
Фаустнинг бундай сатрлари бор:
Узоқ ҳаёт йўлин ўтдиму босиб,
Олам ҳикматини айладим якун.
Ким эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.
Бугун қўлимизда борини асраш, абадий озод яшаш, маърифатга интилиш, руҳан юксак инсон бўлиш, дўстлик, умуминсоний ғоялар билан ҳаёт кечириш ҳар куни эрк учун, ҳаёт учун курашиш дегани. Бу кураш тўхтамаслиги шарт. Баъзан ўзимиз билан, баъзан камчиликларимиз, баъзан иллатларимиз, баъзан қарама-қарши тараф билан курашиб, ҳар куни жасорат кўрсатганлар ғолибдир.
Отабек ҲАСАНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,
сиёсий фанлар доктори
Тарих
Адабиёт
Жараён
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ